«АУДИТОР ИШИ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ»
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ аудит МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ
5-СОН аМС
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 сентябрда 811-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Умумий қоидалар
1. Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 10 июндаги 296-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис XIV сессиясида қилган маърузасида баён этилган асосий қоидаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини норматив тартибга солиш элементи ҳисобланади.
Стандартнинг мақсади
2. Мазкур стандартнинг мақсади аудиторлар иши сифатини назорат қилиш меъёрларини аниқлаш ва белгилаш ҳисобланади.
Амал қилиш соҳаси
3. Мазкур стандартнинг талаблари расмий аудиторлик хулосасини тайёрлашни назарда тутадиган аудитни амалга ошириш пайтида барча аудиторлик ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади, тавсиявий тусда эканлиги бевосита кўрсатилган қоидалар бундан мустасно.
4. Мазкур стандарт талаблари, текширув натижалари асосида расмий аудиторлик хулосаси тайёрлашни кўзда тутмайдиган аудитнинг амалга оширилишида, шунингдек, аудитга турдош хизматлар (консалтинг хизматлари) кўрсатилишида тавсиявий тусга эга бўлади. Аниқ топшириқни бажариш чоғида мазкур стандартнинг мажбурий талабларидан четга чиқилган ҳолларда аудиторлик ташкилоти буни ўзининг иш ҳужжатларида ҳамда аудит ва (ёки) унга турдош хизматларга буюртма берган хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига бериладиган ёзма ҳисоботда мажбурий тартибда кўрсатиб ўтиши лозим.
Аудитор иши сифатини назорат қилиш тушунчаси
5. Аудитор иши сифатини назорат қилиш аудитнинг ўтказилишида ва аудитга турдош хизматларнинг кўрсатилишида аудит стандартларининг ва Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини тартибга солиб турувчи бошқа норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини текшириш учун қўлланиладиган ташкилий чора-тадбирлар, услублар ва тартиб-таомиллар тизимини ифодалайди.
6. Ҳар бир аудиторлик ташкилоти иш сифатини назорат қилиш принциплари ва қоидаларини, шунингдек уларни қўллаш тартиб-таомилларини ишлаб чиқиши ва қабул қилиши лозим. Бу эса аудит жараёнида текширишнинг умумқабул қилинган стандартлари билан қарама-қаршиликлар юзага келмаслиги учун зарурдир.
7. Аудитор иши сифатини назорат қилиш бир неча шаклларда амалга оширилади:
7.1. Асосий аудитор томонидан ўз ассистентлари ишини назорат қилиш;
7.2. Аудиторлик ташкилоти томонидан аудитор ишини назорат қилиш;
7.3. Ташқи назорат.
Асосий аудиторнинг ўз ассистентлари ишини назорат қилиши
8. Асосий аудитор аудит ўтказилиши жараёнида ассистентлар томонидан бажарилаётган ишларни доимий равишда назорат қилиши ва йўналтириб туриши керак.
9. Ассистент деганда асосий аудитордан профессионал даражаси жиҳатидан фарқ қилувчи ходим тушунилади.
10. Ассистентдан фарқли ўлароқ, асосий аудитор аудитнинг бажарилиши учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади.
11. Ишларни бажариш топшириладиган ассистентлар ўзларининг жавобгарлиги ва бажаришлари лозим бўлган тартиб-таомилларнинг мақсади ҳақида, хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти ва моҳияти, ўтказилиш вақти ва кўламига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳисобга оид аудиторлик муаммолари тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган бўлишлари лозим.
Аудиторлик ташкилотининг аудитор ишини назорат қилиши
12. Аудиторлик ташкилоти томонидан аудитор ишининг назорат қилиниши қуйидагилар орқали амалга оширилади:
12.1. Мижоз олдида аудиторлик режасининг ва аудит ўтказиш дастурининг асосланганлигини муҳокама қилиш ва текшириш;
12.2. Ташкилий-этика аудиторлик принципларига қатъиян риоя этиш (хусусан, мижозга маслаҳатлар берувчи ёки унинг бухгалтерия ҳисобини тиклаб бераётган аудитор, унинг ўзини текшириш учун юборилмайди ва ҳ.к.з.);
12.3. Асосий аудитор томонидан аудиторлик хулосаси берилганидан кейин аудиторлик ташкилотининг бошқа аудитори томонидан ҳисоботларнинг ишончлилигини тасдиқлаш мақсадида мижоз учун бепул такрорий қайта текширишларни ўтказиш.
Ташқи назорат
13. Ташқи назорат амалдаги қонун ҳужжатларида ва норматив ҳужжатларда назарда тутилган давлат органлари томонидан амалга оширилади.
