Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Ургут» эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
«Ургут» эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш орқали юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шунингдек, Самарқанд вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 10 апрелдаги 196-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 4-сон, 43-модда) 1-иловаси I бўлими қуйидаги мазмундаги 5-банд билан тўлдирилсин:
«5. Самарқанд шаҳар «Хишрав-2» массиви ер майдонлари қуйидаги чегаралар билан:
шимолий томондан — «Дарғом» канали ҳудуди;
шарқий томондан — Самарқанд вилояти Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг малака ошириш маркази ҳудуди;
жанубий томондан — давлат захира ерининг жарликкача бўлган ҳудуди;
ғарбий томондан — Мудофаа вазирлигининг ҳарбий базасига туташ ҳудуди».
2. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда ушбу қарорнинг 1-бандидан келиб чиқиб, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ҳудудининг чегараларини қайта белгиласин ва тегишли ер участкалари ажратилишини таъминласин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.О. Турдимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 7 август,
628-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.08.2018 й., 09/18/628/1634-сон)