Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Тошкент шаҳрида замонавий заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 24 майдаги ПҚ-3739-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, республикада маҳаллий хом ашё базасида замонавий заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси ва «Imperial Jewelry Inc.» (АҚШ) компанияси ўртасида «Тошкент шаҳрида замонавий заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш тўғрисида қуйидагиларни назарда тутувчи келишувга эришилгани:
замонавий заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун «Imperial Jewelry Inc.» (АҚШ) компанияси томонидан уч йиллик давр мобайнида 20 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари киритилиши;
лойиҳани амалга ошириш муддати якунига қадар йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг 10 тоннагача етказилиши;
100 тадан кам бўлмаган янги иш ўринлари яратиш;
б) лойиҳани амалга ошириш мақсадида «Imperial Jewelry Inc.» (АҚШ) компанияси томонидан Ўзбекистон Республикасида «Imperial Jewelry» масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона (кейинги ўринларда «Imperial Jewelry» МЧЖ ХК деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ўзбекзаргарсаноат» уюшмасининг «1 — Заргарлик корхонаси» давлат корхонаси мулкий комплексининг бир қисми ва Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Заргарлик кўчаси, 46 Б манзилида жойлашган «2 — Заргарлик корхонаси» Давлат корхонаси биносининг 457 кв. м. майдонли биносини (кейинги ўринларда мулкий комплекси деб аталади) «Imperial Jewelry» МЧЖ ХКга «нол» харид қийматида сотиш тўғрисидаги таклифларига:
мазкур қарорнинг 1-банди а) кичик бандига мувофиқ эришилган келишувлар доирасида инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар;
икки ой муддатда мулкий комплекснинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети олдидаги ва давлатнинг мақсадли жамғармалари, шунингдек, бошқа кредиторлар олдидаги қарздорлигини қоплаш мажбуриятларини бажариши шарти билан розилик берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси билан биргаликда:
бир ой муддатда ушбу қарорнинг 2-бандига мувофиқ инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариши шарти билан «Imperial Jewelry» МЧЖ ХК билан «нол» харид қийматида мулкий комплекснинг олди-сотди шартномаси тузилиши;
«Imperial Jewelry» МЧЖ ХК томонидан қабул қилинадиган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар зарур даражада бажарилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини таъминласинлар.
4. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу қарорнинг 2-бандига мувофиқ қабул қилинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда бажарилганидан сўнг мулкий комплексга эгалик қилиш ҳуқуқи «Imperial Jewelry» МЧЖ ХКга ўтади;
лойиҳанинг ушбу қарорда белгиланган шартлар асосида амалга ошириш таъминланмаган тақдирда «нол» харид қийматида сотилган мулкий комплекс Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига келгусида мақсадли фойдаланиш учун қайтарилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Марказий банк, Молия вазирлиги ва «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси билан биргаликда 2019 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш ва тақсимлаш прогнозини шакллантиришда асосланган ҳисоб-китоблар ва шакллантирилган буюртмалар портфелига кўра маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар учун қимматбаҳо металлар ҳажмларини назарда тутсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Марказий банк, Молия вазирлиги ва «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси билан биргаликда 2019 йил 1 апрелгача бўлган муддатда илғор хорижий тажриба таҳлиллари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги масалалар:
тегишли ишлаб чиқариш базасига эга бўлган ва белгиланган талабларга жавоб берадиган корхоналарда қимматбаҳо металлар ёмбиси ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
ташкилотлар — заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга лизинг асосида қимматбаҳо металлар берилиши механизмини жорий этиш;
заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металлар ва тошларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи юридик шахслардан тўғридан-тўғри шартномалар асосида, шунингдек, қимматбаҳо металлар парчаси ва қайта ишланган қимматбаҳо тошларни юридик ва жисмоний шахслардан шартнома асосида сотиб олиш ҳуқуқини бериш;
қимматбаҳо металлар ва тошларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи юридик шахслар ҳамда тижорат банклари тармоқлари орқали бевосита қимматбаҳо металларни заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарига сотиш нархини шакллантириш;
Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари ва тижорат банклари орқали конвертация қилинадиган валюта ўрнини босувчи инвестиция воситаси — нақдсизлаштирилган металл ҳисоб рақамлари очиш учун қимматбаҳо металлардан кенг фойдаланиш мақсадида металлар ёмбиси савдосини йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 10 январь,
16-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2019 й., 09/19/16/2455-сон)