Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси
I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-боб. Асосий қоидалар
1-модда. Иқтисодий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Иқтисодий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Иқтисодий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари буйруққа, даъво ишини юритишга оид ва алоҳида тоифадаги ишларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
2-модда. Иқтисодий суд ишларини юритиш вазифалари
Иқтисодий суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборат:
иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар (бундан буён матнда юридик шахс деб юритилади) ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш;
қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш.
3-модда. Иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ва мурожаатнинг шакли
Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (судга) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда судга бошқа шахслар ҳам мурожаат қилишга ҳақли.
Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.
Судга мурожаат қилиш:
фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан юзага келадиган низолар бўйича — даъво аризаси шаклида;
буйруқ тартибида иш юритиш, алоҳида тоифадаги ишлар бўйича ҳамда ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза шаклида;
апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига мурожаат этилганда, шунингдек ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.
Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
4-модда. Иқтисодий иш
Иқтисодий иш ишда иштирок этувчи шахслар ва иқтисодий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан судга тақдим этилган ҳужжатлар, ишни кўриш жараёнида суд томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар, шунингдек қоғозда расмийлаштирилган суд ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар асосида шакллантирилади.
Иқтисодий иш электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.
Иқтисодий иш электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва иқтисодий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳужжатларни электрон шаклда судга тақдим этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар ва иқтисодий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан судга тақдим этилган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.
Иқтисодий иш электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, суд ҳужжатлари судьянинг (судьяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда алоҳида процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Электрон шаклдаги иқтисодий ишни бошқа судга ёки бошқа органга ўтказиш телекоммуникация каналлари орқали амалга оширилади.
Электрон шаклда шакллантирилган иқтисодий ишнинг қоғоздаги кўчирма нусхаси бўлиши мумкин.
5-модда. Суд ҳужжатлари
Суд ҳал қилув қарори, ажрим, қарор, суд буйруғи шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади.
Биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинади.
Апелляция ва кассация шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан, шунингдек апелляция, кассация ва назорат шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан қарорлар қабул қилинади.
Назорат тартибида суд ҳужжатларини қайта кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан қарорлар қабул қилинади.
Қонун ҳужжатлари билан судларнинг ваколатига берилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинади.
Кредиторнинг сўзсиз талабларига доир аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича суд томонидан суд буйруғи чиқарилади.
Иш мазмунан ҳал этилмасдан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ажримлар шаклида чиқарилади.
2-боб. Иқтисодий суд ишларини юритиш принциплари
6-модда. Одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши
Иқтисодий ишлар бўйича одил судлов ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади.
7-модда. Қонун ва суд олдида тенглик
Судда низоларни ҳал қилиш юридик шахсларнинг мулкчилик шаклидан, қаерда жойлашганлигидан, кимга бўйсунишидан қатъи назар, фуқароларнинг эса жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.
8-модда. Судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши
Одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Судьялар мустақиллигининг кафолатлари қонун билан белгиланади.
9-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги
Иқтисодий суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.
10-модда. Суд ишлари юритиладиган тил
Иқтисодий суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.
Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
Суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилади.
11-модда. Суд муҳокамасининг ошкоралиги
Иқтисодий судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади.
Давлат сирини, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзувлари амалга оширилмайди.
Эшитиш ёпиқ суд мажлисида ўтказилган тақдирда ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди.
Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.
12-модда. Суд муҳокамасининг бевоситалиги
Суд ишни муҳокама қилишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.
13-модда. Ишларни қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилиш
Суд ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.
Суд ишни кўришда давлат органининг ёки бошқа органнинг ҳужжати қонунга мувофиқ эмаслигини, шу жумладан ушбу ҳужжат ваколат доирасидан четга чиқилган ҳолда қабул қилинганлигини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади.
Низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар ҳам мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунига таяниб ҳал қилади.
Тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади.
Суд Ўзбекистон Республикасининг қонунига ёки халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатларнинг ҳуқуқ нормаларини қўллайди.
14-модда. Чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўллаш
Чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўллашда суд ушбу нормаларнинг мазмунини уларнинг тегишли чет давлатда шарҳланишига ва амалда қўлланилишига мувофиқ ҳолда аниқлайди.
Чет давлат ҳуқуқи нормалари мазмунини аниқлаш мақсадида суд кўмаклашишни ва тушунтириб беришни сўраб, Ўзбекистон Республикасининг ҳамда чет давлатларнинг ваколатли органларига ёки ташкилотларига белгиланган тартибда мурожаат қилиши ёхуд экспертларни жалб этиши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахслар талабларига ёки эътирозларига асос қилиб келтираётган чет давлат ҳуқуқи нормалари мазмунини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши ва ушбу нормаларнинг мазмунини аниқлашда иқтисодий судга бошқача тарзда кўмаклашиши мумкин.
Агар кўрилган чораларга қарамай, чет давлат ҳуқуқи нормаларининг мазмуни аниқланмаса, иқтисодий суд Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳуқуқ нормаларини қўллайди.
15-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.
Суд ҳужжатларини бажармаслик ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
3-боб. Суднинг таркиби
16-модда. Ишларнинг якка тартибда ва ҳайъатда кўрилиши
Биринчи инстанция бўйича ишлар барча судларда судья томонидан якка тартибда кўрилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларида ишларни апелляция ва кассация тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш уч нафар судьядан иборат ҳайъатда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида Раёсатнинг кўпчилик аъзолари ҳозир бўлган тақдирда амалга оширилади.
Иш ҳайъатда кўрилаётганда судьялардан бири суд мажлисида раислик қилади.
Ишни кўришда барча судьялар тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.
Ушбу Кодексга биноан судьяга ишни якка тартибда кўриш ва айрим масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқи берилган тақдирда, судья суд номидан иш кўради.
17-модда. Суд таркибини шакллантириш
Муайян ишни кўриш учун суд таркиби судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашуви ҳисобга олинган ҳолда, суд таркибини шакллантиришга суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлган шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, шунингдек автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда шакллантирилади.
Бир судья ёки суд таркиби томонидан кўрилиши бошланган иш айнан шу судья ёки суд таркиби томонидан кўриб чиқилиши лозим.
Судья ёки судьялардан бири:
судья ушбу Кодексда белгиланган тартибда ўзини ўзи рад қилган ёки судьяни рад қилиш ҳақида ариза берилган ва бу қаноатлантирилган тақдирда;
судья йўқлиги сабабли ишни кўриш имкони бўлмаган тақдирда алмаштирилиши мумкин.
Судья алмаштирилганидан сўнг ишни кўриш бошидан бошланади.
18-модда. Масалаларни судьялар ҳайъати таркиби томонидан ҳал қилиш тартиби
Суд томонидан иш ҳайъат таркибида кўрилаётганда юзага келадиган масалалар судьялар томонидан кўпчилик овоз билан ҳал қилинади. Судьялардан бирортаси овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Мажлисда раислик қилувчи судья ҳаммадан кейин овоз беради.
Кўпчиликнинг фикрига қўшилмаган судья суд ҳужжатига имзо қўйиши шарт ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён қилишга ҳақли, алоҳида фикр муҳрланган конвертда ишга қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар судьянинг алоҳида фикри билан таништирилмайди.
Юқори инстанция суди судьянинг алоҳида фикри билан танишишга ҳақли.
19-модда. Ишни кўришда судьянинг такрор иштирок этишига йўл қўйилмаслиги
Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан ёхуд назорат тартибида бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок эта олмайди, бундан янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш ҳоллари мустасно.
Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья шу ишни апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.
Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.
Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.
Ишни назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.
Ишни назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.
4-боб. Судьяни ва суд процессининг бошқа иштирокчиларини рад қилиш
20-модда. Судьяни рад қилиш
Судья қуйидаги ҳолларда ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим, агар у:
1) мазкур иш илгари кўрилганда судья сифатида иштирок этган бўлса ва ишни кўришда унинг такрорий иштирок этишига ушбу Кодекс талабларига мувофиқ йўл қўйилмаса;
2) мазкур иш илгари кўрилганда унда ҳакамлик суди судьяси, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлиси котиби, вакил ёки гувоҳ сифатида иштирок этган бўлса;
3) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса;
4) ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;
5) ишни кўраётган ҳайъат таркибидаги судьянинг қариндоши бўлса.
21-модда. Прокурорни, экспертни, мутахассисни, суд мажлиси котибини ва таржимонни рад қилиш
Прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби ёки таржимон қуйидаги ҳолларда ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим, агар у:
1) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса;
2) ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.
Экспертни ва мутахассисни рад қилиш учун қуйидагилар ҳам асос бўлади:
1) унинг ишда иштирок этувчи шахсларга ёки уларнинг вакилларига ишнинг муҳокамаси пайтида ёки ўтмишда хизмат вазифаси юзасидан ёхуд бошқа жиҳатдан тобе бўлганлиги;
2) у ўтказган тафтиш материаллари судга мурожаат қилиш учун асос ёки сабаб бўлиб хизмат қилган бўлса ёхуд ишни кўришда улардан фойдаланилаётган бўлса.
22-модда. Рад қилиш ҳақидаги аризалар
Ушбу Кодекснинг 20 ва 21-моддаларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлса, судья, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби ва таржимон ўзини ўзи рад қилиш ҳақида арз қилиши шарт. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан ҳам шу асосларга кўра уларни рад қилиш ҳақида арз қилиниши мумкин. Прокурорни, экспертни, мутахассисни, суд мажлиси котибини, таржимонни рад қилиш суднинг ташаббусига кўра ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Ўзини ўзи рад қилиш ёки рад қилиш ҳақидаги ариза асослантирилган бўлиши ва ишни мазмунан кўриш бошлангунига қадар маълум қилиниши лозим.
Ишни кўриш давомида ўзини ўзи рад қилиш ёки рад қилиш ҳақида ариза беришга ўзини ўзи рад қилиш ёки рад қилиш учун асос ўзини ўзи рад қилиш ёхуд рад қилиш ҳақида ариза берган шахсга ишни мазмунан кўриш бошланганидан кейин маълум бўлиб қолган тақдирда йўл қўйилади.
Айни бир шахс томонидан айни бир асослар бўйича такроран рад қилиш билдирилиши мумкин эмас. Такроран рад қилиш билдирилган тақдирда, у кўриб чиқилмайди.
23-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани ҳал этиш тартиби
Рад қилиш тўғрисида ариза берилган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек агар рад қилиниши талаб этилаётган шахс тушунтириш беришни хоҳласа, унинг фикрини эшитади.
Ишни якка тартибда кўраётган судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала суднинг раиси, бир таркибли судда эса шу судья томонидан ҳал қилинади.
Иш ҳайъат таркибида кўрилаётганда судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала рад қилиниши талаб этилаётган судьянинг иштирокисиз суд таркибининг кўпчилик овози билан ҳал қилинади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, судья рад қилинган ҳисобланади.
Бир нечта судьяни ёки ишни кўраётган суднинг бутун таркибини рад қилиш тўғрисидаги масала шу суд таркиби томонидан оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади.
Прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котибининг ва таржимоннинг ўзини ўзи рад қилиши ёки уларни рад қилиш тўғрисидаги масала ишни кўраётган суд томонидан ҳал этилади.
Судьянинг ўзини ўзи рад қилиши тўғрисидаги масала ушбу моддада назарда тутилган тартибда суд томонидан ҳал этилади.
Рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
24-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш оқибатлари
Ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги ёки судьяни ёхуд бир неча судьяни ёинки бутун суд таркибини рад қилиш ҳақидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда иш ўша судда, бироқ судьяларнинг бошқа таркибида кўрилади.
Агар ўзини ўзи рад қилишни ва рад қилишни қаноатлантириш натижасида ишни айни ўша судда кўриш учун суднинг янги таркибини шакллантириш имкони бўлмаса, иш бошқа судга ўтказилиши керак.
5-боб. Иқтисодий ишларнинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилиги
1-§. Судга тааллуқлилик
25-модда. Ишларнинг судга тааллуқлилиги
Иқтисодий судга:
1) иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар;
2) иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш (бундан буён матнда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш деб юритилади) тўғрисидаги ишлар;
3) банкротлик тўғрисидаги ишлар;
4) ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ ишлар;
5) ушбу Кодекснинг 30-моддасида кўрсатилган корпоратив низолар бўйича ишлар, бундан меҳнатга оид низолар мустасно;
6) чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижро этишга қаратиш тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.
Якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар ҳам, агар тегишли талаблар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, судга тааллуқли бўлади.
Қонун билан судга тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ўзига тааллуқли ишларни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари, шунингдек чет эл юридик шахслари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўради.
Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари иқтисодий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим.
Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Ушбу модда биринчи қисмининг 5-бандида кўрсатилган ишлар низо юзага келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси юридик ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъи назар, суд томонидан кўриб чиқилади.
26-модда. Иқтисодий суд томонидан ҳал этиладиган низолар
Иқтисодий суд:
1) тузилиши мажбурийлиги қонунда назарда тутилган шартномани тузишда юзага келган келишмовчиликлар тўғрисидаги;
2) шартнома тарафлари томонидан кўриб чиқилиши судга ўтказилиши келишилган шартномани тузишда юзага келган келишмовчиликлар ҳақидаги;
3) шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги;
4) битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги;
5) мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги;
6) мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги;
7) мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан мол-мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги;
8) интеллектуал фаолият объектлари ва фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар, товарлар, ишлар ва хизматларга мулкий ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги;
9) мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилганлиги тўғрисидаги;
10) зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги;
11) ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги;
12) ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этиш мумкин эмас деб топиш ҳақидаги;
13) агар қонунда жарималарни сўзсиз (акцептсиз) тартибда ундириш назарда тутилмаган бўлса, назорат қилувчи органлар томонидан юридик шахслар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги;
14) назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш ҳақидаги низоларни ҳал этади.
Суд қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа низоларни ҳам ҳал қилади.
27-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишлар
Олдинги таҳрирга қаранг.
Банкротлик тўғрисидаги ишлар жумласига юридик шахсларни ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва қонунда белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор мақомини олган фуқароларни, шунингдек пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларни, агар пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса, банкрот деб топиш тўғрисидаги ишлар киради.
(27-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 26 июлдаги ЎРҚ-488-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.07.2018 й., 03/18/488/1579-сон)
28-модда. Ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ ишлар
Ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ бўлган ишлар жумласига қуйидагилар киради:
1) даъвони таъминлаш юзасидан чоралар кўриш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар;
2) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар;
3) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар.
Иқтисодий судлар ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ишларни ушбу Кодекснинг 8, 28 ва 29-бобларида кўрсатилган хусусиятлар билан биргаликда иқтисодий суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқади.
29-модда. Низоларни ҳал этишни ҳакамлик судига топшириш
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқиб, юзага келадиган ёки юзага келиши мумкин бўлган ҳамда иқтисодий судга тааллуқли бўлган низо тарафларнинг келишувига биноан, иқтисодий суд ҳал қилув қарори чиқаргунига қадар ҳакамлик судига кўриш учун топширилиши мумкин.
30-модда. Корпоратив низолар бўйича ишлар
Корпоратив низолар бўйича ишлар жумласига қуйидагилар киради:
1) юридик шахсни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ низолар;
2) хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг, улушларнинг, кооперативлар аъзолари пайларининг мансублиги, уларга юкламалар белгилаш ва улардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ низолар, бундан хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни, улушларни, кооперативлар аъзоларининг пайларини ўз ичига олувчи мерос мол-мулкни ёки эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар мустасно;
3) юридик шахс иштирокчиларининг (муассисларининг, аъзоларининг) юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъволари бўйича низолар;
4) қимматли қоғозлар эмиссияси билан, шу жумладан эмитентнинг бошқарув органлари қарорлари юзасидан низолашиш билан, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимлар, эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш (қўшимча равишда чиқариш) натижалари бўйича ҳисоботлар (хабарномалар) юзасидан низолашиш билан боғлиқ низолар;
5) қимматли қоғозларни номинал сақловчиларнинг акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни қимматли қоғозларни жойлаштириш ва (ёки) уларнинг муомаласи муносабати билан қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари томонидан амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятидан келиб чиқадиган низолар;
6) юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низолар;
7) юридик шахс бошқарув органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги низолар.
Қонунга мувофиқ корпоратив низолар бўйича ишлар жумласига бошқа низолар ҳам киритилиши мумкин.
31-модда. Чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар
Чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар жумласига:
тадбиркорлик фаолиятини ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган низолар бўйича чет давлат судлари томонидан қабул қилинган қарорни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги;
тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган низолар бўйича чет эл арбитражлари томонидан қабул қилинган қарорни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар киради.
2-§. Судловга тегишлилик
32-модда. Ишларнинг судловга тегишлилиги
Судга тааллуқли ишлар туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан кўрилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар иқтисодий судлари судловига тегишли ишлар мустасно.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар иқтисодий судлари:
тарафлардан бири Ўзбекистон Республикаси норезиденти — чет эл шахси бўлган ишларни;
чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўради.
Давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги иқтисодий битимлардан келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган суддан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.
Ҳал қилув қарори, қарор Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишни биринчи инстанция суди бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилишга ҳақли.
33-модда. Судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари
Юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
Юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
Фуқароларга нисбатан даъволар улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
34-модда. Даъвогарнинг танлови бўйича судловга тегишлилик
Турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.
Давлат рўйхатидан ўтган жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки жойлашган ердаги ёки унинг маълум бўлган охирги жойлашган еридаги судга тақдим этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган ва бошқа давлат ҳудудида турган жавобгарга нисбатан даъволар даъвогар жойлашган ерда ёки жавобгарнинг мол-мулки жойлашган ерда тақдим этилиши мумкин.
Ижро этиш жойи кўрсатилган шартномадан келиб чиқадиган даъволар мажбурият ижро этиладиган жой бўйича тақдим этилиши мумкин.
35-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларнинг судловга тегишлилиги
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар аризачи давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар кўчмас мулк жойлашган ердаги судда кўрилади.
36-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишларнинг судловга тегишлилиги
Юридик шахслар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судда кўрилади.
37-модда. Алоҳида судловга тегишлилик
Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар, кўчмас мулк ҳақидаги низолар, шу жумладан кўчмас мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги ёхуд мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш ҳақидаги ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги бошқа даъволар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга тақдим этилади.
Ташувчига нисбатан йўловчилар, багаж ва юкларни ташиш шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар, шу жумладан, агар жавобгарлардан бири ташувчи бўлса, транспорт ташкилотининг органи жойлашган ердаги судга тақдим этилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади.
Ҳакамлик судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги, шунингдек ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги ёхуд агар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.
Корпоратив низолар бўйича даъволар ушбу Кодекснинг 30-моддасида кўрсатилган юридик шахс жойлашган ердаги судга тақдим этилади.
Қарши даъволар дастлабки даъво кўрилаётган жойдаги судга тақдим этилади.
38-модда. Шартнома бўйича судловга тегишлилик
Ушбу Кодекснинг 33 ва 34-моддаларида белгиланган судловга тегишлилик тарафларнинг келишувига кўра ўзгартирилиши мумкин.
39-модда. Ишни бир суддан бошқасига ўтказиш
Суд томонидан судловга тегишлилик қоидаларига риоя этилган ҳолда ўз иш юритувига қабул қилиб олинган иш, гарчи кейинчалик бошқа суднинг судловига тегишли бўлиб қолса ҳам, ўзи томонидан мазмунан кўрилиши керак.
Суд ишни қуйидаги ҳолларда бошқа судга ўтказади, агар:
1) иш судловга тегишлилик қоидаларини бузган ҳолда қабул қилинганлиги ишни шу судда кўриш чоғида маълум бўлса;
2) бир ёки бир нечта судья рад қилинганидан кейин уларни мазкур судда алмаштириш мумкин бўлмай қолса, шунингдек ишни ушбу судда кўриш мумкин бўлмай қолган бошқа ҳолларда.
Ишни бошқа судда кўришга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Бир суддан бошқа судга юборилган иш у юборилган судда кўриш учун қабул қилиб олиниши керак.
Ўзбекистон Республикасида иқтисодий судлар ўртасида судловга тегишлилик тўғрисида низоларга йўл қўйилмайди.
6-боб. Иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчилари
1-§. Иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари
40-модда. Иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг таркиби
Суд, ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиларидир.
41-модда. Ишда иштирок этувчи шахслар
Тарафлар, учинчи шахслар, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган алоҳида тоифадаги ишлар бўйича аризачилар ҳамда бошқа манфаатдор шахслар ишда иштирок этувчи шахслар деб эътироф этилади.
42-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, кўчирма нусха олиш, рад қилиш тўғрисида ариза бериш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, саволлар бериш, илтимосномалар киритиш, арз қилиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни кўриш давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўз важларини, хулосаларини тақдим қилиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важларига эътироз билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳамда ушбу Кодексда ўзларига берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодексда назарда тутилган процессуал мажбуриятларга эга ва улар ўзларига тегишли барча процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланиши керак.
43-модда. Тарафлар
Даъвогар (аризачи) ва жавобгар иқтисодий суд ишларини юритишдаги тарафлардир.
Ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво тақдим этган ёки манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган юридик шахслар ва фуқаролар даъвогарлардир.
Даъво ёки билдирилган талаб тақдим этилган юридик шахслар ва фуқаролар жавобгарлардир.
Алоҳида тоифадаги ишлар ҳамда ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ишлар бўйича ариза берган юридик шахслар ва фуқаролар аризачилардир.
Тарафлар тенг процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади.
44-модда. Ишда бир неча даъвогар ва жавобгарнинг иштирок этиши
Даъво бир неча даъвогар (шерик даъвогарлар) томонидан биргаликда ёки бир неча жавобгарга (шерик жавобгарларга) нисбатан тақдим этилиши мумкин.
Даъвогарлар ва жавобгарларнинг ҳар бири бошқа тарафга нисбатан суд процессида мустақил иштирок этади.
Процессда биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топшириши мумкин.
Бошқа жавобгарнинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар даъвогарнинг (даъвогарларнинг) розилиги билан ўша жавобгарни (жавобгарларни) ишда иштирок этиш учун жалб этади.
Агар қонун ҳужжатларида ишда бошқа жавобгар иштирокининг мажбурийлиги назарда тутилган бўлса, суд шу жавобгарни ишда иштирок этиш учун ўз ташаббуси билан жалб этади.
Суд даъвогарнинг илтимосномаси бўйича ҳам бошқа жавобгарни ишда иштирок этиш учун жалб этишга ҳақли.
Бошқа жавобгарни ишда иштирок этишга жалб этиш ёки жалб этишни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Бошқа жавобгар ишда иштирок этиш учун жалб этилганда ишни кўриш бошидан бошланади.
