Ўзбекистон Республикаси Аудитнинг миллий стандарти
11-сонли АМС
Маълумотларни компьтерда қайта ишлаш (МКИ) шароитида аудит
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 23 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 823]
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 10 июндаги 296-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис XIV сессиясида қилган маърузасида баён этилган асосий қоидаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини норматив тартибга солиш элементи ҳисобланади.
СТАНДАРТНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
2. Мазкур стандартнинг мақсади текширилаётган хўжалик юритувчи субъектда амал қилаётган маълумотларни компьютерда қайта ишлаш (матн давомида — МКҚИ) тизими шароитида аудит ўтказишда аудиторлик ташкилотининг ҳаракатларини белгилаш ҳисобланади.
3. Стандартнинг вазифалари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
3.1. Аудиторлик ташкилотларига МКҚИ тизими шароитида аудит ўтказишда қўйиладиган асосий талабларни шакллантириш.
3.2. Аудиторлик ташкилоти томонидан текширилаётган хўжалик юритувчи субъектда фойдаланилаётган МКҚИ тизимини баҳолаш учун жалб этилган мутахассисларга нисбатан асосий талабларни белгилаш.
3.3. МКҚИ муҳитида аудитни режалаштириш хусусиятларининг тавсифи.
3.4. МКҚИ шароитида аудиторлик таваккалчилигини аниқлаш.
3.5. МКҚИ шароитида бошқарув воситаларини аниқлаш.
АМАЛ ҚИЛИШ СОҲАСИ
4. Мазкур стандарт талаблари расмий аудиторлик хулосасини тайёрлашни кўзда тутадиган аудитни амалга ошириш чоғида барча аудиторлик ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади, бундан улар тавсия тусида эканлиги бевосита кўрсатилган қоидалар мустасно.
5. Мазкур стандарт талаблари, текширув натижалари асосида расмий аудиторлик хулосаси тайёрлашни кўзда тутмайдиган аудитнинг амалга оширилишида, шунингдек, аудитга турдош хизматлар (консалтинг хизматлари) кўрсатилишида тавсиявий тусга эга бўлади. Аниқ топшириқни бажариш чоғида мазкур стандартнинг мажбурий талабларидан четга чиқилган ҳолларда аудиторлик ташкилоти буни ўзининг иш ҳужжатларида ҳамда аудит ва (ёки) унга турдош хизматларга буюртма берган хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига бериладиган ёзма ҳисоботда мажбурий тартибда кўрсатиб ўтиши лозим.
АУДИТОРНИНГ МКИ МАСАЛАЛАРИДА ЛАЁҚАТЛИЛИГИ
6. Иқтисодий ахборотларни автоматлаштириш тизимидан фойдаланадиган хўжалик юритувчи субъектда бажарилган ишлар бўйича режалаштириш, таҳлил этиш, назорат қилиш, ва оқибатда хулосалар чиқариш ва шарҳлаш учун аудиторнинг МКҚИ тизими бўйича етарли даражадаги билимларга эга бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Мазкур ҳолатда аудитор қуйидагиларга мажбур:
6.1. МКҚИ муҳити таъсир кўрсатадиган ҳисоб ва ички назорат тизимини, етарли даражада, барча аҳамиятли жиҳатларини тушуниш;
6.2. МКҚИ муҳитининг таваккалчиликни баҳолашга таъсири самарасини аниқлаш;
6.3. Лойиҳани тайёрлаш ва бошқарув тестлари ва мустақил тартиб-таомилларни бажариш.
7. Аудиторлик ташкилоти МКҚИнинг кўпроқ тарқалган тизимлари кутубхонасига эга бўлиши ва уларнинг амалий қўлланиши хусусиятларини ўрганишга жиддий киришиши лозим.
МКҚИ МАСАЛАЛАРИДА ЭКСПЕРТ ИШИДАН ФОЙДАЛАНИШ
8. Аудиторда кўрсатилган билимлар мавжуд бўлмаганда ахборот технологиялари соҳасидаги эксперт ишидан фойдаланиш лозим.
9. Қўлланилаётган МКҚИ тизимини баҳолаш учун эксперт ишидан фойдаланилган ҳолларда:
9.1. Экспертни тайинлаш ва эксперт ишидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа жараёнлар «Эксперт ишидан фойдаланиш» АМС шартларига тўлиқ равишда мувофиқ бўлиши шарт;
9.2. Аудитор, устунлик ҳолатини сақлаган ҳолда, эксперт ишини назорат қилиши учун хўжалик юритувчи субъектнинг компьютер тизими ҳақида етарли бўлимга эга бўлиши шарт:
эксперт фақат ахборотларни қайта ишлаш тизимини баҳолайди;
аудитор бу тизим ёрдамида шакллантирилаётган ҳисоботнинг ишончлилигини баҳолайди.
