ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ФАОЛИЯТ ЮРИТАЁТГАН ОТИНОЙИЛАРГА МАХСУС ЛИЦЕНЗИЯЛАР БЕРИШ
тартиби
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 16 октябрда 978-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
1-бўлим
Умумий қоидалар
1.1. Мазкур тартиб билан отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни бериш белгиланади.
1.2. Отинойи — ҳаёт тажрибасига эга бўлган, диний ва дунёвий билимларни биладиган, миллий урф-одатларни ханафия мазҳабига мувофиқ тушунадиган, ўз жамоаси орасида обрў-эътиборга эга бўлган оқила аёл тушунчасини билдиради.
Отинойилар :
жойларда тўй ва маракаларни тартибли равишда ўтказиш, ўзининг маслаҳати ва иштироки билан ханафия мазҳабига мувофиқ равишда диний ва миллий урф-одатларни бажаради;
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган барча фатволарни жойларга етказишда яқиндан кўмак беради;
миллий урф-одатларимиздан ҳамда оилаларнинг иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, жойларда тўй ва маракаларни ихчам, кам харж ва рисоладагидек ўтказишда оилаларга яқиндан маслаҳат беради;
диний экстремизм ва ақидапарастлик ғояларининг ислом динига мутлақо зид эканлигини тушунтириш йўли билан хотин-қизлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади.
1.3. Отинойилик фаолияти билан шуғулланувчи аёлларни рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади.
1.4. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги вакилликлари ҳамда маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари вакилларидан иборат бўлган Ҳайъат отинойилик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларни рўйхатини олиб боради.
1.5. Ушбу Ҳайъат отинойилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар шахсини ўрганиш, диний ва дунёвий билим даражасини белгилаш, ахлоқий ва маънавий хислатларини умумлаштириш ишларини бажаради.
1.6. Махсус диний маълумотларга ёки дунёвий билимларга эга бўлган, 25 ёшга тўлган, ижобий хислатларни ўзида мужассамлаштирган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган хотин-қизлар Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакилликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари томонидан биргаликда берган тавсияномаси асосида вилоят, туманлар бўйича рўйхат тузилади.
1.7. Улар махсус лицензия бериш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига тақдим қилинади.
2-бўлим
Отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш тартиби
2.1. Отинойилик фаолияти билан шуғулланишга лицензия олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади :
ариза (биринчи илова)
яшаш жойидан маълумотнома (оилавий аҳволи кўрсатилган)
диний ёки дунёвий маълумоти ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси
тавсиянома
3x4 ҳажмдаги 6 дона сурат.
2.2. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоятлардан рўйхат асосида келиб тушган аризаларни ҳисобга олиб, отинойилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдириб ариза ёзган хотин-қизларнинг махсус дастур асосида 3 кунлик ўқишини ташкил қилади.
2.3. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ҳисобга олиниб, ўқишда қатнашган хотин-қизларнинг аризалари илова қилинган ҳужжатлари билан биргаликда отинойилик фаолиятига махсус лицензия бериш масаласини ҳал қилиш учун Малака ҳайъатига тақдим қилинади.
2.4. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан 7 аъзодан иборат таркибда Малака ҳайъати тузилади.
2.5. Малака ҳайъати отинойилик фаолияти билан шуғулланиш учун ариза берган хотин-қизлар билан суҳбат ўтказиб, натижаси бўйича ханафия мазҳабига мувофиқ отинойилик фаолияти билан шуғулланишга тегишли хулоса беради.
2.6. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Малака ҳайъатининг хулосасига асосланиб, отинойилик фаолияти билан шуғулланиш учун махсус лицензияни 3 йил муддатга беради. (2-илова лицензия нусхаси)
2.7. Махсус лицензия Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбари томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланиб, отинойилик фаолияти билан шуғулланувчи шахсга тилхат орқали топширилади.
2.8. Махсус лицензияга тегишли тартибдаги рақам берилиб, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан отинойиларга махсус лицензиялар бериш реестрига киритилади. Реестрда отинойининг насл насаби, лицензиянинг рақами, манзили, реестрга киритилган сана қўйилади.
3-бўлим
Отинойилик фаолияти билан шуғулланувчи хотин-қизлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш тартиби
3.1. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан берилган махсус лицензия отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини беради.
3.2. Махсус лицензияга эга бўлган отинойилар ўз фаолиятларини яшаш жойлари бўйича тегишли туман (шаҳар) ҳудудида амалга оширади :
3.3. Отинойиларга хотин-қизлар орасида хусусий тартибдаги диний таълим бериш ман этилади.
3.4. Отинойилар ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуни, амалда бўлган қонунларга, шунингдек, мазкур тартибга мувофиқ ҳолда олиб борадилар.
3.5. Отинойилик фаолияти билан шуғулланувчи хотин-қизлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юкланади.
3.6. Отинойилик фаолияти билан шуғулланувчилар қонун талабларини бузган тақдирда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
4-бўлим
Отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни бекор қилиш тартиби
4.1. Қонун талабларини бузган, ножўя ҳаракат содир этган отинойилар аниқланган тақдирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан уларга нисбатан Малака ҳайъати номига махсус лицензияни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилади. Малака ҳайъати ушбу киритилган тақдимномани кўриб чиқиб, тегишли хулоса беради.
4.2. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси малака ҳайъатининг хулосасига асосланган ҳолда отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи махсус лицензияни бекор қилади.
4.3. Отинойиларнинг махсус лицензиясиз фаолият кўрсатиши тегишли жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин.
4.4. Отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи махсус лицензия бекор қилингач, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан отинойиларга махсус лицензиялар бериш реестридан чиқарилади.
1-ИЛОВА
ариза

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисига

______________________________________________

(ариза берувчининг И.Ш.Ф

______________________________________________

манзилгоҳи ва телефони)




А Р И З А

Мен ____________________,___________________________________________ ни

(исми-шарифи)

(диний ёки дунёвий илмгоҳ номи)

____________ йилда битириб,_________________________ мутахассисликка эга бўлганман
Яшаш жойим ҳудудида отинойилик фаолияти олиб боришим учун лицензия беришингизни сўрайман.
Тегишли ҳужжатлар илова қилинади.
«_____» ________200__ й.

____________________________________________

(исми-шарифи)

2-ИЛОВА
ЛИЦЕНЗИЯ №____
______________га диний ва дунёвий билимларини ҳамда ижобий фазилатларини инобатга олиб, ханафия мазҳабига мувофиқ отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи 3 йил муддатга берилди.
Мазкур лицензия «___»_________200_ гача ҳақиқий ҳисобланади.
«_____»______________ 200 й.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий А. Баҳромов