45-модда. Ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни алмаштириш
Суд даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан даъво тақдим этилганлигини аниқласа, ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар даъвогарнинг розилиги билан ишга дахлдор жавобгар билан алмаштиришга йўл қўйиши мумкин.
Агар даъвогар жавобгарни бошқа шахс билан алмаштиришга рози бўлмаса, суд бу шахсни даъвогарнинг розилиги билан иккинчи жавобгар сифатида ишга жалб этиши мумкин.
Ишга дахлдор бўлмаган жавобгар алмаштирилганлиги тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Ишга дахлдор бўлмаган жавобгар алмаштирилганидан сўнг ишни кўриш бошидан бошланади.
46-модда. Процессуал ҳуқуқий ворислик
Тарафлардан бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган ҳолларда (юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг ўлими ва мажбуриятлардаги шахслар ўзгаришининг бошқа ҳолларида) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради.
Ҳуқуқий ворислик иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин.
Тарафни ҳуқуқий ворис билан алмаштириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Тарафни ҳуқуқий ворис билан алмаштириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Тараф ҳуқуқий ворис билан алмаштирилганидан кейин иқтисодий суд ишларини юритиш алмаштириш амалга оширилган босқичнинг ўзидан давом эттирилади.
Ҳуқуқий ворис ишга киришгунига қадар суд процессида амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурий бўлади.
47-модда. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар ишга киришиши мумкин. Улар даъвогарнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг барча мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этиш мажбурияти мустасно.
Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс ишга суд муҳокамаси бошланганидан кейин киришса, ишни кўриш бошидан бошланади.
48-модда. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар, агар иш ушбу шахсларнинг тарафлардан бирига нисбатан ҳуқуқ ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, даъвогар ёхуд жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафнинг илтимосномасига ёки суднинг ташаббусига кўра ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартириш, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъводан воз кечиш, даъвони тан олиш ёхуд келишув битими тузиш, қарши даъво тақдим этиш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқи мустасно.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсни ишда иштирок этишга жалб қилиш ёки жалб қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишга суд муҳокамаси бошланганидан кейин киришса, ишни кўриш бошидан бошланади.
49-модда. Ишда прокурорнинг иштироки
Прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.
Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларига даъво аризасини (аризани) — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки прокурор ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар иқтисодий судларига эса — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг барча иқтисодий судларига даъво аризаси (ариза) тақдим этишга ҳақли.
Қонунда назарда тутилган ёки суд мазкур ишда прокурор иштирок этиши зарур деб топган ҳолларда, шунингдек прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шарт.
Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён қилади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.
Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими тузиш ҳуқуқи мустасно.
Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
50-модда. Ишда давлат органлари ва бошқа шахсларнинг иштироки
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахсларнинг, фуқароларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво аризаси (ариза) тақдим этиши мумкин. Даъво тақдим этган мазкур органлар ва шахслар даъвогарнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими тузиш ҳуқуқи мустасно.
Давлат органи ва бошқа шахснинг ўзи тақдим этган даъво аризасидан (аризадан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўришни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Давлат органи ва бошқа шахс томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъво аризасидан (аризасидан) даъвогарнинг (аризачининг) воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
51-модда. Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар
Иқтисодий суд ишларини юритишда ишда иштирок этувчи шахслар билан бир қаторда одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар — гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар иштирок этиши мумкин.
52-модда. Суд мажлисининг котиби
Судьянинг ёрдамчиси (катта ёрдамчиси) судьянинг топшириғи бўйича ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширади, ишда иштирок этувчи шахсларни суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади ҳамда уларнинг судга келган-келмаганлигини текширади, келмаганлик сабабларини аниқлаштиради ва бу ҳақда судьяга маълум қилади, бажарилаётган процессуал ҳаракатлар бўйича баённома юритади, судьянинг суд мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек суд ҳужжатини ижрога юбориш билан боғлиқ бўлган бошқа барча топшириқларини бажаради.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган процессуал ҳаракатлар амалга оширилаётган вақтда судьянинг ёрдамчиси (катта ёрдамчиси) суд мажлисининг котиби сифатида қатнашади.
53-модда. Гувоҳ
Суднинг низони тўғри ҳал этиши учун аҳамиятга эга маълумотлар ва ҳолатлардан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ бўлиши мумкин.
Қуйидагилар гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмас:
фуқаролик, иқтисодий, маъмурий иш бўйича вакиллар ёки жиноят иши бўйича ҳимоячилар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича адвокатлар — вакил, ҳимоячи ёки адвокат вазифаларини бажариши муносабати билан ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида;
жисмоний ёки руҳий нуқсонлари сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар ҳақида тўғри кўрсатувлар беришга лаёқатсиз шахслар.
54-модда. Гувоҳнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Гувоҳ адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш, иқтисодий суд иши юритилаётган тилни билмаса ёки етарли даражада билмаса, ўз она тилида кўрсатувлар бериш ва бу ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш, кўрсатувларини ўз қўли билан ёзиб бериш, кўрсатувлар беришда ёзма қайдлар ва ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Гувоҳ суднинг чақирувига биноан келиши, иш юзасидан ўзи хабардор бўлган маълумотлар ва ҳолатлар ҳақида тўғри кўрсатувлар бериши, судья ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг саволларига жавоб бериши, суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.
Гувоҳ била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун жиноий жавобгар бўлади, суд томонидан бу ҳақда огоҳлантирилиб, тилхат олинади.
Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.
Қонунга мувофиқ касбий бурчини бажариши жараёнида ўзига маълум бўлган маълумотлар ва ҳолатлар юзасидан кўрсатув беришни рад қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан кўрсатув бериш мажбурияти татбиқ этилмайди.
55-модда. Эксперт
Фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида хулоса бериш учун зарур бўлган махсус билимларга эга жисмоний шахс эксперт сифатида тайинланиши мумкин.
Давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ходими ёки ўзга жисмоний шахс эксперт сифатида иштирок этиши мумкин.
Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар эксперт сифатида жалб этилиши мумкин эмас.
56-модда. Экспертнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Эксперт: экспертиза предметига тааллуқли иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш; жойида кўздан кечиришда иштирок этиш ва экспертизани ўтказиш учун зарур қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш; суд муҳокамасида экспертиза предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ва гувоҳларга суднинг рухсати билан саволлар бериш; ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш; ўз хулосасида нафақат ўз олдига қўйилган саволлар бўйича, балки экспертиза предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам хулосаларини баён этиш; ўз хулосаси ёки кўрсатувлари ишда иштирок этувчи шахслар ва гувоҳлар томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш; агар у суд муҳокамаси юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; агар ишни юритаётган суднинг ҳал қилув қарорлари, судьянинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) экспертнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.
Эксперт: ушбу Кодекснинг 20 ва 21-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, ўзини ўзи рад этиши ҳақида дарҳол арз қилиши; ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона ёзма хулоса бериши; суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун суд чақирувига биноан келиши; ўзи ўтказган экспертиза хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши; экспертиза ўтказилиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги; тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг бут сақланишини таъминлаши; суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.
Эксперт била туриб нотўғри хулоса берганлиги учун жиноий жавобгар бўлади.
Агар эксперт қўйилган саволларни ўзининг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган далолатнома тузади ҳамда уни экспертизани тайинлаган судга юборади.
57-модда. Мутахассис
Маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш ва илмий-техника воситаларини қўллашда ёрдам кўрсатиш йўли билан далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда кўмаклашиш мақсадида фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва малакага эга бўлган, вояга етган, иш натижасидан манфаатдор бўлмаган шахс суд мажлисида ёки процессуал ҳаракатларда иштирок этиш учун суд томонидан мутахассис сифатида жалб қилиниши мумкин.
Мутахассисни суд мажлисида иштирок этиш учун жалб қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Суднинг мутахассисни чақириш ҳақидаги талаби унинг иш берувчиси учун мажбурийдир.
58-модда. Мутахассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Мутахассис сифатида чақирилган шахс: қандай мақсадда чақирилганлигини билиш; агар тегишли билим ва малакага эга бўлмаса, иш юритишда иштирок этишни рад қилиш; суднинг рухсати билан процессуал ҳаракат иштирокчиларига саволлар бериш; процессуал ҳаракат иштирокчиларининг эътиборини ўзининг далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда, илмий-техника воситаларини қўллашда, экспертиза тайинлаш учун материаллар тайёрлашда кўмаклашиш чоғидаги ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларга қаратиш; ўзи иштирок этган процессуал ҳаракат баённомаси, шунингдек суд мажлиси баённомасининг тегишли қисми билан танишиш ва унинг иштирокида амалга оширилган ҳаракатларнинг кечиши ҳамда натижалари қайд қилинишининг тўлиқлиги ва тўғрилиги хусусида баённомага киритилиши лозим бўлган арзлар ва фикрларни билдириш; агар иш юритишда иштирок этиш унинг хизмат вазифалари доирасига кирмаса, процессуал ҳаракатларни амалга оширишдаги иштироки билан боғлиқ харажатлар ўрни қопланиши ва бажарган иши учун пул мукофоти олиш ҳуқуқига эга.
Мутахассис этиб тайинланган шахс: суднинг чақируви бўйича келиши; процессуал ҳаракатларни амалга оширишда ва суд муҳокамасида махсус билим, малака ва илмий-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда иштирок этиши; маслаҳатлар бериши; ўзи бажараётган ҳаракатлар юзасидан тушунтиришлар бериши шарт.
Агар мутахассис суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суд чақируви бўйича келмаса, шунингдек маслаҳатлар (тушунтиришлар) беришни асоссиз равишда рад этса, унга нисбатан ушбу Кодекснинг 14-бобида белгиланган тартибда суд жаримаси солиниши мумкин.
Жарима солиниши мутахассисни келиш ва маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш мажбуриятидан озод қилмайди.
59-модда. Таржимон
Таржима қилиш учун зарур тилларни биладиган ҳамда ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда суд томонидан тайинланган шахс таржимондир. Иқтисодий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари, гарчи таржима қилиш учун зарур тилларни билса ҳам таржимон вазифаларини ўз зиммасига олишга ҳақли эмас.
60-модда. Таржимоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Таржимон: таржимани аниқлаштириш учун суд мажлиси иштирокчиларига саволлар бериш; агар таржима қилиш учун тегишли билимга эга бўлмаса, суд муҳокамасида иштирок этишни рад қилиш; суд мажлиси баённомаси билан танишиш; таржима ёзувларининг ёзилиши тўғрилиги хусусида эътирозлар тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Таржимон:
суд чақируви бўйича келиши;
таржимани аниқ, тўлиқ ва тўғри амалга ошириши;
суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.
Таржимон била туриб нотўғри таржима қилганлик учун жиноий жавобгар бўлади, суд томонидан бу ҳақда огоҳлантирилиб, ундан тилхат олинади.
2-§. Судда вакиллик
61-модда. Вакиллар орқали иш юритиш
Судда юридик шахсларнинг ишларини уларнинг қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ва (ёки) вакиллари юритади.
Фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ўзлари ва (ёки) вакиллари орқали юритишга ҳақлидир. Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар ёки ҳомийлар) ҳимоя қилади. Қонуний вакиллар судда иш юритишни ўзлари танлаган вакилга топшириши мумкин.
Агар қонунда бу бевосита назарда тутилмаган бўлса, қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллар бўлиши мумкин:
1) адвокатлар;
2) юридик шахсларнинг ходимлари — шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;
3) нотижорат ташкилотларининг ваколатли вакиллари — шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;
4) қонунда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларининг ваколатли вакиллари;
5) биргаликдаги процессуал иштирокчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;
6) ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига биноан суд томонидан рухсат берилган бошқа шахслар.
Судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.
62-модда. Вакилнинг ваколатларини расмийлаштириш
Вакилнинг судда иш юритишга доир ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши керак.
Юридик шахс номидан берилган ишончнома унинг раҳбари ёки таъсис ҳужжатларида шундай ваколат берилган бошқа шахс томонидан имзоланган ва ушбу юридик шахснинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлганда) тасдиқланган бўлиши керак.
Адвокатнинг ваколатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.
Шартнома бўйича вакил сифатида ҳаракат қилувчи шахс (бундан адвокат мустасно) ишончномадан ташқари судга шартнома бўйича вакил мақомини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.
63-модда. Вакилнинг ваколатлари
Судда иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради, бундан даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битимини тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулни олиш мустасно.
Вакилнинг ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларнинг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари у қайси шахс томонидан вакил қилинаётган бўлса, ўша шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак.
64-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини текшириш
Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини текшириши шарт.
Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини тан олиш ва уларнинг суд мажлисида иштирок этишига рухсат бериш тўғрисидаги масалани мазкур шахслар судга тақдим этган ҳужжатларни текшириш асосида ҳал этади. Мазкур шахсларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар суд мажлиси баённомасига киритилади, зарур бўлганда эса уларнинг кўчирма нусхалари ишга қўшиб қўйилади.
Ишда иштирок этувчи шахс, унинг вакили ўз ваколатларини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни тақдим этмаган ёки қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаган ҳужжатларни тақдим этган тақдирда суд тегишли шахснинг ишда иштирок этишга оид ваколатларини тан олишни рад этади, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.
65-модда. Судда вакил бўла олмайдиган шахслар
Тўла муомала лаёқатига эга бўлмаган ёхуд васийлик ёки ҳомийлик остидаги шахслар судда вакил бўла олмайди.
Судьялар, терговчилар, суриштирувчилар, прокурорлар ва суд девони ходимлари судда вакил бўла олмайди. Мазкур шахслар суд процессида тегишли судларнинг, прокуратура органларининг вакили сифатида ёки қонуний вакил сифатида иштирок этаётган ҳолларга нисбатан ушбу қоида татбиқ этилмайди.
7-боб. Далиллар ва исботлаш
66-модда. Далиллар тушунчаси ва уларнинг турлари
Иш бўйича далиллар ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган фактлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар асосида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. Бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланади.
Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
67-модда. Исботлаш
Исботлаш ишни мазмунан кўриш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш мақсадида далилларни тўплаш, тадқиқ этиш, текшириш ва баҳолашдан иборатдир.
68-модда. Исботлаш мажбурияти
Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Юридик шахслар ва фуқароларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш (бундан буён матнда ҳуқуқий таъсир чоралари деб юритилади) тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти назорат қилувчи орган зиммасига юклатилади.
Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида, агар ушбу Кодексда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, суд мажлиси бошлангунига қадар ёки суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши лозим.
Ишда иштирок этувчи шахслар фақат ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдиндан таништирилган далилларга асосланишга ҳақли.
Агар тараф суд томонидан талаб этилаётган далилни ўзида ушлаб турган ва суд сўрови билан белгиланган муддатда уни тақдим этмаётган бўлса, ундаги маълумотлар шу тараф манфаатларига қарши қаратилган деб тахмин қилинади ва у томонидан тан олинган деб ҳисобланади.
69-модда. Далилларни тақдим этиш ва талаб қилиб олиш
Далиллар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилади.
Агар суд мавжуд далиллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишнинг объектив ҳолатларини аниқлаш ва низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилиши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахс ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмайдиган шахсдаги зарур далилни мустақил олиш имконига эга бўлмаса, ўша далилни талаб қилиб олиш тўғрисида судга илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Илтимосномада шу далил билан иш учун аҳамиятли қандай ҳолатлар аниқланиши мумкинлиги, далилнинг аломатлари ва унинг жойлашган жойи кўрсатилиши зарур.
Далилни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Далилни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги ажримда талаб қилинаётган далилни тақдим этиш муддати ва тартиби кўрсатилиб, ажрим суд томонидан талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга юборилади.
Суд талаб қилаётган далилни сақлаётган шахс уни бевосита судга юборади ёки судга топшириш учун тегишли ажримни тақдим этган шахсга беради.
Агар шахс суд талаб қилаётган далилни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса ёки суд белгилаган муддатда тақдим эта олмаса, у шу муддат ичида бу ҳақда судни сабабларни кўрсатган ҳолда хабардор қилиши шарт.
Далилни сақлаётган шахс талаб қилинаётган далилни тақдим этиш мажбуриятини суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажармаган тақдирда, уни сақлаётган шахсга ушбу Кодекснинг 14-бобида белгиланган тартибда суд жаримаси солинади.
Талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга жарима солиниши уни далилни судга тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
70-модда. Далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш
Судга олиб келиш имконияти бўлмаган ёки олиб келиниши қийин бўлган далилларни, шунингдек тез бузиладиган ашёвий далилларни суд улар турган жойда кўздан кечириши ва текшириши мумкин.
Далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Зарур ҳолларда, далилларни кўздан кечириш ва текширишда иштирок этиш учун одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар чақирилиши мумкин.
Тез бузиладиган ашёвий далиллар ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан дарҳол кўздан кечирилиши ва текширилиши мумкин.
Ёзма ва ашёвий далилларни улар турган жойда бевосита кўздан кечириш ва текшириш жараёнида ушбу Кодекснинг 201-моддасида белгиланган тартибда суд томонидан баённома тузилади.
Далилларни мустаҳкамлаш учун баённома тузиш билан бирга аудио-, видеоёзувга олиш, фотосуратга тушириш, кўчирма нусхалар, режалар, чизмалар тайёрлаш ва ахборотни акс эттиришнинг бошқа усуллари қўлланилиши мумкин. Далилларни мустаҳкамлашнинг бундай усули қўлланилганлиги баённомада акс эттирилади, маълумотларни акс эттирувчи материаллар баённомага илова қилинади.
71-модда. Далилларнинг алоқадорлиги
Суд фақат ишга алоқадор бўлган далилларни қабул қилади.
Агар тақдим этилган далиллар кўрилаётган ишга алоқадор бўлмаса, улар иш материалларига қўшиб қўйилмайди, уларнинг далил сифатида рад қилинганлиги суд ҳужжатида акс эттирилади.
72-модда. Далилларнинг мақбуллиги
Қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас.
73-модда. Исботлашдан озод қилиш асослари
Ишнинг иқтисодий суд томонидан ҳаммага маълум деб топилган ҳолатлари исботлашга муҳтож эмас.
Иқтисодий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд худди шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди.
Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.
Жиноят ишлари бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилганлиги ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича иқтисодий суд учун мажбурийдир.
74-модда. Далилларга баҳо бериш
Суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.
Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан, далилларнинг йиғиндиси эса, етарлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.
Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри келиши аниқланса, у ишончли деб тан олинади.
Ҳеч қандай далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.
Суд ҳужжатнинг ёки бошқа ёзма далилнинг фақат кўчирма нусхаси билан тасдиқланадиган ҳолатларни, агар ҳужжатнинг асл нусхаси йўқотилган ва судга топширилмаган бўлса, ва ушбу ҳужжатнинг низолашаётган тарафларнинг ҳар бири томонидан тақдим этилган кўчирма нусхалари ўзаро бир хил бўлмаса, ва ҳужжатнинг асл мазмунини бошқа далиллар ёрдамида аниқлаб бўлмаса, исбот қилинган деб ҳисоблаши мумкин эмас.
75-модда. Ёзма далиллар
Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар, шартномалар, маълумотномалар, амалий ёзишмалар, шу жумладан факсимил, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг ишончлилигини аниқлаш имконини берувчи бошқа усулда олинган ўзга ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллардир.
Ёзма далиллар асл нусхада ёки тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхада тақдим этилади. Агар кўрилаётган ишга ҳужжатнинг фақат бир қисми алоқадор бўлса, унинг тасдиқланган кўчирмаси тақдим этилиши мумкин.
Иш ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда суднинг талаби билан уларнинг асл нусхалари тақдим этилади.
Судга тақдим этиладиган, тўлиқ ёки қисман чет тилида тузилган ёзма далилларга уларнинг тегишли тарзда тасдиқланган таржималари илова қилинади.
Чет давлатда олинган ҳужжат, агар у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда легаллаштирилган бўлса, судда ёзма далил деб тан олинади.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган ҳолларда чет давлатда олинган ҳужжат легаллаштирилмасдан судда ёзма далил деб тан олинади.
76-модда. Ҳужжатларнинг аслини қайтариш
Ишда мавжуд бўлган ҳужжатларни тақдим этган шахсларнинг илтимосномасига кўра, уларнинг асли суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин ушбу шахсларга, агар суд ҳужжатни қайтариш низонинг тўғри ҳал қилинишига зарар етказмайди деган хулосага келса, ишни юритиш жараёнида ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар қайтариб берилиши мумкин. Илтимоснома билан бир вақтда мазкур шахслар ҳужжат аслининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхасини тақдим этади ёки ишда қолаётган кўчирма нусханинг аслига тўғрилиги суд томонидан тасдиқланишини илтимос қилади.
77-модда. Ашёвий далиллар
Ўзининг ташқи кўриниши, ички хоссалари ва мазмуни, турган жойи ёки бошқа белгилари билан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қила оладиган ашёлар ашёвий далиллардир.
78-модда. Ашёвий далилларни сақлаш
Ашёвий далиллар судда сақланади.
Судга келтириб бўлмайдиган ашёвий далиллар турган жойида сақланади. Улар батафсил тавсифланиши, зарур бўлган тақдирда эса муҳрлаб қўйилиши, фотосуратга ёки видеоёзувга туширилиши лозим.
Суд ва сақловчи ашёвий далилларни ўзгармайдиган ҳолатда сақлаш чораларини кўради.
Ашёвий далилларни сақлаш харажатлари ушбу Кодекснинг 118-моддасида белгиланган қоидаларга мувофиқ тарафлар ўртасида тақсимланади.
79-модда. Ашёвий далилларни қайтариш
Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин ашёвий далиллар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилади ёки суд шу ашёларга кимнинг ҳуқуқи бор деб топган бўлса, ўша шахсларга берилади ёхуд суд белгилайдиган бошқа тартибда реализация қилинади.
Айрим ҳолларда суд ашёвий далилларни кўздан кечириб ва текшириб чиққанидан кейин, агар ашёвий далилларни тақдим этган шахслар уларни қайтариб беришни илтимос қилган бўлса ва бундай илтимосноманинг қаноатлантирилиши низонинг тўғри ҳал этилишига зарар келтирмаса, улар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга ишни юритиш жараёнида қайтариб берилиши мумкин.
Суд ашёвий далилларни қайтариш масалалари юзасидан ажрим чиқаради.
Қонунга мувофиқ айрим шахсларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаган ашёлар тегишли ташкилотларга топширилади.
80-модда. Экспертиза
Ишни кўриш вақтида юзага келадиган, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра ёки розилиги билан экспертиза тайинлайди. Агар экспертизани тайинлаш қонунда белгилаб қўйилган ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд тақдим этилган далилнинг қалбакилаштирилганлиги тўғрисидаги аризани текшириш ёхуд қўшимча экспертиза тайинлаш зарур бўлса, суд экспертизани ўз ташаббуси билан тайинлаши мумкин.
