ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ВА ТАЖРИБА-КОНСТРУКТОРЛИК ИШЛАБ ЧИҚИШЛАРГА ХАРАЖАТЛАР
ўзбекистон республикаси бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти
11- сон бҳмс
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 28 декабрда 581-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Бухгалтерия ҳисобининг ушбу миллий стандарти (БҲМС) «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини меъёрий тартибга солиш тизимининг бир қисми ҳисобланади.
МАҚСАД
2. Ушбу стандартнинг мақсади илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишланмаларига харажатларни бухгалтерияда ҳисобга олиш усулини белгилашдан иборат. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларига харажатларни ҳисобга олишнинг асосий масаласи бундай харажатларни актив ёки харажат сифатида тан олишдан иборат. Уларни актив ёки харажат деб тан олишнинг мезонлари молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш Концептаул асосларида белгилаб қўйилган.
АМАЛ ҚИЛИШ ДОИРАСИ
3. Ушбу стандарт илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлари харажатларни ҳисобга олиш чоғида қўлланилади.
4. Ушбу стандарт қазиб олиш тармоқларида нефть, газ, минерал конларни қидириш ва уларни ишлаб чиқиш харажатларига нисбатан қўлланилмайди. Бироқ у мазкур тармоқлардаги бошқа текширишлар ва ишланмаларга нисбатан қўлланилади.
5. Хўжалик юритувчи субъект контрактга мувофиқ бошқа хўжалик юритувчи субъект учун текширишлар ўтказиши ва ишланмалар билан шуғулланиши мумкин. Контракт шартларига кўра текширишлар ва ишланмалар билан боғлиқ бўлган барча харажатлар ва фойдалар бошқа субъектга ўтказилса ёки ўтказиладиган бўлса, бу фаолиятни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъект «Товар-моддий захиралар» БҲМС ёки «Капитал қурилишга пудрат шартномалари» БҲМСга мувофиқ харажатларни ҳисобга олиб боради. Бу фаолият билан боғлиқ хатарларни зиммасига оладиган ва келадиган даромадларни оладиган хўжалик юритувчи субъект ушбу харажатларни ушбу стандартга мувофиқ ҳисобга олади.
6. Агар хўжалик юритувчи бошқа субъект билан тузилган контракт шартлари бўйича илмий текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлари билан боғлиқ харажатлар ва даромадлар бошқа хўжалик юритувчи субъектга ўтказилмаса ёки кейинчалик ҳам ўтказилмаса, у ҳолда илмий текшириш ва тажриба-конструкторлик ишланмалари билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъект ўз харажатларини ушбу стандартга мувофиқ. ҳисобга олиб боради.
ТУШУНЧАЛАР
7. Бу стандартда фойдаланилган атамалар:
Илмий-текшириш ишлари — янги илмий ёки техник билимлар ва ғояларни олиш мақсадида ўтказиладиган янги ва режали изланишлар.
Тажриба-конструкторлик ишлари — янги ёки жиддий тарзда яхшиланган материаллар, механизмлар, маҳсулотлар, технологиялар, тизимлар ёки хизматларни режалаштириш ёхуд лойиҳалаштириш учун, уларни тижорат мақсадларида ишлаб чиқаришдан ёки фойдаланишдан олдин, илмий-текшириш ишлари натижаларини ёки бошқа билимларни қўллаш.
8. Илмий-текшириш фаолиятига қуйидагилар киради:
8.1. Янги билимлар олишга қаратилган фаолият;
8.2. Илмий-текширишлар натижаларини ёки бошқа билимларни қўлланиш йўлларини излаш;
8.3. Муқобил технологиялар ёки маҳсулотларни излаш;
8.4. Янги ёки анча яхшиланган маҳсулот ёки муқобил технологияни ишлаб чиқиш;
8.5. Ва бошқалар.
