Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 21 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3015]
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига асосан буюраман:
1. Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Ш. САДИКОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 15 май,
186-сон
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 2018 йил 15 майдаги 186-сон буйруғига
ИЛОВА
Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ махсус ахборот портали операторига (бундан буён матнда Оператор деб юритилади) нисбатан умумий талабларни ва махсус ахборот порталида (бундан буён матнда портал деб юритилади) давлат харидларини ташкил этиш бўйича унинг фаолияти тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Оператор сифатида ушбу Низом талабларига жавоб берадиган юридик шахс Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) белгиланади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
аванс тўлови — Агентлик томонидан белгиланадиган, давлат буюртмачиси (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади) ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси томонидан киритиладиган, операторнинг воситачилик йиғимларини ва томонларнинг закалатини ўз ичига олган молиявий маблағлар суммаси;
электрон давлат харидларига киритиш — ушбу Низомга мувофиқ Оператор томонидан буюртмачи ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисини электрон харид қилиш тартиб-таомилларидан фойдаланишга киритиш тартиб-таомили;
шахсий кабинет — электрон давлат харидларида иштирок этиш, ҳамда зарур ахборотни жойлаштириш ва ундан фойдалана олиши таъминлайдиган, буюртмачи ёки харид қилиш тартиб-таомили иштирокчисининг порталдаги индивидуал саҳифаси;
ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (бундан буён матнда ҲККП деб юритилади) –буюртмачи ёки харид қилиш тартиб-таомили иштирокчиси томонидан киритиладиган пул маблағларини ҳисобга олиш ва улар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга оширишни таъминлайдиган Операторнинг таркибий бўлинмаси;
харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) — харид қилиш тартиб-таомилида давлат харидларини ижро этиш учун талабгор сифатида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси резиденти ва норезиденти. Харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб деб топилган ва у билан шартнома тузилган иштирокчи давлат харидлари ижрочиси ҳисобланади (бундан буён матнда ижрочи деб юритилади).
2-боб. Оператор
§ 1. Операторга талаблар
3. Операторларга қуйидаги талаблар қўйилади:
давлат харидлари тўғрисидаги ахборотни жойлаштиришни ва ундан фойдаланишни, мажбуриятларни ҲККП орқали бажариш кафолатларини, давлат харидлари бўйича статистик маълумотларни қайта ишлашни таъминлайдиган электрон ахборот тизимининг мавжудлиги;
электрон тижорат ва ахборот технологиялари соҳасида малакали ходимлар мавжудлиги;
портални Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аппарат-техника воситаларида жойлаштириш;
унга нисбатан банкротлик тартиб-таомиллари қўлланилмаганлиги.
4. Агентлик Оператор функциясини бажаришни истаган юридик шахсдан (бундан буён матнда Аризачи деб юритилади) давлат харидлари соҳасида малакали ходимлар мавжудлиги тўғрисида маълумотларни сўрашга ҳақли.
§ 2. Операторни аниқлаш
5. Аризачи ўзининг ушбу Низом талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларини ҳамда қонунчилик талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган Одоб-ахлоқ қоидалари лойиҳасини илова қилган ҳолда Агентликка ариза юборади.
6. Агентлик ариза олингандан бошлаб бир ой муддатда тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомда ўрнатилган талабларга мувофиқлигини ўрганади.
7. Ўрганиш натижалари бўйича Агентлик қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
аризани қаноатлантириш ва Оператор функцияларини Аризачига юклаш ҳақида;
аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида.
8. Аризачига Оператор функциялари юклатилганда, у билан келишув тузилади, унда буюртмачи ва иштирокчилардан Оператор фойдасига олинадиган воситачилик йиғими миқдори назарда тутилади. Воситачилик йиғими миқдори барча Операторлар учун ягона ҳисобланади.
9. Оператор келишувни бекор қилишдан беш ой олдин, бу ҳақда Агентликка хабарнома юборган ҳолда ўз ташаббуси билан Операторлик функцияларини бажаришдан воз кечишга ҳақли.
10. Агентлик қарори билан, Оператор қуйидаги ҳолларда ўз функцияларини бажаришидан четлаштирилиши мумкин:
у томонидан давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари жиддий бузилганда;
унга нисбатан банкротлик тартиб-таомиллари қўлланилганда.
11. Оператор ўз вазифаларини бажаришдан четлаштирилган тақдирда Агентлик ва Оператор ўртасида тузилган келишув ушбу келишувда ўрнатилган тартибда бекор қилинади.
