ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСУЛЛИК УСТАВИ
БИРИНЧИ БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСУЛЛИК МУАССАСАЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
I боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда.
Ушбу Уставда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
«консуллик муассасаси» — Ўзбекистон Республикаси дипломатия ваколатхонасининг консуллик бўлими, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатда таъсис этиладиган бош консулхонаси, консулхонаси, вице-консулхонаси ва консуллик агентлиги;
«консул» — консуллик муассасасининг раҳбари бўлмиш бош консул, консул, вице-консул ва консуллик агенти;
«консуллик мансабдор шахси» — консуллик вазифаларини бажариш иши топширилган ҳар қандай шахс, шу жумладан консуллик муассасасининг раҳбари, шунингдек дипломатия ваколатхонаси консуллик бўлимининг мудири;
«консуллик муассасасининг ходими» — консуллик муассасасига хизмат кўрсатиш юзасидан консуллик муассасасида маъмурий ёки техникавий вазифаларни бажариш билан шуғулланаётган ҳар қандай шахс;
«консуллик округи» — консуллик вазифаларини бажариш учун консуллик муассасаси ихтиёрига берилган ҳудуд;
«консуллик бинолари» — консуллик муассасаси эҳтиёжлари учун фойдаланилаётган бинолар ёки уларнинг бир қисми, шунингдек уларга қарашли ер майдонлари;
«кема» — Ўзбекистон Республикаси байроғи остида сузиб юрган ҳар қандай кема, ҳарбий кема бундан мустасно;
«ҳаво кемаси» — Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ҳар қандай ҳаво кемаси, ҳарбий самолёт бундан мустасно.
2-модда.
Ўзбекистон Республикаси қайси давлатлар билан консуллик муносабатлари ўрнатилган бўлса, шу давлатларда консуллик муассасаларини таъсис этади.
Консуллик муносабатларини ўрнатиш ҳақида битим бўлмаган тақдирда дипломатия муносабатларининг ўрнатилиши консуллик муносабатларининг ҳам ўрнатилиши деб ҳисобланади. Бироқ дипломатия муносабатларининг узилиши ўз-ўзидан консуллик муносабатларининг ҳам узилишини ва Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасининг фаолияти тугатилишини англатмайди.
3-модда.
Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари чет элларда Ўзбекистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.
Консуллик муассасалари консуллик жойлашган давлатлар билан Ўзбекистон Республикасининг дўстона муносабатлари ривожланишига ҳамда улар билан иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларнинг кенгайишига кўмаклашади.
4-модда.
Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси ҳамда консуллик жойлашган давлат иштирокчи бўлган икки томонлама ва кўп томонлама шартномаларга, халқаро таомилларга, ушбу Уставга, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига амал қилади.
5-модда.
Консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунади ва консулхона жойлашган давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатия ваколатхонаси бошлиғининг умумий раҳбарлигида иш кўради.
6-модда.
Ўзбекистон Республикаси дипломатия ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари консуллик бўлимларининг мудирлари томонидан бошқарилади. Бош консулхоналар, консулхоналар, вице-консулхоналар ва консуллик агентликлари тегишинча бош консуллар, консуллар, вице-консуллар ва консуллик агентлари томонидан бошқарилади.
7-модда.
Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхоналари бўлмаган давлатларда консулхона жойлашган давлатнинг розилиги билан консул зиммасига дипломатлик вазифалари ҳам юклатилиши мумкин.
8-модда.
Консуллик муассасасининг манзили, унинг даражаси ва консуллик округи консулхона жойлашган давлат билан келишилган ҳолда белгиланади.
9-модда.
Консуллик муассасаси Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ҳамда консуллик муассасасининг номи Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.
10-модда.
Консуллик муассасаси ўзи эгаллаб турган бинога Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби туширилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ва консулхона жойлашган давлат тилида консуллик муассасасининг номи ёзилган пешлавҳа ўрнатиш ҳуқуқига эгадир.
11-модда.
Консуллик муассасаси ўзи жойлашган бино устида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини кўтаришга ҳақлидир.
