Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
Сўнгги йилларда аҳолининг турмуш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган бунёдкорлик ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Бизнес юритишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда ва институциявий механизмлари такомиллаштирилмоқда, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда, бу эса олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бозор муносабатларининг бугунги ривожи ҳамда инсофли тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш зарурати иқтисодий жиноятларга қарши курашиш, «хуфёна иқтисодиёт»нинг шаклланиш механизмларини, чет эл валютасининг назоратсиз чиқиб кетиш каналларини ўз вақтида аниқлашнинг шакл ва усулларини тубдан қайта кўриб чиқишни, шунингдек, импортни оптималлаштириш ва миллий товарлар экспортини рағбатлантириш бўйича тизимли ишларни кучайтиришни ҳам талаб этмоқда.
Шу муносабат билан, фаолияти иқтисодиёт ривожи, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашишнинг замонавий воқеликка тўлиқ жавоб бермаётган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг вазифалари, функциялари ва ваколатларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлди.
Бизнесни юритиш ва инвестицияларни жалб этиш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва улардан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) этиб қайта ташкил қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, Департамент:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида иқтисодий ва коррупциявий жиноятлар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор-қидирув фаолияти, терговга қадар текширув ва суриштирувни, шунингдек, мазкур жиноятлар содир этилиши оқибатида етказиладиган иқтисодий зарарнинг қопланишини амалга оширувчи мустақил ихтисослаштирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича махсус ваколатли давлат органи;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, жумладан халқаро шартномалари бўйича вориси ҳисобланади.
2. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
биринчидан, иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш ҳамда қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
иккинчидан, инсофли тадбиркорлар, чет эл инвесторларини улар фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларининг ноқонуний аралашувидан ҳимоя қилиш, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш;
учинчидан, бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларида дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш;
тўртинчидан, ёқилғи-энергетика комплексида, банк-молия, солиқ, транспорт, қурилиш ва ижтимоий соҳаларда иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
бешинчидан, давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валюта маблағлари ноқонуний равишда чиқиб кетиши, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши, уларнинг ноқонуний муомаласи, «хуфёна иқтисодиёт»ни шакллантиришнинг турли схемалари ва каналларини аниқлаш;
олтинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга қарши курашиш;
еттинчидан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг самарали ижро этилишини таъминлаш;
саккизинчидан, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича чет давлатларнинг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот алмашиш;
тўққизинчидан, иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириш.
3. Департамент тузилмасида:
Солиққа оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими, Валютага оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими, Истеъмол бозорини ҳимоя қилиш бўлими, Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва коррупцияга қарши курашиш бўлими негизида Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси;
Йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси негизида Ахборот-таҳлил бўлими ва Ташкилий-назорат бўлими ташкил этилсин.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги низом 2-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2-3 иловалар рус тили матнида берилган.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2018 йил 1 июлдан бошлаб:
«Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК (кейинги ўринларда — Марказ) импорт шартномаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурлари лойиҳаларини Марказ томонидан экспертизадан ўтказишда аниқланган шубҳали операциялар тўғрисида Департаментга зарур ахборотни мунтазам равишда тақдим этади;
Департамент органлари томонидан ўтказилган тафтишлар ва текширувлар натижалари бўйича аниқланган ҳамда Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мақсадли жамғармалари даромадига ундирилган давлат органлари ва ташкилотлари, бюджет маблағларини олувчилар томонидан амалга оширилган ноқонуний харажатларнинг, талон-торож, растраталар, камомадлар суммасининг 10 фоизи Департаментнинг махсус бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади.
