LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 апрелдаги 195-сонли «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 11 январдаги ПҚ-4941-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 февралдаги 77-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги низомга илованинг 3-банди қуйидаги мазмундаги «е» кичик банди билан тўлдирилсин:
«е) сертификатланган сабзавот, полиз, дуккакли ва мойли экинлар уруғларини ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатларини етиштирувчи фермер хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, шунингдек, кластерлар ва кооперацияларнинг уруғлик ва кўчат харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми, шунингдек, хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми».
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.