Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини кадастр бўйича бўлиш ҳамда ер участкалари, бинолар ва иншоотларнинг кадастр рақамларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ер участкалари, бинолар ва иншоотларни ҳисобга олиш ҳамда уларга эгалик қилиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини кадастр бўйича бўлиш ҳамда ер участкалари, бинолар ва иншоотларнинг кадастр рақамларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 21 январдаги 35-сон қарори билан тасдиқланган схема бўйича берилган кадастр рақамлари ҳақиқий деб ҳисобланади ва кўчмас мулк бўйича операцияларнинг амалга оширилишига кўра янги рақамлар билан алмаштириб борилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган бинолар ва иншоотлар бўйича рўйхатга олиш баҳолаш ишларини амалга ошириш тўғрисида» 1998 йил 21 январдаги 35-сон қарорининг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари В.Ю. Атаев ва Т. Холтоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 31 декабрь,
492-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2001 йил 31 декабрдаги 492-сон
қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини кадастр бўйича бўлиш ҳамда ер участкалари, бинолар ва иншоотларнинг кадастр рақамларини шакллантириш тартиби тўғрисида
низом
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини кадастр бўйича бўлиш ҳамда ер участкалари, бинолар ва иншоотларга эгалик қилиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишда уларга кадастр рақамларини шакллантириш ва бериш тартибини белгилайди.
I. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини кадастр бўйича бўлиш таркиби ва принциплари
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини кадастр бўйича бўлиш кўчмас мулкни ҳисобга олишнинг ягона тизимини яратиш ҳамда ер участкалари, бинолар ва иншоотларга кадастр рақамлари бериш мақсадида амалга оширилади.
Кадастр бўйича бўлиш ва кадастр рақами бериш тизими кўчмас мулкни ҳисобга олишнинг ягона тизимида ҳар қандай ер участкалари, бинолар ва иншоотларни бир хилда идентификациялашни таъминлаши керак.
2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар, кадастр зоналари, кадастр массивлари, кадастр мавзелари, ер участкалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини кадастр бўйича бўлиш бирликлари ҳисобланади.
3. Минтақалар, туманлар ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар даражасида кадастр бўйича бўлиш чегаралари маъмурий бўлиниш чегараларига тўғри келади. Тегишли равишда маъмурий туман (вилоятга бўйсунувчи шаҳар) ҳудуди кадастр зоналарига бўлинади.
Маъмурий туман ҳудудини бўлишда қишлоқлар, овуллар ва туманга бўйсунувчи шаҳарлар (шаҳарчалар); вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар ҳудудини бўлишда шаҳар туманлари (мавжуд бўлса) ёки турли (табиий, иморатнинг қурилиши хусусияти, фойдаланиш мақсади каби) белгилари бўйича ажралиб турадиган шаҳарлар қисмлари, масалан: саноат зонаси, турар жой массивлари, боғ ва дам олиш зоналари кабилар кадастр зоналари сифатида қабул қилинади.
Кадастр зоналари чегаралари кадастр массивларининг ташқи чегаралари тегишли геодезия координатларига эга бўлган чегара бурилишининг биркитилган нуқталари бўйлаб ёки табиий чегаралар (дарёлар, темир йўллар, магистрал каналлар, коллекторлар, бошқа мунтазам объектлар) бўйлаб ўтиши керак. Кадастр зоналари маъмурий туман ёки шаҳар ҳудудини узилишларсиз ва кесиб ўтишувларсиз қоплаши керак.
4. Кадастр зонаси ҳудуди кадастр массивларига бўлинади.
Қишлоқ, овул кадастр зонаси ҳисобланган ҳолларда қишлоқ аҳоли пунктлари, қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ва бошқа мақсаддаги ер массивлари кадастр массивлари сифатида қабул қилинади.
