Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА ТОВАРЛАР (ИШЛАР, ХИЗМАТЛАР)НИ ЭКСПОРТ ВА ИМПОРТ ҚИЛИШНИ КВОТАЛАШ ВА ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 31 мартдаги 137-сонли «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо фаолиятини эркинлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика қурилиш комплексининг экспорт базасини кенгайтириш ва корхоналарнинг чет элда «комплект объект» шартларида пудрат ишлари ҳамда хизматларни амалга ошириш фаолиятларини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 25 мартдаги 163-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт ва импорт қилишни квоталаш ва лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низом қуйидаги таҳрирдаги 16-банд билан тўлдирилсин:
«16. «Комплект объект» шартларида тузилган контракт (битишув)ларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатга олиниши комплект ведомостга мувофиқ пудрат ишлари ва хизматларнинг бажарилишини таъминлаш учун юкларни, улар орасида лицензияланиши лозим бўлган товарлар бор-йўқлигидан қатъи назар, Давлат чегараси орқали ўтказиб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланади».
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси «комплект объект» шартларидаги контрактларни амалга ошириш учун олиб чиқиб кетилаётган юклар ҳажмлари ҳамда номенклатурасининг лойиҳа-смета ҳужжатларига кўра комплект ведомостларга мувофиқлиги устида қатъий назорат ўрнатсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари И. Ҳ. Жўрабеков ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў. Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 28 декабрь,
625-сон