Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
КОРХОНАЛАР, БИНОЛАР ВА ИНШООТЛАР ҚУРИЛИШИ ЛОЙИҲАЛАРИ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ИДОРАДАН ТАШҚАРИ ЭКСПЕРТИЗА ОРГАНЛАРИНИНГ РОЛИ ВА МАСЪУЛИЯТИНИ КУЧАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Лойиҳалаш сифатини ошириш, инвестиция фаолиятида идоравий ёндашишни бартараф этиш, бу муҳим ишда давлат идорадан ташқари экспертизадан ўтказиш органларининг роли ва масъулиятини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши давлат қурилиш бошқармаси, вилоятлар ҳокимликлари (Тошкент шаҳридан ташқари) ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги давлат идорадан ташқари экспертиза органлари Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси давлат идорадан ташқари экспертиза бош бошқармасининг бевосита тасарруфига берилсин ва бундан буён бу органлар Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси давлат идорадан ташқари экспертиза бош бошқармасининг хўжалик ҳисобидаги давлат идорадан ташқари экспертиза органлари деб аталсин.
Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси 2 ой муддатда фаолиятнинг ушбу турига илгари берилган лицензияларни қайта кўриб чиқсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Қиймати 2 млн. сўмгача бўлган (1991 йилдаги базавий нархларда) объектлар қурилиши (реконструкция қилиниши) лойиҳалари «Давархитектқурилиш» қўмитаси давлат идорадан ташқари экспертиза бош бошқармасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси вилоятларидаги давлат идорадан ташқари экспертиза органлари, шунингдек Тошкент шаҳар идорадан ташқари экспертиза бошқармаси томонидан, қиймати 2 млн. сўмдан ортиқ бўлган, шу жумладан, қийматидан қатъи назар, хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси давлат идорадан ташқари экспертиза бош бошқармаси томонидан кўриб чиқилади;
Идоравий экспертиза органлари томонидан кўриб чиқилиши мумкин бўлган объектлар қурилиши қиймати Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси томонидан бериладиган лицензия билан белгиланади.
3. Маблағ билан таъминловчи банклар ижобий эксперт хулосасига эга бўлмаган лойиҳалар бўйича объектлар қурилишини маблағ билан таъминлашга йўл қўймасинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси давлат идорадан ташқари экспертиза бош бошқармаси эксперт органларига, уларнинг идоравий бўйсунишидан қатъи назар, услубий раҳбарликни таъминласин.
5. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1987 йил 10 сентябрдаги 373-сон қарори бандининг тўртинчи хат боши ва 5-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 31 декабрь,
472-сон