Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
«Оғир» маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш орқали камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги «2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-49-сон қарори ижросини таъминлаш, шу жумладан, мазкур қарор доирасида камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та маҳаллада кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш орқали камбағал оилаларни барқарор даромад билан таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Энергетика вазирлиги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан биргаликда «оғир» маҳаллаларга даромад келтирадиган актив сифатида 300 — 500 кВт соат қувватдаги кичик қуёш электр станцияларини ишга тушириши ҳамда мазкур лойиҳани молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 110 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган маблағларнинг ҳисоби Энергетика вазирлигининг алоҳида ғазна ҳисобварағида юритилсин.
3. Энергетика вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин:
(а) кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш ишларини қонунчиликда белгиланган тартибда лойиҳалаштириш, давлат экспертизасидан ўтказиш, тендер асосида пудрат ташкилотини аниқлаш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш;
(б) кичик қуёш электр станцияларини фойдаланишга қабул қилиш ҳамда бошқариш;
(в) кичик қуёш электр станцияларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишдан тушган маблағларни тақсимлаш.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини қуриш учун зарур бўлган ер участкаларини Энергетика вазирлигининг талабномасига мувофиқ доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Энергетика вазирлигига белгиланган тартибда ажратсин. Бунда ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ материалларни ишлаб чиқиш ва экологик экспертиза хулосаларини тақдим этиш Кадастр агентлиги ва Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан бепул тарзда амалга оширилсин.
5. Энергетика вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2026 йил якунига қадар маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш бўйича амалга оширилган ишларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, талаб этиладиган қўшимча маблағлар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
6. Қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 февраль,
ПҚ-51-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.02.2026 й., 07/26/51/0123-сон)