Экспертиза ўтказилиши зарур бўлган масалалар доираси ва мазмуни суд томонидан белгиланади. Ишда иштирок этувчи шахслар судга экспертиза ўтказиш вақтида тушунтириб берилиши лозим бўлган масалаларни тақдим этишга ҳақли. Суд ишда иштирок этувчи шахслар тақдим этган масалалар рад қилинганлигини асослаб бериши шарт.
Ишда иштирок этувчи шахслар: ўзлари кўрсатган шахсларни эксперт сифатида жалб этиш тўғрисида экспертизани муайян экспертиза муассасасида ўтказиш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилишга, экспертни рад этиш тўғрисида арз қилишга; экспертиза тайинлаш ҳақидаги ажримга эксперт олдига қўйилган масалаларга қўшимча масалалар киритиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишга; экспертга тушунтиришлар беришга; эксперт хулосаси билан ёки хулоса беришнинг имкони бўлмаганлиги ҳақидаги хабар билан танишишга; қўшимча ёхуд такрорий экспертиза ўтказиш ҳақида илтимос қилишга ҳақли.
Суд экспертиза тайинлаш тўғрисида ёки экспертиза тайинлаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда: экспертизани тайинлаш асослари; экспертнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёки экспертиза ўтказилиши лозим бўлган экспертиза муассасасининг номи; эксперт олдига қўйилган масалалар; эксперт ихтиёрига тақдим этиладиган материаллар ва ҳужжатлар; экспертизани ўтказиш ва судга хулосани тақдим этиш керак бўлган муддат кўрсатилади.
Тараф экспертизада иштирок этишдан бўйин товлаган, экспертларга текшириш учун зарур материаллар ва ҳужжатларни тақдим этмаган ҳолларда ҳамда бошқа ҳолларда, агар ишдаги мавжуд ҳолатларга кўра ва шу тарафнинг иштирокисиз экспертиза ўтказиш имкони бўлмаса, суд айнан қайси тараф экспертизадан бўйин товлаётганлигидан, шунингдек унинг учун экспертиза қандай аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, қайси факт юзасидан экспертиза тайинланган бўлса, ўша фактни аниқланган ёки инкор этилган деб топишга ҳақли.
81-модда. Экспертизани ўтказиш тартиби
Экспертиза суд мажлисида ёки агар текширишнинг хусусиятига кўра зарур бўлса ёхуд текшириш объектларини мажлисга олиб келиш имкони бўлмаса, суд мажлисидан ташқарида ўтказилади. Ишда иштирок этувчи шахслар экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлишга ҳақли, бундан ушбу иштирок этиш экспертнинг нормал ишлашига халақит бериши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.
82-модда. Қўшимча ва такрорий экспертизалар
Қўшимча экспертиза эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасидаги бўшлиқларни тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа эксперт (экспертлар комиссияси) томонидан ўтказилади.
Эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси асосланмаган бўлса ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда такрорий экспертиза тайинланади.
Такрорий экспертиза тайинланганда эксперт (экспертлар комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.
Такрорий экспертизани тайинлаш тўғрисидаги ажримда такрорий экспертизани тайинлаган суднинг биринчи (олдинги) экспертиза хулосасига рози эмаслиги сабаблари кўрсатилиши лозим.
Такрорий экспертизани ўтказиш бошқа экспертга (экспертлар комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) экспертизани ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) такрорий экспертизани ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текширишда ва хулоса тузишда иштирок этмайди.
83-модда. Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши
Экспертиза бир хил (комиссиявий экспертиза) ёки турли хил (комплекс экспертиза) суд-эксперт ихтисослигидаги бир нечта эксперт томонидан ўтказилиши мумкин.
Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши экспертизани тайинлаган суд ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд-экспертиза муассасаси ёхуд бошқа корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.
Экспертизани ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал этиш зарурлигидан келиб чиқиб, ўтказиладиган текширишларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади.
Экспертизани ўтказиш ўзига топширилган экспертлар комиссияси таркибида ҳар бир эксперт текширишларни мустақил ва алоҳида олиб боради, шахсан ўзи ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда қўйилган масалалар юзасидан хулосаларини ўз махсус билимлари доирасида шакллантиради.
Текширишларнинг экспертлар комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.
84-модда. Комиссиявий экспертиза
Комиссиявий экспертиза ўтказилаётганда экспертларнинг ҳар бири текширишларни тўлиқ ҳажмда ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил қилади. Экспертлар умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатни тузади ва имзолайди.
Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.
85-модда. Комплекс экспертиза
Комплекс экспертиза иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни турли илм соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир нечта текшириш ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади.
Комплекс экспертизани ўтказишда экспертларнинг ҳар бири ўз ваколати доирасида текширишлар олиб боради. Комплекс экспертизанинг хулосасида экспертларнинг ҳар бири қайси текширишларни ва қанча ҳажмда олиб борганлиги, қайси фактларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай хулосаларга келганлиги кўрсатилади. Экспертларнинг ҳар бири хулосанинг ушбу текширишлар баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.
Умумий хулоса (хулосалар) олинган натижаларни баҳолашга ва ушбу хулосани (хулосаларни) шакллантиришга ваколатли бўлган экспертлар томонидан чиқарилади. Агар экспертлар комиссияси якуний хулосасининг ёки унинг бир қисмининг асоси экспертлардан бири (алоҳида экспертлар) томонидан аниқланган фактлардан иборат бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши лозим.
Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.
Агар комплекс экспертизани ўтказиш давлат суд-экспертиза муассасасига топширилган бўлса, экспертизани ташкил этиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.
86-модда. Экспертнинг ёки экспертлар комиссиясининг хулосаси
Эксперт ёки экспертлар комиссияси текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.
Хулосада: экспертиза ўтказилган сана ва жой; экспертизани ўтказиш асоси; экспертизани тайинлаган судья тўғрисидаги маълумотлар; эксперт тўғрисидаги (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва экспертизани ўтказиш топширилган ташкилот ҳақидаги маълумотлар; экспертнинг била туриб нотўғри хулоса берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги; экспертнинг олдига қўйилган масалалар; экспертга тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари; экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар; текширишларнинг қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолдаги мазмуни ва натижалари, шунингдек бу текширишлар, агар экспертлар комиссияси ишлаган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги; текшириш натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар; иш учун аҳамиятга молик бўлган ва экспертнинг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар акс эттирилган бўлиши керак.
Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Текширишнинг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар давлат суд-экспертиза муассасасида ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотда қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда сақланади. Улар экспертизани тайинлаган суднинг талабига биноан ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.
Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги текшириш давомида маълум бўлиб қолса, хулоса қўйилган айрим саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши керак.
Текшириш тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари экспертизани тайинлаган судга юборилади.
Хулоса суд мажлисида текширилади ҳамда бошқа далиллар билан бир қаторда баҳоланади.
87-модда. Мутахассиснинг маслаҳати (тушунтириши)
Мутахассис маслаҳатни (тушунтиришни) судга оғзаки ёки ёзма шаклда беради.
Мутахассиснинг ёзма шаклда берилган маслаҳати суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, текширилади ва ишга қўшиб қўйилади. Оғзаки маслаҳат бевосита суд мажлисининг (процессуал ҳаракатнинг) баённомасига киритилади.
Мутахассиснинг маслаҳатини ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида саволлар берилиши мумкин.
88-модда. Гувоҳнинг кўрсатувлари
Ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномаси бўйича суд гувоҳни суд мажлисида кўрсатувлар бериш учун чақиртириши мумкин.
Гувоҳни чақириш ҳақида илтимос қилувчи шахс иш учун аҳамиятга молик қайси ҳолатларни гувоҳ тасдиқлаши мумкинлигини кўрсатиши ва унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойини судга маълум қилиши шарт.
Гувоҳ иш бўйича ўзига маълум бўлган маълумотлар ва ҳолатларни судга оғзаки хабар қилади. Гувоҳ суднинг таклифига кўра ўз кўрсатувларини ёзма шаклда баён қилиши мумкин.
Агар гувоҳ ўзи билган маълумотларнинг манбаини кўрсатиб бера олмаса, у хабар қилган маълумотлар далил ҳисобланмайди.
89-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг иш учун аҳамиятли бўлган ўзларига маълум ҳолатлар тўғрисидаги тушунтиришлари текширилиши ва бошқа далиллар билан бирга баҳоланиши лозим. Ишда иштирок этувчи шахс суднинг таклифига кўра ўз тушунтиришларини ёзма шаклда баён қилиши мумкин.
Бошқа шахс ўз талабларини ёки эътирозларини асослаётган фактларнинг ишда иштирок этувчи шахс томонидан тан олиниши суд учун мажбурий эмас.
Агар фактни тан олиш ишнинг ҳолатларига мувофиқ эканлигига ва алдаш, зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, чалғитиш таъсирида ёки ҳақиқатни яшириш мақсадида қилинмаганлигига судда шубҳа туғилмаса, у тан олинган фактни аниқланган деб ҳисоблаши мумкин.
90-модда. Далилларни таъминлаш
Зарур далилларни тақдим этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади деб ҳисоблаш учун асоси бўлган шахслар ишни ўз юритишига қабул қилган суддан ушбу далилларни таъминлаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин.
Далилларни таъминлаш тўғрисидаги аризада таъминланиши зарур бўлган далиллар, тасдиқланиши учун ушбу далиллар зарур бўлган ҳолатлар, далилларни таъминлаш тўғрисида аризачини илтимоснома билан мурожаат қилишга ундаган сабаблар кўрсатилиши керак.
Далилларни таъминлаш тўғрисидаги масала ушбу Кодекснинг 96-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.
91-модда. Суд топшириқлари
Ишни кўраётган суд бошқа туман ёки шаҳар ҳудудидаги далилларни олиш зарур бўлган тақдирда, тегишли судга муайян процессуал ҳаракатларни бажаришни топширишга ҳақли.
Суд топшириғи тўғрисидаги ажримда кўрилаётган ишнинг мазмуни қисқача баён қилинади, аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар, топшириқни бажарадиган суд тўплаши керак бўлган далиллар кўрсатилади.
Суд топшириғи тўғрисидаги ажрим топшириқ берилган суд учун мажбурийдир ва у ажрим олинган пайтдан эътиборан ўн беш кунгача бўлган муддатда бажарилиши керак.
92-модда. Суд топшириғини бажариш тартиби
Суд топшириғи ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича суд мажлисида бажарилади. Ишда иштирок этувчи шахслар мажлис вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади, бироқ уларнинг келмаганлиги мажлисни ўтказишга тўсқинлик қилмайди.
Суд топшириғининг ижроси тўғрисида ажрим чиқарилиб, у ишни кўраётган судга дарҳол барча материаллар билан бирга юборилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар, суд топшириғини бажарган судга тушунтириш ёки кўрсатувлар берган гувоҳлар ишни кўраётган суд мажлисида ўзлари иштирок этган тақдирда, умумий тартибда тушунтиришлар ва кўрсатувлар беради.
8-боб. Даъвони таъминлаш
93-модда. Даъвони таъминлаш асослари
Ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси даъвони таъминлаш чораларини кўриш учун асос бўлади.
Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.
Давлат фойдасига мулкий ундириш билан боғлиқ ишлар бўйича суд даъвогарнинг аризасига кўра даъвони таъминлаш чораларини кўриши шарт.
Давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжати қабул қилинганлиги ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунга зид ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъвони кўришда суд даъвогарнинг аризаси бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўриши шарт.
Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган иш бўйича даъвони таъминлаш чоралари ҳакамлик муҳокамаси тарафининг аризасига кўра иқтисодий суд томонидан кўрилиши мумкин.
94-модда. Даъвони таъминлаш чоралари
Қуйидагилар даъвони таъминлаш чоралари бўлиши мумкин:
1) жавобгарга тегишли мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш;
2) жавобгарга муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш;
3) бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш;
4) даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш;
5) мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилган тақдирда, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш;
6) низоли мол-мулк бузилишининг, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклатиш;
7) низоли мол-мулкни учинчи шахсга (сақловчига) ўтказиш.
Суд даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни кўриши мумкин, шунингдек даъвони таъминлаш бўйича бир вақтнинг ўзида бир нечта чора кўрилиши мумкин.
Даъвони таъминлаш чоралари билдирилган талабга мутаносиб бўлиши керак.
Даъвони таъминлаш чоралари кўрилаётганда суд жавобгарга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг ўрнини жавобгарнинг илтимосномасига кўра қоплашни таъминлаш чораларини кўришга ҳақли.
95-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза судга даъво аризаси билан бир вақтда ёки ишни юритиш жараёнида берилиши мумкин.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) тарафларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ва яшаш жойи;
3) низо предмети;
4) даъвони таъминлаш чорасини кўриш заруриятининг асоси;
5) даъвогар қабул қилишни сўраётган даъвони таъминлаш чорасининг тури;
6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризада бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Вакил томонидан имзоланган аризага ишончнома ёки унинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилинади.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимоснома даъво аризасида баён этилиши мумкин.
Агар даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимоснома даъво аризасида баён этилса, мазкур илтимосномада ушбу модда иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилган бўлиши лозим.
Ҳакамлик судида кўрилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризага ҳакамлик судига даъво тақдим этилганлигининг далиллари илова қилинади.
96-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш
Даъво аризаси билан бирга берилган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза суд мажлисида берилган тақдирда, у шу мажлисда кўриб чиқилиши лозим.
Агар даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза ишни юритиш жараёнида берилган бўлса, у келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан кўриб чиқилади.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Даъвони таъминлаш ҳақидаги ёки даъвони таъминлашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.
Ҳакамлик судида кўрилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмаган ҳолда кўриб чиқилади.
97-модда. Даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш
Даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштиришга йўл қўйилади.
Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра амалга оширилиши мумкин.
Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал этилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Аммо уларнинг келмаганлиги даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Даъвони таъминлаш чорасини алмаштириш ҳақидаги ёки алмаштиришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят (протест) берилиши ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.
Пул маблағларини ундириш тўғрисидаги даъвони таъминлашда жавобгар даъвони таъминлаш бўйича белгиланган чораларни қўллаш ўрнига суднинг депозит ҳисобварағига даъвогар талаб қилаётган суммани ўтказиб қўйишга ҳақли.
98-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримни ижро этиш
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро этилади.
Даъвони таъминлаш чораларини ижро этиш мажбурияти суд томонидан зиммасига юклатилган шахсга даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримни ижро этмаганлик учун ушбу Кодекснинг 14-бобида белгиланган тартибда суд жаримаси солинади.
99-модда. Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш
Даъвони таъминлаш чоралари ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра бекор қилиниши мумкин. Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал қилинади.
Ишда иштирок этувчи шахслар мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Бироқ уларнинг келмаганлиги даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган кундан кейинги кундан кечиктирмасдан юборилади.
Даъво қаноатлантирилган тақдирда, даъвони таъминлаш чоралари суд ҳужжати амалда ижро этилгунига қадар ўз кучини сақлайди.
Даъвони қаноатлантириш рад этилган, даъво кўрмасдан қолдирилган, иш юритиш тугатилган ҳолларда, даъвони таъминлаш чоралари тегишли суд ҳужжати қонуний кучга киргунига қадар ўз кучини сақлайди. Бироқ суд кўрсатилган суд ҳужжатларини қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқариши мумкин.
Ҳакамлик судининг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори даъвони таъминлаш чоралари иқтисодий суд томонидан бекор қилиниши учун асос бўлади.
Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
100-модда. Даъвони таъминлаш туфайли жавобгарга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш
Даъвони рад этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин жавобгар даъвогардан даъвони таъминлаш туфайли ўзига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни ўша судда даъво тақдим этиш йўли билан талаб қилишга ҳақли.
9-боб. Иш юритишни тўхтатиб туриш
101-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш мажбурияти
Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт:
1) мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича суд, жиноят ишлари бўйича суд, маъмурий суд ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда;
2) жавобгар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлганда ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмидаги даъвогар-фуқаро тегишли илтимоснома билан мурожаат қилганда;
3) ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро вафот этганда, агар низоли ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса;
4) ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро муомала лаёқатини йўқотганда;
5) тараф суд томонидан тан олиниши ва ижрога қаратилиши тўғрисида кўрилаётган чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида ваколатли органга илтимоснома берганда.
102-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи
Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли:
1) суд томонидан экспертиза тайинланганда;
2) ишда иштирок этувчи шахс бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда;
3) ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро давлат мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда;
4) чет давлатлар судларига низони мазмунан ҳал этиш учун алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги суд топшириқлари белгиланган тартибда юборилганда.
103-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш муддатлари
Иш юритиш:
1) ушбу Кодекс 101-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда — тегишли суднинг суд ҳужжати қонуний кучга киргунига ёки тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар;
2) ушбу Кодекс 101-моддасининг 2 ва 5-бандларида, 102-моддасининг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган ҳолларда — иш юритишни тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф қилингунига қадар;
3) ушбу Кодекс 101-моддасининг 3 ва 4-бандларида ва 102-моддасининг 2-бандида назарда тутилган ҳолларда — ишда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқий вориси аниқлангунига, муомалага лаёқатсиз шахсга вакил тайинлангунига, янги ташкил этилган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтгунига қадар;
4) ушбу Кодекс 102-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда — суд томонидан экспертиза хулосаси олингунига қадар тўхтатиб турилади.
104-модда. Иш юритишни тўхтатиб туришнинг ҳуқуқий оқибатлари
Иш юритиш тўхтатилган тақдирда, ушбу Кодексда ёки бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ёхуд суд томонидан белгиланган муддатларнинг ўтиши тўхтатиб турилади.
Иш юритиш тиклангунига қадар суд бирор-бир процессуал ҳаракатни амалга оширишга ҳақли эмас, бундан даъвони ва далилларни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар мустасно.
105-модда. Иш юритишнинг тикланиши
Иш юритишни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганидан кейин иш юритиш тикланади.
106-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш ва уни тиклаш тартиби
Иш юритишни тўхтатиб туриш, уни тиклаш тўғрисида ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида суд ажрим чиқаради.
Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги, иш юритишни тиклашни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
10-боб. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш
107-модда. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш асослари
Суд қуйидаги ҳолларда даъво аризасини кўрмасдан қолдиради, агар:
1) фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд, ҳакамлик суди иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ушбу низони ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлиб, ҳакамлик судига мурожаат қилиш имконияти бой берилмаган бўлса ва агар ишнинг иқтисодий судда кўрилишига қарши бўлган жавобгар низонинг мазмуни бўйича ўзининг биринчи аризасидан кечиктирмай низони ҳакамлик судининг ҳал қилувига ўтказиш тўғрисида илтимоснома берса;
3) даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
4) қонун ҳужжатларига ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали ундириб олиниши керак бўлишига қарамай, даъвогар жавобгардан қарзини ундириб олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат этмаган бўлса;
5) даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса;
6) даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;
7) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса;
8) даъвогарнинг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан тақдим этилган даъводан даъвогар воз кечган бўлса;
9) жавобгарга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва жавобгарга нисбатан тақдим этилган талаб қонунга кўра банкротлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозим бўлса.
108-модда. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тартиби
Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Суд ажримида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги, давлат божини бюджетдан қайтариш ҳақидаги масалалар ҳал қилиниши мумкин.
Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
109-модда. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш оқибатлари
Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.
11-боб. Иш юритишни тугатиш
110-модда. Иш юритишни тугатиш асослари
Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тугатади, агар:
1) иш судга тааллуқли бўлмаса;
2) фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки чет давлат ваколатли судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд томонидан чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш рад этилган ҳоллар мустасно;
3) ҳакамлик судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тарзда ижрога қаратиш юзасидан ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно;
4) ишда тараф ҳисобланган юридик шахс тугатилган бўлса;
5) ишда тараф ҳисобланган фуқаронинг ўлимидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса;
6) даъвогар даъвосидан воз кечган ва суд уни қабул қилган бўлса;
7) келишув битими тузилиб, у суд томонидан тасдиқланган бўлса;
8) даъвогар жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, бунда шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган ва бундай тартибни қўллаш имконияти бой берилган бўлса;
9) тўпланган материаллар йўқотилган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш учун етарли бўлмаса.
111-модда. Иш юритишни тугатиш тартиби ва оқибатлари
Иш юритишни тугатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Суд ажримда иш юритишни тугатиш асосларини кўрсатади, шунингдек ушбу Кодекс 110-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолда давлат божини бюджетдан қайтариш ва суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилади.
Ажримнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Иш юритиш тугатилган тақдирда айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.
12-боб. Суд харажатлари
112-модда. Суд харажатларининг турлари
Суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ суд чиқимларидан иборат бўлади.
113-модда. Давлат божи
Давлат божини тўлаш асослари ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, тўлашдан озод қилиш тартиби, давлат божини қайтариш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
114-модда. Даъвонинг баҳоси
Даъвонинг баҳоси қуйидагича аниқланади:
1) пул маблағларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича –ундириладиган суммадан келиб чиққан ҳолда;
2) мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар бўйича — мол-мулкнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда;
3) ижро этиш ҳужжатини ёки ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳужжатни ижро этиш мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги даъволар бўйича — низолашилаётган суммадан келиб чиққан ҳолда;
4) мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича — шу мол-мулкнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда;
5) ер участкасини талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича — ер участкасининг белгиланган баҳоси бўйича қийматидан келиб чиққан ҳолда, баҳоси мавжуд бўлмаганда эса бозор баҳосига кўра.
Даъвонинг баҳосига даъво аризасида кўрсатилган неустойка суммалари ҳам киритилади.
Бир нечта мустақил талабдан иборат даъвонинг баҳоси барча талабларнинг суммаси билан аниқланади.
Даъвонинг баҳоси нотўғри кўрсатилган тақдирда, баҳо суд томонидан аниқланади.
115-модда. Давлат божини қайтариш
Давлат божи қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда қайтарилиши лозим.
Суд ҳужжатида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асос бўладиган ҳолатлар кўрсатилади.
Давлат божи тўланган, лекин судга келиб тушмаган ёки ушбу суд қайтарган даъво аризалари (аризалар), апелляция, кассация ёки назорат шикоятлари бўйича ҳамда давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш назарда тутиладиган суд ҳужжатлари бўйича давлат божини қайтариш суд томонидан берилган маълумотнома асосида амалга оширилади.
116-модда. Суд чиқимлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Суд чиқимлари суд хабарномалари ва суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларидан, суд тайинлаган экспертизани ўтказиш, гувоҳни чақириш, далилларни жойида кўздан кечириш, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлардан, шунингдек ишни кўриш билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборатдир.
(116-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2018 й., 03/18/496/2043-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларининг суммаси суд томонидан белгиланади, бироқ бу сумма энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан ошмаслиги керак ва даъво аризаси (ариза, шикоят) берувчи шахс томонидан суднинг депозит ҳисобварағига киритилиши лозим.
