Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида юборилган парламент сўрови натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 20 ноябрдаги СҚ-176-IV-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисидаги парламент сўровига берилган жавобни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати парламент сўровида кўтарилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан Ҳукумат томонидан муайян чора-тадбирлар белгиланганини қайд этади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни такомиллаштириш, тиббий кўрикдан ўтказишда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида амалга ошириш имкони бўлмаган тиббий текширувларни соғлиқни сақлаш тизимининг юқори бўғинларида ташкил этиш, тиббиёт муассасаларини тиббий техникалар билан жиҳозлаш ишларини инвестиция дастурлари, халқаро молия ташкилотлари грант ва кредит маблағлари ҳисобидан амалга ошириш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини электрон маълумот алмашиш орқали ташкил қилиш мақсадида ягона электрон тизим яратиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларга топшириқлар берилган.
Бироқ, парламент сўровида кўтарилган масалалар чуқур ўрганилмаган, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилмаган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси жавобида парламент сўровида қайд этилган қуйидаги 7 та масала юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 мартдаги 153-сон қарори билан тасдиқланган ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;
ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида яқин қариндошлар ўртасида никоҳни тақиқлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
никоҳдан олдин кўрикдан ўтказиш бўйича тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар фаолиятини мониторинг қилиб, мавжуд муаммоларни таҳлил этиш, умумлаштириш ва таклифлар ишлаб чиқиш вазифаларини Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази зиммасига юклаш масаласини кўриб чиқиш;
никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини ошириш учун ўсмирлар саломатлиги йўналишидаги фаолиятни такомиллаштириш;
фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганликлари ва тарафларнинг текшириш натижаларидан хабардорлигини аниқлаш бўйича мажбурият мезонларини ишлаб чиқиш ва жавобгарлигини аниқ белгилаш;
рўйхатга олинмаган никоҳда тугилишлар улуши ортиб кетишининг олдини олиш мақсадида фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органи ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида тизимли ишларни ташкил этиш;
олимлар ва соҳа вакиллари иштирокида репродуктив саломатлик, оилани соғломлаштириш, тугма нуқсонли болалар туғилишининг олдини олиш масалаларига бағишланган тарғибот тадбирларини ўтказиш, тарқатма материаллар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситалари орқали мавзуга оид тушунтиришлар олиб бориш.
Қолаверса, парламент сўровига Ҳукумат жавоби белгиланган муддатдан кечиктирилган ҳолда киритилган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идораларга топшириқлар бериш билангина чегаралангани ҳам парламент сўровига муносабат билдиришда жиддий ёндашув бўлмаганлигини кўрсатади. Хусусан, соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда кўзда тутилаётган режалар тўғрисида асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш ўрнига мамлакатимизда 2016 — 2020 йилларда қайд этилган никоҳлар ва оилавий ажримлар юзасидан статистик кўрсаткичларгина маълум қилинган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 20 ноябрдаги СҚ-176-IV-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисидаги парламент сўровига жавобда Ҳукумат нуқтаи назарини тўлиқ ва аниқ ифодаловчи тушунтириш берилмагани қайд этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
келгусидаги парламент сўровларига муносабат билдиришда жиддий ёндашиш, кўтарилган масалаларни чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш чораларини кўрсин;
парламент сўровида белгиланган ҳамда ҳал этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, парламент сўровининг муносабат билдирилмаган бандларидаги вазифаларни бажариш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида икки ой муддатда парламентга ахборот тақдим этсин;
никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш ва никоҳланувчиларга қулай шароитлар яратиш мақсадида никоҳ олди тиббий кўрикни туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар қошида барча тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўтказиш масаласини кўриб чиқиб, икки ой муддатда тегишли таклифлар тайёрласин ва амалиётга киритсин;
мамлакатдаги демографик ҳолатдан келиб чиқиб, икки ой муддатда Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази фаолиятини тўлиқ танқидий таҳлил қилсин ва никоҳ олди тиббий кўрик самарадорлигини оширишда мазкур марказ мутахассисларини жалб этиш юзасидан тегишли чоралар кўрсин;
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларидаги машғулотларда никоҳдан аввалги тиббий кўрикларнинг аҳамияти, репродуктив саломатлик асослари, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ирсий касалликларга олиб келиши юзасидан уч ой муддатда махсус курслар ташкил этсин;
ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан 2021 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот берсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорликда махсус медиарежа асосида олимлар ва соҳа вакиллари иштирокида репродуктив саломатлик, оилани соғломлаштириш, туғма нуқсонли болалар туғилишининг олдини олиш масалаларига бағишланган туркум кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида таҳлилий материалларни эълон қилиб бориш тавсия этилсин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б. Сайфуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 12 март,
СҚ-264-IV-сон