Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги томонидан 1999
йил 20 декабрда 97-сон билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки томонидан 1999
йил 20 декабрда 99-89-сон билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Республикаси Давлат
солиқ қўмитаси билан 1999 йил
20 декабрда 135-В-сон билан
«КЕЛИШИЛГАН»
ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРГА БИР НЕЧТА БАНКДА ҲИСОБ РАҚАМЛАР ОЧИШ ВА УЛАРДАН ТЎЛОВЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ
тартиби
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 5 январда 864-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки Бошқарувининг 2015 йил 6 ноябрдаги 97, 135-В-1-сонли «Хўжалик юритувчи субъектларга бир нечта банкда ҳисоб рақамлар очиш ва улардан тўловларни амалга ошириш тартибини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 864-1, 17.11.2015 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ушбу Тартиб Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрдаги «Муддатида тўланмаган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисида»ги, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 февралдаги «Ҳисоб-китоб механизмини такомиллаштириш ҳамда республика бюджети ва маҳаллий бюджетларга тўловлар тушишини рағбатлантириш чоралари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 январдаги 24-сонли «Банк тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг 6-бандига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган хўжалик юритувчи субъектларнинг бир нечта банкда талаб қилиб олингунча ва бошқа депозит ҳисобрақамларини очиш ва улардан тўловларнинг амалга ошириш тартибини белгилайди.
1. Юридик шахслар бир неча банқда ҳисобрақамлар очиш учун солиқ тўлаш жойидаги давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йил 18 ноябрда 539-сон билан давлат рўйхатига олинган «Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида»ги йўриқномада белгиланган тартибда ҳужжатларни банкка тақдим этади.
2. Мазкур 539-сонли йўриқноманинг 1.9-бандига асосан банклар юридик шахсларга иккиламчи ҳисобварақ очганидан кейинги кундан кечикмаган ҳолда ушбу юридик шахсларга, улар рўйхатда турган давлат солиқ хизмати органига ҳамда асосий ҳисобварағи очилган банкка ёзма равишда хабар бериши лозим.
3. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар юридик шахснинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.
4. Банк мижозга иккиламчи талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварағига келиб тушган маблағлар тўғрисида кейинги кундан кечиктирмаган ҳолда маълумот беради.
5. Юридик шахснинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидаги маблағлар унга қўйилган талабларни қондириш учун етарли бўлмаган ҳолда, Давлат солиқ хизмати органларининг ёзма кўрсатмаларини (кўрсатмада мижознинг иккиламчи ҳисобварағини очган банкнинг тўлиқ реквизитлари ва ушбу ҳисобварақларда маблағи борлиги тўғрисида маълумот берилади) шу мижознинг иккиламчи ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банкларга электрон почта орқали тегишли маблағни ундириш учун жўнатади. Кўрсатмани олган банк ўз навбатида керакли маблағни кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мижознинг асосий ҳисобварағига ўтказишни таъминлайди.
6. Тижорат банклари, хўжалик юритувчи субъектлар ва Давлат солиқ хизмати органларининг масъул ходимлари ушбу тартибни тўғри ва ўз вақтида бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган қонунларда белгиланган тартибда жавобгардир.
Молия вазири ўринбосари Э. ГАДОЕВ
Марказий банк Раиси ўринбосари М. ЖУМАГАЛДИЕВ
Давлат солиқ қўмитаси Раиси муовини В. БЕГАНОВ
(Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон)