Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Йўллар ва йўл инфратузилмасининг яхши ҳолатда сақланишини таъминлаш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш бўйича амалдаги механизмларни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Республикадаги автомобиль йўлларини яхшилаш, ички кўчаларни асфальт билан қоплаш ва замонавий пиёдалар йўлакчаларини барпо этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб, бу мақсадлар учун биргина 2023 йилда 15 триллион 295 миллиард сўм, жумладан «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси бўйича 1 триллион 271 миллиард сўм ажратилган.
Шу билан бирга, йўлларнинг яхши ҳолатда сақланишини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича самарали механизмлар йўлга қўйилмаганлиги жойларда асфальт қопламаси ва тротуарларни назоратсиз бузиш ҳамда аввалги кўринишини тикламасдан ташлаб кетиш ҳолатлари кўпайишига шароит яратмоқда.
Умумий мулк ҳисобланган йўллар ва йўл инфратузилмасини асраб-авайлаш, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларига замонавий қиёфа бахш этиш, шунингдек, бу борада фуқаролар ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасида маҳаллалар, кўча ва йўллар, қишлоқ, туман ва шаҳарларни озода ҳолатда сақлаш, улардаги мавжуд инфратузилмани асраб-авайлаш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишларига давлат органлари ва ташкилотлари билан бир қаторда ҳар бир фуқаро ва ташкилот бирдек масъул эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилсин.
2. Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг амалдаги қонунчиликни белгиланган тартибда такомиллаштириш орқали 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги тартибни жорий этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин:
жисмоний шахслар ва мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай юридик шахс томонидан йўллар, тротуарлар ва бошқа йўл инфратузилмаси объектларида (кейинги ўринларда — йўл объекти) қурилиш ишларини олиб бориш, йўл объектини ҳар қандай кўринишда таъмирлаш, бузиш, қазиш, ўзгартириш ёки реконструкция қилиш (кейинги ўринларда — қурилиш ва таъмирлаш ишлари) фақатгина тегишли рухсатнома олингандан сўнг амалга оширилади;
рухсатномани расмийлаштириш ва бериш бўйича давлат хизматлари давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 5 кун муддатда кўрсатилади;
рухсатнома йўл объектини балансида сақловчи вилоят ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари ёхуд бошқа ташкилотлар томонидан, коммуникация тармоқларидаги авария билан боғлиқ ёки бошқа кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда эса туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан берилади;
рухсатномада йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳуқуқи берилган шахс, қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширишнинг мақсади ва муддати, рухсатноманинг ҳақиқийлигини текшириш имконини берувчи QR-код, шунингдек, ушбу муддат ичида йўл объектининг аввалги ҳолатини тикламаслик тегишли маъмурий ва фуқаровий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш кўрсатилади;
йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш вақтида рухсатнома ҳамма учун кўринадиган жойга илиб қўйилиши ёки ҳар қандай шахснинг биринчи талабига кўра тақдим этилиши шарт ҳисобланади;
қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган жойда хавфсизлик чораларини кўриш масъулияти рухсатнома берилган шахс зиммасига юклатилади;
рухсатнома олмасдан туриб йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, қурилиш ва таъмирлаш ишлари майдонида белгиланган тартибда рухсатномани илиб қўймаслик ёки тақдим этмаслик, қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган жойда хавфсизлик чораларини кўрмаслик, шунингдек, қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг йўл объектининг аввалги ҳолатини тиклаш бўйича мажбуриятни бажармаслик қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
3. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
а) йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширишга рухсатнома бериш тартибини тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин;
б) қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин:
рухсатнома олмасдан туриб йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, қурилиш майдонида белгиланган тартибда рухсатномани илиб қўймаслик ёки тақдим этмаслик, қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган жойда хавфсизлик чораларини кўрмаслик, шунингдек, қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг йўл объектининг аввалги ҳолатини тиклаш бўйича мажбуриятни бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни;
Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунига тегишли ўзгартиришлар киритишни.
4. Адлия вазирлиги мазкур қарорда назарда тутилган қоидалар қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этилганидан сўнг, йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун рухсатнома «Лицензия» ахборот тизимида берилиши билан боғлиқ тегишли чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин.
5. Белгилансинки:
йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилганидан сўнг унинг аввалги кўринишини тикламаслик ҳолати юзасидан рухсатнома берган ташкилот ёки ҳудудий профилактика инспектори рухсатномада назарда тутилган қурилиш ишларини амалга ошириш муддати тугаган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ва етказилган моддий зарарни ундириш бўйича зарур чораларни кўриши шарт;
йўл объектига етказилган моддий зарар миқдори йўл объектини балансида сақловчи маҳаллий ҳокимликлар ёхуд бошқа ташкилотлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади;
рухсатнома олмасдан туриб йўл объектида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширганлик ёки йўл объектининг аввалги ҳолатини тиклаш бўйича мажбуриятни бажармаслик ҳолати бўйича тегишли далилларни тақдим қилган ҳолда ҳуқуқбузарлик аниқланишига фаол ёрдам берган шахсларга ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот пули берилади.
6. Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси ва Шаҳарсозлик кодекси, шунингдек, амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бино ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки фойдаланувчилари ўзларига бириктирилган ер участкаси ва унга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишлари учун масъул эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. Ҳудудлар қиёфасини яхшилаш мақсадида эксперимент тариқасида 2024 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилаб берадиган муайян ҳудудда қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар амалга оширилсин:
фуқаролар ва юридик шахсларнинг уларга тегишли бино ва иншоотга туташ ҳудудларни ободонлаштириш борасидаги масъулияти оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали ҳар бир маҳаллада маҳалла раислари томонидан тушунтирилишини ташкил қилиш;
кўп қаватли уйлар ҳовлиси ва атрофи, йўл ҳамда кўча четларининг ободонлаштирилган намунавий кўринишини тасдиқлаш;
йўл ва кўча четларидаги бўш ерларни кўкаламзорлаштириш бўйича дастур тасдиқлаш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирлар ўз вақтида ва самарали ташкил этилишини таъминласин.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2025 йил 1 ноябрга қадар жойларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш юзасидан асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
8. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ободонлаштириш қоидаларининг амалиётда самарали ишлашини таъминлашга қаратилган, хусусан фуқаролар ва юридик шахслар томонидан ободонлаштириш борасидаги мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун жавобгарликни аниқ белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) ҳокимлари бошчилигида ҳудудий ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида ишчи гуруҳлар тузилиб, улар зиммасига йўллар ва кўчаларга ўзбошимчалик билан тўсиқ ўрнатиш ҳолатларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси юклансин.
Вазирлар Маҳкамаси 2024 йил 1 сентябрга қадар мазкур бандда назарда тутилган вазифалар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига батафсил ахборот киритсин.
10. Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 1 июль,
ПҚ-241-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.07.2024 й., 07/24/241/0461-сон)