Туман бўйсунишидаги шаҳар (шаҳарча), шаҳар тумани ёки шаҳарнинг бир қисми кадастр зонаси ҳисобланган ҳолларда маҳалла кадастр массивлари сифатида қабул қилинади, бунда кадастр массивлари чегараси кадастр мавзеларининг ташқи чегаралари бўйлаб ўтиши ва аҳоли пунктларининг кўчалари ёки ташқи чегаралари билан мос келиши керак. Кадастр массивлари кадастр зонаси ҳудудини узилишларсиз ва кесиб ўтишувларсиз қоплаши керак.
5. Кадастр массиви ҳудуди кадастр мавзеларига бўлинади.
Қишлоқ аҳоли пункти ёки маҳалла кадастр массиви ҳисобланган ҳолларда шаклланган режалаштириш, иморатларнинг қизил чизиқлари, мавжуд мунтазам объектлар (кўчалар, йўллар, дарёлар, сув оқимлари, кўтарма кўприклар ва бошқалар), бошқа табиий чегаралар ҳисобга олинган ҳолда ҳар хил белгилар (табиий, иморатнинг қурилиши хусусияти, фойдаланиш мақсади ва ҳоказолар) бўйича ажралиб турадиган ер участкаларининг жами сифатида қабул қилинади.
Қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ва бошқа мақсаддаги ер массиви кадастр массиви ҳисобланган ҳолларда боғдорчилик-узумчилик ёки полизчилик ширкати, қишлоқ хўжалиги корхонаси ёки бошқа корхона ва йирик объектлар кадастр мавзеси сифатида қабул қилинади.
Кадастр мавзелари кадастр массиви ҳудудини узилишларсиз ва кесиб ўтишувларсиз қоплаши керак.
6. Ер участкалари кадастр бўйича бўлишнинг ва ажратиш тартибида ажратилган ерни ҳисобга олишнинг бирламчи бирлиги ҳисобланади.
Муайян юридик ва жисмоний шахсларга бириктирилмаган умумий фойдаланиладиган кўчалар, майдонлар, кўкаламзорлаштирилган зоналар, ёдгорлик комплекслари, қабристонлар, шаҳар ахлатхоналари, шаҳар қурилиши учун ажратиладиган захира ерлар ва бошқа ерларга бўлинадиган кадастр бўйича ҳисобга олиш участкалари ерни кадастр бўйича бўлиш ва ҳисобга олиш бирлиги ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Ҳудудларни кадастр бўйича бўлиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари томонидан амалга оширилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 42-сон, 446-модда)
8. Кадастр бўйича бўлиш материаллари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.
II. Ер участкаси, бино, иншоот кадастр рақамининг таркиби ва уларни шакллантириш тартиби
9. Ер участкалари, бинолар ва иншоотларни Ўзбекистон Республикасида идентификациялаш тизими ягона принцип бўйича қурилади, унга ер участкасининг кадастр рақами асос қилиб олинган.
Кадастр рақами ер участкаси, бино, иншоотга тегишли Ўзбекистон Республикаси ҳудудида такрорланмайдиган рақамдир, у қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда уни шакллантиришда берилади ва у рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқнинг ягона объекти сифатида мавжуд бўлгунига қадар сақланиб қолади.
10. Кадастр бўйича рақамлаш тизими ер участкалари, бинолар ва иншоотларнинг кадастр рақамларини идентификациялаш ва ҳисобга олишнинг ягона тизимига интеграция қилинади.
11. Қуйидагилар ер участкаси, бино, иншоот кадастр рақамининг мажбурий элементларини ташкил этади:
минтақа (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)нинг рақами;
минтақа таркибидаги маъмурий туман ёки вилоят бўйсунишидаги шаҳарнинг рақами;
кадастр зонаси рақами;
кадастр массиви рақами;
кадастр мавзеси рақами;
ер участкаси рақами;
бино, иншоотнинг рақами;
бино, иншоот бир қисмининг рақами.
