Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2005—2007 ЙИЛЛАРДА ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2005—2007 йилларда фермер хўжаликларини жадал ривожлантиришга қаратилган таклифлар тайёрлаш бўйича махсус комиссия тузиш тўғрисида» 2004 йил 4 ноябрдаги Ф-2069-сон Фармойишини бажариш юзасидан ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этиш ва юритишнинг асосий шакли сифатида фермер хўжаликларини жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда Махсус комиссия томонидан ишлаб чиқилган:
Зарар кўриб ишлайдиган, паст рентабелли ва истиқболсиз ширкат хўжаликларини 2005—2007 йилларда фермер хўжаликларига айлантириш дастури 1-иловага* мувофиқ;
2005 йилда фермер хўжаликларига айлантириладиган зарар кўриб ишлайдиган ва истиқболсиз ширкат хўжаликлари рўйхати 2-иловага* мувофиқ;
2005—2007 йиллар даврида қишлоқда ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш дастури 3-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
* 1—3-иловалар берилмайди.
2005 йилда фермер хўжаликларига айлантириладиган зарар кўриб ишлайдиган ва истиқболсиз ширкат хўжаликлари рўйхати жойлардан тушган таклифларга кўра улар сонини кўпайтириш томонига ўзгартирилиши мумкин.
2. Белгилаб қўйилсинки, қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш, шунингдек қишлоқда бозор ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини барпо этиш «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 5 январдаги 8-сон ва «2004—2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарорларига қатъий мувофиқ амалга оширилади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда:
ғолибларни аниқлашда холисликни таъминлашни, талабгорлар ўртасида очиқ ва ошкора танловлар ўтказишни назарда тутган ҳолда 2-иловага мувофиқ ширкат хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантириш чора-тадбирларини амалга оширсинлар;
майда пахтачилик ва ғаллачилик фермер хўжаликларининг ер майдонларини белгиланган тартибда мақбуллаштириш ва йириклаштириш, уларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, механизациялаш даражасини ошириш чора-тадбирларини кўрсинлар.
4. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев):
икки ҳафта муддатда 2005 йилда қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳудудида ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектлари 3-иловага қатъий мувофиқ равишда жойлаштирилишини белгиласин ҳамда уларнинг ташкил этилиши устидан назоратни таъминласин;
2005 йил 1 апрелгача бўлган муддатда зарар кўриб ишлайдиган ва истиқболсиз ихтисослаштирилган чорвачилик, қоракўлчилик ва мева-сабзавотчилик ширкат хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантириш концепциясини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2005 йил 1 ноябргача бўлган муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2006 йилда фермер хўжаликларига айлантириладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари рўйхатини тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. «Ўздонмаҳсулот» компанияси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда қайта ташкил этилаётган ширкат хўжаликлари билан илгари тузилган контрактация шартномаларига мутаносиб ҳажмда давлат эҳтиёжлари учун 2005 йил ҳосилидан бошоқли экинлар донини харид қилишга янгидан ташкил этилган фермер хўжаликлари билан контрактация шартномалари тузиш ишларини ташкил этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2005 йилда 2-иловага мувофиқ қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта ташкил этиш натижасида бўшаб қоладиган ходимларни ишга жойлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қишлоқ хўжалиги корхоналари фермер хўжаликларига айлантирилиши, фермерларга ер участкалари беришда қонунийликка риоя этилиши ва талабгорлар ўртасида танловлар ўтказилишининг холисоналиги, шунингдек фермер хўжаликлари томонидан шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши устидан доимий мониторинг ўрнатсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
сувдан фойдаланувчилар уюшмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши механизмини такомиллаштириш юзасидан икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар;
уч ой муддатда фермер хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўплам шаклида нашр этсинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда хорижий инвестицияларни, шу жумладан фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш бўйича бозор инфратузилмасини ривожлантиришга, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида етказиб беришни кўпайтиришга ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга йўналтирилган имтиёзли кредитларни жалб этиш чора-тадбирларини кўрсинлар.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сон қарори таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 34—36-сон, 264-модда)
13. Ўзбекистон Телерадио компанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси фермер хўжаликларини ривожлантириш ва уларнинг фаолияти, қишлоқда ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини ташкил этиш ва ривожлантириш масалаларини ёритиш бўйича телевидение ва оммавий ахборот воситаларида махсус кўрсатувлар ва рукнлар ташкил этсинлар.
14. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 24 декабрь,
607-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2004 йил 24 декабрдаги 607-сон
қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 5 январдаги 8-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 1-сон, 2-модда):
а) Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссия тўғрисидаги намунавий низомда:
1.2-бандда:
иккинчи хатбошидаги «ҳокимининг биринчи ўринбосари — Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи» сўзлари «ҳоким ўринбосари» сўзлари билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошидаги «ер ресурслари туман хизмати» сўзлари «туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими» сўзлари билан алмаштирилсин;
1.3-банддаги «бошқармаси» сўзи «бўлими» сўзи билан алмаштирилсин;
б) Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси негизида фермер хўжалиги барпо этиш учун талабгорларни танлаш ва уларнинг танловини ўтказиш тартибида:
2.3-банднинг иккинчи хатбошидаги «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасининг туман хизматлари» сўзлари «туманлар ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
5.3-банддаги «Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантиришда мазкур Тартибга 2-иловага биноан шакл бўйича ижара шартномаси ер участкасини узоқ муддатли ижарага беришнинг намунавий шартномасига» сўзлари «Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олишнинг намунавий шартномасига» сўзлари билан алмаштирилсин;
Тартибга 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «2004—2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 10-сон, 105-модда):
а) 5-бандда:
биринчи хатбошидаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 19 июндаги 278-сон қарори билан ташкил этилган Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш юзасидан қабул қилинган ҳужжатлар амалга оширилишининг мониторинги бўйича Ҳукумат комиссиясига» сўзлари «Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш республика комиссияси» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбошидаги «Ҳукумат комиссияси (Р.С. Азимов) сўзлари Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев) сўзлари билан алмаштирилсин;
б) Фермер хўжалигининг намунавий уставида:
1-банд «танлов асосида» сўзларидан кейин ва «ижара шартномасига кўра» сўзлари билан тўлдирилсин;
3-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«3. Фермер хўжалиги давлат мажбуриятлари юзасидан, давлат эса фермер хўжалиги мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди.
Фермер хўжалиги ўз мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ назарда тутилган ҳажмларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни таъминлаш, шунингдек етказиб берилган моддий-техника ресурслари ва кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида ҳақ тўлаш юзасидан мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки билан жавоб беради.
Фермер хўжалиги раҳбари фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзига тегишли мол-мулки билан субсидиар жавоб беради»;
5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«5. Уставда:
фермер хўжалигининг номи;
фермер хўжалиги раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;
фермер хўжалиги жойлашган жой ва унинг почта манзили;
фермер хўжалигининг ихтисослашуви ва фаолиятининг асосий турлари;
устав фондининг миқдори кўрсатилиши керак.
Фермер хўжалигининг уставида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам кўрсатилиши мумкин»;
11-бандда:
ўн учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«кредитлар олиш учун ўз мол-мулкини, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш»;
ўн еттинчи хатбошидаги «бирлашиш» сўзи «қўшилиш» сўзи билан алмаштирилсин;
12-бандда:
иккинчи хатбошидаги «ижара шартномасида белгиланган мақсад ва шартларда» сўзлари «қонун ҳужжатларида ва ижара шартномасида белгиланган шартларда» сўзлари билан алмаштирилсин;
тўққизинчи хатбоши «ер участкасидан фойдаланиш шартларига ва» сўзлари билан тўлдирилсин;
ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ назарда тутилган ҳажмларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни таъминлаш»;
ўн учинчи хатбошидаги «стандартлар» сўзи «агротехника» сўзи билан алмаштирилсин;
ўн тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш»;
банд қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ўз ходимлари учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш»;
13-бандда:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Уставда фермер хўжалигининг пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бинолар, иншоотлар, бошқа мол-мулк ёки пул баҳосидаги мулкий ҳуқуқлардан ҳосил бўлиши мумкин бўлган устав фонди миқдори кўрсатилади»;
банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Фермер хўжалигининг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш фермер хўжалиги раҳбарининг қарорига кўра фермер хўжалиги уставига ўзгартириш киритиш йўли билан амалга оширилади»;
19-банд биринчи хатбошининг иккинчи жумласи «қонун ҳужжатларига» сўзларидан кейин «ер участкасини ижарага олиш шартномасига» сўзлари билан тўлдирилсин»;
36-банддаги «бирлашиш» сўзи «қўшилиш» сўзи билан алмаштирилсин;
в) Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомда:
8-банднинг биринчи хатбоши «бўлиши» сўзидан кейин «шунингдек субижарага берилиши» сўзлари билан тўлдирилсин;
15-банд «қарор чиқаради ва» сўзларидан кейин «уч кун муддатда» сўзлари билан тўлдирилсин;
16-банд қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Рад этиш тўғрисидаги қарор танловни ўтказиш шартлари бузилган тақдирда ва ер участкасини ижарага бериш тартибининг қўпол равишда бузилишлари аниқланган ҳолларда қабул қилинади»;
31-банддаги «ер ресурслари бўйича туман хизмати» сўзлари «туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими» сўзлари билан алмаштирилсин;
36-банддаги «ер ресурслари бўйича туман хизматида» сўзлари «туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида» сўзлари билан алмаштирилсин.

(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 52-сон, 521-модда; 2005 й., 34—36-сон, 264-модда)