Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ СОЛИҚ БОШ БОШҚАРМАСИ ТАРКИБИДАГИ МАХСУС НАЗОРАТ БОШҚАРМАСИ ТЎҒРИСИДАГИ ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 августдаги 677-сонли «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси таркибидаги Махсус назорат бошқармаси тўғрисидаги илова қилинаётган Вақтинчалик низом тасдиқлансин.
Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосари И. ЖЎРАБЕКОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 28 декабрь,
595-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1992 йил 28 декабрдаги 595-сон
қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси таркибидаги Махсус назорат бошқармаси тўғрисида
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси таркибидаги Махсус назорат бошқармаси (кейинги ўринларда МНБ) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармасининг давлат солиқлари ва бошқа мажбуриятларнинг бюджетга тўлиқ тушиши бўйича фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қонунда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширади.
Мазкур Низом Бошқарма ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг вазифалари, функциялари, ваколатларини белгилайди.
Махсус назорат бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бош бошқармаси таркибида ташкил этилади.
Вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг давлат солиқ бошқармалари таркибида махсус назорат бўлимлари ташкил этилади.
2. Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Давлат солиқ бош бошқармалари ҳузурида ташкил этилган махсус назорат бўлинмалари ягона тизимни ташкил этади.
Уларнинг таркибига:
суриштирув бўлинмаси;
солиқ идоралари хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаси;
оператив-техник бўлинма;
таҳлил қилиш ва олдини олиш бўлинмаси киради.
Махсус назорат бошқармаси тизимига кирувчи бўлинмаларнинг бошлиқлари юқори органнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда ҳузурида ана шу бўлинмалар ташкил этиладиган солиқ бошқармалари раҳбарлари томонидан тайинланади.
3. Бошқарма ўз ваколати доирасида махсус назорат бўлинмалари фаолиятини йўналтиради, мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ бош бошқармасининг бошлиғи Бошқарма фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, тузилмани ва штатларни тасдиқлайди.
Бошқарма фаолиятига раҳбарлик қилишни Давлат солиқ бош бошқармасининг бошлиғи тайинлайдиган МНБ бошлиғи амалга оширади.
4. Махсус назорат бўлинмалари ҳуқуқий фаолиятининг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, ЎзССР Олий Кенгашининг 1991 йил 14 июндаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон ССР давлат солиқ идоралари тўғрисидаги Низом, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг меъёрий ҳужжатларни, шунингдек, мазкур Низом ташкил этади.
5. МНБ бўлинмалари, одатда, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчиларидан, шу жумладан, захирага бўшатилган ҳарбий хизматчилардан, ИИВ, МХХ, прокуратура, адлия органлари ходимларидан, шунингдек, халқ хўжалиги мутахассисларидан бутланади.
6. Бошқарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро хамкорликда амалга оширади.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 20 октябрдаги 483-сон қарорига мувофиқ МНБ бўлинмалари ходимларига, шу жумладан, ишга ИИБ, МХС органларидан ва бошқа органлардан ўтган ва уларда илгари ишлаган ходимларга эгаллаб турган лавозимларига мувофиқ махсус шахсий унвонлар берилади. Уларга мутахассислик бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа органларда ишлаганликлари ҳисобга олинган ҳолда маълум хизмат муддати учун иш ҳақига ойлик қўшимча тўлов белгиланади. Солиқ идоралари ходимлари томонидан хизмат вазифалари бажарилиши муносабати билан уларнинг ҳаёти ёки соғликларига хавф солувчи ҳужумлардан ҳимоя қилиш мақсадида МНБ ходимларига табелда назарда тутилганлигига мувофиқ ўқ отар қуролни сақлаш, олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқи берилади.
8. Бошқарма ва унинг бўлинмаларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
солиқлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш;
солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва унга барҳам бериш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
солиқ тўловчилар томонидан даромадлар (фойдаларнинг ва бюджетга бошқа тўловларнинг қасддан яширилиши ёки камайтирилиши ҳолларини аниқлаш;
солиқ хизматлари фаолиятининг хавфсизлигини таъминлаш.