(116-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2018 й., 03/18/496/2043-сон)
Суд мажлисини видеконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ суд харажатларининг суммаси суд томонидан белгиланади ва ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ ундирилади.
117-модда. Экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар ва таржимонларга тегишли суммаларни тўлаш
Экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар ва таржимонларга судга келиш билан боғлиқ бўлган йўлкира, хона ижараси бўйича харажатларнинг ўрни қопланади ва кундалик харажатлар учун ҳақ тўланади.
Экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар суднинг топшириғи бўйича бажарган иш уларнинг хизмат вазифалари доирасига кирмаса, улар бу иш учун ҳақ олади.
Гувоҳлар, таржимонлар, мутахассислар ва экспертларга тўланиши лозим бўлган сумма тегишли илтимоснома билан мурожаат қилган ишда иштирок этувчи шахс томонидан суднинг депозит ҳисобварағига олдиндан ўтказилади. Агар илтимоснома иккала тарафга тегишли бўлса, талаб қилинадиган суммани улар тенг бўлиб ўтказади. Агар экспертиза суднинг ташаббуси билан тайинланса, тўланиши лозим бўлган суммалар экспертга суд томонидан депозит ҳисобварағидан тўланади. Бу суммалар ишда иштирок этувчи шахслардан ушбу Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ ундирилиб, суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилади. Экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар ва таржимонларга тегишли бўлган суммалар улар ўз вазифаларини бажарганларидан кейин суд томонидан тўланади.
Тўланиши лозим бўлган суммаларни тўлаш тартиби ва миқдори қонун ҳужжатларида белгиланади.
118-модда. Суд харажатларининг тақсимланиши
Суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафга иш бўйича қилинган барча суд харажатларининг ўрни, гарчи бошқа тараф давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса ҳам ушбу бошқа тараф ҳисобидан қопланади.
Даъвогар тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан республика бюджети даромадига ундирилади.
Агар иш ишда иштирок этувчи шахс томонидан мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибини бузиш (талабномани жавобсиз қолдириш, талаб қилинган ҳужжатларни жўнатмаслик) оқибатида юзага келган бўлса, суд ишнинг натижасидан қатъи назар, суд харажатларини шу шахснинг зиммасига юклатишга ҳақли.
Даъвогарнинг талаблари у судга мурожаат қилганидан сўнг жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қаноатлантирилса, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилади.
Агар даъвогар томонидан билдирилган неустойкани ундириш ҳақидаги талаб асосли бўлиб, бироқ унинг миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолда суд томонидан камайтирилган бўлса, суд харажатларининг камайтирилиши ҳисобга олинмаган ҳолда ундирилиши лозим бўлган неустойка суммасидан келиб чиққан ҳолда, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилиши лозим.
Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги келишувига кўра, суд ушбу келишувга мувофиқ ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация, назорат шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
13-боб. Процессуал муддатлар
119-модда. Процессуал муддатларни белгилаш ва ҳисоблаш
Процессуал ҳаракатлар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган муддатларда амалга оширилади, процессуал муддатлар белгиланмаган ҳолларда эса улар суд томонидан тайинланади.
Процессуал ҳаракатларни амалга ошириш муддатлари албатта юз бериши керак бўлган воқеа кўрсатилган аниқ календарь сана билан ёки вақтнинг ҳаракат амалга оширилиши мумкин бўлган даври билан белгиланади.
Процессуал муддатлар йиллар, ойлар ва кунлар билан ҳисобланади.
Йиллар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг ўтиши календарь сананинг эртасидан ёки бошланиши аниқланган воқеа юз берган кундан бошланади.
120-модда. Процессуал муддатларнинг тугаши
Йиллар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддатнинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тугайди.
Ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддатнинг охирги ойининг тегишли кунида тугайди.
Агар ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг тугаши тегишли куни бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди.
Кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддатнинг охирги кунида тугайди.
Муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган ҳолларда, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддатнинг тугаши куни деб ҳисобланади.
Процессуал ҳаракат белгиланган муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртгача бажарилиши мумкин.
Агар ариза, шикоят ва бошқа ҳужжатлар почтага топширилган, электрон ҳужжат тарзида юборилган, тегишли органга ёхуд уларни қабул қилиб олиш ваколатига эга бўлган шахсга процессуал муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртга қадар берилган бўлса, муддат ўтказиб юборилган деб ҳисобланмайди.
Агар процессуал ҳаракат бевосита судда ёки бошқа ташкилотда амалга оширилиши керак бўлса, муддат ушбу судда ёки ташкилотда иш куни тугаган ёки тегишли операциялар тугатилган соатда тугайди.
121-модда. Процессуал муддатларни ўтказиб юбориш оқибатлари
Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда белгиланган процессуал муддатлар ёки суд томонидан тайинланган муддат ўтиши билан процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини йўқотади. Бу ҳолатда процессуал муддатларнинг ўтиши кўрсатилган шахсларни ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан озод қилмайди.
Процессуал муддатлар ўтганидан кейин берилган аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатлар, агар ўтказиб юборилган муддатларни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд уни қаноатлантириш рад этилган бўлса, уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.
122-модда. Процессуал муддатларни тўхтатиб туриш
Иш юритиш тўхтатиб турилиши билан барча ўтиб кетмаган процессуал муддатларнинг ўтиши тўхтатиб турилади. Иш юритиш тикланган кундан эътиборан процессуал муддатларнинг ўтиши давом этади.
123-модда. Ўтказиб юборилган процессуал муддатларни тиклаш
Суд ушбу Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган, ўтказиб юборилган процессуал муддатни, агар у ўтказиб юборилиш сабабларини узрли деб топса, ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра тиклашга ҳақли.
Ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклаш ҳақида ёки тиклашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Процессуал муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
124-модда. Процессуал муддатларни узайтириш
Суд томонидан тайинланган процессуал муддатлар ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси бўйича шу суд томонидан узайтирилиши мумкин.
Процессуал муддатни узайтириш ҳақида ёки узайтиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
14-боб. Суд жарималари
125-модда. Суд жарималарини солиш
Суд жарималари ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда суд томонидан солинади.
Фуқароларга энг кам иш ҳақининг эллик бараваригача, юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда суд жаримаси солинади.
Суд томонидан давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва бошқа органларнинг, ташкилотларнинг мансабдор шахсларига солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.
Суд жарималари республика бюджети даромадига ундирилади.
126-модда. Суд жаримаси солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тартиби
Суд мажлисида ҳозир бўлган шахсга нисбатан суд жаримасини солиш ҳақидаги масала шу суд мажлисида ҳал этилади.
Суд мажлисида ҳозир бўлмаган шахсга нисбатан суд жаримасини солиш ҳақидаги масала бошқа суд мажлисида ҳал этилади. Ўзига нисбатан суд жаримаси солиш тўғрисидаги масала кўрилаётган шахс суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Тегишли тарзда хабардор қилинган шахснинг келмаганлиги суд жаримаси солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Суд жаримаси солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Суд жаримасини солиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси жарима солинган шахсга юборилади.
Суд жаримасини солиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Суд жаримасини солиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят (протест) берилиши ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.
15-боб. Суд хабарномалари ва чақирувлари
127-модда. Суд хабарномалари ва чақирувларини юбориш тартиби
Ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади. Иқтисодий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ажрим орқали, зарур ҳолларда эса суд чақирув қоғозлари, телеграммалар, факслар, телетайплар ҳамда бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади ва судга чақирилади.
128-модда. Тегишли тарзда хабардор қилиш
Агар суд иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси ўзига юборилган ажримнинг кўчирма нусхасини олганлиги ёки ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилинганлиги тўғрисида суд мажлиси бошлангунига қадар маълумотларга эга бўлса, ушбу иштирокчи тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади.
Иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси қуйидаги ҳолларда ҳам суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади, агар:
ажрим йўлланган шахс ажримнинг кўчирма нусхасини олишни рад этган ва ушбу рад этиш қайд этилган бўлса;
суд томонидан юридик шахснинг судга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган ажримнинг кўчирма нусхаси олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли топширилмаган ва бу ҳақда алоқа муассасаси судни хабардор қилган бўлса;
ажримнинг кўчирма нусхаси суд томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик фактини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса.
129-модда. Иш юритиш вақтида манзилнинг ўзгариши
Ишда иштирок этувчи шахслар иш юритиш вақтида ўз манзили ўзгарганлиги ҳақида судга хабар бериши шарт. Бундай хабар мавжуд бўлмаган тақдирда, ажримнинг кўчирма нусхаси судга маълум бўлган охирги манзилга юборилиб, гарчи олувчи шу манзилда бўлмаса ҳам ёки яшамаса ҳам у етказиб берилган деб ҳисобланади.
Агар ишда иштирок этувчи шахслар ўз телефон ва факс рақамларини, электрон манзилини судга маълум қилган бўлса, уларнинг иш юритиш вақтида ўзгарганлиги тўғрисида судни ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида хабардор қилиши керак.
16-боб. Келишув битими
130-модда. Тарафларнинг келишуви
Суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади.
131-модда. Келишув битимини тузиш
Тарафлар низони келишув битимини тузиб ҳал этиши мумкин.
Келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.
Келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан тузилиши мумкин.
Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади.
132-модда. Келишув битимининг шакли ва мазмуни
Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.
Келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак.
Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.
Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.
Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, ушбу Кодексда белгиланган умумий тартибда ҳал этади.
Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.
133-модда. Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш
Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала қайси суднинг иш юритувида бўлса, ўша суд томонидан суд мажлисида кўрилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади.
Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади.
Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш масаласи келишув битими судга тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар бўйича кўрилади.
Келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримнинг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) келишув битимининг шартлари;
2) келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги хулоса;
3) суд харажатларини тақсимлаш;
4) иш юритишни тугатиш ҳақидаги маълумот.
Апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси судининг келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги қарорининг хулоса қисмида ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган маълумотлардан ташқари, иш бўйича аввал қабул қилинган барча суд ҳужжатларини бекор қилиш ҳақидаги кўрсатма бўлиши керак.
Суднинг ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримининг хулоса қисмида келишув битимининг шартлари ва келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги хулоса бўлиши керак.
Келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги биринчи инстанция судининг ажрими ва апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда бажаради.
Суд томонидан тасдиқланган, келишув битимида назарда тутилган муддатларда ихтиёрий ижро этилмаган келишув битими уни тузган шахснинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида, битимнинг ушбу Кодекс V бўлими қоидаларига биноан, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозим.
134-модда. Келишув битимини тасдиқлашни рад этиш
Суд келишув битимини тасдиқлашни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:
1) унинг шартлари қонун ҳужжатларига зид бўлса;
2) унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса;
3) у шарт асосида тузилган бўлса.
Келишув битимини тасдиқлашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
II БЎЛИМ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИДА ИШ ЮРИТИШ
17-боб. Суд буйруғи
135-модда. Суд буйруғи бериш бўйича талаблар
Суд буйруғи судья томонидан қуйидаги ҳолларда якка тартибда берилади, агар:
1) солиқ қарзини ундиришни юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса;
2) коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирилган бўлса;
3) ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб билдирилган бўлса;
4) талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланган бўлса;
5) лизинг берувчи томонидан лизинг олувчидан ўз мол-мулкини талаб қилиб олиши тўғрисида талаб билдирилган бўлса.
