Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари тўғрисида
Ўтган қисқа давр ичида мамлакатимизда қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатини ошириш, уларни тартибга солишдаги аҳамиятини кучайтириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш мақсадида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси қабул қилиниб, Концепция норма ижодкорлиги фаолиятининг янги даврини бошлаб берди.
Қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида Сенат қўмиталари томонидан қатор қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг амалга оширилди.
Таҳлиллар айрим қонунларда аниқ механизмларнинг акс эттирилмаганлиги, ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги сабабли соҳанинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинганлиги, шунингдек қабул қилинган айрим қонунлардаги нормаларнинг амалиётда қўлланилмаётганлиги сабабли қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди.
Жумладан: «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунда:
электрон тижорат соҳасидаги қонун ҳужжатлари тизимлаштирилмаган, мазкур муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга солувчи норма ва муносабатлар ягона қонунга бирлаштирилмаган;
электрон тижоратни амалга оширишда миллий тўлов тизимларидан ташқари, халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш бўйича нормалар қонунда ўз аксини топмаган.
«Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунда:
қонуннинг номланиши қонун тартибга соладиган ижтимоий муносабатларни тўлиқ ёритиб бермайди ва унинг тартибга солиш предметига мувофиқ эмас;
ҳомийлик ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фаолият юритишини мувофиқлаштириш бўйича нормалар белгиланмаган;
ҳомийлик фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари ва ННТга рағбатлантириш чораларини тақдим этишнинг ҳозирги давр талабларига мос механизмлари жорий этилмаган;
ҳомийлик соҳасидаги субъектларнинг тарқоқ ҳолда фаолият юритаётганлиги ва уларнинг фаолиятини очиқлиги ва ҳисобдорлиги масаласи яхлит тартибга солинмаган;
якка тартибда хайрия фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний ва юридик шахслар фаолияти ҳамда уларга ажратилган маблағлар сарфланиши ҳақида очиқ ва ишончли маълумотга эга бўлиш имконияти яратилмаган.
«Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунда:
мавжуд 21 та ҳаволаки норма соҳани самарали ҳуқуқий тартибга солиш имконини бермаяпти ҳамда соҳани асосан қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинишига олиб келмоқда;
археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш учун зарур бўлган асосий тушунчаларнинг таърифлари келтирилмаган;
Ўзбекистон Республикаси моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрини юритиш тартиби анъанавий усулда йўлга қўйилган бўлиб, замонавий рақамли технологиялар мазкур жараёнга жалб этилмаган;
археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган археология ашёларининг бошқа археология ашёларига айирбошланишига доир қоида белгиланган бўлса-да, унинг тартиби, қандай ашёлар айирбошланиши, қайси ҳолатларда айирбошлашга йўл қўйилмаслиги аниқ белгиланмаган;
фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларидан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилган бўлса-да, мазкур тартиб ишлаб чиқилмаган;
археология мероси объектларини давлат томонидан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни молиялаштиришга доир қоидалар аниқ белгиланмаган.
«Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонунда:
ахборот олиш соҳасидаги асосий тушунчаларнинг таърифи келтирилмаган;
ахборот тарқатиш ва уни олишнинг замонавий услуб ва воситалари (электрон почтадан ташқари) назарда тутилмаган;
рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда ахборотни тарқатиш, олиш, ахборот олишга доир сўровларни юбориш (қайта юбориш), уларни кўриб чиқиш, тақдим этиш (қайта тақдим этиш) каби ҳолатларни назарда тутувчи нормалар ўз ифодасини топмаган;
ахборот тақдим этганлик учун тўловларнинг аниқ миқдорлари белгиланмаганлиги натижасида тақдим этиладиган ахборот эвазига турли миқдордаги тўловлар тўлашни талаб қилиш ҳолатлари юзага келмоқда;
қайси ҳолатларда ахборот тақдим этишда чекловлар ўрнатилиши аниқ белгиланмаганлиги сабабли ахборотнинг эгаси томонидан зарур ахборотни давлат сирига тегишли деган важлар билан тақдим этмаслик ҳолатлари учрамоқда;
ахборот олиш ҳуқуқининг ноқонуний чекланишлари юзасидан шикоят қилиш ва шикоятларни кўриб чиқувчи махсус давлат органи ҳамда унинг ваколатларига доир нормалар белгиланмаган.
«Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Қонунда:
мавжуд 10 га яқин ҳаволаки нормалар соҳадаги муносабатларни асосан қонуности ҳужжатларидаги нормалар асосида тартибга солинишига олиб келмоқда;
соҳани ҳуқуқий тартибга солишда аҳамиятга эга бўлган асосий тушунчаларнинг ҳуқуқий тарифлари қонунда келтирилмаган;
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви Вазирлар Маҳкамаси ва у ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида махсус ваколат берган давлат органи томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, мазкур махсус ваколат берилган давлат органи аниқ кўрсатилмаган;
махсус ваколатли давлат органининг асосий ваколатларидан ташқари ҳаволаки норма орқали аниқлаштирилмаган яна бошқа ваколатлар ҳам берилганлиги соҳани ҳуқуқий тартибга солишда ноаниқликлар келтириб чиқармоқда;
ахборот-кутубхона муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибига доир қоидалар белгиланмаган.
«Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Қонунда темир йўл транспорти фаолиятининг принциплари, юкларни ташиш, вагонлар ва контейнерларни етказиб бериш учун шартнома тузишда асосий талаблар, йўловчиларни, багаж ва юкларни ташиш қоидалари, йўловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жарима ва уни тўлаш муддатлари, миқдори ва механизмлари, транспорт мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.
«Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунда мавжуд 10 дан ортиқ ҳаволаки нормалар қонунни тўғридан-тўғри қўллашда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишга қаратилган ҳаракатлар тўлиқ ёритилмаган.
«Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунда:
гидротехника иншоотларининг ҳимоя зоналари ҳамда гидротехника иншоотларининг хавфсизлик режимига оид нормалар белгиланмаган;
гидротехника иншоотларининг турлари кўрсатилмаган;
гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан лойиҳачиларнинг мажбуриятлари, гидротехника иншоотларининг қурилишида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш механизмлари назарда тутилмаган;
гидротехника иншооти аварияси оқибатида етказилган зарар учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни суғурта қилишга оид нормалар белгиланмаган.
«Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонунда:
чиқиндиларга бўлган мулкий муносабатларни тартибга солишда эгасиз (ноқонуний ёки тартибсиз тарзда ташлаб кетилган) чиқиндилар жойлашган ер участкалари мулкдорлари (шу жумладан ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар)нинг жавобгарлиги белгиланмаган;
қурилиш, тиббиёт, биологик чиқиндилар, турғун органик ифлослантирувчилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалалари тартибга солинмаган;
маиший чиқиндиларнинг ҳосил бўлишини камайтириш, улардан такрорий фойдаланилишини таъминлаш, кам чиқитли ва чиқитсиз технологияларнинг жорий этилиши, уларнинг утилизация қилиниши ва қайта ишланишини рағбатлантирувчи ташкилий ва иқтисодий механизмлар талаб даражасида белгиланмаган;
чиқиндилар билан боғлиқ ишларни қўшимча молиялаштиришнинг иқтисодий механизмлари мавжуд эмас;
фойдаланиш хусусиятларини йўқотган товарлар, қадоқлаш материаллари (пластик, полиэтилен в.б.) ҳамда улардан ҳосил бўладиган чиқиндилар бўйича ишлаб чиқарувчиларнинг масъулияти ва мажбуриятлари белгиланмаган;
чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида рағбатлантириш, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш механизмлари аниқ кўрсатилмаган.
«Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунда:
давлат бошқаруви органларининг ваколатлари билан боғлиқ бўлган 30 дан ортиқ ҳаволаки нормалар қонунни тўғридан-тўғри қўллашда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда;
айрим қонуности ҳужжатларидаги нормалар «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг нормаларига номутаносиб бўлиб, қонунда туман ва шаҳар ҳокимлиги ҳузурида васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссиялар фаолияти билан боғлиқ қоидалар мавжуд эмас;
васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан назорат қай тартибда ва қайси давлат органлари томонидан амалга оширилиши аниқ кўрсатилмаган;
сўнгги йиллардаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар қонуности ҳужжатларида қайд этилган бўлса-да, қонуннинг ўзида акс этмаган.
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунда хорижий мамлакатларда қўлланиладиган техник регламентларни тўғридан-тўғри қабул қилиш ва амалиётга киритиш нормалари кўзда тутилмаган.
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонунда:
давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш ва халқаро шартномаларда иштироки натижасида молиявий оқибатлар келиб чиқиши мумкин бўлган халқаро шартномалар лойиҳаларига Молия вазирлиги томонидан мажбурий хулоса берилишини назарда тутувчи қоида киритилмаган;
халқаро шартномаларнинг давлат тилига ўгирилиши учун масъул орган белгиланмаганлиги оқибатида уларнинг бажарилиши, илмий жиҳатдан таҳлил қилиниши борасида амалиётда муаммолар келиб чиқмоқда;
халқаро шартномалар тузилиши оқибатида давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги шартномалар бажарилиши билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш қоидалари белгиланмаган;
вакиллик органларининг ижро ҳокимияти органлари томонидан халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятлари бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатилишини назарда тутувчи қоида қонунда ўз аксини топмаган.
«Наслчилик тўғрисида»ги Қонунда наслчилик соҳасини давлат томонидан рағбатлантириш, молиялаштириш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш масалалари ўз аксини топмаган.
«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунда:
фермер хўжалиги билан боғлиқ масалалар кўплаб қонунлар билан тарқоқ ҳолда тартибга солинганлиги оқибатида қонунларни қўллашда қийинчиликлар юзага келмоқда. Жумладан:
фермер хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш Фуқаролик кодекси, фермер хўжалигини юритиш учун ер участкалари бериш, фермер хўжалигининг ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ер кодекси билан тартибга солинса, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси, катта ва кичик дарёлар, сув ҳавзалари бўйлаб жойлашган ер участкаларининг фермер хўжалиги юритиш учун берилиши «Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси тўғрисида»ги ва сув истеъмоли масаласи «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунларга асосан тартибга солиниб келинмоқда.
Шунингдек, қонунда фермер хўжаликларига оид айрим муҳим масалалар ўз аксини топмаганлиги фермерлик ҳаракатини фаоллаштиришга, соҳага сармоя кириб келишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Хусусан, қонунда фермер хўжаликлари ва давлат ўртасидаги муносабатлар, турли имтиёз ва преференцияларни жорий этиш, шунингдек, фермер хўжаликларининг фаолиятига давлат томонидан аралашмаслик, бунинг кафолатлари каби масалалар очиқ қолдирилган;
фермер хўжаликларининг фаолият турлари батафсил очиб берилмаган, шу жумладан, ўз маҳсулотини сотиш тартиби, тижорат ва нотижорат ташкилотлар тузиш, молия ва кредит масалаларидаги иштирокига оид муносабатлар батафсил тартибга солинмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Сенат қўмиталари томонидан қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
электрон тижорат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказган ҳолда тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
«Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунда ҳомийлик ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фаолият юритишини мувофиқлаштириш бўйича нормаларни белгилаш, ҳомийлик фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари ва ННТга рағбатлантириш чораларини тақдим этишнинг ҳозирги давр талабларига мос механизмларини жорий этиш;
меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳомиладор аёлларга ёхуд уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга нисбатан содир этилган тақдирда, мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш;
«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг нормаларини қайта ўрганиб чиққан ҳолда тазйиқ ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилишини назорат қилиш, тазйиқ ўтказишга ва (ёки) зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уларни содир этган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бир йил ичида такроран бажармаганлик учун кучайтирилган жавобгарлик чораларини белгилаш масаласини кўриб чиқиш;
«Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунда:
ахборот олиш эркинлигини таъминлаш соҳасидаги мавжуд қонунларни ўрганиб чиқиб, уларни бирлаштирган ҳолда яхлит қонун шаклида ишлаб чиқиш, ахборотни олиш, тарқатиш, тақдим этиш ва фойдаланиш жараёнларига рақамли технологияларни жорий этишга доир нормаларни киритиш, ахборотни тақдим этганлик учун ҳақ тўлаш тартиби ва миқдорларини аниқ кўрсатиш, ахборот тақдим этувчи, сақловчи ва ундан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг археология ёдгорлиги муҳофазаси бўйича ўтказилаётган чора-тадбирлардаги иштирокини аниқлаштириш, рўйхатдан ўтказилган археология ашёларининг бошқа археология ашёларига айирбошланишига доир масалалар юзасидан таклифлар тайёрлаш;
«Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Қонунда ахборот-кутубхона муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ механизмларини белгилаш, ахборот-кутубхона муассасаларини хусусийлаштириш ва ижарага бериш жараёнларига доир нормаларни киритиш масаласини кўриб чиқиб, таклифлар ишлаб чиқиш;
«Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Қонунда талаблар ва даъволарни тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш рад этилган ҳолларда ёки уларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик оқибатида судга мурожаат қилиш тартибини белгилаш;
«Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунни қайта кўриб чиқиб, қонун ва қонуности ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш, васийлик ва ҳомийлик органларининг вазифа, функция ва ваколатларини аниқ чегаралаш, васийлик ва ҳомийлик органларининг қонуний талабларини бажармаслик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунда:
хорижий мамлакатларда қабул қилинган техник регламентларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини назарда тутувчи қоидани акс эттириш;
мувофиқлигини баҳолаш бўйича умумий талаблар, айниқса, баҳолашда аниқланган номувофиқликлар учун жавобгарлик масалаларини белгилаш;
бюджет ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган норматив ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ тўловларни бекор қилиш ёки миқдорини камайтириш масаласини ўрганиб чиқиш;
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонунда:
халқаро шартномаларда иштирок этишгача бўлган жараёнда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва бу борада самарали механизмларни жорий этиш мақсадида мазкур тартиб-таомилларни соддалаштириш ва ҳар бир тартиб-таомил амалга оширилиши учун муддат белгилаш;
хориждан маблағ жалб қилиш ва халқаро шартномаларда иштироки натижасида молиявий оқибатлар келиб чиқиши мумкин бўлган халқаро шартномалар лойиҳаларига Молия вазирлиги томонидан мажбурий хулоса берилишини назарда тутадиган қоидани мустаҳкамлаш;
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг давлат тилига ўгирилиши учун масъул органни белгилаш;
«Наслчилик тўғрисида»ги Қонунга наслчилик соҳасини давлат томонидан рағбатлантириш, молиялаштириш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш масалаларига оид нормаларни киритиш;
«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунда:
фермер хўжалиги фаолиятига оид қонунларни инвентаризациядан ўтказган ҳолда уларни яхлит қонунга бирлаштириш;
фермер хўжаликлари ва давлат ўртасидаги муносабатлар, турли имтиёз ва преференцияларни жорий этиш, шунингдек, фермер хўжаликларининг фаолиятига давлат томонидан аралашмаслик масалаларини назарда тутиш;
фермер хўжаликларининг фаолият турларини батафсил очиб бериш, шу жумладан, ўз маҳсулотини сотиш тартиби, тижорат ва нотижорат ташкилотлар тузиш, молия ва кредит муносабатларидаги иштирокига оид нормаларни белгилаш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида:
мазкур соҳадаги қонунчиликда халқаро экологик стандартларнинг талаблари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига жавоб берадиган замонавий экологик кўрсаткичларни белгилаш;
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари, шунингдек Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган мажбуриятларни тўлиқ акс эттириш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
қонун ҳужжатларини тубдан қайта кўриб чиққан ҳолда уларни тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, ижроси мониторингини такомиллаштириш;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш;
оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение орқали доимий равишда кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиш, аҳолига ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини етказиб бориш тизимини жорий этиш;
қонунчиликни тизимлаштириш орқали ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, қонунчилик базасидаги ҳаракатсиз ва амалда қўлланилмаётган ҳужжатларни тубдан қисқартириш мақсадида гильотина усулидан фойдаланишни янада кучайтириш чораларини кўрсин.
4. Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Н. Умаров) адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитиш доирасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш масалаларини чуқур таҳлил қилиб, кенг муҳокама қилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юборилаётган таклифлар ва ушбу Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида умумлаштирилган маълумотни жорий йилнинг 15 июлига қадар тақдим этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ўз йўналишлари бўйича мазкур Қарорда белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиб борсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 26 февраль,
КҚ-188-IV-сон