Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг
Қарори
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 16 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2999]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 31 октябрдаги ПҚ-213-сон «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарор қилади:
1. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2016 йил 26 сентябрдаги 73, 4-2016-сон «Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 2838, 2016 йил 15 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 46-сон, 533-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Молия вазири Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 6 март,
59-сон
Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. МАДЖИДОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 6 март,
5-2018-сон
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг 2018 йил 6 мартдаги 59, 5-2018-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 31 октябрдаги ПҚ-213-сон «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (бундан буён матнда Иттифоқ деб юритилади) томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш шартлари ва тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналиши бўйича тўлов-контракт шакли асосида ўқиётган талабаларга нисбатан қўлланилади.
2. Мазкур Қоидаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабалар жорий ўқиш йилида Иттифоқнинг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилоти фаолиятида фаол қатнашган тақдирда Иттифоқ томонидан моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.
3. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қарори билан олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишига қўшимча оширилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган талабалар бакалавриат таълим йўналишининг иккинчи босқичидан бошлаб моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.
4. Моддий ёрдам кўрсатиш Иттифоқ томонидан мазкур Қоидаларнинг 1-бандида кўрсатилган талабаларга тўлов-контракт шакли асосида ўқиш учун тузилган шартнома миқдорининг 35 фоизини тўлаш орқали кўрсатилади. Бунда талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш улар томонидан шартномада белгиланган тўлов миқдорининг 65 фоизини белгиланган муддатларда тўлаш шарти билан амалга оширилади.
2-боб. Талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш
5. Ҳар йили 1 февралдан кечикмай олий таълим муассасаси Иттифоқнинг олий таълим муассасасидаги бошланғич ташкилоти Ёшлар Кенгашига (бундан буён матнда Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган ва олий таълим муассасасига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг (бундан буён матнда талабалар деб юритилади) рўйхатини, шунингдек уларнинг ўзлаштириши ва интизоми тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилади.
6. Ҳар йили 20 февралдан кечикмай талабалар Иттифоқнинг Ёшлар Кенгашига Иттифоқ томонидан моддий ёрдам кўрсатилиши тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
7. Ҳар йили 1 мартдан 5 мартга қадар бўлган муддатда Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши талабаларнинг аризаларини кўриб чиқади ҳамда мазкур Қоидаларнинг 9-бандида кўрсатилган кўрсаткичлар асосида қарор қабул қилади.
8. Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши талабаларнинг аризаларини кўриб чиқиш натижасида:
талабага моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Иттифоқнинг Марказий Кенгашига тавсия этиш ҳақида;
талабани моддий ёрдамга тавсия этишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Талабани моддий ёрдамга тавсия этиш рад этилган тақдирда, Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши мажлисининг баёнида муайян талаба нима учун рад этилганлиги сабаблари аниқ кўрсатилади.
9. Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши талабаларни моддий ёрдамга тавсия этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда талабаларнинг олдинги ўқув йилидаги қуйидаги асосий кўрсаткичлари (биринчи босқич талабалари учун ўқув йилининг биринчи семестр натижалари) инобатга олади:
талабанинг Иттифоқ фаолиятидаги (маънавий-маърифий ва жамоат ишларида, Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши, маҳаллий ва ҳудудий кенгашлари, Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан ташкил этилган лойиҳа танловлардаги) фаол иштироки;
талабанинг олий таълим муассасасида белгиланган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши (ички тартиб қоидаларга риоя этилмаганлиги ҳолати фақатгина олий таълим муассасаси ректори томонидан эълон қилинган ҳайфсан олганлиги билан аниқланади, бунда талабанинг талабалик гувоҳномаси ҳамда рейтинг дафтарчасининг йўқотилганлиги учун олий таълим муассасаси ректори томонидан эълон қилинган хайфсан инобатга олинмайди);
талабанинг ўрганилаётган даврдаги ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи. Бунда талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 71 ва ундан юқори фоиз бўлиши лозим. Талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи ўрганилаётган даврдаги ўқув фанлари бўйича ўзлаштириш кўрсаткичлари йиғиндисини ўтилган ҳар бир семестрдаги ўқув фанларининг умумий сонига бўлиш орқали аниқланади.
10. Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши томонидан моддий ёрдам кўрсатиш учун талабаларни тавсия этиш тўғрисидаги қарор жорий ўқув йили мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.
11. Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши мажлиси унинг ишида Кенгаш жами аъзоларининг камида 2/3 қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Кенгаш мажлисининг баённомаси Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши раҳбари ва Кенгашнинг мажлисида иштирок этган барча аъзолари томонидан имзоланади.
12. Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши мажлиси баённомасининг нусхаси уч иш кунида олий таълим муассасасига ва Иттифоқнинг Марказий Кенгашига тақдим этилади.
Баённоманинг нусхасига моддий ёрдам кўрсатишга тавсия этилган талабаларнинг рўйхати илова қилинади.
13. Иттифоқнинг Марказий Кенгаши Ёшлар Кенгашининг қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани ҳужжатлар қабул қилингандан кейин ўн беш иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқади.
14. Иттифоқнинг Марказий Кенгаши қарорининг бир нусхаси олий таълим муассасасига, бир нусхаси Иттифоқнинг Ёшлар Кенгашига юборилади.
15. Иттифоқнинг Марказий Кенгаши талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин ўн банк куни мобайнида олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига моддий ёрдам кўрсатиш пулини ўтказади.
16. Олий таълим муассасаларининг ёзма мурожаатига кўра Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда талабаларни тавсия этиш билан боғлиқ масалани кўриб чиқиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.
3-боб. Моддий ёрдам кўрсатиш пулининг қайтарилиши
17. Талабалар сафидан чиқарилган ёки академик таътилга чиққан талаба Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2431, 2013 йил 26 февраль) 28 ва 29-бандларига мувофиқ ўзининг тўлов-контракт асосида ўқиши учун тўлаган маблағини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилган моддий ёрдам кўрсатиш пули қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва Иттифоқнинг Марказий Кенгашига қайтарилиши лозим.
18. Олий таълим муассасаси талабалари сафидан чиқарилган талаба Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2431, 2013 йил 26 февраль) 27-бандига мувофиқ ўзининг тўлов-контракт асосида ўқиши учун тўлаган маблағини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолларда Иттифоқнинг Марказий Кенгаши тўланган моддий ёрдам кўрсатиш пулини талабадан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундиради.
19. Талаба моддий ёрдам олиш ҳуқуқидан воз кечса, олий таълим муассасаси талаба учун тўланган маблағни Иттифоқнинг Марказий Кенгашига ўн кун ичида қайтаради.
20. Мазкур Қоидаларнинг 17 — 19-бандларида кўрсатилган ҳолатлар юз берган тақдирда Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши Иттифоқнинг Марказий Кенгашига ўн кун ичида хабар беради.
4-боб. Якунловчи қоидалар
21. Мазкур Қоидалар талабларининг бажарилиши, шунингдек Иттифоқ томонидан моддий ёрдам кўрсатилган талабаларнинг ўқув жараёнидаги иштироки, уларнинг ўзлаштириши, интизоми ва Иттифоқ фаолиятидаги иштироки устидан назорат қилиш тегишинча олий таълим муассасаси ҳамда Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши зиммасига юклатилади.
22. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан келишилган.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ. ҚУРАНБАЕВ
2018 йил 6 март

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.04.2018 й., 10/18/2999/1075-сон)