§ 3. Операторнинг функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
12. Оператор қуйидаги функцияларни амалга оширади:
порталнинг узлуксиз ишлашини, унга жойлаштирилган ахборотнинг бут сақланишини ва бир бутунлигини, мазкур порталнинг тегишли давлат бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари ва ахборот тизимлари билан белгиланган тартибда уйғун ишлашини таъминлайди;
қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотнинг электрон шаклда сақланишини, шу жумладан электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар сақланишини таъминлайди;
порталда давлат бошқаруви органлари ўртасида ахборот алмашинувини ташкил этади;
портални Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аппарат-техника воситаларига жойлаштиради;
портални техник қўллаб-қувватлаш ишларини амалга оширади;
Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзинжиниринг» республика лойиҳалаштириш институти билан ҳамкорликни амалга оширади;
қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияни тузади ва унинг фаолиятини ташкил этади, унинг ишчи органи функцияларини бажаради.
Оператор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
13. Операторнинг мажбуриятлари:
ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш;
давлат харидларида иштирок этиш учун буюртмачиларга ва иштирокчиларга порталдан бепул эркин фойдаланишларини таъминлаш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ порталда мавжуд бўлган ахборотдан жисмоний ва юридик шахсларнинг бепул эркин фойдаланишни таъминлаш;
давлат харидлари соҳасидаги ҳисоботни техник қўллаб-қувватлашни таъминлаш;
интеграция масалалари ҳамда давлат ахборот тизимлари ва давлат электрон ахборот ресурслари хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус ваколатли орган билан ҳамкорликни амалга ошириш;
давлат харидларига тааллуқли ахборотнинг бутлигини таъминлаш;
порталда Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини жойлаштириш;
тузилган шартномалар реестрини шакллантириш;
давлат харидлари натижалари ҳақида портал орқали Агентликни хабардор этиш;
Агентликка давлат харидлари билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш;
ягона етказиб берувчилар реестрини юритиш;
давлат харидлари натижалари бўйича товарлар, ишлар, хизматлар нархлари маълумотлар базасини ташкил этиш ва янгилаб бориш;
одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш;
Оператор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.
14. Оператор қуйидаги ҳуқуқларга эга:
порталга жойлаштириладиган файлларга нисбатан технологик талаблар, шунингдек, ахборот хавфсизлиги бўйича талаблар ўрнатишга;
буюртмачи томонидан харидларни амалга ошириш тўғрисида эълон ва харидлар режа-жадваллар жойлаштирилмаган ҳолларда, харидларни амалга ошириш натижалари ҳақидаги ахборотни чоп этиш.
Оператор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.
15. Оператор:
иштирокчи, ижрочи сифатида давлат харидларида иштирок этишга, уларнинг аффилланган шахси бўлишга;
давлат харидларини амалга ошириш ва нарх белгилаш жараёнига аралашишга, контрагентларни танлашда ва шартномалар тузишда давлат харидлари субъектларининг эркинлигини чеклашга, шунингдек давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклашга, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
ўтказиб бериладиган, олинадиган ва сақланадиган электрон ҳужжатлар ҳамда электрон хабарларнинг ишончлилигини, шунингдек агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилишга ёки текширишга;
давлат харидлари субъектлари томонидан жойлаштириладиган электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларнинг мазмунини ўзгартиришга ҳақли эмас.
3-боб. Электрон давлат харидларига киритиш
16. Буюртмачилар ва иштирокчиларни электрон давлат харидларига киритиш (бундан буён матнда харидга киритиш деб юритилади) тартиб-таомили уларда электрон рақамли имзо (бундан буён матнда ЭРИ деб юритилади) мавжуд бўлган ҳолда амалга оширилади.
17. Бюджет буюртмачиларни харидга киритиш автоматик режимда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Операторнинг маълумотлар базасини электрон ҳамкорлик орқали Оператор томонидан марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.
18. Корпоратив буюртмачиларни харидга киритиш улар томонидан порталдаги электрон шаклдаги сўровнома-аризани (бундан буён матнда сўровнома деб юритилади) тўлдириш йўли билан амалга оширилади.
19. Иштирокчиларни харидга киритиш улар томонидан порталдаги сўровномани тўлдириш йўли билан амалга оширилади.
20. Иштирокчиларни харидга киритиш, уларнинг қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлганда амалга оширилади:
шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;
ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;
Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги.