9. Тажриба-конструкторлик фаолиятига қуйидагилар киради:
9.1. Муқобил технологиялар ёки маҳсулотларни баҳолаш;
9.2. Тажриба намуналари ва моделларини лойиҳалаштириш, уларни ясаш ва синаб кўриш;
9.3. Янги технологияларни қўлланиб, асбоблар, қисқич мосламалари, қуйилма қолиплар ва матрицаларни ишлаб чиқиш;
9.4. Миқёслари бўйича тижорат ишлаб чиқариши мақсадларга мўлжалланмаган экспериментал қурилмаларни лойиҳалаштириш, ясаш ва синаб кўриш;
9.5. Ва бошқалар.
10. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган, лекин улар қаторига қўшилмайдиган фаолият турлари:
10.1. Ишлаб чиқаришнинг дастлабки босқичида муҳандислик жиҳатидан мадад бериш;
10.2. Ишлаб чиқариш жараёнида сифатни назорат қилиш, жумладан маҳсулотни ҳар куни синаб кўриш;
10.3. Ишлаб чиқариш жараёнида вужудга келадиган носозликларни бартараф этиш;
10.4. Мавжуд маҳсулотни янгилашга, кенгайтиришга ёки бошқа йўл билан сифатини яхшилашга қаратилган кундалик саъй-ҳаракатлар;
10.5. Ва бошқалар.
ИЛМИЙ-ТЕКШИРИШ ВА ТАЖРИБА-КОНСТРУКТОРЛИК ИШЛАБ ЧИҚИШЛАР ХАРАЖАТЛАРИ ТАРКИБИ
11. Илмий текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлари харажатларига илмий текшириш ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган ёки асосли равишда фаолиятнинг бу турларига киритилиши мумкин бўлган барча харажатлар киритилади.
12. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларига қуйидаги харажатлар киритилади:
12.1. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлари билан банд бўлган ходимларга иш ҳақи тўлаш ва бошқа тўловлар бўйича харажатлар;
12.2. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлари чоғида фойдаланиладиган материаллар ва хизматлар қиймати;
12.3. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларида мазкур активлардан фойдаланиш чоғида асосий воситаларнинг эскириши;
12.4. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлари билан бевосита боғлиқ бўлган қўшимча харажатлар;
12.5. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларида мазкур активлардан фойдаланиш даражасига қараб, айни шу даражадаги патентлар ва лицензиялар амортизацияси ва бошқа шу сингари харажатлар.
13. Реализация харажатлари илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлари харажатларига киритилмайди.
ИЛМИЙ-ТЕКШИРИШ ВА ТАЖРИБА-КОНСТРУКТОРЛИК ИШЛАБ ЧИҚИШЛАР ХАРАЖАТЛАРИНИНГ ТАН ОЛИНИШИ
14. Илмий-текшириш ишлаб чиқишлар харажатлари шу харажатлар қилинган ҳисобот давридаги харажат сифатида тан олинади ва кейинги даврда актив деб тан олинмаслиги лозим.
15. Тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларга харажатлар, агар улар 16-параграфда кўрсатилган активни тан олиш мезонларини қаноатлантирмаса, шу харажатлар қилинган ҳисобот давридаги харажатлар сифатида тан олинади.
Дастлаб харажат сифатида тан олинган тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлар харажатларини кейинги ҳисобот даврларида активлар сифатида тан олмаслик керак.