6. Департаментга:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигидан банк ҳисобварақлари ва ягона ғазна ҳисобварағи бўйича давлат пул маблағларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ маълумотларни сўраб олиш;
тезкор-қидирув фаолияти натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларини, донор мамлакатлар, халқаро, чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитларини сарфлаш масалалари бўйича давлат ташкилотлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналарда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектларда белгиланган тартибда текширувларни ўтказиш ташаббуси билан чиқиш;
давлат ташкилотлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналардан, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектлардан бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларни тақсимлашда суиистеъмолликлар ва коррупция ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган маълумотларни ва тушунтиришларни талаб қилиб олиш;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги маълумотларни қабул қилиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, текшириш ва сақлаш, шунингдек, етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма бериш, мазкур функцияни фақат Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармасига юклаш;
Департамент зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган давлат органлари ва ташкилотларнинг маълумотлар базасидан фойдаланиш;
миллий ва чет эл валютасидаги бюджетдан ташқари маблағларни, шунингдек, Департамент органларининг депозит ҳисобварақларида бўлган маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириш ҳуқуқлари берилсин.
Белгилансинки:
Департаментнинг ҳудудий тузилмалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операциялар бўйича хабарлар олиш, кўрсатмалар ва сўровлар юборишга ҳақли эмас;
маблағларни жойлаштиришдан олинган даромадлар ушбу даромадларни моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларга йўналтирган ҳолда Департаментнинг махсус бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади.
7. Белгилаб қўйилсинки:
пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар раҳбарлари Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари (кейинги ўринларда — Қоидалар) талаблари ижроси учун шахсан жавобгардир;
Қоидаларга риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда Департамент томонидан, жумладан ушбу Қоидаларни тасдиқлаган органлар билан ҳамкорликда амалга оширилади;
валюта назоратини амалга оширувчи органлар ягона марказлашган ҳисобни юритиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ чораларни кўриш учун зарур бўлган валюта ҳуқуқбузарликлари тўғрисидаги маълумотларни Департаментга тақдим этиши шарт;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича жиноят ишлари Департамент томонидан хўжалик юритувчи субъект ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ва етказилган зарар ҳажми тўғрисида Департаментнинг хабарини олган кундан бошлаб ўттиз кун ўтгандан кейингина, шунингдек, ушбу муддат давомида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар шаклидаги давлатга етказилган зарар қопланмаган тақдирда, шунингдек, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш оқибатлари бартараф этилмаган ва етказилган моддий зарар қопланмаганда қўзғатилади. Бунда мазкур талаб шунга ўхшаш жиноятларни муқаддам содир этган хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан татбиқ этилмайди.
8. Департамент тизимли равишда:
давлат органлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар томонидан товарларни асоссиз равишда ёки фаолият турига мос бўлмаган ҳолда импорт қилиш, мамлакат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш, чет эл валютасини ноқонуний тарзда чиқариб юбориш, давлат харидларини амалга оширишда импорт маҳсулоти нархини ошириб юбориш ҳолатларини аниқлаш мақсадида импорт ва экспорт таркибини таҳлил қилиш якунлари бўйича, жумладан тегишли статистик маълумотларни таққослаш орқали қонуний чоралар кўрилишини;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш мақсадида экспорт-импорт фаолияти соҳасидаги коррупция ҳолатларини, бюрократик тўсиқларни ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини тезкор бўлинмалар кучи билан аниқлашни;
тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи, маҳаллий ишлаб чиқариш ва товарлар экспорти ҳажмини оширишни секинлаштирувчи нормалар, омиллар ва шарт-шароитларни аниқлашни, шунингдек, уларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни таъминласин.
9. Департамент ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
бир ой муддатда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги шубҳали операциялар, шунингдек, чет эл валютасининг асоссиз чиқиб кетиши хавфи юқори бўлган операциялар тўғрисидаги хабарларни саралаш ва қайта ишлашни автоматлаштириш учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқсин ҳамда жорий этсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Департамент зиммасига юкланган вазифаларни самарали бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда бошқа идораларнинг маълумотлар базалари ва ахборот тизимларидан Департаментнинг ҳудудий бошқармалари фойдаланишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш манбаси этиб белгилансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
а) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:
Департаментнинг харажатлар сметалари ва штат жадвалига мазкур Фармонга мувофиқ ўзгартишлар киритсин;
янги ташкил этилаётган бўлинмаларни мебель, компьютер техникаси ва бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминласин;
Департамент ходимларини ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни лозим даражада бажарганлиги учун моддий рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
б) икки ой муддатда Департаментнинг янги ташкил этилаётган тармоқлари таҳлилий ва тезкор-қидирув фаолияти бўйича юксак кўникмаларга, ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий сифатларга эга юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.