21. Солиқ органлари томонидан берилган ЭРИ мавжудлиги иштирокчини шартнома тузишга ҳуқуқини белгилайди.
22. Иштирокчи сўровномада ўзи етказиб бермоқчи бўлган товарлар гуруҳлари ёки тоифаларига тегишли қаторларни тўлдиради.
23. Иштирокчи сўровномада унга нисбатан қўлланилган банкротлик тартиб-таомиллари мавжуд эмаслиги ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотларни тасдиқлайди.
24. Иштирокчи томонидан сўровнома тўлдирилгандан сўнг, портал томонидан Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри маълумотларини унда иштирокчи ҳақида ёзув мавжуд эмаслик ҳолати текширилади.
25. Оператор иштирокчиларга нисбатан ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилмаган қўшимча мезонларни ўрнатишга ҳақли эмас.
26. Буюртмачилар ва иштирокчиларни харидга киритиш бепул амалга оширилади.
27. Буюртмачилар ва иштирокчиларни харидга киритиш порталга зарур маълумотлар киритилгандан сўнг бир иш куни давомида амалга оширилади.
28. Корпоратив буюртмачиларга ва иштирокчиларга бериладиган индивидуал логин ва пароль уларнинг сўровномада кўрсатилган электрон почта манзилига юборилади.
29. Буюртмачилар ва иштирокчилар ўзларининг логин ва пароллари ҳақидаги маълумотларнинг бутлиги ҳамда учинчи шахсларга тарқатилмаслигини, шунингдек ЭРИдан белгиланган тартибда фойдаланишни мустақил равишда таъминлайдилар ва жавобгар бўладилар.
30. Оператор:
буюртмачилар ва иштирокчиларга ҲККПда алоҳида шахсий ҳисоб рақамлар очади;
буюртмачилар ва иштирокчиларга шахсий кабинетлар ташкил этади.
31. Иштирокчини электрон харидлардан четлатиш қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
4-боб. Шартномавий мажбуриятлар ижросини таъминлаш
32. Буюртмачи ва иштирокчи электрон давлат харидларида ўзларининг иштирокларини фақатгина ЭРИ орқали амалга оширадилар.
Буюртмачи ва иштирокчи ўртасида ЭРИдан фойдаланган ҳолда порталда тузилган шартнома тегишли шаклда тузилган ҳисобланади.
33. Оператор ҳисоб-китобларни ташкил этиш, ҳисобини юритиш, ҳамда корпоратив буюртмачилар ва иштирокчиларнинг шартномавий мажбуриятларини бажарилишини таъминлаш мақсадида Операторга хизмат кўрсатувчи банкда ҲККП учун алоҳида иккиламчи ҳисоб очади.
Оператор шартномавий мажбуриятларни бажарилишини таъминлаш ва алоҳида ҳисобини юритиш бўйича корпоратив буюртмачилар ва иштирокчилар учун ҲККПда ҳисоб рақам очади.
34. Корпоратив буюртмачи ва иштирокчи электрон давлат харидларида иштирок этиш учун ўзларининг ҲККПдаги ҳисоб рақамларига закалат тўловларини ўтказадилар.
35. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджет буюртмачиларининг ҳисоб-китобларини ташкил этиш, шартнома бўйича мажбуриятларини бажарилишини ҳисобини юритиш ва таъминланиши мақсадида Оператор учун Молия вазирлигида махсус ҳисоб рақамлар очади ва унга ушбу ҳисоб рақамлардаги пул маблағларини бошқариш учун рухсат беради.
Оператор бюджет буюртмачиларига ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш ва шартнома бўйича мажбуриятларни бажарилишини таъминлаш учун ҲККПда ҳисоб рақамлар очади.
36. Бюджет буюртмачиси томонидан шахсий кабинет орқали электрон аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон (бундан буён матнда эълон деб аталади) жойлаштирилгандан ёки электрон дўконда иштирокчининг офертасини танлангандан (бундан буён матнда оферта деб аталади) сўнг, портал зарур бўладиган аванс тўлови суммасини харажат моддасини кўрсатган ҳолда, оферта ёки эълон суммасини шакллантиради ва уни Оператор ва Молия вазирлиги ўртасида электрон ахборот алмашинуви орқали Молия вазирлигига юборади.
Ахборот олингандан сўнг, Молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизими (бундан буён матнда ДМБАТ деб аталади) электрон давлат харидлари якунларига кўра тузилган шартномавий мажбуриятларни бажариш учун, молиялаштириш манбаларини инобатга олган ҳолда, керакли суммага банд қўяди ва Операторнинг махсус ҳисоб рақамига аванс маблағларини ўтказади.