12. Кадастр рақами қуйидаги тузилмага эга:
АА : ВВ : СС : DD : EE : FFFF : GGGG : HHH,
бунда: АА — минтақанинг рақами (коди)ни билдирувчи икки разрядли ўнли сон;
ВВ — минтақа таркибидаги маъмурий-ҳудудий тузилма (маъмурий туман, вилоят бўйсунишидаги шаҳар)нинг рақами (коди)ни билдирувчи икки разрядли ўнли сон;
СС — кадастр зонаси рақами (коди)ни билдирувчи икки разрядли ўнли сон;
DD — кадастр зонаси доирасида кадастр массиви рақами (коди)ни билдирувчи икки разрядли ўнли сон;
ЕЕ — кадастр массиви доирасида кадастр мавзеси рақами (коди)ни билдирувчи икки разрядли ўнли сон;
FFFF — кадастр мавзеси доирасида ер участкаси рақами (коди)ни билдирувчи тўрт разрядли ўнли сон;
GGGG — ер участкаси доирасида бино, иншоот рақами (коди)ни билдирувчи тўрт разрядли ўнли сон;
ННН — бино, иншоотлар бир қисми рақами (коди)ни билдирувчи уч разрядли ўнли сон.
13. Кадастр зоналари, массивлари ва мавзеларини кадастр бўйича бўлиш ва шакллантириш вақтида уларнинг чегаралари, одатда, шаҳарлар, шаҳар туманлари, қишлоқлар, овулларнинг маъмурий чегараларига тўғри келади. Кейинчалик, маъмурий чегаралар ўзгарганда, кадастр бўйича бўлиниш схемасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
14. Ер участкасининг кадастр рақамини шакллантириш ер участкаси кўчмас мулк объекти сифатида шакллантирилган ва унинг чегаралари туман (шаҳар) навбатчи индексли кадастр харитаси (режаси)га киритилганидан кейин бошланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Ер участкаларига, бинолар ва иншоотларга, биноларнинг, иншоотларнинг бир қисмига кадастр рақамлари бериш туман (шаҳар) ер-кадастр дафтарини тўлдиришда ҳамда бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг тегишли туманлар (шаҳарлар)даги филиаллари томонидан амалга оширилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 августдаги 679-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда)
16. Бино, иншоотнинг кадастр рақами бинолар ва иншоотларнинг ер участкаси чегарасидаги навбатдаги тартиб рақами сифатида шакллантирилади.
17. Бино, иншоотлар бир қисмининг кадастр рақами асосий бино, иншоот чегарасидаги навбатдаги тартиб рақами сифатида шакллантирилади.
18. Янгидан суратга олиш (тузатишлар киритиш), рўйхатга олиш, янги кадастр харита (режа)ларини тайёрлаш вақтида ер участкаси, бино ва иншоотнинг (уларнинг бир қисмидан ташқари) кадастр рақамини ташкил этувчи мажбурий элементлари ўзгартирилмайди.
19. Ер участкасига, бино, иншоотга эгалик қилиш ҳуқуқларининг бошқа қонуний ҳуқуқ эгасига ўтиши ва (ёки) ҳуқуқ турининг ўзгаришини давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида мазкур ер участкаси, бино, иншоотнинг кадастр рақами ўзгартирилмайди.
Ер участкалари билан, мавжуд чегараларнинг ўзгариши ва янги участка(лар)нинг шакллантирилиши билан боғлиқ равишда мазкур участкани бўлиш ёки унинг бошқа(лари)си билан қўшилиб кетишини келтириб чиқарувчи операцияларни амалга ошириш вақтида уларга белгиланган тартибда янги кадастр рақамлари берилади.
Илгари берилган кадастр рақамлари йўқотилган ҳисобланади ва улардан қайта фойдаланилиши мумкин эмас.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 22-24-сон, 161-модда; 2004 й., 42-сон, 446-модда; 2014 й., 23-сон, 269-модда; 2017 й., 35-сон, 931-модда)