11. 2018 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 февралдаги «Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашда прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5343-сон қарорининг 3-банди биринчи — учинчи хатбошилари Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига татбиқ этилсин.
Бунда ушбу бандда кўрсатилган тадбирларни ижро этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилсин.
12. Департамент Банк-молия академияси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси билан биргаликда Департамент ходимларини молиявий-иқтисодий хавфсизлик, тезкор-қидирув фаолияти, шунингдек, жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик ҳамда махсус техника воситаларидан ва ўқотар қуролдан фойдаланиш соҳаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича махсус курсларни беғараз асосда ташкил этиш чораларини кўрсин.
14. Департамент Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, бошқа вазирлик ва идораларнинг бюллетенлари, статистик ахборотномалари мажбурий тартибда жўнатиладиган реестрга киритилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида»ги ПФ-5019-сон Фармонига4-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу Фармондан келиб чиқадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини киритсин;
2018 йил якунлари бўйича ушбу Фармоннинг ижро этилиши самарадорлигини ўргансин ҳамда зарурат туғилганда Департамент фаолиятини ва ташкилий-штат тузилмасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 23 май,
ПФ-5446-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади):
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (кейинги ўринларда Бош прокуратура деб юритилади) ҳузурида иқтисодий жиноятлар ва коррупция, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор-қидирув фаолияти, терговга қадар текширув ва суриштирувни амалга оширувчи, шунингдек, мазкур жиноятлар содир этилиши натижасида етказилган иқтисодий зарарнинг қопланишини таъминловчи мустақил ихтисослаштирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Департаментнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг (кейинги ўринларда Бош прокурор деб юритилади) буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилади.
4. Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияни аниқлаш ҳамда олдини олиш бўйича процессуал ҳаракатларнинг узвийлиги ва изчиллиги жиноят иши қўзғатишдан бошлаб уни судда кўриб чиққунга қадар, Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг жиноятларни тергов қилувчи ҳамда улар бўйича судда давлат айбловини қўллаб-қувватловчи барча даражадаги прокуратура органлари билан ўзаро узвий ҳамкорлиги ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш натижасида таъминланади.
5. Департамент тизимига қуйидагилар киради:
Департаментнинг марказий аппарати;
Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб юритилади);
Департаментнинг туман (шаҳар) бўлимлари.
6. Департамент қуйи турувчи раҳбарларнинг юқори турувчиларга ва Бош прокурорга бўйсунув ва ҳисобдорлик асосида фаолият кўрсатади.
7. Департамент ўз вазифа ва функцияларини амалга оширишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
8. Департаментнинг молиявий ва моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар хисобидан амалга оширилади.
Департаментда шакллантириш ва фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этилади.
9. Департамент юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.
2-боб. Департаментнинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
инсофли тадбиркорлар, чет эл инвесторларини улар фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларнинг ноқонуний аралашувидан ҳимоя қилиш, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш;
бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларда дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш;
ёқилғи-энергетика комплексида, ижтимоий, банк-молия, солиқ, транспорт ва қурилиш соҳаларида иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валютаси маблағларини ғайриҳуқуқий равишда чиқиб кетиши, олиб кириш ва олиб чиқиш, уларнинг ноқонуний муомаласи, «хуфёна иқтисодиёт» шаклланишининг турли схемалари ва каналларини аниқлаш;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини самарали ижро этилишини таъминлаш;
ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари муомалага чиқарилиши билан боғлиқ ғайриҳуқуқий ҳаракатларга қарши курашиш;
иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича чет давлатларининг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот айирбошлаш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш;
иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириш.