Аванс тўлови келиб тушгандан сўнг, портал бюджет буюртмачиси томонидан танланган оферта бўйича нархлар сўрови механизмини ёки жойлаштирилган эълонни активлаштиради.
Операторнинг махсус ҳисоб рақамига аванс тўловлари келиб тушгандан сўнг, ҲККП уларни бюджет буюртмачисининг ҲККПда очилган ҳисоб-рақамларида ҳисобга олади.
37. Буюртмачилар ва иштирокчилар, уларнинг ҲККПдаги ҳисоб-рақамларида аванс тўловининг етарли миқдори мавжуд бўлган тақдирда электрон давлат харидларида иштирок этадилар.
38. Аукцион иштирокчиларининг киритилган аванс тўловлари бошқа иштирокчилар томонидан бериладиган паст нарх таклифи келиб тушгунга қадар банд қилиб қўйилади.
Электрон дўкон иштирокчиларининг киритган аванс тўловлари ғолиб аниқлангунга қадар банд қилиб қўйилади.
Давлат харидлари буюртмачилари ва иштирокчилари киритган закалатлари (бундан буён матнда ижрочи деб аталади) шартнома бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилган ёки белгиланган тартибда бекор қилингунга қадар банд қилиб қўйилади.
39. Электрон давлат харидларининг якунига кўра, портал томонидан автоматик равишда намунавий шакл асосида шартнома шакллантирилади ва шартнома томонларининг шахсий кабинетларига юборилади, шунингдек тузилган шартномалар электрон реестрига киритиш орқали рўйхатдан ўтказилади.
40. Оператор тузилган шартномалар бўйича ахборотни Агентлик, Молия вазирлиги ва Операторнинг маълумотлар базаси электрон ҳамкорлик орқали Агентликка ва Молия вазирлигига юборади.
41. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги (бундан буён матнда ғазначилик деб аталади) шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни қабул қилгандан сўнг бир иш куни мобайнида автоматик тартибда ДМБАТда рўйхатдан ўтказади ёки қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобга олади.
42. Корпоратив буюртмачилар шартнома порталда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб, шартнома бўйича тўловларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш учун ўн кун мобайнида ўзларининг ҲККПдаги ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказадилар. Бунда закалат, шартнома бўйича тўлаш суммасига қўшиб ҳисобланади.
43. Бюджет буюртмачилари:
шартнома рўйхатга олинган ёки ДМБАТда ҳисобга олинган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида пул маблағларини, шартнома бўйича тўловларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш учун Операторнинг Ғазначиликдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказадилар;
бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тузилган шартномаларни порталда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида, пул маблағларини шартнома бўйича тўловларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш учун Операторнинг Ғазначиликдаги махсус ҳисоб рақамига ўтказадилар.
Бунда олдиндан тўлов шартлари қонунчилик талабларига мувофиқ шартномада назарда тутилади.
44. Агарда, буюртмачи шартномада белгиланган муддатда тўловни амалга оширмаган тақдирда, унинг закалати уч иш кунида, мазкур муддат тугаганидан сўнг, кейинчалик унга хизмат кўрсатувчи банк ҳисобига ўтказиш учун, ижрочининг ҲККПдаги тегишли ҳисоб рақамига ўтказилади.
45. ҲККП буюртмачидан шартнома бўйича келиб тушган тўлов суммасини банд қилиб қўяди ва пул маблағлари келиб тушган куннинг эртасидан бир иш кунидан кечикмаган муддатда электрон шаклда тўловни амалга ошириш бўйича ижрочига хабарнома юборади.
Мазкур хабарнома ижрочига товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун асос бўлиб хизмат қилади.
46. Ижрочи томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) ҲККП томонидан тўлов амалга оширилиши тўғрисидаги хабарномасиз етказиб берилган тақдирда, буюртмачи томонидан товарлар учун тўловни амалга оширмаслик хавфи ижрочининг зиммасида бўлади.
47. Корпоратив буюртмачи товарни (ишни, хизматни) қабул қилгандан кейин уч иш куни мобайнида Операторга ўзининг шахсий кабинети орқали товарни (ишни, хизматни) тўлиқ ҳажмда қабул қилганлик тўғрисидаги ахборотни юборишга мажбур.