16. Тажриба-конструкторлик ишланмалари харажатлари қуйидаги мезонларга жавоб берган тақдирдагина актив сифатида тан олинади:
16.1. Маҳсулот ёки жараён аниқ белгиланган, маҳсулот ёки жараёнга тегишли харажатлар алоҳида аниқланиши ва ишончли тарзда ўлчаниши мумкин;
16.2. Маҳсулот ёки жараённи техникавий жиҳатдан амалга ошириш мумкинлигини намойиш қилиш мумкин бўлганда;
16.3. Хўжалик юритувчи субъект маҳсулот ёки технологияни ишлаб чиқариш, сотиш ёки ундан фойдаланишни мўлжаллаганда;
16.4. Маҳсулот ёки технология учун бозорнинг мавжудлиги ёки уни сотиш ўрнига субъект ўзи учун фойдаланилган тақдирда унинг субъектга фойда келтириши намойиш қилиниши мумкин бўлганда;
16.5. Лойиҳани ниҳоясига етказиш ва бозорга чиқариш ёки маҳсулотни, технологияни қўлланиш учун етарли ресурсларнинг ёки уларни намойиш қилиш имкониятининг мавжудлиги.
17. Актив деб тан олинган тажриба-конструкторлик ишларининг харажатлари қуйидагилар чиқариб ташлангандан сўнг тегишли бўлажак даромадлар ҳисобидан қопланадиган суммадан ошмаслиги лозим:
— тажриба-конструкторлик ишларига кейин қилинадиган харажатлар;
— тегишли ишлаб чиқариш харажатлари;
— маъмурий харажатлар ва маҳсулотни сотиш чоғида бевосита қилинган харажатлар.
18. Лойиҳанинг тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлар харажатлари актив деб ҳисоблаш талабларига жавоб берганлиги туфайли бу харажатлар хўжалик юритувчи субъект ана шу харажатлар натижасида келгусида иқтисодий наф олишини аниқлаш учун етарли бўлмагани сабабли актив деб тан олиш мезонларига мос келмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишлар харажатлари шу харажатлар амалга оширилган даврдаги харажатлар деб эътироф этилади ва кейинги даврда актив деб тан олинмайди.
ТАЖРИБА-КОНСТРУКТОРЛИК ИШЛАРИ ХАРАЖАТЛАРИ АМОРТИЗАЦИЯСИ
19. Актив деб тан олинган тажриба-конструкторлик ишлари харажатлари суммаси амортизация қилиниши ва мунтазамлилик асосида харажат деб тан олиниши керак. Бундай ҳолларда субъект қуйидагиларга асосланади:
19.1. Маҳсулот ёки технологияни сотиш ёки ундан фойдаланишдан келадиган даромадлар ёки бошқа манфаатларга;
19.2. Маҳсулот ёки технологияни сотиш ёхуд ундан фойдаланиш кўзда тутилган даврга.
Амортизация маҳсулот ёки технология сотишга ёки фойдаланишга тайёр бўлган пайтдан бошланади.
20. Актив деб тан олинган тажриба-конструкторлик ишлари харажатларининг амортизация қилинадиган суммасини қуйидаги муддатларнинг энг қисқаси даврида мунтазам асосда тақсимлаш лозим бўлади:
20.1. Активнинг хизмат муддати;
20.2. У дастлаб тан олинган вақтдан бошлаб беш йил давомида.
21. Айрим ҳолатларда тажриба-конструкторлик ишларига қилинган харажатлар натижасида олинган иқтисодий наф хўжалик юритувчи субъект бошқа активларни ишлаб чиқариши чоғида сарфланиб кетади ва харажат сифатида тан олинмайди. Бундай ҳолатда мазкур харажатлар амортизацияси бошқа актив қийматининг бир қисмини ташкил этади ва баланс қийматига киритилади. Масалан, илгари актив деб ҳисобланган тажриба-конструкторлик ишлари харажатлари ишлаб чиқариш товар-моддий захиралари қийматига киритилиши мумкин («Товар-моддий захиралар» 4-сон БҲМС). Бошқа активларнинг баланс қийматига киритилган тажриба-конструкторлик ишлари харажатлари шу тариқа ана шу активларнинг бошқа харажатлари қилинган пайтдаги харажатлар деб тан олинади.
