Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонасининг фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилишга кўмаклашиш, шунингдек, уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси, ноқонуний миграция ва бошқа турдаги жиноятларга қарши курашиш масалаларида Россия Федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонасининг (кейинги ўринларда — Элчихона) штат жадвалига меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тегишли равишда ўзгартирган ҳолда, биринчи котиб — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакили (кейинги ўринларда — Вакил) қўшимча лавозими киритилсин.
2. Қуйидагилар Вакилнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги ўзаро ишонч ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда яқин ҳамкорликни кучайтириш;
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам равишда пухта ишланган амалий таклифларни тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Россия Федерациясининг Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси, ноқонуний миграция ва бошқа турдаги жиноятларга қарши курашиш, уларнинг фош этилишига кўмаклашиш ҳамда ушбу йўналишларда тезкор маълумот алмашинувини ташкил этиш бўйича амалий ҳамкорликни кучайтириш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича консуллик функцияларини бажаришга кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, одам савдоси ва ноқонуний миграция масалалари бўйича оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклдаги мурожаатларини қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш.
3. Белгилансинки:
Вакил Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тақдимномасига мувофиқ белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади;
Вакил ички ишлар органларидаги фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига бўйсунади.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
Элчихона ташкилий-штат тузилмасидаги ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда, Вакилни сақлаш харажатларини Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилга мўлжалланган Давлат бюджетида кўзда тутилган хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларини молиялаштириш ҳажмида инобатга олсин;
Элчихонага битта автотранспорт воситасини харид қилиш ва сақлаш учун қўшимча лимит ҳамда маблағ ажратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вакил фаолияти тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Б.О. Саидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 13 декабрь,
ПҚ-434-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.12.2024 й., 07/24/434/1025-сон)