48. Бюджет буюртмачиси товарни (ишни, хизматни) қабул қилгандан сўнг уч иш куни мобайнида шартнома асосида товарни (ишни, хизматни) тўлиқ ҳажмда қабул қилганлик тўғрисидаги ахборотни, бюджет ташкилотларининг ҳисоби ва ҳисоботлари автоматлаштирилган тизимининг дастурий комплекси (бундан буён матнда ЎзБТАД деб юритилади) орқали ДМБАТга киритишга ва юборишга мажбур.
49. ДМБАТ, бюджет буюртмачиси томонидан шартнома асосида товарни (ишни, хизматни) етказиб берганлик тўғрисидаги ахборотни олгандан кейин бир иш куни мобайнида маълумотлар базаларининг электрон алмашинуви орқали Операторга юборади.
50. Оператор, товарлар (ишлар, хизматлар) шартнома бўйича тўлиқ ҳажмда етказилганлиги ҳақида маълумотни олгандан сўнг, бир иш куни давомида:
электрон тўлов топшириқномасини шакллантиради ва ДМБАТга юборади, у эса тўлов топшириқномасини олгандан сўнг бир иш куни давомида бюджет буюртмачиларининг пул маблағларини ижрочига юборади;
электрон тўлов топшириқномасини шакллантиради ва Операторга хизмат кўрсатувчи банкка юборади, у эса тўлов топшириқномасини олгандан сўнг, бир иш куни мобайнида корпоратив буюртмачиларнинг пул маблағларини ижрочига юборади;
ижрочининг закалатига қўйилган бандни бекор қилади;
закалатни банддан ечади ва буюртмачининг тегишли шахсий ҳисоб рақамига қайтаради;
шартномавий мажбуриятларнинг бажарилганлиги ҳақидаги маълумотни порталга жойлаштиради.
51. Шартнома бўйича етказиб бериш муддати тугагандан сўнг, товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берганлиги ҳақидаги маълумот мавжуд бўлмаса, портал бир иш куни мобайнида автоматик режимда буюртмачи, ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигини (бюджет буюртмачилари бўйича) хабардор қилади.
52. Буюртмачи томонидан шартнома бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилганлиги ҳақидаги маълумот тақдим қилинмаганда, ҲККП шартнома бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш муддати тугагач уч иш кунидан сўнг:
бюджет буюртмачиси томонидан шартнома бўйича Ғазначиликдаги бюджет буюртмачисининг шахсий ҳисоб варағига киритилган пул маблағларидан, закалатдан ташқари, бандни бекор қилади ва бюджет буюртмачисига қайтаради;
корпоратив буюртмачи томонидан шартнома бўйича киритилган маблағлардан, закалатдан ташқари, бандни бекор қилади;
суд ёки Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингунига қадар буюртмачи ва ижрочининг закалатига банд қўяди;
бажарилмаган шартномалар бўйича маълумотларни Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборади.
Шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун тузилган шартнома бўйича мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли буюртмачига қайтарилган маблағлар, ушбу мақсадлар учун такроран харид тартиб-таомилини амалга ошириш йўли орқали фойдаланилиши мумкин.
53. ҲККП суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ёки давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия қарори асосида закалатни банддан ечишни ва/ёки ўтказишни амалга оширади.
54. Портал, электрон давлат харидларининг якунларига кўра, битимнинг ҳақиқий суммасидан операторнинг воситачилик йиғимини буюртмачи ва иштирокчининг аванс тўловларидан ушлаб қолади.
55. Иштирокчиларнинг ва корпоратив буюртмачиларнинг банди бекор қилинган пул маблағлари, уларнинг топшириқларига асосан бошқа электрон давлат харидларида аванс тўловлари сифатида фойдаланилиши мумкин ёки хизмат кўрсатадиган банклардаги уларнинг ҳисоб рақамларига қайтарилади.
5-боб. Якуний қоидалар
56. Оператор мазкур Низомни бузганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
57. Буюртмачилар ва иштирокчилар Операторга тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқий эмаслиги учун жавобгар бўлади.
58. Оператор давлат харидлари субъектларининг ушбу операторга бериладиган электрон ҳужжатлари ва электрон хабарларининг, шу жумладан бўлажак давлат харидлари тўғрисида махсус ахборот порталида жойлаштириладиган ахборотнинг мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгар бўлмайди.
59. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.
Молия вазири Д. КУЧКАРОВ
2018 йил 14 май

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.05.2018 й., 10/18/3015/1248-сон)