10. Аудиторлик ташкилоти текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоботи тўғрисидаги фикрни ифода этиши ва шу фикр асосида тузилган аудиторлик хулосаси учун тўлиқ жавобгардир.
11. Текширувни ўтказишда эксперт аудиторга қуйидагиларда ёрдам беради:
а) МКҚИ тизими ишончлилигини умумий баҳолашда;
б) текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг МКҚИ тизимида амал қилаётган бухгалтерия дастурий таъминоти харид қилинишининг қонунийлигини ва лицензияланишининг софлигини баҳолашда;
в) ҳисоб-китоблар алгоритмини текширишда;
г) аудитор учун зарур бўлган аналитик, синтетик ҳисоб регистрларини ва ҳисоботни компьютерда шакллантиришда.
МКҚИ ШАРОИТЛАРИДА РЕЖАЛАШТИРИШ
12. АМС «Аудитни режалаштириш»га мувофиқ аудитнинг умумий режасини тузишда режалаштиришнинг ҳар бир босқичи хўжалик юритувчи субъект томонидан қўлланилаётган ахборот технологиялари ва МКҚИ тизимларининг аудит жараёнига таъсирини ҳисобга олган ҳолда аниқлаштирилиши лозим.
13. Ҳисобахборотларига ишлов беришнинг автоматлаштирилганлик даражаси аудиторлик тартиб-таомилларининг ҳажми ва хусусиятини аниқлашда ҳисобга олиниши керак.
14. Аудитни режалаштириш бўйича ҳужжатларда қуйидаги масалалар акс эттирилиши керак:
14.1. Аудиторлик тартиб-таомилларини МКҚИдан фойдаланган ҳолда бажариш хусусияти (МКҚИ муҳитида тайёрланган ҳужжатларни нашр қилишга чиқариш, хўжалик юритувчи субъектнинг МКҚИ муҳитидаги иши);
14.2. Хўжалик юритувчи субъектнинг компьютер тизимини ўрганиш мақсадида мустақил экспертни жалб этиш, эксперт томонидан баҳолаш учун чиқарилган масалаларни тавсифлаш;
14.3. Аудиторлик текширувининг бошланиш санаси, аудиторга маълумотларни аудит ўтказиш шартномасида хўжалик юритувчи субъект билан келишилган шаклда тақдим этилган санага мувофиқ келиши лозим.
МКҚИ МУҲИТИНИНГ АУДИТОРЛИК ТАВАККАЛЧИЛИГИГА ТАЪСИРИ
15. Хўжалик юритувчи субъект бухгалтерия ҳисоби маълумотларининг МКҚИ муҳитида ташкил этилиши аудиторнинг профессионал таваккалчилигига таъсир кўрсатади.
16. Аудиторлик таваккалчилиги қуйидаги ҳолатларда ортади:
16.1. Компьютер муҳити марказлаштирилмаганда;
16.2. Компьютер ускуналарининг географик жиҳатдан тарқоқ бўлганлиги;
16.3. Бухгалтерия ходимларининг ахборот технологиялари соҳасидаги билим даражалари етарли эмаслигида;
16.4. МКҚИ муҳитининг амал қилишида ички назоратнинг мавжуд эмаслиги;
16.5. МКҚИ тизимига рухсатсиз киришни чеклаш бўйича зарурий чораларнинг мавжуд эмаслигида.
17. Аудиторлик таваккалчилиги қуйидаги ҳолатларда камаяди, агарда:
17.1. Автоматлаштириш тизимлари лицензияланган бўлса;
17.2. Аудиторлар учун махсус ишланган дастурий таъминот туфайли назоратнинг айрим турларини чуқурлаштириш имконияти мавжуд бўлса;
17.3. Дастурий таъминотнинг махсус назорати мавжуд бўлса;
17.4. Хўжалик юритувчи субъектнинг ахборот сиёсати унинг раҳбарияти томонидан малакали тарзда белгиланса;
17.5. Барча бўлинмалар, филиаллар ва бошқа алоҳида бўлинмалар, шўъба корхоналар МКҚИнинг ягона муҳитида ишласа, ягона замонавий дастурий таъминотни қўлласа;
17.6. Хўжалик юритувчи субъектнинг ахборот сиёсати МКҚИ тизимининг асосий фойдаланувчилари билан келишилган бўлса;
17.7. Хўжалик юритувчи субъектнинг МКҚИ тизими ривожланишининг узоқ муддатли режаси мавжуд бўлса.
