Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
2024 йил 22 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Албания Республикаси Вазирлар Кенгаши ўртасида амалдаги дипломатик ва хизмат паспортлари эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисидаги битим;
2024 йил 23 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Сербия Республикаси Ҳукумати ўртасида дипломатик ва расмий паспорт эгалари учун виза талабларини бекор қилиш тўғрисидаги битим тасдиқлансин.
2. Ташқи ишлар вазирлиги мазкур халқаро шартномаларни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартномаларнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги тўғрисида Албания ва Сербия томонларига тегишли билдиришномалар йўлласин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари мазкур халқаро шартномалар кучга кирганидан кейин белгиланган тартибда уларнинг қоидаларини бажариш устидан назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 3 февраль,
ПҚ-40-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.02.2025 й., 07/25/40/0109-сон)