Аудитор иши сифатини назорат қилиш йўналишлари
14. Аудитор иши сифатини назорат қилиш икки асосий йўналишга эга:
14.1. Алоҳида аудиторлик текширувларини назорат қилиш;
14.2. Сифатни умумий назорат қилиш.
15. Алоҳида аудиторлик текширувларини назорат қилиш қуйидаги тушунчаларни ўз ичига олади:
15.1. Ваколатларни бериш:
аудиторларнинг мустақиллигини, профессионаллигини ва лаёқатлилигини таъминлаш;
аудиторлар учун етарли даражадаги ҳаракатлар эркинлигини таъминлаш;
аудитнинг ёзма дастуридан фойдаланиш.
15.2. Назорат:
аудиторлар ишининг кундалик назоратини таъминлаш;
монанд ҳаракатларни амалга ошириш учун хўжалик юритувчи субъект бухгалтерия ҳисобининг энг муаммоли масалаларини билиш.
15.3. Текшириш:
аудиторлар томонидан ҳужжатларнинг етарлилиги, аудиторлик текшируви мақсадларига эришиш учун бажарилган барча ишларнинг стандартларга мувофиқлигини текшириш.
16. Аудит сифатини умумий назорат қилиш қуйидаги элементлар мавжудлигига асосланади:
16.1. Мустақиллик.
Қоида ва тартиб-таомиллар барча даражадаги ходимларнинг мустақиллигига ишончни таъминлаши керак. Ушбу талабнинг бажарилиши учун аудиторлик ташкилоти бир йилда бир марта ўз мижозлари рўйхатини тарқатиши ва ўз ходимларидан мустақиллик тўғрисидаги аризани имзолашларини талаб қилиши мумкин.
16.2. Ходимларга топшириқлар.
Қоида ва тартиб-таомиллар иш махсус тайёргарлик ва тажрибага эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилишига асосли ишончни таъминлаши керак. Мазкур талабнинг бажарилиши учун аудиторлик ташкилоти ўз ходимларининг тегишли вазифаларини аниқлаш имконини берадиган тарзда олдиндан режалаштириши керак.
16.3. Маслаҳатлар.
Қоида ва тартиб-таомиллари аудиторлик ташкилотининг ходимлари техник масалалар бўйича яхши хабардор бўлган ва обрўли шахслардан ёрдам олишга интилишлари мумкинлигига асосли ишончни таъминлаб бериши лозим. Ушбу талабни бажариш учун аудиторлик ташкилоти аудит, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни юритиш, солиққа тортиш, маслаҳат хизматлари каби соҳалар бўйича аудиторлик ташкилотининг экспертлари сифатида маълум бир шахсларни тайинлаши мумкин.
16.4. Назорат.
Қоида ва тартиб-таомиллари аудиторлик ташкилотининг жорий фаолияти унда белгиланган сифат стандартларига жавоб беришига асосланган ишончни таъминлаб бериши лозим. Аудиторлик ташкилотининг назорат тартиб-таомилларини белгилаш учун жавобгарлиги, аудит ўтказаётган, режалаштириш ва шартнома асосида аниқ бир вазифани бажараётган ходимларнинг жавобгарлигидан фарқ қилади. Назоратнинг ушбу талабларини бажариш учун аудиторлик ташкилоти барча иш ҳужжатларини, ҳисоботларни талаб қилиши ва уларни тегишли назорат қилувчи ва техник ходимларга текшириш учун тақдим этиши мумкин.
16.5. Ишга қабул қилиш.
Қоида ва тартиб-таомиллар ишга қабул қилинаётган ходимларнинг малакали мутахассислар эканлигига асосли равишда ишонч ҳосил бўлишини таъминлаши керак. Ушбу талабни бажариш учун аудиторлик ташкилоти энг минимал малака талабларини белгилаши мумкин (масалан, бухгалтерия ёзувларини юритишни коллежда бухгалтерия ҳисоби бўйича таҳсил олган ва билим жиҳатдан ўртача иккинчи ёки энг яхши бўлган коллеж битирувчиси бажариши мумкин).
16.6. Профессионал даражанинг оширилиши.
Қоида ва тартиб-таомиллар аудиторлик ташкилоти ходимларининг ўз вазифаларининг бажаришлари учун зарур билимларга эга эканликлари тўғрисида асосли ишончни таъминлаб бериши керак. Ушбу талабнинг бажарилиши учун аудиторлик ташкилоти ўз малакасини ошириш истагидаги ходимларга профессионал ўқишни давом эттиришлари учун шарт-шароитларни яратиб бериши ва ёрдам кўрсатиши мумкин.
16.7. Хизматдаги кўтарилиш.
Қоида ва тартиб-таомиллар хизматда кўтарилаётган ходимларнинг янги лавозимларни эгаллашлари мумкин эканлигига асосли ишончни таъминлаши керак. Ушбу талабнинг бажарилиши учун ходимлар томонидан бажарилган ҳар бир вазифаларни баҳолаш ва уларнинг кўтарилишига оид, йилига камида бир маротаба маслаҳатлар бериш керак.