Консул ўз қароргоҳида, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ўз транспорт воситаларида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини кўтаришга ҳақлидир.
Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида консулхона жойлашган давлатнинг қонунлари, қоидалари ва таомиллари эътиборга олинмоғи лозим.
12-модда.
Консуллик муассасаларининг мансабдор шахслари ва ходимлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида давлат хизматида бўладилар.
13-модда.
Фақат Ўзбекистон Республикасининг фуқаросигина консуллик мансабдор шахси бўлиши мумкин.
14-модда.
Консул лавозимга тайинланаётганида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан унинг консуллик округи белгилаб берилган консуллик патентини олади.
15-модда.
Консул консулхона жойлашган давлатнинг розилигини (экзекватурасини) олганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади. Унинг бу вазифага тайинланганлиги тўғрисида консулхона жойлашган давлат маъмурлари хабардор қилинади.
16-модда.
Агар консул бирон сабабга кўра ўз вазифаларини бажара олмайдиган бўлса ёки унинг лавозими вақтинча бўш бўлса, консул вазифаларини бажариш ушбу консуллик муассасасининг ёки Ўзбекистон Республикасининг консулхона жойлашган давлатдаги бошқа консуллик муассасасининг бошқа мансабдор шахси зиммасига ёхуд шу давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатия ваколатхонасининг дипломатия ходимларидан бири зиммасига юклатилади.
17-модда.
Консул ушбу Уставда ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳамда консулхона жойлашган давлат имзолаган халқаро шартномаларда назарда тутилган вазифаларни бажаради.
Консул ушбу Уставда назарда тутилмаган бошқа вазифаларни, агар улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва консулхона жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, бажариши мумкин.
18-модда.
Консул ўз зиммасига юклатилган вазифаларни шахсан ўзи бажаради ёки уларни бажаришни бошқа консуллик мансабдор шахсига топширади.
19-модда.
Консул бошқа давлатнинг консуллик вазифаларини фақат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмасига биноан ва консулхона жойлашган давлат розилиги билан бажариши мумкин.
20-модда.
Консул ўзининг консуллик округи доирасида консуллик муассасасининг фаолияти билан боғлиқ барча масалалар юзасидан консулхона жойлашган давлат маъмурларига мурожаат этиши мумкин.
21-модда.
Консул ҳар йили камида бир марта ўз консуллик округини айланиб чиқиши шарт.
22-модда.
Консуллик мансабдор шахслари ҳамда консуллик муассасалари ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан қилинган шикоятлар бўйсуниш тартибида кўриб чиқилади.
ИККИНЧИ БЎЛИМ. КОНСУЛЛИК ВАЗИФАЛАРИ ВА УЛАРНИ БАЖАРИШ ТАРТИБИ
II боб. КОНСУЛНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЮРИДИК ШАХСЛАРИ ВА ФУҚАРОЛАРИГА ТААЛЛУҚЛИ ВАЗИФАЛАРИ
23-модда.
Консул Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва фуқаролари консулхона жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига кўра ва Ўзбекистон Республикаси ҳамда консулхона жойлашган давлат иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга, шунингдек халқаро таомилларга кўра уларга берилган барча ҳуқуқлардан фойдалана олишлари учун чора-тадбирлар кўриши шарт.
Консул ёзма аризаларни ҳам, оғзаки аризаларни ҳам қабул қилиши шарт.
24-модда.
Консул Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқароларининг бузилган ҳуқуқлари тикланиши учун чора-тадбирлар кўриши шарт.
25-модда.
Консул унинг консуллик округида доимий яшаётган ҳамда вақтинча турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритади.
26-модда.
Консул Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг консуллик округи доирасида турган вакилларига ўз хизмат вазифаларини бажаришларида кўмаклашади.
27-модда.
Консул унинг консуллик округида вақтинча турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини консулхона жойлашган давлатнинг қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатларидан, шунингдек маҳаллий урф-одатлардан хабардор қилади.
Консулнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда бўлишларига доир масалалар бўйича фармойишлари улар учун мажбурий кучга эгадир.
28-модда.
