Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ ҳамда Божхона кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган
Бугунги кунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши барча фаолият соҳаларини такомиллаштиришга самарали таъсир кўрсатмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли рақамлаштириш жараёни доирасида ижтимоий-иқтисодий соҳалар билан бир қаторда тезкор-қидирув фаолиятига ҳам замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилишини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситаларини республика ҳудудига олиб киришда телекоммуникациялар операторларига солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.
Шу билан бирга амалиётда ушбу солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашдаги мавжуд камчиликлар натижасида бугунги кунда айрим идоралар томонидан тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситаларини олиб киришда мазкур имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятлари чекланмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига махсус ваколатли давлат органи томонидан олинадиган тезкор қидирув тадбирлари тизими техник воситаларининг республика ҳудудига олиб кирилишини солиқ солишдан озод қилишни назарда тутувчи қўшимчалар, шунингдек мазкур техник воситалар акциз солиғи солинадиган объект ҳисобланмаслигига доир қўшимча киритилмоқда.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига юқорида кўрсатилган техник воситаларни бож тўлашдан озод қилиш тарзида тариф имтиёзлари берилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда. Шунингдек ҳарбий хизмат назарда тутилган бошқа идоралар ҳарбий юкларининг божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимини тўлашдан озод қилинади.
Ушбу Қонун белгиланган солиқ ва божхона имтиёзларидан тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситаларини республика ҳудудига олиб киришда фойдаланиш тартибини янада такомиллаштиришга ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, № 12, 1011-модда; 2024 йил, № 2, 106, 110, 111-моддалар, № 4, 346-модда, № 5, 458, 459-моддалар) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 246-модда:
10-бандидаги «ваколатли давлат органининг» деган сўзлар «махсус ваколатли давлат органининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги 101-банд билан тўлдирилсин:
«101) махсус ваколатли давлат органи томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари»;
2) 284-модда иккинчи қисми:
6-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6) махсус ваколатли давлат органининг ёзма равишдаги тасдиғи мавжуд бўлган тақдирда, телекоммуникациялар операторлари ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари»;
қуйидаги мазмундаги 61-банд билан тўлдирилсин:
«61) махсус ваколатли давлат органи томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган ЎРҚ-400-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, 1-сонга илова; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 4, 224-модда, № 7, 433-модда, № 10, 670-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 9, 589-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 969-модда; 2022 йил, № 2, 75-модда, № 7, 666-модда, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 12, 1010, 1011-моддалар; 2024 йил, № 1, 5-модда, № 2, 111, 113-моддалар) қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:
1) 297-модданинг иккинчи қисми:
14-бандидаги «ваколатли давлат органининг» деган сўзлар «махсус ваколатли давлат органининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги 141-банд билан тўлдирилсин:
«141) махсус ваколатли давлат органи томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари»;
2) 299-модданинг 7-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг, Ички ишлар вазирлигининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг ҳарбий юклари, шунингдек бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган ўзга идораларнинг ҳарбий юклари».
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 ноябрь,
ЎРҚ-992-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.11.2024 й., 03/24/992/0895-сон)