11. Департамент ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
1) инсофли тадбиркорлар, чет эл инвесторларини улар фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларнинг ноқонуний аралашувидан ҳимоя қилиш, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш соҳасида:
тадбиркорлик субъектлари, чет эл инвесторларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши, улар фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатларини аниқлайди, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўяди;
импорт ва экспорт тузилмасини таҳлил қилиш, давлат органлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар томонидан товарларни асоссиз равишда ёки фаолият турига мос бўлмаган ҳолда импорт қилиш, чет эл валютасини ғайриҳуқуқий тарзда чиқариб юбориш, давлат харидларида импорт маҳсулотлари нархини ошириш ҳолатларини аниқлаш якунлари бўйича қонуний чораларни кўради;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга тўсқинлик қилувчи коррупция ҳолатларини ҳамда давлат органлари ва ташкилотларнинг ходимлари томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларини тезкор бўлинмалар кучи билан аниқлайди;
тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир қилувчи, маҳаллий ишлаб чиқариш ва товарлар экспорти ҳажмини оширишни секинлаштирувчи нормалар, омиллар ва шарт-шароитларни аниқлайди, шунингдек, уларни бартараф қилиш ва мазкур соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш мақсадида тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш орқали жойлардаги ишларнинг ҳақиқий аҳволини яшириш ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши аҳволи тўғрисида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этиш ҳолларини аниқлайди;
2) бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларда дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш соҳасида:
давлат ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар томонидан бюджет тизими бюджетлари маблағларини растрата қилиш, талон-торож қилиш, камомадлар, ноқонуний сарф қилиш, давлат харидларида нархларни ошириш, дебитор ва кредитор қарздорликларни асоссиз орттириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича чоралар кўради;
давлат ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш жараёнида мол-мулк хатловини, бажарилган ишларнинг назорат ўлчовларини ўтказади;
3) ёқилғи-энергетика комплексида, ижтимоий, банк-молия, солиқ, транспорт ва қурилиш соҳаларида иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш соҳасида:
а) ёқилғи-энергетика комплексининг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:
экспорт салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва ички бозорни маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар билан тўлдириш, товарлар ва маҳсулотларни импорт қилиш, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш;
хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, ёқилғи-энергетика ва геология-қидирув тармоқларига чет эл инвестицияларини жалб этиш;
ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, муқобил энергия улуши кўпайишини таъминлаш;
ер қаърини геологик тадқиқ қилиш, ер қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш, қидирув ва разведка ишларини ўтказиш;
б) ижтимоий соҳанинг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:
тиббиёт муассасаларининг моддий-техник таъминлаш, ўз вақтида ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг давлат томонидан нархларни тартибга солишнинг белгиланган тартибига риоя этиши;
олий таълим муассасаларига кириш ва таълим олиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари ва жиҳозлар билан таъминлаш, спорт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларнинг, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашни ташкиллаштириш;
аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларни ўз вақтида тўлаш;
в) банк-молия ва солиқ соҳаларининг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:
банк-молия ва солиқ қонунчилигига риоя этиш, бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, бюджет қоидалари, шунингдек, бюджет ва смета-штат интизомига риоя этиш;
кредит ажратиш, бошқа молиявий хизматларни тақдим этиш, донор мамлакатлар, халқаро, чет эл ҳукумати ва ноҳукумати ташкилотлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари, шунингдек, давлат кафолати остида жалб қилинадиган чет эл кредитларидан мақсадли фойдаланиш;
банк-молия муассасалари ва суғурта компанияларининг маҳаллийлаштириш дастурлари, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ривожлантиришда иштирок этиши;
г) қурилиш ва транспорт соҳаларининг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:
қурилиш учун ажратилган ерлардан оқилона фойдаланиш, геодезия ва картография фаолияти, давлат кадастрини юритиш, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашда техника шартлари ва регламентларига риоя этиш, уй-жой ва йўл қурилиш дастурлари ижроси;
маҳаллий хом-ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш;
