Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 1 декабрдаги ПФ-5270-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик, идоралар ва олий таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахслар абитуриент сифатида ҳужжат топширган олий таълим муассасаларида кириш имтиҳонлари ўтказиладиган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўқийдиган бино ва аудиторияларда зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 2 июнь,
417-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги 417-сон қарорига
ИЛОВА
Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
2. Олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталарининг (кейинги ўринларда қўшимча квота деб аталади) таълим йўналишлари бўйича тақсимоти олий таълим муассасалари томонидан шакллантирилиб, бўйсунувига кўра вазирлик ва идоралар орқали ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинганидан сўнг икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) тақдим этилади.
Олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча квоталарнинг таълим йўналишлари бўйича тақсимоти икки ҳафта муддатда Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
3. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш тоифасига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси (академик лицей, касб-ҳунар коллежи)ни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномага эга I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ногирон болалар (кейинги ўринларда ногиронлиги бўлган шахслар деб аталади) киради.
4. Олий таълим муассасасининг қабул комиссияси томонидан кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бино ва аудиторияларда ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
5. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) натижаларига мувофиқ амалга оширилади.
6. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган қўшимча квоталар асосида қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллари билан мазкур таълим йўналишида умумий тартибда танловда иштирок этади.
7. Олий таълим муассасаларига кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-иловада белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Ҳужжатларни қабул қилиш ва ўрганиш
9. Қабул жараёнида олий таълим муассасаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги деб аталади) ҳудудий бошқармаси вакилларидан иборат таркибда олий таълим муассасасида ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш комиссияси ташкил этилади.
Ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш комиссияси таркибига Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакили ҳам киритилиши мумкин.
Қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатларни қабул қилиш комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
ногиронлиги бўлган шахслар билан касбга йўналтириш бўйича суҳбатлар ўтказиш;
ногиронлиги бўлган шахслардан ариза ва ҳужжатларни қабул қилиш.
10. Абитуриент олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига тақдим этиши лозим бўлган ҳужжатларга қўшимча равишда ногиронлиги бўлган шахслар ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини шахсан (ёки ишончли вакили томонидан) кўрсатган ҳолда, нусхасини тақдим этиши талаб этилади.
11. Барча абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) абитуриентлар базасига киритилади.
12. Давлат тест маркази ҳар йили 16 июлга қадар ногиронлиги бўлган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўрганиб чиқиш учун тақдим этади.
Ўрганиш натижалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар йили 20 июлга қадар Давлат тест марказига маълум қилинади.
Ўрганиш натижаларига кўра ногиронлиги тасдиқланмаган шахслар олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон)га қўйилмайди.
3-боб. Кириш имтиҳонларини топшириш
13. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича белгиланган тартибларга мувофиқ топширилади.
Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган ногиронлиги бўлган шахслар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари доирасида талабаликка тавсия этилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
14. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
15. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш
СХЕМАСИ

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.06.2018 й., 09/18/417/1311-сон)