Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг
Қарори
Жарқўрғон туманидаги қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникалар, шунингдек машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2013 йил 2 апрелдаги 58-сон буйруғи билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом (рўйхат рақами 2452, 25.04.2013 йил) га асосан 2018 йилда юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган барча қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникалар, машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини (кейинги ўринларда Техникалар деб юритилади) мажбурий техник кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш мақсадида қарор қиламан:
1. Барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва белгиланган тартибда машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича Жарқўрғон туман давлат инспектори томонидан рўйхатдан ўтказилган барча техникаларнинг 2018 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши таъминлансин.
2. Тумандаги барча техникаларни рўйхатини шакллантириш ҳамда техник кўрикдан ўтказиш қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича Жарқўрғон туман давлат инспектори (А. Бутаяров) зиммасига юклатилсин.
3. Техник кўрикни ўтказишда:
барча техникаларнинг техник ҳолати ва жиҳозлари стандарт талабларига, йўл ҳаракати ва техника хавфсизлиги қоидалари ҳамда нормаларига мос келиши;
техник кўрик бошлангунга қадар барча диагностика аппаратлари текширилиши, махсус техникалар, ҳаракатланувчи таъмирлаш ва тузатиш устахоналарининг жиҳозланганлигига алоҳида эътибор қаратилсин.
4. 2018 йилда техник кўрикни уюшқоқлик билан сифатли ўтказиш, техникаларнинг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш мақсадида, техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссиянинг таркиби 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича Жарқўрғон туман давлат инспектори (А. Бутаяров)га 2-иловага* асосан тасдиқланган техник кўрикдан ўтказиш иш режасини ҳар бир техникага мулк ҳуқуқи асосида эга шахсларга (бундан буён матнда мулкдор деб юритилади) етказиш ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юклатилсин.
6. 2018 йил давомида техникаларнинг техник кўрикдан ўтказилганлиги учун давлат инспектори томонидан ундириладиган йиғимларнинг ставкалари 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 3-иловалар берилмайди.
7. Тумандаги ҳар бир мулкдор техник кўрикдан ўтказиладиган техникалар тўғрисидаги далолатномаларни тўлдириш ва техник кўрикдан ўтказиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни техника доимий рўйхатдан ўтган жойдаги давлат инспекторига тақдим этишда белгиланган муддатларга қатъий риоя қилсин.
8. Суғурта ташкилотларига тумандаги барча тракторлар, ўзи юрар шассилар, мелиоратив йўл-қурилиш техникаларидан тушадиган мажбурий суғурта бадалини ундириш тавсия қилинсин.
9. Туман ҳокимининг 2017 йил 3-февралдаги 82-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари А. Хушназаров зиммасига юклатилсин.
11. Ушбу қарор оммавий ахборот воситаларида расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Ҳоким З. ДАВЛАТОВ
Жарқўрғон т.,
2018 йил 29 январь,
Қ-246-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.05.2018 й., 11/18/246/1130-сон)