LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 24 августдаги 21/12-сонли ««Мижозларга ҳисобварақлар очиш, уларнинг ҳисобварақларига пул маблағларини ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, иш ҳақи ва қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул маблағларини беришнинг ўрнатилган тартибларини бузганликлари учун тижорат банкларига жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 1044-3, 25.09.2019 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 июндаги «Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш ва тижорат банклари масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 264-сон қарори 6-бандини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Мижозларга ҳисобварақлар очиш бўйича белгиланган талабларни, уларнинг ҳисобварақларига маблағларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, иш ҳақи ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул бериш тартибини бузганлик учун тижорат банкларига жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб ўн кундан кейин амалга киритилсин.
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Электрон тўловлар тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, 12-сон, 412-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш ва тижорат банкларининг масъулиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2001 йил 22 июндаги 264-сонли қарорининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 йил, 12-сон, 79-модда) ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
2. Мазкур қонун ҳужжати тижорат банкларига нисбатан жарима жазо чоралари миқдори ва уларни қўллаш, шунингдек уларни тижорат банкларининг ноқонуний ҳаракатлари туфайли ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган мижозлар фойдасига ўтказиш тартибини белгилайди.
3. Мазкур Низомда назарда тутилган масъулият чоралари банк ва мижоз ўртасида тузилган шартнома матнига киритилиши шарт.
4. Марказий банк меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган барча зарурий ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин банклар томонидан ҳисобварақлар очишда сабабсиз кечиктирилганлик ёки очишдан бош тортганлик, шунингдек мазкур турдаги ҳисобварақ очиш учун ортиқча ҳужжатларни талаб қилганлиги учун банк устав сармояси белгиланган энг кам миқдорининг 0,02 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
5. Банклар томонидан иш ҳақи ва қонунларда назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун ўз вақтида нақд пул бермаганлик учун мижозларга, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига улар ҳисобварақларида маблағ бўлганида банк устав сармояси белгиланган энг кам миқдорининг 0,005 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
6. Қонунчиликда ўрнатилган мижозлар ҳисобварақларига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун, электрон тўловларни амалга оширишнинг ва хато амалга оширилган электрон тўловларни қайтаришнинг ўрнатилган муддатларини бузишни истисно этган ҳолда, банк устав капиталининг энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
Электрон тўловларни амалга оширишнинг қонун ҳужжатларида ўрнатилган муддатлари банк томонидан бузилган тақдирда, у мижозга кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши шарт.
Банкнинг айби билан электрон тўлов нотўғри амалга оширилган тақдирда, у маблағни хатолик аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан олувчининг ҳисобварағига ўтказиши шарт. Акс ҳолда, мижоз банкдан маблағларни қайтаришни, шунингдек кечиктирилган ҳар бир кун учун нотўғри амалга оширилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин нотўғри амалга оширилган электрон тўлов сумманинг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлашни қонунда белгиланган тартибда талаб қилиш ҳуқуқига эга.
а) форс-мажор ҳолатлари, шу жумладан, банклараро электрон тўловлар тизимида рўй бериши мумкин бўлган узилиш;
б) банк мижози томонидан амалдаги қонунларда белгиланган талабларга мос келмайдиган тўлов ҳужжатлари тақдим қилинганда;
8. Банк ва мижоз ўртасида низолар шартнома шартларига кўра ҳал қилинади. Вужудга келган низолар ўзаро келишиб ҳал қилинишининг имкони бўлмаса, улар суд тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
9. Мазкур Низомнинг 4 — 6-бандларига мувофиқ, банк томонидан тўланган жарима суммаси қисман қонунбузарликка йўл қўйган банк (филиали) раҳбари ва бош бухгалтери томонидан қопланади.