фуқароларга, биринчи навбатда, ёш оилаларга ва етим болаларга арзон уй-жойлар ажратилиши, намунавий лойиҳалар бўйича сифатли уй-жой қурилишини таъминлаш;
маҳаллий, республика ва халқаро аҳамиятга молик автомобиль, темирйўл йўллари, маҳаллий ва халқаро аэропортларни қуриш ва реконструкция қилиш;
транспорт соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, автомобиль, темирйўл ва ҳаво транспортида юкларни ва йўловчиларни ташиш бўйича кўрсатилаётган хизматларнинг даража ва сифатини ошириш, халқаро логистика марказларини ташкил этиш;
4) давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валютаси маблағларини ғайриҳуқуқий равишда чиқиб кетиши, олиб кириш ва олиб чиқиш, уларнинг ноқонуний муомаласи, «хуфёна иқтисодиёт» шаклланишининг турли схемалари ва каналларини аниқлаш соҳасида:
давлат ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар томонидан давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашади;
валюта назоратини амалга оширувчи органлар билан биргаликда чет эл валютасида операцияларни амалга оширишдаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш, олдини олиш ва профилактика қилиш чораларини кўради;
чет эл валютаси маблағларининг ғайриҳуқуқий чиқиб кетиши, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши, уларни ноқонуний муомалада бўлиш каналларини ўрганади ва аниқлайди;
«хуфёна иқтисодиёт» шаклланишининг ҳолатларини аниқлаш бўйича чоралар кўради, яширин ишлаб чиқариш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўяди;
5) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини самарали ижро этилишини таъминлаш соҳасида:
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш аломатларини аниқлаш мақсадида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни тизимли мониторинги ва молиявий таҳлилини олиб боради;
терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек, чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлардан расмий каналлар орқали олинган маълумотлар асосида террорчилик фаолиятида ёхуд оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш ва юритишни амалга оширади;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилиши устидан назоратни таъминлайди;
етарли асослар мавжуд бўлган ҳолларда иқтисодий жиноятларни содир этишда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда, терроризмни молиялаштиришда ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришда иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш чораларини кўради;
иштирок этувчи вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш хавфларини баҳолашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўради;
жалб этилган вазирлик ва идораларнинг ишини мувофиқлаштиради, хавфларни (таваккалчиликларни) баҳолаш орқали жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимининг самарали ишлашига салбий таъсир кўрсатувчи муаммо ва камчиликларни тизимли таҳлил қилади, уларни камайтириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлардан келиб тушадиган шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни қабул қилади, қайта ишлайди ва маълумотлар базаларини шакллантиради;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш учун илғор дастурий маҳсулотларни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;
6) ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари муомалага чиқарилиши билан боғлиқ ғайриҳуқуқий ҳаракатларга қарши курашиш соҳасида:
ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларига (маҳаллий ишлаб чиқарилган ўсимлик ёғи ва ун, гўшт, шакар), шунингдек, пахта шроти ва шелухасига бўлган нарх-навони асоссиз ва сунъий оширишга, уларга бўлган танқислик ва ажиотаж талабнинг вужудга келтиришга қаратилган ғайриҳуқуқий ҳаракатларни аниқлаш ва олдини олиш чораларини кўради;
марказлаштирилган ресурслар ҳисобидан озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасини харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда коррупцияга қарши курашади;
ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларига, шунингдек, пахта шроти ва шелухасини сотишда нарх-навони шакллантиришнинг белгиланган механизмларига риоя этилишини аниқланган қонун бузилишлари бўйича материалларни қонун ҳужжатларига мувофиқ чора кўриш учун ваколатли органларга йўналтирган ҳолда тизимли ўрганади;
назорат қилувчи органлар ходимлари ва бозор маъмурияти томонидан коррупция ҳолатлари, уларнинг бозорлар фаолиятини ташкил этишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминламаслик, шу жумладан нарх-наволарни асоссиз ва сунъий ошириш, уларнинг ҳудудида ноқонуний фаолият юритаётган шахсларга нисбатан чоралар кўрмаслик ҳолатларини аниқлаш чораларини кўради;
сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини муомаласини аниқлайди ва чек қўяди;
7) иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича чет давлатларининг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот айирбошлаш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида:
халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки чет давлатларнинг ваколатли органлари, халқаро ташкилотлар билан ўзаро келишув принципи асосида иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилади ва ахборотлар айирбошлашни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида қабул қилинган мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди, халқаро ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, Департамент фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тайёрлаш ва тузишда таклифлар киритади ва унда иштирок этади;
8) иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:
иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;
амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияни содир этилишига имкон яратувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятига оид статистика ҳисоби ва ҳисоботларни юритади, уларнинг ҳаққонийлигини таъминлайди;
ишнинг самарали усулларини ишлаб чиқади ва амалиётга жорий қилади, ходимларнинг касбий кўникмаларини ошириш чораларини кўради;
Департамент фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилади ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди;
Бош прокуратура раҳбариятига иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш натижалари ва муаммолари тўғрисида ахборот беради;
9) иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириш соҳасида:
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятда иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича комплекс чораларни амалга оширади;
оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик қилади, уларни Департамент фаолияти натижалари тўғрисида хабардор қилади, ушбу мақсадларда семинар, брифинг, пресс-конференция, «давра суҳбатлари» ва бошқа тадбирларни ўтказади.
Департамент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Департаментнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
12. Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юклатилган вазифалар ва амалга оширадиган функцияларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат органлари ва ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролардан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, уларнинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналаридан Департаментга юклатилган мажбуриятларни бажариш учун зарур ахборот, маълумотлар, материаллар ва ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраш ва бепул олиш. Департамент томонидан олинган ахборот фақат хизмат мақсадларида фойдаланилади ва ошкора қилиниши мумкин эмас;
фуқаролар ва мансабдор шахсларни Департаментнинг иш юритувидаги жиноят ишлари, терговга қадар текшириш материаллари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича чақириш, зарур ҳужжатлар, маълумотлар ва уларнинг нусхаларини бепул олиш;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигидан банк ҳисобварақлари ва ягона ғазна ҳисобварағи бўйича давлат пул маблағларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ маълумотларни сўраб олиш;
юклатилган вазифаларни бажаришда молия, солиқ, божхона ва бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг ходимларини амалий эксперт кўмаги кўрсатиш учун жалб этиш;
тезкор-қидирув фаолияти натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларини, донор мамлакатлар, халқаро, чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитларини сарфлаш масалалари бўйича давлат ташкилотлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналарда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектларда белгиланган тартибда текширувларни ўтказиш ташаббуси билан чиқиш;
хўжалик юритувчи субъектларида текшириш ва тафтиш қилиш жараёнида мол-мулкни хатловдан ўтказиш, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг назорат ўлчовларини амалга ошириш;
давлат ташкилотлари, мақсадли жамғармалар ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналардан, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектлардан бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларни тақсимлашда суиистеъмолликлар ва коррупция ҳолатларини ўрганиш учун зарур бўлган маълумотлар ва тушунтиришларни талаб қилиб олиш;
етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда иқтисодий жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш чораларини амалга ошириш учун пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма бериш;
солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб ва ҳисоботларнинг бузилиши ёхуд уларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларга алоқадорлиги аниқланган ҳолларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг телекоммуникация воситалари ва компьютер маълумотлар базаларига кириш, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг ҳужжатлари билан танишиш;
жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши масаласи бўйича текширув тадбирларини амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари билан ҳамкорликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга алоқадор бўлиши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан қисқа муддатли текширувлар ўтказиш;
