«МУҲИМЛИК ВА АУДИТОРЛИК ТАВАККАЛЧИЛИГИ»
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АУДИТ МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ
9-СОН аМС
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 сентябрда 813-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Умумий қоидалар
1. Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 10 июндаги 296-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис XIV сессиясида қилган маърузасида баён этилган асосий қоидаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини норматив тартибга солиш элементи ҳисобланади.
Стандартнинг мақсади ва вазифалари
2. Мазкур стандартнинг мақсади хўжалик юритувчи субъектни аудитдан ўтказиш давомида юзага келадиган, аудитдаги муҳимлилик даражасини баҳолаш масалалари бўйича аудиторлик ташкилотининг ҳаракатларини белгилаш ҳисобланади.
3. Стандартнинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
3.1. Аудитда муҳимлилик даражаси тушунчасини аниқлаш ва уни ҳисоблаш тартиби.
3.2. Аудитда риск тушунчасини ва унинг асосий таркибий қисмларини аниқлаш.
3.3. Аудиторлик ташкилотлари ушбу тушунчаларни аудитни амалга ошириш давомида фойдаланиб, риоя қилишлари шарт бўлган ягона талабларни шакллантириш.
Амал қилиш соҳаси
4. Мазкур стандартнинг талаблари расмий аудиторлик хулосасини тайёрлашни назарда тутадиган аудитни амалга ошириш пайтида барча аудиторлик ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади, бундан улар тавсия тусида эканлиги бевосита кўрсатилган қоидалар мустасно.
5. Мазкур стандарт талаблари, текширув натижалари асосида расмий аудиторлик хулосаси тайёрлашни кўзда тутмайдиган аудитнинг амалга оширилишида, шунингдек, аудитга турдош хизматлар (консалтинг хизматлари) кўрсатилишида тавсиявий тусга эга бўлади. Аниқ топшириқни бажариш чоғида мазкур стандартнинг мажбурий талабларидан четга чиқилган ҳолларда аудиторлик ташкилоти буни ўзининг иш ҳужжатларида ҳамда аудит ва (ёки) унга турдош хизматларга буюртма берган хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига бериладиган ёзма ҳисоботда мажбурий тартибда кўрсатиб ўтиши лозим.
Муҳимлилик тушунчаси
6. Аудитда хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботининг ишончлилигига сезиларли таъсир кўрсатадиган ҳолатлар муҳим ҳолатлар деб тан олинади.
7. Барча муҳим муносабатларда молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги деганда, молиявий ҳисобот кўрсаткичлари аниқлигининг шундай бир даражаси тушуниладики, бунда ушбу ҳисоботдан малакали фойдаланувчи бу асосида тўғри хулосалар чиқаришга ва тўғри қарорлар қабул қилишга қодир бўлади. Ахборотнинг муҳимлилиги — бу унинг хусусияти бўлиб, у мазкур ахборотдан оқилона фойдаланувчининг қарорларига таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
8. Муҳимлилик даражаси деганда, молиявий ҳисобот бузилишининг чегаравий белгиси тушунилади, ундан бошлаб ушбу ҳисоботнинг малакали фойдаланувчиси унинг асосида тўғри хулосалар чиқариш ва тўғри қарорлар қабул қилишга қодир бўлмай қолади.
9. Муҳимлилик даражасининг мутлақ аҳамиятини аниқлаганда, аудитор хўжалик юритувчи субъектнинг аудит қилинадиган ҳисоботининг ишончлилигини тавсифлайдиган энг муҳим кўрсаткичларни асос сифатида қабул қилиши керак, бундан кейин улар молиявий ҳисоботнинг базавий кўрсаткичлари деб номланадиган хисоботни ишончлигини тавсифлайдиган энг мухим кўрсаткичларни асос сифатида қабул қилиши керак.
10. Аудитор қуйидаги ҳолатларда муҳимлиликни кўриб чиқиши керак:
аудиторлик тартиб-таомилларининг табиати, вақти ва батафсиллигини белгилашда;
бузилишлар таъсирини баҳолашда.
Аудиторлик риски тушунчаси
11. Аудиторлик риски — аудиторлик текшируви якунлари бўйича аудитор томонидан субъектив равишда аниқланадиган, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги тасдиқланганидан кейин аниқланмаган муҳим бузилишлар бўлиши мумкинлигини эътироф этиш ёки аслида бундай бузилишлар молиявий ҳисоботда бўлмасада, унда муҳим бузилишлар мавжуд бўлиши мумкинлигини эътироф этиш эҳтимоллигидир.
