Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Юқори қўшилган қийматли минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Кимё тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, юқори қўшилган қийматли мураккаб ва фосфорли минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмларини янада ошириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 75-моддасига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Самарқанд вилоятида мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш кимёвий мажмуасини барпо этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида 2023 йил 1 февралга қадар қуйидаги солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
жалб қилинадиган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари — юридик шахслари учун фойда солиғи (шу жумладан, тўлов манбаида ушлаб қолинадиган фойда солиғи) ставкасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси норезиденти — жисмоний шахслар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасини 50 фоизга камайтириш;
белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, махсус техникалар, машина ва механизмлар, комплект буюмлар ва узеллар, бутловчи қисмлар, хом ашё ва материаллар, технологик ускуналар, приборлар, дастурий таъминот, техник ҳужжатлар ҳамда ёқилғи-мойлаш материалларини божхона божидан озод қилиш ҳамда ушбу товарлар учун акциз солиғи ставкасини 50 фоизга камайтириш.
2. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 6 февраль,
ПҚ-4587-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.02.2020 й., 07/20/4587/0135-сон)