Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 августдаги «Коронавирус пандемияси даврида вужудга келган муаммолардан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари тўғрисида»ги КҚ-119-IV-сонли қарорининг ижро этилиши тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 августдаги КҚ-119-IV-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси (бундан буён матнда чора-тадбирлар режаси деб юритилади) ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, маҳаллий бюджетларни шакллантириш механизмларини, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини, аҳолига ижтимоий ёрдам бериш соҳасидаги давлат сиёсатини, пенсия таъминотига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, олий ўқув юртлари фаолиятига дуал таълим институтини жорий қилишга қаратилган 5 та қонун ҳужжати қабул қилинган.
Шунингдек, фавқулодда вазиятларда тадбиркорлик учун ажратилган кредитларни субсидиялаш ва реструктуризация қилиш тартибини, тижорат банклари томонидан «тайёр бизнес» лойиҳаларини сотиш амалиётини, пандемия шароитида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш, мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасида инновацион фаолиятни ривожлантириш, миграцияга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ҳужжати (4 та фармон ва 1 та қарор) қабул қилинган.
Бундан ташқари, масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар фаолиятини такомиллаштириш, етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, таълим соҳасига масофавий ва бошқа замонавий ўқитиш шаклларини жорий қилиш, пандемия шароитида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария хизмати сифатини яхшилаш, уни замон талабларига мос тарзда ривожлантиришга қаратилган 6 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Амалга оширилган ишлар билан бирга чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлашда айрим камчиликлар мавжуд.
Хусусан, чора-тадбирлар режасида вазирлик ва идораларга ижтимоий-иқтисодий соҳага оид белгиланган 23 та вазифадан 17 тасининг ижроси таъминланган. Бироқ 6 та вазифа ижроси юзасидан масъул вазирлик ҳамда идоралар томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаган.
Жумладан, молия, банк ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича белгиланган 3 та вазифа (2, 3 ва 7-бандлар), хусусан, молия ва банк хизматларини кўрсатишда масофавий хизмат турларини ривожлантириш ва уларнинг қонунчилик асосларини яратиш, товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишдаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни электрон тарзда расмийлаштириш, электрон шартномалар тузиш, банклар фаолиятида аутсорсинг тизимини жорий қилиш каби вазифалар ижроси таъминланмаган.
Шунингдек, бандлик, меҳнат муносабатлари ва ижтимоий таъминотни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш билан боғлиқ 2 та вазифа (11 ва 12-бандлар) — пандемия шароитида Меҳнат кодексини такомиллаштириш, аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида бюджетдан ташқари корпоратив ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш вазифалари тўлиқ амалга оширилмаган.
Бундан ташқари, фан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш билан боғлиқ 1 та вазифа (18-банд) — Фанлар академияси фаолиятининг қонунчилик асосларини кучайтириш вазифаси якунига етказилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 16-моддасига ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 августдаги «Коронавирус пандемияси даврида вужудга келган муаммолардан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари тўғрисида»ги КҚ-119-IV-сонли қарори ижроси юзасидан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э. Гадоевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси чора-тадбирлар режасининг ижросини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрсин ва натижаси юзасидан ўн кунлик муддатда Олий Мажлис Сенатига ахборот тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти чора-тадбирлар режаси ижросининг бориши тўғрисида ҳар ойда, якуний маълумотни 2021 йил 15 июнгача Олий Мажлис Сенатига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев), Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Ш. Чўллиев), Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси (О. Иминов) чора-тадбирлар режаси бажарилишини қатъий назорат қилсин ва 2021 йил 1 июлга қадар Сенат Кенгашига ахборот киритсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 26 февраль,
КҚ-189-IV-сон