Консул унинг консуллик округида турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари учун маданий-маърифий тадбирлар ўтказилишига кўмаклашади.
29-модда.
Агар Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва фуқаролари ҳозир бўлмасалар ва иш юритишни бирор-бир шахсга топширмаган бўлсалар ёки бошқа сабабларга кўра ўз манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлмасалар, консулхона жойлашган давлат муассасаларида консул уларнинг номидан ишончномасиз вакиллик қилиш ҳуқуқига эгадир. Ушбу вакиллик улар ўз вакилларини тайинлагунга қадар ёки ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммаларига олгунга қадар давом этади.
III боб. КОНСУЛНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИНИ ҲАРБИЙ ҲИСОБГА ОЛИШГА ДОИР ВАЗИФАЛАРИ
30-модда.
Консул Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ консулхона жойлашган давлатда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий ҳисобини юритади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 мартдаги 119-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий рўйхатга олиш тўғрисида»ги низом.
31-модда.
Консул муддатли ҳарбий (муқобил) хизматга чақириладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикасидаги тегишли мудофаа ишлари бўлимларига боришларини таъминлайди.
IV боб. КОНСУЛНИНГ ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ, ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИККА ДОИР ВАЗИФАЛАРИ
32-модда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Консул чет элда доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бошқа давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган болани фарзандликка олиш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги аризаларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига белгиланган тартибда юбориш чора-тадбирларини кўради.
(32-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-411-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 39-сон, 457-модда)
33-модда.
Ота-онасининг ҳомийлигидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқаролари устидан консул ўз консуллик округида васийлик ва ҳомийлик ўрнатилиши чора-тадбирларини кўради.
34-модда.
Консул саломатлигининг ёмонлиги туфайли ўз ҳуқуқларини мустақил амалга оширишга ҳамда ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг вояга етган фуқаролари устидан ўз консуллик округида васийлик ва ҳомийлик ўрнатилиши чора-тадбирларини кўради.
V боб. КОНСУЛНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИНИНГ МОЛ-МУЛКИГА ДОИР ВАЗИФАЛАРИ
35-модда.
Консул Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг вафотидан сўнг ундан қолган мол-мулк қўриқланиши чора-тадбирларини кўради.
Агар қолган мол-мулкнинг ҳаммаси ёки унинг бир қисми бузиладиган нарсалардан иборат бўлса, шунингдек уларни сақлаш ўта қимматга тушадиган бўлса, консул бу мол-мулкни сотиш ҳуқуқига эга ва тушган пулни тегишлилигига қараб жўнатиши шарт.
36-модда.
Консул мерос қилиб қолдирилган мол-мулкни Ўзбекистон Республикасида бўлган меросхўрларга топшириш учун қабул қилиб олиш ҳуқуқига эгадир.
37-модда.
Консул Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли пуллар, бойликлар, қимматли қоғозлар ва ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олиши мумкин.
Сақлаш учун топширилган мол-мулк эгаси бўлган шахс вафот этган тақдирда бундай мол-мулкка нисбатан ушбу Уставнинг 35-моддаси қоидалари қўлланади.
VI боб. КОНСУЛНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТЕРГОВ ОРГАНЛАРИ ВА СУДЛАРИНИНГ ТОПШИРИҚЛАРИНИ БАЖАРИШГА, ШУНИНГДЕК ҲИБСГА ОЛИНГАН, УШЛАБ ТУРИЛГАН ЁКИ БОШҚАЧА ТАРЗДА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛГАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИГА ТААЛЛУҚЛИ ВАЗИФАЛАРИ
38-модда.
Консул, агар консулхона жойлашган давлат қонунларида ман этилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси тергов органлари ва судларининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тааллуқли топшириқларини бажаради. Мазкур топшириқлар халқаро шартномаларга риоя этган ҳолда бажарилади.
39-модда.