16.8. Мижозларнинг мақбуллиги ва улар билан муносабатларнинг давомийлиги.
Қоида ва тартиб-таомиллар аудиторлик ташкилоти ҳалолсизликдан азият чекаётган хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарияти билан боғланиб қолмаслигига асосли ишончни таъминлаши керак. Ушбу талабнинг бажарилиши учун аудиторлик ташкилоти бўлажак янги мижози билан иш юзасидан тўқнаш келган тафтишчидан, банк ходимларидан, юристлар ва бошқа шахслардан маълумотлар олишни ташкиллаштириши керак бўлади.
16.9. Инспекция қилиш.
Қоида ва тартиб-таомиллар аудитор иши сифатини назорат қилиш самарали олиб борилаётганлиги тўғрисидаги асосли ишончни таъминлаб бериши керак. Мазкур талабнинг бажарилиши учун ҳар бир ходимнинг вазифаларини ажратиб тўплаш, ушбу вазифаларнинг бажарилиши билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа партнер ёки ходим томонидан амалга оширилиши керак бўлади. Маъмурий ишлар ва хизматчилар томонидан юритиладиган ишлар ҳам назорат асосида текшириб чиқилиши зарур.
Аудиторлик ташкилоти томонидан инспекция қилиш натижаларини ҳужжатлар асосида тасдиқлаш зарурлигига тавсия берилади. Ҳужжатлар шакли ва ҳажми аудиторлик ташкилоти ҳажмига, функционал бўлимлар сонига, фаолият тусига ва бошқа омилларга боғлиқ.
16.10. Партнер ёки партнерлар, хўжалик юритувчи субъект ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, мазкур аудиторлик ташкилотида амал қилиб келаётган сифат устидан назорат қилиш тизими самарадорлиги учун жавобгар бўлишлари керак. Бундан мақсад шуки, назорат қилишнинг шундай қоида ва тартиб-таомиллари, вазифаларнинг тақсимланиши ва белгиланган қоида ва тартиб-таомиллар тўғрисида хизматчиларга хабар бериш, худди аввалгидек ўз мақсадига жавоб бераётганини вақтида аниқлашдир.
Қоида ва тартиб-таомилларнинг белгиланиши
17. Аудитор иши сифатини назорат қилишнинг қоида ва тартиб-таомиллари хусусияти ва кўлами қуйидаги шартларга боғлиқ:
17.1. Аудиторлик ташкилотининг ҳажмига;
17.2. Аудиторлик ташкилоти ва функционал бўлинмалари ходимларининг мустақиллик даражасига;
17.3 Акциядорлик жамиятлари аудити, бухгалтерия ҳисоби ва хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш соҳасидаги хизматлар; фойда солиғи ҳажмларини аниқлаш бўйича хизматлар; ўзаро аудитни ўтказиш бўйича мажбуриятлар каби таркибий қисмларни эътиборга олган ҳолда амалий фаолият моҳиятига;
17.4. Олинган фойдага нисбатан аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш ва қўллаш билан боғлиқ харажатлар даражасига.
18. Аудиторлик ташкилоти томонидан аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва тартиб-таомилларини белгилашда у қуйидаги чораларни кўриши лозим:
18.1. Аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича малакали ходимлар ўртасида мажбуриятларни тақсимлаш;
18.2. Аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва тартиб-таомилларини ходимларга етказиш;
18.3. Аудитор иши сифатини назорат қилиш тизими самарадорлигини, шунингдек қоида ва тартиб-таомиллар аввалгидек уларнинг қўлланиш усуллари ва хизматчиларга етказилиши амалиётига тўғри келишини текшириш.
Қоида ва тартиб-таомилларнинг ходимларга етказилиши
19. Аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва тартиб-таомиллари ёзма шаклда баён қилиниши шарт эмас. Улар хизматчиларни ишга қабул қилиш чоғида оғзаки равишда маълум қилиниши ва аудиторлик ташкилотининг умумий йиғилишида, бир йилда бир маротаба такрорланиши мумкин.
20. Шу билан биргаликда, аудиторлик ташкилотлари ўз қоида ва тартиб-таомилларини ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб бориши тавсия этилади. Ҳужжатларнинг тури ва ҳажми энг аввало аудиторлик ташкилотининг ҳажмига ва унинг фаолият тавсифига бевосита боғлиқ.
Кучга кириш санаси
21. Мазкур Аудитнинг миллий стандарти 2000 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2015 йил 1 майдаги 36-сон (рўйхат рақами 811-1, 2015 йил 4 май) буйруғи билан киритилган ўзгартириш билан.