Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗБЕКТЕЛЕКОМ» АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШГА ТАЙЁРЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Хусусийлаштириш жараёнига чет эл инвесторларини жалб этиш учун «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг жозибадорлигини ошириш мақсадида, молиявий маслаҳатчи «Коммерцбанк» (Германия) бошчилигидаги консорциумнинг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигининг ҳамда «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси ва унинг таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари акциядорларининг:
«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси таркибига кирувчи 1-иловага мувофиқ акциядорлик жамиятлари ва унитар корхоналарни компания филиалларига айлантириш;
«Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг 2-иловага мувофиқ ташкилий тузилмаси;
компания филиалларига айлантириладиган акциядорлик жамиятларининг хорижий кредитлар бўйича қарзларини 3-иловага* мувофиқ «Ўзимпексалоқа» акциядорлик жамиятига қайта расмийлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
* 3-илова берилмайди.
2. Қуйидагилар:
1-иловада кўрсатилган юридик шахсларни «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг филиалларига айлантириш 2002 йил 10 январгача тугалланиши;
«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси унинг филиалларига айлантириладиган 1-иловага мувофиқ корхоналарнинг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг устав фонди:
компаниянинг ўз мол-мулки;
компаниянинг филиалларига айлантириладиган 1-иловага мувофиқ юридик шахсларнинг мол-мулки;
«Ўзмаком», «Рубикон Вайэрлесс Коммюникейшнс», «Бўзтон», «Ўзбектелеком Интернейшнл АЖ» қўшма корхоналарининг устав фондларидаги давлат улуши ҳисобига шакллантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси бир ой муддатда «Ўзмаком», «Рубикон Вайэрлесс Коммюникейшнс», «Бўзтон», «Ўзбектелеком Интернейшнл АЖ» қўшма корхоналарининг устав фондларидаги давлат улушлари «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг устав фондига берилишини белгиланган тартибда расмийлаштирсин.
4. Белгилансинки, 3-иловада кўрсатилган қарзлар «Ўзбектелеком» компаниясининг сотилган акциялари пакети учун хорижий инвестордан пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида эркин муомаладаги валютада очиладиган махсус ҳисоб рақамига келиб тушган санадан бошлаб қайта расмийлаштирилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хорижий кредитлар бўйича қарз мажбуриятлари «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси балансидан «Ўзимпэксалоқа» акциядорлик жамияти балансига ўтказилиши бўйича операциялар бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Ҳукуматнинг 4-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов ва Бош вазир ўринбосари Ў.Қ. Исмоилов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 27 декабрь,
488-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2001 йил 27 декабрдаги 488-сон
қарорига
1-ИЛОВА
«Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясига филиаллар ҳуқуқи билан қўшиладиган акциядорлик жамиятлари, унитар корхоналар
рўйхати
1. «Қорақалпоқ Телеком» акциядорлик жамияти
2. «Андижон Телеком» акциядорлик жамияти
3. «Бухоро Телеком» акциядорлик жамияти
4. «Навоий Телеком» акциядорлик жамияти
5. «Наманган Телеком» акциядорлик жамияти
6. «Сирдарё Телеком» акциядорлик жамияти
7. «Тошкент Телеком» акциядорлик жамияти
8. «Фарғона Телеком» акциядорлик жамияти
9. «Хоразм Телеком» акциядорлик жамияти
10. «Тошкент шаҳар телефон тармоғи» акциядорлик жамияти
11. «Тошкент телеграф-телефон станцияси» акциядорлик жамияти
12. «Шаҳарлараро алоқа корхонаси» акциядорлик жамияти
13. «Интал Телеком» унитар корхонаси
14. «UzNet» унитар корхонаси
Вазирлар Маҳкамасининг
2001 йил 27 декабрдаги 488-сон
қарорига
2-ИЛОВА
«Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг ташкилий
ТУЗИЛМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг
2001 йил 27 декабрдаги 488-сон
қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритиладиган
ўзгартиришлар ва қўшимчалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 7 майдаги 215-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 19-сон, 220-модда)
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Корея Республикаси Ҳукумати кредитидан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 1997 йил 2 октябрдаги қарори 2-бандининг бешинчи хатбошидаги «корхоналарининг» сўзи чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида» 1999 йил 5 февралдаги 52-сон қарорида:
1-банддан «ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хўжалик ҳисобидаги «UzNet» ахборот-компьютер хизматининг идоралараро ахборот-компьютер тармоғи» сўзлари чиқариб ташлансин;
2-банднинг иккинчи хатбошидан «унинг таркибига юридик шахс ҳуқуқи билан хўжалик ҳисобидаги «UzNet» ахборот-компьютер хизматини шўъба корхонаси сифатида киритган ҳолда» сўзлари чиқариб ташлансин;
2-банднинг учинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» 2000 йил 30 июндаги 253-сон қарорида:
ушбу қарорга 1 ва 3-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
ушбу қарорга 4-илованинг «Акциядорлик жамиятлари» деб номланган II бўлими «Ўзимпексалоқа» сўзи билан тўлдирилсин;
ушбу қарорга 4-илованинг «Қўшма корхоналар» деб номланган III бўлимидан «Бўзтон», «Рубикон», «Ўзмаком» сўзлари чиқариб ташлансин.