Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
2009 йил 20 ноябрда Ялта шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган МДҲ иштирокчи-давлатларининг ҳудудидан ўтувчи халқаро транспорт йўлакларини келишилган ҳолда ривожлантириш тўғрисидаги битим;
2016 йил 28 октябрда Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган МДҲ иштирокчи-давлатларининг ҳудудидан ўтувчи халқаро транспорт йўлакларини келишилган ҳолда ривожлантириш тўғрисидаги 2009 йил 20 ноябрдаги битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги баённома тасдиқлансин.
2. Транспорт вазирлиги мазкур халқаро шартномаларни амалга ошириш учун масъул ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартномаларнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уларни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган тўғрисида депозитарийга тегишли билдиришномани юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари мазкур халқаро шартномалар кучга киргандан кейин Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан ўрнатилган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 26 май,
ПҚ-5126-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.05.2021 й., 07/21/5126/0504-сон)