12. Аудиторлик риски ўз ичига иккита таркибий қисмни олади:
12.1. Ажралмас риск;
12.2. Назорат риски;
12.3. Молиявий ҳисоботдаги хатолар ва бузилишларни аниқламаслик риски.
13. Аудитор аудитни ўтказиш пайтида аудиторлик рискини оқилона энг кам даражагача пасайтириш учун зарурий чораларни кўриши керак.
Ажралмас риск
14. Ажралмас риск баланс ёки операциялар тоифасининг моддий характерга эга бўлган бузилишларга мойиллигидан иборатдир. Ажралмас рискка бухгалтерия баланси ёки операциялар тоифасининг характери таъсир кўрсатади.
15. Ажралмас рискни баҳолаш аудиторнинг мижоз фаолияти хусусиятларини, унинг ташкилий тузилишини ва корхонани бошқариш тавсифномаларини билишига асосланади.
16. Аудитнинг умумий режасини тайёрлашда, аудитор ўз касбий малакасидан фойдаланиб, баланс моддалари ва молиявий ҳисобот кўрсаткичларига нисбатан ажралмас рискни баҳолаши керак.
17. Ажралмас рискни баҳолашда аудитор ўтган йиллар аудити материалларидан фойдаланиши мумкин, бунда у ана шу баҳоланган рискнинг текширилаётган йил учун ҳам тўғрилигига ишонч ҳосил қилиши керак.
18. Ажралмас рискка қуйидаги омиллар таъсир кўрсатиши мумкин:
18.1. Оддий ҳисоб-китобларга қараганда мураккаб ҳисоб-китобларда моддий жиҳатдан бузиб кўрсатиш эҳтимолининг даражаси катта бўлади.
18.2. Нақд пуллар ўғирланишга мойил бўлади.
18.3. Нисбатан барқарор ҳақиқий маълумотлардан иборат бўлган счётларга қараганда смета тахминларидан келиб чиқадиган суммалардан иборат бўлган счётлар рискнинг юқори даражасини юзага келтиради.
18.4. Технологик ютуқлар захираларнинг сезиларли ошишига сабаб бўлиб, ҳар қандай муайян маҳсулотни эскирган маҳсулотга айлантириши мумкин.
18.5. Инқироз ҳолатидаги тармоқда бўлган ва бизнесда кўпгина муваффақиятсизликларга учраган ҳамда етарли даражадаги оборот капитали эга бўлмаган мижознинг компания раҳбарияти молиявий ҳисоботни бузиб кўрсатишга мойиллиги бўлади.
Назорат риски
19. Назорат риски хўжалик юритувчи субъектда мавжуд бўлган ва мунтазам равишда қўлланадиган бухгалтерия ҳисоби тизими ва ички назорат тизими воситалари алоҳида олинган ёки умумий ҳолатда жиддий бузилишларни ўз вақтида аниқламаслиги ва уларни тузатмаслиги ва (ёки) бундай бузилишларнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилаолмаслик эҳтимолини ифодалайди.
20. Назорат риски хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби тизими ва ички назорат тизимининг ишончлилик даражасини тавсифлайди.
21. Аудитор ўз касб малакасидан фойдаланиб, аудит давомида хўжалик юритувчи субъектнинг назорат тизимини, назорат муҳитини ва алоҳида назорат воситаларини баҳолаши шарт.
22. Назорат воситалари рискини баҳолаш учун аудитор назорат воситаларини тест синовидан ўтказиши керак.
23. Назорат воситаларини тест синовидан ўтказиш қуйидагилардан иборат:
23.1. Молия-хўжалик операцияларини ўтказишни акс эттирадиган ҳужжатларни текшириш ва шу муносабат билан аудиторлик далилларини олиш назорат воситаларининг етарли тарзда фаолият кўрсатганлигини аниқлаш.
23.2. Тўғридан-тўғри ҳужжатлар билан тасдиғини олиш имкони бўлмаган ҳолларда, назорат воситаларининг фаолият кўрсатишига оид аудиторлик далилларини олиш мақсадида операцияларни расмийлаштириш устидан кузатувлар ва сўровномалар ўтказиш.
23.3. Назорат воситаларининг иш қобилияти тўғрисидаги маълумотларни олиш учун бошқа аудиторлик тартиб-таомилларининг натижаларидан фойдаланиш.