Консул жиноят содир этишда гумон қилиниб ҳибсга олинган (қамалган) ёки ушлаб турилган ёхуд Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг эркинлигини чекловчи бошқа чораларга тортилган ёки озодликдан маҳрум этиш тарзида жазони ўтаётган, шунингдек судлов ёки маъмурий таъсир чораларининг бошқа турларига тортилган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан консулхона жойлашган давлат қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва консулхона жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномалар қоидалари татбиқ этилишини кузатиб бориши шарт.
40-модда.
Консул озодликдан маҳрум этиш жойларидаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини манфаатдор шахсларнинг илтимосига биноан ҳамда ўз ташаббуси билан бориб кўриши ҳамда уларни сақлаб туриш шарт-шароитларини аниқлаши шарт. Консул бундай фуқаролар гигиена ва санитария талабларига жавоб берадиган шароитларда сақланишини ҳамда уларга нисбатан шафқатсиз ва инсон қадр-қимматини таҳқирловчи муомала қилинмаслигини кузатиб туриши шарт.
VII боб. КОНСУЛНИНГ ФУҚАРОЛИК, ПАСПОРТ, ВИЗА МАСАЛАЛАРИГА ҲАМДА ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ ДАЛОЛАТНОМАЛАРИНИ ЁЗИШ МАСАЛАЛАРИГА ДОИР ВАЗИФАЛАРИ
41-модда.
Консул унинг консуллик округида истиқомат қилиб турган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига доир аризаларини қабул қилиши шарт.
42-модда.
Консул чет элда доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини бериш ҳамда уни алмаштириб бериш ҳуқуқига эга.
43-модда.
Консул Ўзбекистон Республикасига кириш, Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтиш учун визалар бериш, уларнинг муддатини узайтириш, уларни бекор қилиш, шунингдек берилган визаларга ўзгартишлар киритиш ҳуқуқига эга.
44-модда.
Консул Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзади.
Консул чет элда доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фуқаролик ҳолатини қайд этиш ёзувларига ўзгартишлар, тузатишлар, қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, йўқотиб қўйилган ёзувларни қайта тиклаш, шунингдек фамилияси, исми ва отасининг исмини ўзгартириш ҳақидаги илтимосномаларини қабул қилиб олади ҳамда уларни қараб чиқиш учун ваколатли органларга юборади.
45-модда.
Консул Ўзбекистон Республикасининг ҳаво, денгиз, дарё кемасида бирон шахснинг туғилганлиги ёки вафот этганлиги тўғрисида маълумот олгач, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ туғилганлик ёки вафот этганлик тўғрисидаги ҳолатни рўйхатга олади.
46-модда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Консул томонидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари».
(46-модда Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги 729-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 1-сон 20-модда)
VIII боб. КОНСУЛНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲАВО КЕМАЛАРИГА, ДЕНГИЗ ВА ДАРЁ ФЛОТИ КЕМАЛАРИГА ДОИР ВАЗИФАЛАРИ
47-модда.
Консул ўз консуллик округи доирасида консулхона жойлашган давлатнинг аэропортларида Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемасининг командири, экипажи ва йўловчиларига консулхона жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва консулхона жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ ҳуқуқлар ва иммунитетлар берилишини кузатиб боради.
48-модда.
Консул Ўзбекистон Республикасининг фуқаро ҳаво кемаси командири, экипажи ва йўловчиларининг консулхона жойлашган давлат маъмурлари билан муносабатларида ёрдам бериши, шунингдек, зарур ҳолларда, ҳаво кемаси, унинг экипажи ва йўловчилари Ўзбекистон Республикасига қайтиши ёки парвозни давом эттириши учун чора-тадбирлар кўриши керак.
49-модда.
Консул қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) ҳаво кемасининг аэропортга учиб келиши, ундан учиб кетиши ва аэропортда туришига кўмаклашиш;
б) ҳаво кемасида юз берган ҳодисаларнинг тафсилотларини аниқлаш, ҳаво кемасининг командири, экипаж аъзолари ва йўловчиларидан сўраб-суриштириш;
в) ҳаво кемаси, ундаги юк ва рейс хусусида маълумотлар олиш;
г) зарур ҳолларда ҳаво кемаси экипажи аъзолари ва йўловчиларнинг даволаниши ҳамда Ўзбекистон Республикасига жўнатилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;
д) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, почта ва юкларни Ўзбекистон Республикасининг аэропортларига борадиган Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемаларида жўнатиб юбориш;
е) ҳаво кемаларига тааллуқли, Ўзбекистон Республикаси иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда ёки Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган декларация ёки бошқа ҳужжатни олиш, тузиш ёки тасдиқлаш.
