Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3726-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, тавсияномалар қуйидагиларга:
мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар-хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)нинг ҳақиқий хизматни ўтаётган офицерларига, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга — бевосита командирлари (бошлиқлари) тавсияномасига асосан улар фарзандларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун;
ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг офицерлари, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчилари фарзандларига берилади.
Тавсияномалар бланкаларини тайёрлаш вазирликлар ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ҳар йили ушбу вазирликлар ва идоралар учун назарда тутиладиган маблағлар ҳисобига «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар:
2018 йилда тавсияномалар бериш тадбирларини жорий йилнинг июнь ойида ушбу қарор билан тасдиқланаётган Низом талабларига мувофиқ амалга оширсинлар;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири А.А. Азизов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 22 июнь,
462-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги 462-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига (кейинги ўринларда олий таълим муассасалари деб аталади) ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартибини белгилайди.
2. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар қуйидагиларга берилади:
мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар-хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган ҳақиқий хизматни ўтаётган офицерларга, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга (кейинги ўринларда ҳарбий хизматчилар деб аталади) — улар фарзандларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун бевосита командирларнинг (бошлиқларнинг) тавсияси бўйича мазкур Низомнинг 1-иловасидаги шаклда;
ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадорлик, контузия, шикаст олиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг офицер, сержант ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига — мазкур Низомнинг 2-иловасидаги шаклда.
3. Тавсияномалар бланклари қатъий ҳисобда турувчи ҳужжат ҳисобланади, ҳисоб серияси, рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади, «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади.
4. Тавсияномалар мазкур Низомнинг 3-иловасидаги схема бўйича ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини Ўзбекистон Республикасининг битта олий таълим муассасасига бир марта кириши учун уч йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.
2-боб. Тавсияномаларни бериш тартиби
5. Тавсияномаларни бериш масаласини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликларда (идораларда) вазирлик (идора) раҳбарининг тегишли масалалар бўйича ўринбосари раислигида комиссия тузилади.
Камида беш нафар раҳбар ходимлар ва ваколатли мутахассислардан иборат бўлган комиссия Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик (идора) раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.
6. Ҳар йили март ойида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи тегишли вазирлик (идоралар) комиссияларида қуйидагилар кўриб чиқилади:
ҳарбий хизматчилар фарзандларининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тўғрисидаги тавсиялари билан командирлар (бошлиқлар)нинг таклифлари;
ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг офицер, сержант ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари рўйхатлари.
7. Командир (бошлиқ)лар комиссияга кўриб чиқиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади
а) ҳарбий хизматчига:
бевосита командир (бошлиқ)нинг тавсияномаси;
маълумотнома-объективка;
биографик маълумотлар;
хизмат фаолияти натижалари бўйича батафсил ҳисобот;
ҳарбий хизматчи фарзандининг паспорти ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхалари;
б) ҳалок бўлган ҳарбий хизматчига:
вазирлик (идора) ҳудудий органи, мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг тавсияномаси;
ҳарбий хизматчи ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлганлиги тўғрисида вазирлик (идора) раҳбарининг буйруғидан кўчирма;
ҳарбий хизматчининг ўлими ҳақидаги гувоҳномадан нусха;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи фарзандининг паспорти ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхалари;
в) ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчига:
вазирлик (идора) ҳудудий органи, мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг тавсияномаси;
тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ҳарбий хизматчининг ногиронлиги ҳақидаги маълумотнома;
ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар бўйича ҳарбий-тиббий экспертиза ўтказадиган муассасанинг хулосаси;
ҳарбий хизматчи фарзандининг паспорти ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхалари.
Мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
8. Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)нинг комиссияларига кўриб чиқиш учун ҳар йили 15 мартгача тақдим этилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)нинг комиссиялари ҳарбий хизматчилар тақдим этган ҳужжатларни ҳар йили 1 апрелгача кўриб чиқади. Бунда мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар-хизмат ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган ҳарбий хизматчиларга алоҳида эътибор қаратилади.
Комиссия йиғилиши якунлари бўйича баённома тузилади, у комиссия раисининг имзоси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи тегишли вазирлик (идора)нинг гербли муҳри билан тасдиқланади.
10. Тавсиянома олган ҳарбий хизматчиларнинг рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.
11. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар) Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига мазкур Низомда кўзда тутилган тартибда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар берилган, ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар фарзандларининг рўйхатларини ҳар йили 1 майгача мазкур Низомнинг 4-иловасида келтирилган шаклда юборадилар.
3-боб. Якунловчи қоидалар
12. Комиссиянинг ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
13. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Тавсиянома бланкасининг шакли
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Тавсиянома бланкасининг шакли
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА
Ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, ярадорлик, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияга эга бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандлари
РЎЙХАТИ

Т/р

Абитуриент (номзод)нинг фамилияси, исми, отасининг исми

Абитуриент (номзод) паспорти (гувоҳномаси)нинг серияси ва номери

Қайси вазирлик (идора) вакили

Таълимнинг режалаштирилаётган йўналиши

Тавсиянома номери

Изоҳ

1.

2.

3.


(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.06.2018 й., 09/18/462/1383-сон)