24. Назорат рискини баҳолашда аудитор, ўтган йиллар аудитининг материалларидан фойдаланиши мумкин,
бунда у ана шу тегишли назорат воситалари учун ўтган йилларда баҳоланган рискнинг текширилаётган йил учун ҳам тўғрилигига ишонч ҳосил қилиши керак.
25. Назорат рискини баҳолаш натижаларини аудитор аудитнинг умумий режасида акс эттириши керак.
Аниқламаслик риски
26. Аниқламаслик риски аудитор томонидан субъектив равишда аниқланадиган эҳтимоллик бўлиб, аудитор текширув давомида қўллайдиган аудиторлик тартиб-таомиллари бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботда ҳақиқатда мавжуд бўлган, алоҳида олинганда ёки умумий ҳолатда муҳим характерга эга бўлган хатолар ва бузилишларни аниқлаш имконини бермаслигини ифодалайди.
27. Аниқламаслик риски аудитор иши сифатининг кўрсаткичи бўлиб, аудитор малакасига ва ўтказилаётган аудиторлик текширувининг хусусиятларига боғлиқдир.
28. Аудитор, ажралмас ва назорат рискларини баҳолаш асосида ўз ишида йўл қўйиладиган аниқламаслик рискини аниқлаши ва аниқламаслик рискини иложи борича камайтиришни ҳисобга олган ҳолда тегишли аудиторлик тартиб-таомилларини режалаштириши шарт.
29. Аниқламаслик риски билан ажралмас ва назорат рискларининг комбинациялашган даражаси ўртасида тескари алоқа мавжуд:
29.1. Агар ажралмас ва назорат рисклари юқори бўлса, у ҳолда аудиторлик рискини мақбул даражага қадар камайтириш учун аниқламаслик риски етарлича паст бўлиши керак.
29.2. Агар ажралмас ва назорат рисклари паст бўлса, у ҳолда аудитор аниқламаслик рискини анча юқори белгилаши ва шу тарзда аудиторлик рискини мақбул даражагача камайтириши мумкин.
30. Аниқламаслик рискини пасайтириш учун аудитор қуйидагиларни бажариши шарт:
30.1. Қўлланилаётган аудиторлик тартиб-таомилларини модификациялаб уларнинг сонини кўпайтиришни ва (ёки) уларнинг моҳиятини ўзгартиришни назарда тутиши.
30.2. Текширувга сарфланадиган вақтни кўпайтириши.
30.3. Аудиторлик танловлари ҳажмларини ошириши.
Муҳимлилик билан аудиторлик риски ўртасидаги ўзаро боғлиқлик
31. Аудитни режалаштиришда аудитор қандай ҳаракатлар ва операциялар молиявий ҳисоботда муҳим бузилишларга олиб келишини кўриб чиқади. Алоҳида счётлар бўйича қолдиқларга ва битим турларига нисбатан муҳимлиликни аудиторлик баҳолаш, аудиторга қандай масалалар ва қандай моддаларни ўрганиши, қандай танлашдан фойдаланиши ва қандай таҳлилий тартиб-таомилларни ўтказиши бўйича қарорлар қабул қилишига ёрдам беради. Бу ҳол аудиторга умумий аудиторлик рискини мақбул бўлган паст даражагача камайтиришга ёрдам беради.
32. Аудиторлик рискининг даражаси билан муҳимлилик ўртасида тескари алоқа мавжуд: муҳимлилик даражаси қанча юқори бўлса, аудиторлик риски шунча паст бўлади ва аксинча.
33. Агарда аудиторлик тартиб-таомиллари режалаштирилганидан кейин аудитор муҳимлиликнинг мақбул даражасини паст деб қарор қабул қилса, у ҳолда аудиторлик риски кўтарилади. Аудитор буни қуйидаги йўллар билан аниқлаши керак бўлади:
- имкони бўлганда назоратнинг чуқурлаштирилган ёки қўшимча тестларни ўтказиш йўли билан пасайтирилган даражани сақлаш орқали назорат рискининг баҳоланаётган даражасини пасайтириш,;
- мустақил (асосий) тартиб-таомиллар даражаси, вақти ва характерини модификациялаш йўли билан аниқламаслик рискини камайтириш орқали.
34. Бунда шуни назарда тутиш керакки, ажралмас рискнинг даражаси доимий бўлади ва улар фақат, текширишнинг умумий режасини тайёрлаш давомида ҳисобга олинмаган, объектив равишда мавжуд фактлар аниқланган тақдирдагина ўзгариши мумкин.
Кучга кириш санаси
35. Мазкур Аудитнинг миллий стандарти 2000 йилнинг1 январидан кучга киради.