50-модда.
Ҳаво кемаси ҳалокатга учраган, қўнишга мажбур бўлган ёки бошқа ҳодиса содир бўлган тақдирда консул ўзининг консуллик округи доирасида экипаж ва йўловчиларга зарур ёрдам кўрсатади.
51-модда.
Консул ҳалокатга учраган ёки қўнишга мажбур бўлган ҳаво кемасини, ҳодиса хусусиятидан шоҳидлик берувчи ундаги юкларни ва ашёвий далилларни қўриқлаш чораларини кўради ҳамда учиш вақтида юз берган ҳодисанинг сабабларини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси мутахассисларига кўмаклашади.
52-модда.
Ҳаво кемасининг бортида жиноят содир этилган тақдирда консул Ўзбекистон Республикаси иштирокчи бўлган халқаро шартномалардан ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришда ҳаво кемасининг командирига кўмаклашади.
53-модда.
Агар консуллик мансабдор шахсида мавжуд бўлган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳаво кемасининг муайян аэропортга кириши бехатар бўлмаса, номақбул бўлса ёки мумкин бўлмаса, консуллик мансабдор шахси ҳаво кемаси капитанини бундан огоҳлантириши шарт.
54-модда.
Денгиз ва дарё флоти кемаларига тааллуқли консуллик вазифаларини бажариш чоғида консул ушбу Уставнинг 4753-моддалари қоидаларига амал қилади.
55-модда.
Чет элда кема сотиб олинган тақдирда консул унга Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юриш ҳуқуқини берадиган муваққат гувоҳнома беради.
IX боб. КОНСУЛНИНГ САНИТАРИЯ, ФИТОСАНИТАРИЯ ВА ВЕТЕРИНАРИЯ МУҲОФАЗАСИГА ДОИР ВАЗИФАЛАРИ
56-модда.
Консулхона жойлашган давлатнинг ҳудудида карантинли касалликлар пайдо бўлган тақдирда консул бу хусусда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига дарҳол хабар беради ва касаллик тарқалган жой, касалланиш ҳолларининг миқдори ва маҳаллий маъмурларнинг эпидемияга қарши кўрган чора-тадбирларини маълум қилади. Консул бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатдор вазирликлари ва идоралари вакилларини ҳам хабардор қилади.
Консул Ўзбекистон Республикасига кириш учун рухсатнома олган фуқароларни Ўзбекистон Республикасига киришда эмланганлик тўғрисидаги халқаро сертификатларни топшириш зарурлигидан хабардор қилади.
57-модда.
Консуллик округи доирасида қишлоқ хўжалик ўсимликларининг хавфли касалликлари ёки зараркунандалари пайдо бўлган тақдирда, шунингдек чорва ва парранда ёппасига касалланган ёки инсон ва ҳайвонот учун умумий касалликларнинг тарқалиши хавфи таҳдид солган ҳолларда, консул бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига дарҳол хабар беради.
58-модда.
Консул Ўзбекистон Республикасига кириш учун рухсатнома олган фуқароларни Ўзбекистон Республикасига киришда ҳайвонлар, чорва маҳсулотлари учун бериладиган ветеринария сертификатларини тақдим этиш зарурлигидан ҳамда Ўзбекистон Республикасига уруғлар, ўсимликлар, кўчатлар, янги мева ва сабзавотлар олиб кириш қоидаларидан хабардор қилади.
УЧИНЧИ БЎЛИМ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАР, КОНСУЛНИНГ ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚОНУНЛАШТИРИШИ, КОНСУЛЛИК ЙИҒИМЛАРИ
X боб. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАР
59-модда.
Нотариал ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасида бажарилади. Айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур муассасадан бошқа жойда бажарилиши мумкин.
