[
ОКОЗ:
1.
19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.03.00.00 Ижтимоий-маданий масалалар бўйича ҳамкорлик / 19.03.06.00 Фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик]
[
ТСЗ:
1.
Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Гуманитар ва техник ёрдам]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўзбекистон Республикасида Россия Федерациясининг олий таълим бўйича таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши тўғрисида
2018 йил 19 октябрь, Тошкент
LexUZ шарҳи
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 феврдаги ПҚ-4213-сонли «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги
қарори
билан тасдиқланган.
(Ўзбекистон Республикаси учун 2019 йил 1 мартдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
1995 йил 27 июлда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Битим
қоидаларига таянган ҳолда,
узоқ муддатли ҳамкорлик ва олий таълим соҳасида интеграцион ҳамкорликни чуқурлаштириш манфаатлари юзасидан,
Россия Федерациясининг олий таълим бўйича таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириладиган таълим сифатини яхшилаш мақсадида,
куйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битим мақсадлари учун «филиал» тушунчаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва Томонлар давлатларининг қонунчилигига мувофиқ таълим дастурларининг даражаси, тури ва йўналишини инобатга олган ҳолда таълим бериш фаолиятини амалга оширишни таъминлайдиган Россия Федерациясининг олий таълим бўйича таълим муассасасининг алоҳида таркибий бўлинмасини англатади (кейинги ўринларда — таълим муассасаси).
Мазкур Битимнинг амал қилиши у тузилган пайтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган ва фаолият юритаётган филиалларга ҳам татбиқ этилади.
2-модда
Филиал Россия Федерацияси қонунчилигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ташкил этилади ва тугатилади.
Филиал таълим муассасаси устави ва таълим муассасаси тасдиқлаган филиал тўғрисидаги низомга асосан фаолият юритади.
3-модда
Филиалнинг таълим бериш фаолияти Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Филиалда олий таълимнинг асосий таълим дастурлари бўйича ўқитиш Россия Федерациясининг федерал давлат таълим стандартларига ва (ёки) Россия Федерацияси қонунчилигида ўрнатилган ҳолларда таълим муассасалари мустақил тасдиқлайдиган таълим стандартларига мувофиқ амалга оширилади.
Филиалда ўқитиш рус тилида олиб борилади, шу билан бирга ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихи ўқитилади.
4-модда
Ўзбекистон Республикасида жойлашган филиалнинг таълим бериш фаолиятини лицензиялаш ва давлат аккредитациясидан ўтказиш Россия Федерация қонунчилигига мувофиқ ариза бериш тартибида амалга оширилади.
5-модда
Олий таълимнинг аккредитациядан ўтган таълим дастурларини ўзлаштиришни якунлаган ва якуний (якуний давлат) аттестациядан муваффақиятли ўтган филиал таълим олувчиларига Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ таълим олганлик ва (ёки) малака тўғрисидаги ҳужжатлар берилади.
Кўрсатилган таълим олганлик ва малака тўғрисидаги ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасида тан олиш ва нострификация қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
6-модда
Таълим муассасасининг молия-хўжалик фаолияти унинг филиали жойлашган жой бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Филиалда таълим олиш учун ҳар йили таълим муассасасига Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан давлат грантлари асосида қабул қилинадиган таълим олувчилар сони Ўзбекистон томони тарафидан аниқланади.
Филиални жойлаштириш таълим муассасаси ва Ўзбекистон Республикаси ташкилоти (ташкилотлари) (хўжалик юритувчи субъектлари) ўртасидаги филиални ташкил этиш ва унинг фаолият юритишининг молиявий таъминотини, филиални жойлаштириш учун кўчмас мулкни (ўқув ва лаборатория машғулотлари, ошхоналар, тиббиёт хоналари, спорт заллари, талабалар турар жойлари учун бинолар ва иншоотлар), уларни жиҳозлаш учун асбоб-ускуналарни тақдим этишни ва филиалнинг педагогик ва бошқа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини назарда тутувчи шартномалар асосида амалга оширилади.
7-модда
Мазкур Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилиш билан боғлиқ Томонлар ўртасидаги низоли масалалар маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал этилади.
8-модда
Томонларнинг келишувига кўра мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган, алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ҳамда мазкур Битим билан ўрнатилган тартибда кучга кирадиган ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
9-модда
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларни бажарилганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
10-модда
Мазкур Битим беш йил давомида амалда бўлади ва башарти Томонлардан бири навбатдаги муддат тугашидан камида бир йил олдин бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали унинг амал қилишини бекор қилиш нияти тўғрисида ёзма хабарнома юбормаса, унинг амал қилиши кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 19 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)