9. Солиқ идоралари олдида турган вазифалар самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида МНБ ходимларига ЎзССР Олий Кенгашининг 1991 йил 14 июндаги қарори билан тасдиқланган ЎзССР давлат солиқ идоралари тўғрисидаги Низомда назарда тутилган ҳуқуқлар берилади.
Ўзбекистон Республикаси солиқ идоралари Махсус назорат бошқармасига амалдаги жиноят-процессуал қонунчиликка мувофиқ (ЎзССР ЖПК 97-моддаси, 7-банди) фойда (даромад)ни ёки солиқ солинадиган бошқа объектни қасддан яшириш белгиларини топиш, фойда (даромад)ни қасддан яширган шахсларни аниқлаш, солиқ қонунчилиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликнинг йўлини тўсиш мақсадида суриштирув олиб бориш ҳуқуқи берилган.
Айбдорларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш давлат солиқ идоралари ваколати доирасидан ташқарига чиққан тақдирда МНБ ходимлари амалдаги қонунчиликни бузиш ҳоллари тўғрисидаги материалларни тергов ва суд органларига топширишлари керак.
Жиноятларни очиш, шунингдек, жиноят содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш учун суриштирувчи суриштирувни амалга оширишда илмий-техника воситалари ва жиноятни очиш усуллари самарали қўлланилишини таъминлаши керак.
Солиқ идоралари суриштирув хизматлари хатти-ҳаракатларининг қонунийлиги устидан назорат қилишни Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси органлари амалга оширадилар.
10. Солиқ идоралари Махсус назорат бошқармасига қуйидаги вазифалар юклатилади:
а) Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишларига, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда амалдаги қонунчиликка мувофиқ чиқарилган солиқ идоралари фаолиятини тартибга солувчи бошқа меъёрий актлар ва ҳужжатларга қатъий риоя қилиш;
б) Ўзбекистон Республикасининг солиқлар тўғрисидаги қонунчилигига риоя қилиш устидан назоратни амалга ошириш;
в) солиқ солиниши билан боғлиқ бўлган жиноят белгиларини ва уларни содир этган шахсларни топиш ва аниқлаш, жиноий кўринишларнинг йўлини тўсиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида жиноят-процессуал қонунчиликда назарда тутилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш;
г) солиқ инспекциялари ва назорат-тафтиш бошқармаларининг назорат фаолияти ҳолатини таҳлил қилиш. Таҳлил қилиш ва ўрганиш орқали солиқ қонунчилиги бузилиши учун шароитлар яратиладиган ёки аниқ жиноятлар белгилари мавжуд бўлган жойлар, минтақалар, корхоналар ва ташкилотларни аниқлаш. Бу ишни бажариш давомида солиқ қонунчилиги бузилишига олиб келувчи шарт-шароитларнинг тугатилиши чораларини кўриш;
д) солиқ қонунчилигини ижро этиш чоғидаги суиистеъмоллар мавжудлиги тўғрисида ахборот олингандан кейин солиқ тўловчилар ўртасида зарур тадбирлар ўтказилишини таъминлаш;
е) ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари (прокуратура, Ўзбекистон Республикаси МХХ ва ИИВ) билан ўзаро ҳамкорлик ва ахборот айирбошлашни ишончли таъминлаш ҳамда солиқ қонунчилиги бузилиши (жиноятлар) тўғрисида уларда мавжуд бўлган ва пайдо бўлувчи махфий маълумотлардан тўлиқ фойдаланиш. Бу маълумотларни солиқ инспекторлари ва НТБ тафтишчилари ёрдамида ва иштирокида рўёбга чиқариш чораларини кўриш;
ж) оператив ҳаракатларни қонунчиликка риоя қилинган ҳолда амалга ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига йўл қўймаслик;
з) солиқ солиниши билан боғлиқ ҳуқуқни бузишларнинг олдини олиш мақсадида огоҳлантирувчи — олдини олувчи ишларни амалга ошириш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
и) маъмурий амалиёт бўйича ишларнинг ҳолатини таҳлил қилиш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган терговдаги материалларнинг бундан кейин ҳал этилиши бўйича назоратни амалга ошириш;