60-модда.
Консул қуйидаги нотариал ҳаракатларни бажаради:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1) битимларни (шартномалар, васиятномалар, ишончномалар ва ҳоказоларни) тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикасидаги уй-жойни (жойнинг бир қисмини), квартира, дала ҳовли, боғ ҳовли, гаражни, шунингдек бошқа бино, иншоотни ёки иморатни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномалар бундан мустасно;
(60-модда биринчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-255-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 37-сон, 313-модда)
2) мерос қилиб қолдирилган мулкни қўриқлаш чора-тадбирларини кўради;
3) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;
4) эр-хотиннинг умумий мулкидаги улушга эгалик ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради;
5) ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;
6) ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;
7) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;
8) шахс тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;
9) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;
10) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;
11) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;
12) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилади;
13) ижро хатларини ёзади;
14) сақлаш учун ҳужжатларни қабул қилади;
15) қонунда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни бажаради.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонунининг 28-моддасига.
Консул томонидан нотариал ҳаракатларни бажариш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан, шунингдек ушбу Устав билан белгиланади. Консул томонидан нотариал ҳаракатларни бажариш тартиби тўғрисидаги йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
61-модда.
Нотариал ҳаракатларни бажараётган консул ушбу нотариал ҳаракатлар сирини сақлаши шарт.
Бажарилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар ва ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг нотариат тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 36-моддаси.
62-модда.
Нотариал ҳаракатлар бунинг учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган, консуллик йиғимлари тўланган ва амалдаги харажатлар қопланган куни бажарилади.
Нотариал ҳаракатларни бажариш қўшимча маълумотлар ёки ҳужжатлар талаб қилинганда ёхуд ҳужжатларни экспертизага жўнатиш зарурати бўлганда, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра кечиктирилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси.
63-модда.
Нотариал тартибда тасдиқланадиган битимлар, шунингдек ариза ва бошқа ҳужжатлар нотариал ҳаракатларни бажараётган консул ҳузурида имзоланади. Агар битим, ариза ёки бошқа ҳужжат консул йўқлигида имзоланган бўлса, имзо чеккан шахс ҳужжатни ўзи имзолаганлигини шахсан тасдиқлаши лозим.
64-модда.
Консул нотариал ҳаракатларни бажараётган вақтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, бажарилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари тўғрисида огоҳлантириши шарт.
65-модда.
Консул ўз номига ва ўз номидан, хотини (эри) номига ва унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг яқин қариндошлари номига ва уларнинг номидан нотариал ҳаракатларни бажариши мумкин эмас.
66-модда.
Консуллик муассасасида нотариал иш юритишлар Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида давлат тили бўлиб ўзбек тили ҳисобланади.
Агар нотариал ҳаракатни бажариш илтимоси билан мурожаат қилган шахс иш юритилаётган тилни билмаса, нотариал ҳаракатни бажараётган консул ёки консул танийдиган таржимон расмийлаштирилаётган ҳужжатларнинг матнларини унга таржима қилиб бериши лозим.
67-модда.
Агар Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фойдасига мерос очилганлиги консулга маълум бўлиб қолса, консул мерос ва эҳтимол тутилган меросхўрлар тўғрисида ўзи билган барча маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига дарҳол хабар қилиши шарт.
68-модда.
Агар нотариал ҳаракатни бажариш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлса, консул бундай ҳаракатларни бажаришни рад этади.
Агар ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаса ёки ўз мазмунига кўра Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлса ёхуд фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларга эга бўлса, консул бундай ҳужжатларни нотариал ҳаракатларни бажариш учун қабул қилмайди.
Нотариал ҳаракатни бажариш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан унга рад этишнинг сабаблари баён қилиниши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартиби тушунтириб берилиши лозим.
XI боб. КОНСУЛНИНГ ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚОНУНЛАШТИРИШИ
69-модда.
Консул ўз консуллик округидаги маҳаллий маъмурларнинг вакиллари иштирокида тузилган ёки ана шу маъмурлардан келган ҳужжатлар ва актларни қонунлаштиради.