ТАЖРИБА-КОНСТРУКТОРЛИК ИШЛАРИ ХАРАЖАТЛАРИНИНГ КАМАЙТИРИЛИШИ
22. Лойиҳа бўйича тажриба-конструкторлик ишлари харажатлари суммасини тажриба-конструкторлик ишларига кейин бўладиган харажатларни, тегишли ишлаб чиқариш харажатларини, маъмурий харажатларни ва маҳсулот ёки технологияни бевосита реализация қилиш чоғида қилинган, лекин келажакдаги даромадлар ҳисобидан қопланмайдиган харажатларни ҳисобга олиб, амортизация қилинмаган қолдиқ суммасигача камайтириш лозим бўлади.
Тажриба-конструкторлик ишланмаларига амортизация қилинмаган харажатлар қолдиғи, агар бу харажатлар уларни 16-бандда келтирилган актив деб ҳисоблаш мезонларига жавоб бермаса, ҳисобдан чиқариб ташланиши лозим. Тўла ёки қисман ҳисобдан чиқариб ташланган суммасини мазкур қисман ёки тўла ҳисобдан чиқариб ташлаш амалга оширилган даврдаги харажат деб тан олиш лозим бўлади.
23. 22-параграфга мувофиқ қисман ёки тўла ҳисобдан чиқариб ташланган тажриба-конструкторлик ишлари харажатларини, тўла ёки қисман ҳисобдан чиқариб ташлашга олиб келган воқеа ёки вазият тугагандан сўнг ва янги воқеа ҳамда вазият келажакда мавжуд бўлишига ишончли далил мавжуд бўлган ҳолларда қайтадан тиклаш лозим. Қайта тикланган суммани, 17-параграфга мувофиқ тўла ёки қисман ҳисобдан чиқариб ташланмаган бўлса, амортизация сифатида тан олиниши мумкин бўлган суммага камайтириш керак. Қайта тикланган суммани шу давр харажати сифатида тан олинган тажриба-конструкторлик ишлари харажатларининг камайтирилган суммаси сифатида эътироф этиш лозим.
ЁРИТИБ БЕРИШ
24. Молиявий ҳисоботлар қуйидагиларни ёритиб бериш керак:
24.1. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишлаб чиқишларини амалга ошириш харажатлари учун қабул қилинган ҳисоб сиёсатини;
24.2. Илмий-текшириш ва тажриба-конструкторлик ишланмаларига ҳисобот давридаги харажат сифатида тан олинган харажатлар суммасини;
24.3. Фойдаланилган амортизация усулларини;
24.4. Қабул қилинган фойдали хизмат муддати ёки амортизация меъёрларини;
24.5. Ҳисобот даврининг бошида ва охирида тажриба-конструкторлик ишларига амортизация қилинмаган харажатлар қолдиғини, бунда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
24.5.1. 16-бандга мувофиқ. актив деб тан олинган тажриба-конструкторлик ишларига қилинган харажатлар;
24.5.2. 19 ва 22-бандларга мувофиқ харажат деб тан олинган тажриба-конструкторлик ишларига қилинган харажатлар;
24.5.3. Бошқа активлар ҳисобига ўтказилган тажриба-конструкторлик ишларига қилинган харажатлар;
24.5.4. 23-бандга мувофиқ равишда қайта тикланган тажриба-конструкторлик ишлари харажатлари.
ЎТКАЗИШ ҚОИДАЛАРИ
25. Ушбу стандартнинг қабул қилиниши ҳисоб сиёсатида ўзгариш бўлишига олиб келадиган ҳолатларда хўжалик юритувчи субъект ўз молиявий ҳисоботини «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот» деб аталган 3-сон БХМСга мувофиқ равишда тузатиши лозим. Шу билан бир вақтда хўжалик юритувчи субъект тажриба-конструкторлик ишларига ушбу стандарт кучга кирган вақтдан кейин қилинган харажатларнигина ва 16-бандда санаб ўтилган мезонларга жавоб берган тақдирда актив сифатида акс эттириши лозим.