к) мансабдор шахслар ва фуқароларнинг солиқ идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан берган шикоят ва аризаларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш;
л) солиқ сиёсатини, жиноят-процессуал нормаларни такомиллаштириш бўйича янги қонунчилик актлари қабул қилиш ва Ўзбекистон Республикасида солиқ солинишини тартибга солувчи эскирган меъёрий ҳужжатларни бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги таклифларни кейинчалик республика Ҳукуматига киритиш учун Бош бошқарма раҳбарлари учун ишлаб чиқиш ва тайёрлаш;
м) давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
н) давлат солиқ хизмати идоралари ходимларига нисбатан жиноий интилишларни аниқлаш йўли билан уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорликда жиноий интилишларнинг таъсирини йўқотиш чораларини кўриш;
о) солиқ хизмати ходимлари ўртасида хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолларини аниқлаш, шунингдек, солиқ идоралари ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажараётган пайтда ҳалок бўлган ёки уларга тан жароҳати етказилган ҳолларда хизмат юзасидан тергов ўтказиш;
п) даромадлар (фойда)ни қасддан яширишни исботлаш ишида ва солиқ қонунчилиги бошқача тарзда бузилган ҳолларда замонавий оператив илмий-техникавий воситалар ва усуллар қўлланилишини таъминлаш;
р) солиқ қонунчилиги бузилиши ишлари бўйича криминалистик тадқиқотлар ўтказиш.
11. Бошқарма ва унинг тизимига кирувчи бўлинмалар ходимларига ЎзССР Олий Кенгашининг 1991 йил 14 июндаги қарори билан тасдиқланган давлат солиқ идоралари тўғрисидаги Низомга мувофиқ ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя кафотланади.
Махсус назорат бўлинмалари ходимлари хизмат вазифаларини бажариш чоғида давлат ҳокимиятининг вакиллари ҳисобланадилар ва унинг ҳимояси остида бўладилар.
Давлат солиқ идоралари Махсус назорат бўлинмалари ходимлари уй-жой, мактабгача тарбия болалар муассасаларидаги ўринлар, квартира телефонлари билан биринчи навбатда таъминланадилар. Улар республика бюджети маблағлари ҳисобидан мажбурий суғурта қилинишлари керак.
Давлат солиқ идоралари МНБ ходимлари хизмат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда ҳалок бўлган тақдирда ҳалок бўлганнинг оиласига республика бюджети маблағлари ҳисобидан эллик ойлик иш ҳақи миқдорида бир йўла бериладиган нафақа тўланади, кейинчалик бу пул миқдори айбдор шахслардан ундириб олинади.
Нафақа миқдори охирги ишланган йилдаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади.
МНБ ходимларига касб фаолияти билан шуғулланишни истисно қилувчи оғир тан жароҳати етказилган тақдирда уларга республика бюджети маблағлари ҳисобидан йигирма беш ойлик иш ҳақи миқдорида бир йўла бериладиган нафақа тўланади, кейинчалик бу пул миқдори айбдор шахслардан ундириб олинади, шунингдек, ҳар ойда уларнинг лавозим маошлари билан пенсиялари ўртасидаги фарқ миқдорида пул маблағи тўланади.
МНБ ходимларига унчалик оғир бўлмаган тан жароҳати етказилганда уларга республика бюджети маблағлари ҳисобидан беш ойлик иш ҳақи миқдорида бир йўла бериладиган нафақа тўланади, кейинчалик бу пул миқдори айбдор шахслардан ундириб олинади.
МНБ ходимларига (ёки уларнинг яқин қариндошларига) тегишли бўлган мол-мулкка уларнинг хизмат фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ ҳолда етказилган зарар республика бюджети маблағларидан тўлиқ ҳажмда қопланади, кейинчалик бу пул миқдори айбдор шахслардан ундириб олинади.
Бошқарма ва унинг тизими таркибига кирувчи идоралар ходимлари уларга юклатилган вазифаларни бажариш чоғида фақат ўзларининг бевосита бошлиқларига бўйсунадилар. Ҳеч ким Бошқарма ва унинг тизими таркибига кирувчи идоралар ходимларини уларга мазкур Низом билан юклатилмаган вазифаларни бажаришга мажбур қила олмайди.
МНБ ходимлари ўз вазифаларини бажармаганликлари учун юридик жавобгарликка тортиладилар.