Ўзбекистон Республикасининг органлари ана шундай ҳужжатлар ва актларни, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ва консулхона жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, консул томонидан қонунлаштирилганидан кейингина қараб чиқиш учун қабул қилади.
Консул томонидан ҳужжатларни қонунлаштиришнинг моҳияти ана шу ҳужжатлар ва актлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини ва бу ҳужжатлар билан актларнинг консулхона жойлашган давлат қонунларига мувофиқлигини аниқлаш ҳамда шаҳодатлашдан иборатдир.
Консул томонидан ҳужжатларни қонунлаштириш тартибини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги белгилайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: «Консул томонидан ҳужжатларни қонунийлаштириш тўғрисида»ги Йўриқнома (рўйхат 313-сон 12.03.97й.).
70-модда.
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлган ёки ўз мазмунига кўра Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларга эга ҳужжатлар ва актлар қонунлаштирилмайди.
XII боб. КОНСУЛЛИК ЙИҒИМЛАРИ
71-модда.
Консуллик ҳаракатлари учун консуллик йиғимлари ундирилади.
Мазкур ҳаракатларни бажариш билан боғлиқ ҳолда қилинган харажатлар ҳам қопланиши лозим.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: «Консуллик ҳаракатларини бажариш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларни қоплаш учун йиғимлар ундириш ва келиб тушган пул маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат. 1273-сон, 18.09.2003 й.).
72-модда.
Консуллик йиғимлари Ўзбекистон Республикаси консуллик йиғимлари тарифига мувофиқ, яъни: чет элда — консуллик жойлашган давлатнинг валютасида ёки эркин айирбошланадиган валютада; Ўзбекистон Республикасида — миллий валютада ёки эркин айирбошланадиган валютада ундирилади.
Консуллик йиғимларининг тарифлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 19 августдаги 423-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси консуллик йиғимларининг тарифи».
73-модда.
Консуллик йиғимлари қуйидаги ҳолларда ундирилмайди:
а) консуллик йиғимларини ундиришдан воз кечиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ва консулхона жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартнома мавжуд бўлса;
б) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини репатриация қилиш ишлари бўйича;
в) чет эл дипломатия паспортларига баҳамлик асосида виза қўйганлик учун;
г) меҳнат стажи, фуқароларнинг ижтимоий таъминоти тўғрисидаги, алиментлар ундириш тўғрисидаги ишларга доир ҳужжатлар сўраб олинганлиги ва қонунлаштирилганлиги учун;
д) Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 19 августдаги 423-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси консуллик йиғимларининг тарифи».
74-модда.
Консуллик йиғимлари давлат даромадига ўтказилади.
XIII боб. ШТАТСИЗ КОНСУЛЛАР
75-модда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги консулхона жойлашган давлат билан келишиб туриб айрим консуллик вазифаларини бажаришни штатсиз консулларга топшириши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек ажнабий фуқаролар штатсиз консул бўлишлари мумкин.
76-модда.
Штатсиз консуллар Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматида турмайди.
Штатсиз консулларнинг вазифалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ. ИМТИЁЗЛАР ҲАМДА ИММУНИТЕТЛАР. КОНСУЛ ВАЗИФАСИНИНГ ТУГАТИЛИШИ
77-модда.
Консуллик муассасалари, консуллик муассасаларининг ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари 196З йилги Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена Конвенциясида, Ўзбекистон Республикаси билан консулхона жойлашган давлат ўртасидаги шартномаларда, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумий нормалирида назарда тутилган имтиёзлар ва иммунитетлардан фойдаланадилар.
78-модда.
Консулнинг вазифаси қуйидаги ҳолларда тугатилади:
— консул чақириб олинганда;
— экзекватура бекор қилинганда;
— консуллик патентининг муддати тугаганда;
— консуллик муассасаси ёпилганда;
— консуллик муносабатлари тўхтатилганда.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 9-сон, 124-модда; 1999 й., 1-сон, 20-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2010 й., 37-сон, 313-модда; 2016 й., 39-сон, 457-модда)