«Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида» ва «Бюджет тизими тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатларини бериш тартиби тўғрисида» 2003 йил 28 ноябрдаги 534-сон қарорига мувофиқ ҳамда жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов ундириш механизмини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов ундириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ҳукумат қарорлари бўйича жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатларини беришда мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга қатъий амал қилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
1. Мазкур Низом жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов (кейинги ўринларда матнда «тақдирлаш пули» деб юритилади) ундириш тартибини белгилаб беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича қарз олувчилардан (субқарз олувчилардан) тушадиган тақдирлаш пули Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузуридаги Кафолат жамғармаси даромадларини шакллантириш манбалари сифатида ҳисобга олинади ва Кафолат жамғармасининг чет эл ва миллий валютадаги очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 сентябрдаги 573-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.09.2020 й., 09/20/573/1306-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан қарз олувчи (субқарз олувчи) ўртасида тузиладиган кафолат битимида Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тақдирлаш пули тўлаш бўйича қарз олувчи (субқарз олувчи)нинг мажбуриятлари назарда тутилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикасининг кафолатлари учун тўловлар қарзларнинг қолдиқ суммасига камида йиллик 0,5 фоиз миқдорида белгиланади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 сентябрдаги 573-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.09.2020 й., 09/20/573/1306-сон)
5. Тақдирлаш пули жалб этиладиган кредитни қайтариш жадвалига мувофиқ фоизлар тўланадиган тегишли саналарда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича тенг миқдорда сўмда тўланади.
Тақдирлаш пулини тўлаш уч кун мобайнида кечиктирилган тақдирда, қарз олувчилар (субқарз олувчилар) муддати ўтказиб юборилган суммага қўшимча равишда ҳар бир кечиктирилган кун учун муддати ўтказиб юборилган қарзлар суммасининг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўлайдилар.
6. Қарз олувчилар (субқарз олувчилар) томонидан тақдирлаш пулини ўз вақтида тўлаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги пул маблағларини қарз олувчи ва субқарз олувчининг ҳар қандай ҳисоб рақамларидан (субқарз олувчининг мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилган тақдирда) муддати ўтказиб юборилган сумма ва ҳисобланган пеня миқдорида исталган валютада шубҳасиз ва сўзсиз ундириб олиш ҳуқуқига эгадир.
Пул маблағларини қарз олувчи (субқарз олувчи)нинг ҳисоб рақамларидан чиқариш бюджетга тўловларни ҳисобдан чиқариш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
7. Илгари олинган кредитлар суммаси ўзгарганлиги, ёхуд жалб этилган кредитларни қайтариш муддатлари узайтирилганлиги муносабати билан кредит битимларини қайта расмийлаштирувчи қарз олувчилар (субқарз олувчилар) тақдирлаш пулини мазкур Низомда белгиланган тартибда кредит битимлари қайта расмийлаштирилган пайтдан бошлаб тўлайдилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Қарз олувчилар (субқарз олувчилар) томонидан тўланган тақдирлаш пули қайтарилмайди ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузуридаги Кафолат жамғармаси тасарруфида қолади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 сентябрдаги 573-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.09.2020 й., 09/20/573/1306-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиладиган Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботда жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов сифатида ҳисобот санасида тушган маблағлар тўғрисидаги маълумотни кўрсатади ҳамда ушбу маълумотни қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда тақдим этади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)