Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан Миср Араб Республикаси Инвестициялар ва эркин ҳудудлар бўйича Бош дирекцияси (GAFI) ўртасида
Икки томонлама инвестиция алоқаларини ривожлантириш соҳасида англашув меморандуми
Тошкент, 5 сентябрь 2018 йил
(Ўзбекистон Республикаси учун 2018 йил 5 сентябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Миср Араб Республикаси Инвестициялар ва эркин ҳудудлар бўйича Бош дирекцияси (GAFI) (кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар) ўртасида икки томонлама инвестиция алоқаларини кенгайтириш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилган ҳолда,
Мазкур Англашув Меморандумининг мақсади икки давлатнинг миллий қонунчилиги ва тартиботи ҳамда Томонларнинг тегишли шартлари ва мавжуд ресурсларни ҳисобга олган ҳолда икки Томоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига ёрдамлашиш йўлида тадбиркорлик муҳити ва инвестициялар бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали икки томонлама инвестицияларни кенгайтириш ва тажриба алмашиш учун амалий асосни яратиш ҳисобланади.
Томонлар қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ахборот алмашиш
Томонлар ҳар иккала давлатнинг амалдаги қонунчилиги ва тартиботига мувофиқ инвестициялар бўйича ўзаро ахборот алмашинувини рағбатлантирадилар.
Ҳар бир Томон бошқа Томонни ўз давлатларидаги инвестиция муҳитига тааллуқли инвестиция имкониятлари, қонунчилик, тартиб- қоидалар ва олиб борилаётган сиёсат тўғрисида хабардор қилади ҳамда инвестицияга кўмаклашиш ва қўшма корхоналарни ишга тушириш учун уларни ишбилармон доираларга етказишга ҳаракат қилади.
Томонлар ўзларида нашр этиладиган инвестиция муҳитига тааллуқли адабиётлар, даврий нашрлар ва йўриқномалар билан ўзаро алмашадилар ва уларни икки давлат ишбилармон доираларига етказишга ҳаракат қиладилар.
2-модда
Ахборот махфийлиги
Томонлар ўртасида алмашиниладиган барча маълумотлар қатъий равишда махфий ҳисобланади ва бошқа Томоннинг олдиндан ёзма розилигисиз учинчи томонга ошкор этилиши мумкин эмас. Шунингдек, ундан мазкур Англашув Меморандумида назарда тутилмаган мақсадлар учун ҳам фойдаланилмайди.
3-модда
Ишбилармонлик ташрифлари ва инвестиция тадбирлари
Томонлар ишбилармонлик муҳитини яратиш билан боғлиқ ҳар бир Томоннинг илғор тажриба ва амалиётини ўрганиш мақсадида ишбилармонлар делегацияларининг ўзаро ташрифларини рағбатлантирадилар.
Ҳар бир Томон бошқа Томон билан Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида инвестиция билан боғлиқ, шунингдек, икки давлат компаниялари ва тадбиркорларини бирлаштиришга қаратилган конференция ва семинарлар ташкил этишда ҳамкорлик қилади.
4-модда
Бизнесга кўмаклашиш
Томонлар инвестициялар дуч келиши мумкин бўлган чекловларни аниқлаш ва уларга ечимларни таклиф қилиш орқали инвестиция ҳажми ўсиши ва кўпайишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай тўсиқни бартараф этиш бўйича барча зарур чора-тадбирларни амалга оширадилар.
5-модда
Тажриба алмашиш
Томонлар қуйидаги соҳаларда ўзаро амалий билим ва тажриба алмашишни рағбатлантирадилар:
инвестицияни қўллаб-қувватлаш;
инвестиция хизматлари ва жараёнларини тартибга солиш;
иккала Томон ўртасида чет эл инвестицияларини жалб этиш бўйича уларнинг инвестиция сиёсатини мувофиқлаштириш;
инвестиция низоларини ҳал қилиш ва олдини олиш механизмларини ишлаб чиқиш.
Ўқув дастурлари, ишчи учрашувлар, семинарлар ва анжуманлар ташкил этиш орқали.
6-модда
Харажатлар
Ҳар бир Томон мазкур Англашув Меморандуми доирасида юқорида кўрсатилган тадбирларда ўзининг иштирок этиши билан боғлиқ сарф-харажатларни мустақил тарзда қоплайди.
7-модда
Ҳаракат режаси
Томонлар инвестиция бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳаракатлар режасини тайёрлайдиган ва мавжуд Меморандумга икки давлат ўртасидаги инвестицияни ривожлантириш учун зарур бўлган ўзгартиришлар киритишни талаб этадиган янги масалаларни ҳисобга олган ҳолда Томонлар ўртасида ҳамда мазкур Англашув Меморандуми қоидаларини амалга ошириш ва вақти-вақти билан қайта кўриб чиқиш билан шуғулланадиган қўшма ишчи гуруҳни тузадилар.
Ишчи гуруҳлар навбат билан ҳар иккала давлатда ўз учрашувларини ўтказадилар ва ҳар бир Томондан координаторларни белгилайдилар.
8-модда
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Англашув Меморандуми қоидаларини қўллаш ёки талқин этишда юзага келувчи ҳар қандай низолар миллий, халқаро ёки учинчи томон судларига мурожаат этмаган ҳолда, Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ўтқазиш орқали ҳал этилади.
9-модда
Ўзгартиришлар
Томонлар ўзаро розиликсиз ва тегишли идоралар рухсатисиз ҳеч қандай ўзгартиришлар ёки ҳамкорликнинг янги соҳаларини қўшмасликка келишдилар.
10-модда
Кучга кириши
Мазкур Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири иккинчи Томонга мазкур Меморандумни тугатиш тўғрисидаги ёзма хабарномасини берган санадан уч (3) ой ўтгунга қадар амалда бўлади.
Мазкур Меморандум Томонлар ёки уларнинг давлатлари ўртасида халқаро ҳуқуқ ёки миллий қонунчилик доирасида ҳеч қандай ҳуқуқий ёки молиявий мажбуриятлар келтириб чиқармайди.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 5 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида имзоланди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)