МКҚИНИНГ ҲИСОБВА ИЧКИ НАЗОРАТТИЗИМИНИ БАҲОЛАШГА ТАЪСИРИ
18. МКҚИ бошқарувининг ички воситалари ички назоратнинг мақсадларига эришишида ёрдам беради, ва қўлда бажарилган тартиб-таомилларни, ҳамда мутахассислар томонидан ишланган махсус дастурларни ўз ичига олади.
19. Қўлда фойдаланадиган ва компьютер воситалари МКҚИ муҳитига таъсир этувчи умумий бошқарув воситалари ва амалий дастурлар, хусусан, бухгалтерия ҳисоби дастурлари бошқарувининг махсус воситаларидан ташкил топади.
МКҚИ БОШҚАРУВИНИНГ УМУМИЙ ВОСИТАЛАРИ
20. МКҚИ умумий бошқарув воситаларининг мақсади МКҚИ тизими устидан назорат чегараларини ўрнатиш ва ички назорат мақсадларига эришилганлигига мақбул даражадаги ишончни таъминлашдан иборатдир.
21. Бошқарувнинг умумий воситалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) бошқарув функцияларига нисбатан кафолатлар ва тартиб-таомиллар;
б) амалий дастур тизимларини ишлаб чиқиш ва уни тўғри ишлашини таъминлаш учун мутахассис томонидан кузатиб борилиши;
в) янги ёки қайта кўриб чиқилган тизимларни тестдан ўтказиш, қайта ташкил қилиш, реализация қилиш ва ҳужжатлаштириш;
г) амалий дастур тизимидаги ўзгаришлар –ҳужжатлардан фойдаланишга рухсат бериш, учинчи шахсларнинг дастурга киришини чеклаш;
д) МКҚИ тизими томонидан фақат шундай фойдаланишга мўлжалланган ҳаракатларни бажариш, шунингдек, улардаги хатоларни топиш ва тўғрилаш кафолатлари;
е) фақат махсус вакил қилинган ходимларнинг операцияларга киришининг чекланганлиги.
МКҚИ БОШҚАРУВИНИНГ ИЧКИ ВОСИТАЛАРИ
22. МКҚИ бошқаруви ички воситаларининг мақсади, фақат рухсат берилган ҳаракатлар ва уларни рўйхатга олиш нуқтаи-назаридан амалий дастурларнибошқаришнинг ўзига хос тартиб-таомилларини, шунингдек уларнинг ўз вақтида ва тўлиқлигини белгилашдир.
23. МКҚИ бошқарувининг ички воситалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
23.1. Ишга тушириш назорати:
а) операцияларнинг, компьютер уларни амалга оширишидан олдин текширилганлиги;
б) операцияларнинг машина ўқийдиган шаклга ўтказилганлиги ва компьютерларнинг маълумот файлларига ёзилганлиги;
в) операцияларнинг йўқотилмаганлиги, қўшилмаганлиги, нусхаси кўчирилмаганлиги ва ўзгартирилмаганлиги;
г) нотўғри операциялар бартараф этилганлиги, ўз вақтида тўғриланганлиги, қайта тасдиқланганлиги;
23.2. Компьютернинг маълумот файллари ва компьютер иши устидан назорат:
а) операциялар компьютер томонидан тўғри бажарилаётганлиги;
б) операциялар йўқотилмаганлиги, қўшилмаганлиги, нусхаси кўчирилмаганлиги ва ўзгартирилмаганлиги;
в) хатолар ўз вақтида тўғриланганлиги ва бартараф этилганлиги.
23.3. Ахборотларнинг чиқарилиши устидан назорат:
а) бажариш натижалариниг аниқлиги;
б) ахборотнинг чиқишида ундан бегона шахсларнинг фойдаланиши чекланганлиги;
в) ахборотлар уни олиш учун рухсатномага эга бўлган тегишли шахсга ўз вақтида берилганлиги.
24. Компьютерга оид асосий суистеъмолликлар қуйидаги шароитлар мавжуд бўлганда юз бериши мумкин:
а) компьютерга ёки терминалга бевосита киришнинг очиқлиги;
б) маълумот файлларининг очиқлиги;
в) воситалардан шахсий мақсадларда фойдаланиш имкониятларининг мавжудлиги;
г) тизимдаги ахборотларнинг очиқлиги;
д) компьютер дастурларига киришнинг очиқлиги.
КУЧГА КИРИШ САНАСИ
25. Мазкур стандарт 2000 йилнинг 1 январидан кучга киради.

(Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 1999 й., 11-сон)