Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Республикада паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги 686-сонли ««Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкини молиявий барқарорлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республикада паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳага замонавий ва илғор технологияларни жорий этиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва ички истеъмол бозорини паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, «Паррандасаноат» уюшмаси ва «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкининг «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки раисининг ўринбосари — «Паррандасаноат» уюшмаси кенгаши раиси ҳамда «Паррандасаноат» уюшмаси ижрочи директори лавозимларини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки раисининг ўринбосари — «Паррандасаноат» уюшмаси кенгаши раиси ҳамда «Паррандасаноат» уюшмаси ижрочи директори зиммасига паррандачилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш, соҳага хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, замонавий ва илғор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари юклансин.
3. «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки раисининг ўринбосари — «Паррандасаноат» уюшмаси кенгаши раиси ҳамда «Паррандасаноат» уюшмаси ижрочи директори лавозимларига номзодлар бўйича бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
4. «Паррандасаноат» уюшмаси «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки билан биргаликда ушбу қарордан келиб чиқиб «Паррандасаноат» уюшмасининг уставига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 28 сентябрь,
774-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.09.2018 й., 09/18/774/1983-сон)