текшириш, тадқиқот ва экспертиза ўтказиш учун товарлар, буюмлар, хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар намуналарини, шунингдек ҳужжатларни олиб қўйиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ валюта назорати органларига берилган функцияларни бажариш;
мулкчилик шаклидан қатъи назар юридик шахслардан ва фуқаролардан ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухаси нархларининг асоссиз ва сунъий оширилиши, нарх-навони манипуляция қилиш, уларга сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмолликлар ва коррупция ҳолатларини ўрганиш учун зарур бўлган маълумотлар ва тушунтиришларни талаб қилиб олиш;
ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасига бўлган нархларни асоссиз ва сунъий ошириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмол қилинишлар ва коррупция ҳолатларини аниқлаш бўйича молиявий-хўжалик фаолиятни текшириш ҳисобланмайдиган тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича вазирлик ва идораларнинг вакилларини эксперт сифатида, шунингдек халқаро ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ялпи мажлислар ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун Ўзбекистон Республикаси делегациясини шакллантиришда жалб қилиш;
Департамент ваколатига киритилган ишлар бўйича жиноят ишларини қўзғатиш, терговга қадар текшириш ва суриштирув олиб бориш, шунингдек тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;
Департаментнинг ҳудудий бошқармаларида терговга кадар текширув ва суриштирув олиб борилишини, шунингдек тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилишини назорат қилиш;
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чораларини қўллаш;
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга аниқланган қонун бузилишлари бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот алмашиш;
давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларга риоя қилиш шарти билан тегишли экспертизалар ўтказиш, ўқув дастурлари, методик ҳужжатлар, дастурий ва ахборот таъминотини ишлаб чиқиш, молиявий мониторинг соҳасида ахборот тизимларини яратиш учун илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларни, алоҳида мутахассисларни, шу жумладан, шартнома асосида ишга жалб қилиш;
миллий ва хорижий валютадаги бюджетдан ташқари бўш маблағларини, шу жумладан, Департамент депозит ҳисоб рақамларида мавжуд маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит рақамларига жойлаштириш.
Департамент қонун ҳужжатларига асосан бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида маълумотларни қабул қилиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, текшириш ва сақлаш, шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма бериш Департаментда фақат Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси томонидан амалга оширилади.
Департаментнинг ҳудудий бўлинмалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операциялар бўйича хабарларни олиш, кўрсатма ва сўровларни юборишга ҳақли эмас.
Департамент томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижалари, хусусан, таҳлилий материаллар, текширув харидлари ёки назорат харидлари натижалари бўйича олинган товар ёки касса чеклари, шунингдек, қонун бузилишини тасдиқловчи чекларни бермаслик ҳолатлари, кейинчалик қонунбузарликнинг кенг миқёсини, нархларни асоссиз ва сунъий ошириш усуллари ва механизмларини аниқлаш мақсадида, зарур ҳолларда, ваколатли органнинг махсус рухсати талаб этилмаган ҳолда молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун асос ҳисобланади.
Департамент ходимлари давлат, хизмат, тижорат сирини, жисмоний шахсларнинг омонатлари тўғрисидаги маълумотлар сирини ва улар ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олган бошқа ахборотни сир сақлашлари шарт. Сир ошкор қилинган тақдирда ходим қонунда белгиланган тартибда жавоб беради.
Департамент ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ суриштирув органи бошлиғи ҳуқуқларига эга бўлади.
14. Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг Департамент юклатилган функция ва вазифаларни ижро этиш бўйича фаолияти устидан ва прокурор ваколатига кирувчи бошқа масалалар юзасидан назоратни таъминлайди.
15. Департамент ходимлари ўзларининг функционал вазифаларини бажармаганликлари ёки лозим даражада бажармаганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
16. Ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги Низомга мувофиқ тартибга солинади.
4-боб. Департамент фаолиятини ташкил этиш
17. Департаментга Бош прокурор тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
18. Департамент бошлиғи:
Департамент бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан тайинланадиган уч нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга;
мавқеи, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатилиши бўйича Бош прокурор ўринбосарига тенглаштирилган;
ўз фаолиятида Бош прокурорга бўйсунади ва ҳисобот беради.
