ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА ВА МАРКАЗИЙ БАНК ҲИСОБ-КИТОБ КАССА МАРКАЗЛАРИДА ЭЛЕКТРОН ИМЗО ВА ШИФРАЦИЯ КАЛИТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
низом
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 16 декабрда 991-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2006 йил 17 январдаги 1/10-сонли «Ўзбекистон Республикаси банк тизимида электрон рақамли имзо ва шифрлаш калитларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 1553, 13.03.2006 й.) мувофиқ ўз кучини йўқотган.
1. Умумий қоидалар
1.1. Ушбу Низом «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунлар асосида ишлаб чиқилди.
1.2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Марказий банки глобал тармоғи орқали ёпиқ турдаги ахборотларнинг узатилиши ва қабул қилинишида электрон маълумотларни муҳофаза қилиш, электрон имзо, шифрация калитларидан фойдаланиши ва уларнинг сақланишини тўғри ташкил этиш тартибини белгилайди.
1.3. Барча глобал тармоқ иштирокчилари (банклари) учун мазкур тартибга риоя қилиниши мажбурийдир.
2. Асосий тушунчалар
2.1. Мазкур Низомни баён этишда қуйидаги қисқартма ва тушунчалардан фойдаланилди:
Электрон имзо — криптографик методлар ёрдамида электрон ҳужжатларнинг муаллифлик ва асллигини ишончли аниқлаш учун ишлатувчи белгилар кетма-кетлиги.
Электрон идентификатор — электрон имзони ўз ичига олган жисмоний қурилма.
Шифрлаш — ахборотни махсус алгоритм ёрдамида ўзгартириш.
Шифрация калити — ахборотларни шифрлаш ва шифрадан ечиш учун ишлатиладиган белгилар кетма-кетлиги.
Ёпиқ турдаги электрон ахборотлар — Марказий банк томонидан электрон тўлов тизимида узатилаётганда шифрланиши ва электрон имзо билан муҳофазаланиши зарур деб топилган электрон ахборотлар.
Бош муҳосиб электрон имзоси — банкларда электрон тўлов ҳужжатларини тасдиқлаш учун қўлланиладиган электрон имзо.
Захира электрон имзо — Бош муҳосиб электрон имзоси ишдан чиққанда вақтинча қўлланиладиган электрон имзо.
3. Электрон имзо ва шифрация калитларининг қўлланилиши
3.1. Электрон имзо ва шифрация калитлари ёпиқ турдаги электрон ахборотларнинг аслига тўғрилигини таъминлаш ва ташқи муҳит таъсиридан муҳофазалаш мақсадида қўлланилади. Бош муҳосиб электрон имзоси электрон идентификатор ёки бошқа турдаги махсус қурилма бўлиши керак. Марказий банк электрон тўлов тизими орқали узатилаётган ёпиқ турдаги электрон ахборот махсус техник-дастурий муҳофазалаш қурилмаси ёрдамида электрон имзо ва шифрация калитлари қўлланилган ҳолда муҳофазаланади.
4. Электрон имзо ва шифрация калитларини вужудга келтириш ва тарқатиш
4.1. Электрон имзо шифрация калитлари Марказий банк Ҳудудий Бош бошқармаларнинг ваколатига эга бўлган бўлими томонидан махсус дастурлар ёрдамида вужудга келтирилади.
4.2. Марказий банк Ҳудудий Бош бошқармаларнинг ваколатига эга бўлган бўлими электрон имзо ва шифрация калитлари тарқатилиши ҳақида раҳбарларига олдиндан хат берадилар. Ушбу хатда электрон имзо ва шифрация калитларини тарқатиш ва ишга тушириш муддатлари кўрсатилган бўлиши лозим.
5. Шифрация ва электрон имзо калитларини созлаш
5.1. Шифрловчи ва электрон имзо билан тасдиқловчи дастурий мажмуа ёпиқ турдаги ахборотни қайта ишловчи ёки ахборотни электрон тўлов тизими орқали узатувчи ва қабул қилувчи дастур таркибида ишлашини банкларда дастур ишлаб чиқарувчилар томонидан таъминланади. Белгиланган даврда электрон имзо ва шифрация калитлари ўзгартирилганда созлаш ишларини амалга ошириш банк ходимлари (дастурчи, оператор) томонидан қўлланилаётган тегишли дастурнинг йўриқномаси бўйича амалга оширилади.
6. Электрон имзо ва шифрация калитларидан фойдаланиш
6.1. Марказий банк электрон тўлов тизими орқали амалга ошириладиган ёпиқ турдаги электрон ахборотлар электрон имзо билан тасдиқланган ва шифрланган бўлиши шарт.
6.2. Электрон имзо билан тасдиқланмаган ёпиқ турдаги электрон ахборотлар ишлаш учун қабул қилинмайди.
6.3. Электрон тўлов тизими иштирокичиси ўзидан жўнатилган ёпиқ турдаги электрон ахборотнинг электрон имзосиз ёки электрон имзоси мос келмаганлиги тўғрисида маълумот олганда, зудлик билан муаммони ҳал этиши ва ёпиқ турдаги электрон ахборотни қайтадан жўнатиши лозим.
6.4. Бош муҳосиб электрон имзоси ва захира электрон имзо сейфда сақланиши шарт.
6.5. Электрон архивлар учун жавобгар ходим муддати тугаган ёки кучини йўқотган шифрлаш калитларини ташқи сақловчи қурилмага кўчириб, архивлаштириш шарт.
6.6. Бош муҳосиблар Марказий банкдан олган янги электрон имзонинг кучга киргунига қадар аввалги электрон имзодан фойдаланадилар.
6.7. Ёпиқ турдаги электрон ахборотни тегишли электрон имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаганда ( масалан: электрон имзо бузилганда) банкнинг бош муҳосиби томонидан Марказий банк Ҳудудий Бош бошқармаларнинг ваколатига эга бўлган бўлимига аввал телефон орқали, сўнгра ёзма равишда маълумот беради. Ушбу маълумотда электрон имзонинг бузилиши сабаблари аниқ кўрсатилади ва «захира дискетаси» ёки «захира электрон идентификатор» дан фойдаланишга рухсат сўралади.
6.8. Захира электрон имзодан уч кундан узоқ муддатда фойдаланиш тақиқланади.
6.9. Банк электрон имзони (электрон имзо калити бузилганда, йўқотилганда ва бошқа, шу каби ҳолатларда) белгиланган даврдан ташқари янгилаши учун Марказий банк Ҳудудий Бош бошқармаларнинг Ахборотни муҳофаза қилиш шўъбасига тушунтириш хати билан ёзма мурожаат қилади.
6.10. Электрон имзодан мазкур низом асосида фойдаланиш ва унинг сақланиши учун глобал тармоқ иштирокчиси раҳбарияти жавобгардирлар.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ

(Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 24-сон)