LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 сентябрдаги 743-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 18 майдаги ПФ-5044-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 18 майдаги ПҚ-2972-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика дарёлари, сув оқимлари ва барпо этилган гидротехника иншоотларининг гидроэнергетика имкониятларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ жойларнинг электр таъминотини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасида кичик гидроэнергетикани ривожлантириш дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 мартдаги 101-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
3. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 1996 — 2000 йилларга капитал қурилиш прогнозини тузишда Дастурни амалга ошириш учун, корхоналар ва ташкилотлар, хусусий сармоя маблағлари, қайта инвестиция қилинган маблағлар, шунингдек хорижий инвесторларнинг маблағлари жалб этилишини ҳисобга олган ҳолда, зарур маблағлар устувор тартибда ажратилишини назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар ва корхоналар билан биргаликда икки ой мобайнида республика корхоналарида гидро куч ускуналари ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш дастурини ишлаб чиқсин ва зарурат бўлганда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги гидроэнергетика станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишдан олинадиган маблағ қайта инвестициялаш тартибида кичик гидроэнергетикани ривожлантиришга йўналтирилсин.
(5-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 сентябрдаги 364-сонли қарорига мувофиқ чиқарилган)
6. Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги кам ўрганилган табиий сув оқимларининг гидроэнергетика имкониятларидан фойдаланиш схемасини ишлаб чиқсинлар ва 1996 йил декабрь ойида уни амалга оширишга оид таклифларни киритсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги Писком дарёсида гидроузелнинг техник-иқтисодий асосланиши 1997 йил 1 июлгача пухта ишлаб чиқилишини таъминласин ва уни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.