19. Юклатилган вазифаларни бажариш учун Департамент бошлиғи:
а) Департамент фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
б) Департамент ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;
в) Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ва бўлим бошлиқлари ҳисоботларини эшитади;
г) Бош прокурорга қуйидагиларни киритади (тақдим этади):
Департамент ваколатларига оид масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари;
Департамент, унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари ташкилий-штат тузилмаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида таклифлар;
мазкур Низомнинг 18-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисида тақдимнома;
Департамент ходимларига даражали унвонларни бериш ҳақида тақдимномалар;
Департамент ходимларини рағбатлантириш, давлат мукофотларига тақдим этиш ҳақида таклифлар;
Департамент фаолияти тўғрисида ҳисобот;
д) Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари штат жадвалини, Департаментнинг марказий аппарати бошқармалари ва бўлимлари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;
е) ўз ваколатлари доирасида Департаментнинг фаолиятини ташкил этиш масалаларига оид, ижроси барча ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар ва фармойишлар чиқаради;
ж) ажратилган маблағлар доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Департамент ходимларига устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантиришларни тўлаш тартиби ва шартларни белгилайди;
з) Департаментга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
и) Департамент кучларини ва маблағларини самарали тақсимлашни ташкил қилади, шу жумладан айрим вазифаларни бажарувчи ходимларни Департаментга юклатилган бошқа ишларга жалб қилади;
к) Департамент фаолиятига оид масалалар юзасидан тезкор йиғилишлар ўтказади;
л) чет эл давлатлари ваколатли органлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувлар ва бошқа шартномалар тузади;
м) қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
20. Департамент бошлиғи йўқлигида ваколатларини унинг ўринбосарларидан бири Бош прокурор буйруғига кўра амалга оширади.
21. Қуйидагилар:
Департамент марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан;
Департамент марказий аппарати таркибий бўлинмалари бошлиқлари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари Бош прокурор билан келишилган ҳолда Департамент бошлиғи томонидан;
Департамент марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларининг бошқа ходимлари Департамент бошлиғи томонидан;
Департамент туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ўринбосарлари Департамент бошлиғи билан келишилган ҳолда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан;
Департамент ҳудудий бўлинмаларининг бошқа ходимлари Департамент ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
22. Департамент ходимларини моддий рағбатлантириш Бош прокурор томонидан белгиланган тартибда, ажратилган бюджет маблағлари, Департаментнинг махсус бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
5-боб. Якуний қоидалар
23. Департаментнинг кўрсатмалари, тақдимномалари ва бошқа ҳужжатларини бажармаслик, шунингдек Департамент фаолиятига аралашиш ва унинг ходимларига, юклатилган вазифа ва ваколатларни бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ҳамда қонунда белгиланган жавобгарликка олиб келади.
24. Департаментни тугатиш ва қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида»ги ПФ-5019-сон Фармонига киритилаётган
ўзгартиш ва қўшимчалар
1. 4-банднинг учинчи ва бешинчи хатбошларида «Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти» сўзлари «Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига:
зарур ҳолларда, прокуратура органлари, шу жумладан Ҳарбий прокуратура ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ташкилий-штат тузилмаларига белгиланган умумий штатлар сони доирасида ўзгартишлар киритиш;
Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланган меъёрларга мувофиқ Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш Жамғармаси маблағлари ҳисобидан прокуратура органлари учун қўшимча ёрдамчи персонал штат бирликларини жорий этиш ҳуқуқи берилсин.»
3. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилсин».
4. 1-иловадаги «Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти» блоки «Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти» блоки билан алмаштирилсин.
5. 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПФ-5019-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг
ТАШКИЛИЙ-ШТАТ ТУЗИЛМАСИ
Департамент бошқарув ходимларининг умумий сони 1076 шат бирлиги
шундан марказий аппаратда 97 штат бирлиги».
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сон Фармонига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган баъзи қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ПФ-4148-сон Фармони.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 21 апрелдаги «Молия-иқтисодий, солиқ соҳасидаги жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-331-сон қарори.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 июлдаги «Иқтисодиёт ва солиқ соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 291-сон қарори.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 415-сон қарори.

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 06/18/5446/1251-сон)