Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларининг фуқаро ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантиришни такомиллаштиришга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сон Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 20 ноябрдаги ПФ-5246-сон Фармонига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларининг фуқаро ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантиришни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С. Отажонов, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири А.А. Азизов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Мажидов ҳамда Мудофаа саноати давлат қўмитаси раиси А.С. Ибадуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 11 июль,
528-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 июлдаги 528-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида» 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 3-илованинг номида:
а) «Бирлашган штаби» сўзлари «Бош штаби» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) «Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси» сўзларидан сўнг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси» сўзлари қўшилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Қуролли Кучлари Бирлашган штабининг фуқаро ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида» 2013 йил 24 январдаги 17-сон қарорида:
а) қарорнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлари Бош штаби, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларининг фуқаро ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида»;
б) қарорнинг муқаддимасида:
«Бирлашган штабининг» сўзлари «Бош штабининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
«Қуролли Кучлар Бош штабининг» сўзларидан сўнг «Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларининг» сўзлари қўшилсин;
в) 1-банднинг биринчи хатбошидаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг» сўзларидан сўнг «Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари, шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларининг» сўзлари қўшилсин;
г) 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўйича — ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;
Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари, шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари бўйича — ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида амалга оширилади».

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.07.2018 й., 09/18/528/1494-сон)