136-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда, судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади. У кредитор ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) кредиторнинг, қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
3) кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби;
4) талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар;
5) ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби, лизинг объекти талаб қилиб олинган тақдирда эса лизинг шартномасида белгиланган, тўланмаган тўловларнинг лизинг берувчининг лизинг шартномаси муддати тугагунига қадар қолган даврдаги даромади чегириб ташланган ҳолдаги суммасининг ҳисоб-китоби;
6) ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр;
7) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Аризада кредиторнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
137-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаларини қарздорга топшириш
Кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга шу аризанинг кўчирма нусхасини топшириши шарт.
138-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
1) давлат божи ҳамда почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини;
2) суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга топширилганлигини;
3) талабга асос бўлган ҳолатларни.
Коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганида суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага:
1) истеъмолчи билан тузилган шартноманинг;
2) қарздор тан олган қарз юзага келган давр кўрсатилган қарз ҳисоб-китобининг;
3) пеня ҳисобланиши тўғрисидаги ва истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақида огоҳлантириш кўрсатилган, қарзни узиш тўғрисидаги талабнинг;
4) истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақидаги ёхуд етказиб беришни технологик ёки авария захираси даражасигача чеклаш тўғрисидаги далолатноманинг кўчирма нусхалари илова қилинади.
Агар суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза кредиторнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, аризага вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
139-модда. Давлат божи
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилинганда низолашилаётган суммадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, ундирувчи тўлаган давлат божи ундирувчи томонидан қарздорга умумий тартибда даъво тақдим этилганда тўланиши лозим бўлган давлат божи ҳисобига ўтказилади.
140-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш
Судья ушбу Кодекснинг 154-моддасида назарда тутилган асослар бўйича, шунингдек агар билдирилган талаб ушбу Кодекснинг 135-моддасида назарда тутилмаган бўлса, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади.
Судья аризани қабул қилишни рад этиш ҳақида ушбу ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.
Аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Аризани қабул қилиш билдирилган талаб ушбу Кодекснинг 135-моддасида назарда тутилмаганлиги асосида рад этилганлиги кредиторнинг ушбу талаб бўйича умумий тартибда даъво тақдим этиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.
141-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш
Судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:
1) ариза ушбу Кодекснинг 136-моддасида белгиланган талабларга риоя қилмаган ҳолда берилган бўлса;
2) ариза имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
3) билдирилган талабни тасдиқловчи, шунингдек ушбу Кодекснинг 138-моддасида санаб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;
4) қарздорга аризанинг кўчирма нусхаси топширилганлигига доир далиллар тақдим этилмаган бўлса;
5) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
6) мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;
7) суд буйруғи берилгунига қадар кредитордан аризани қайтариб олиш тўғрисида ариза тушган бўлса.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани ушбу модда биринчи қисмининг 1 — 6-бандлари асосида қайтариш ҳақида судья ариза судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай, ушбу модда биринчи қисмининг 7-банди асосида эса суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ҳақидаги ариза келиб тушгандан кейинги кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин ушбу ариза билан судга умумий тартибда иккинчи марта мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
142-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага эътироз
Қарздор кредиторнинг талабларига қарши эътирозини суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси унга топширилган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддатда судга тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.
Қарздорнинг эътирозни белгиланган муддатда тақдим этмаганлиги, шунингдек унинг билдирилган талабга розилиги суд буйруғини бериш учун асос бўлади.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага эътироз қарздор ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган эътирозга ишончнома илова қилинади.
143-модда. Суд буйруғини бериш тартиби ва муддати
Суд буйруғи судья томонидан суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздорни чақиртирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда берилади.
Суд буйруғи кредитор томонидан аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга топширилган кундан эътиборан ўн кун ўтгач берилади.
Суд буйруғи судья томонидан икки нусхада имзоланади, улардан бири ишнинг йиғма жилдида қолади, бошқаси суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади ва кредиторга берилади. Қарздорга суд буйруғининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси юборилади.
Суд буйруғи электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
144-модда. Суд буйруғи беришни рад этиш
Судья қуйидаги ҳолларда суд буйруғини беришни рад этади, агар:
1) қарздор билдирилган талабга қарши эътироз тақдим қилган бўлса;
2) ҳуқуқ тўғрисидаги мавжуд низо тақдим этилган ҳужжатлар асосида ҳал этиб бўлмайди деб ҳисобланса.
Суд буйруғини беришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Суд буйруғини беришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Суд буйруғини беришни рад этиш ўша талабни даъво тартибида тақдим этиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.
145-модда. Суд буйруғининг мазмуни
Суд буйруғида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) суднинг номи, жойлашган ери ва буйруқ берилган сана;
2) ишнинг рақами, судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари, талаб нима ҳақдалиги;
3) кредиторнинг, қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
4) ундирилиши лозим бўлган пул суммасининг миқдори ёки талаб қилиб олиниши лозим бўлган мол-мулк унинг қийматини кўрсатган ҳолда;
5) ундирилаётган қарз ҳосил бўлган давр;
6) неустойка, агар у тўланиши лозим бўлса ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;
7) ундирилиши лозим бўлган давлат божининг ва почта харажатларининг суммаси.
146-модда. Суд буйруғининг қонуний кучга кириши
Суд буйруғи у берилганидан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради.
Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга ва у суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда ижро этилиши лозим.
147-модда. Суд буйруғини бекор қилиш
Агар қарздор узрли сабаб билан ўз вақтида кредиторнинг талабига қарши эътироз билдириш имкониятига эга бўлмаган бўлса, суд буйруғининг кўчирма нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ўша судга суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ариза беришга ҳақли. Суд бундай ҳолда буйруқни бекор қилишга ҳақли, шундан кейин кредиторнинг талаби даъво ишини юритиш тартибида кўрилиши мумкин.
Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ёки бекор қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.
Суд буйруғини бекор қилиш ҳақидаги ёки бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздор чақиртирилмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан чиқарилади.
Суд буйруғини бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
18-боб. Даъво тақдим этиш
148-модда. Иш қўзғатиш асослари
Суд:
1) манфаатдор шахсларнинг аризалари бўйича;
2) прокурорнинг аризаси бўйича;
3) давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Агар қонунда муайян тоифадаги низолар учун судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, фақат тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан кейингина судда иш қўзғатилиши мумкин.
149-модда. Даъво аризасининг шакли ва мазмуни
Даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади. У даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
3) агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси;
4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар;
5) даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;
6) ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби;
7) даъвогарнинг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;
8) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
9) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек даъвогардаги мавжуд илтимосномалар кўрсатилади.
Даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни битта даъво аризасига бирлаштиришга ҳақли.
150-модда. Даъво аризасининг ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориш
Даъвогар даъво тақдим этганда жавобгарга ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.
151-модда. Даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар
Даъво аризасига қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини;
2) даъво аризасининг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлигини;
3) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни;
5) даъвогарнинг юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигини;
6) даъво аризасини имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.
Шартнома тузишга мажбур этиш тўғрисидаги даъво аризасига шартнома лойиҳаси ҳам илова қилинади.
152-модда. Даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш
Судья даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш ҳақидаги масалани даъво аризаси судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал қилади.
Даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилганидан кейинги кундан кечиктирмасдан юборилади.
153-модда. Даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш
Судья ушбу Кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда берилган даъво аризасини иш юритишга қабул қилиши ва иш қўзғатиши шарт.
Судья ушбу Кодекс 151-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 4-бандларида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган даъво аризасини, агар даъво аризасига давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги ёки даъвогарда мавжуд бўлмаган далилларни талаб қилиб олиш ҳақидаги тегишли илтимосномалар илова қилинган ҳамда бу илтимосномалар қаноатлантирилган бўлса, иш юритишга қабул қилишга ва иш қўзғатишга ҳақли.
Судьянинг ушбу Кодекс 151-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 4-бандларида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги хулосаси даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда асослантирилган бўлиши керак.
154-модда. Даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш
Судья даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:
1) низо судга тааллуқли бўлмаса;
2) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иқтисодий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки ишни юритишни тугатиш тўғрисида ажрими ёхуд фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори ёки келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрими бўлса;
3) иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, ҳакамлик судининг иш юритишида айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса, бундан иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно;
5) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим бўлса, бундан ҳакамлик судида ушбу низони кўриб чиқиш ваколати мавжуд эмаслиги сабабли ҳакамлик муҳокамаси тугатилганлиги ҳолати мустасно.
Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, даъво аризаси судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.
155-модда. Даъво аризасини қайтариш
Судья даъво аризасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:
1) даъво аризасининг ушбу Кодекс 149-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;
2) даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
3) иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;
4) ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлса;
5) жавобгар ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;
6) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
7) мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни даъвогар тақдим этмаган бўлса;
8) битта даъво аризасида бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;
9) қонун ҳужжатларига ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали олиниши керак бўлганда қарзни жавобгардан олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат қилинганлигига доир далиллар тақдим этилмаган бўлса;
10) даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар уни қайтариб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса.
Суд ушбу Кодекс 160-моддасининг иккинчи қисми талабларига мувофиқ бўлмаган қарши даъвони қайтаради.
Даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, даъво аризаси судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.
Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин даъво аризаси билан судга умумий тартибда такроран мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
156-модда. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр
Ишда иштирок этувчи шахс даъво аризаси юзасидан даъвога қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ёзма фикрини ишда иштирок этувчи шахсларга ёзма фикрнинг ҳамда уларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далилларни иш кўриладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақли.
Даъво аризаси юзасидан ёзма фикрда ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг почта манзили, телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили (агар улар мавжуд бўлса) кўрсатилади.
Даъво аризаси бўйича ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг иш юритишга доир ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
157-модда. Даъвонинг асосини ёки предметини, даъво талаблари миқдорини ўзгартириш, даъводан воз кечиш
Даъвогар ишни биринчи инстанция судида кўриш чоғида ишнинг мазмунан кўрилиши якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёки камайтиришга ҳақли.
Даъвогар ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда тегишли суд инстанциясида ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.
Суд даъвонинг асоси ва предмети бир вақтда ўзгартирилишини қабул қилмайди. Суд даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни ҳам, агар бу қонун ҳужжатларига зид бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, қабул қилмайди. Бундай ҳолларда суд ишни мазмунан кўради.
Даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришни, даъво талаблари миқдорини кўпайтиришни ёки камайтиришни, даъвогарнинг даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишини қабул қилиш ҳақида ёхуд қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
158-модда. Ишларни битта иш юритишга бирлаштириш
Биринчи инстанция суди айни бир шахслар иштирок этувчи бир турдаги бир нечта ишни битта иш юритишга бирлаштиришга ҳақли.
Ишларни бирлаштиришга суднинг ишни кўриш якуни бўйича ҳужжати қабул қилингунига қадар йўл қўйилади. Ишлар бирлаштирилганда улар бўйича ишни кўриш муддати кейинроқ тайинланган иш бўйича белгиланади.
Ишларни бирлаштириш тўғрисида ажрим чиқарилади.
159-модда. Талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш
Агар суд талабларни ажратиб кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, у бир ёки бир нечта бирлаштирилган талабни алоҳида иш юритишга ажратишга ҳақли.
Талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратишга ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ёки уни қабул қилиш билан бир вақтда йўл қўйилади.
Талабларнинг қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Ажратилган талаб бўйича ишни кўриш муддати ажрим чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
160-модда. Қарши даъвони тақдим этиш ҳуқуқи
Иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун қарши даъво тақдим этишга ҳақли.
Қарши даъво қуйидаги ҳолларда тақдим этилиши мумкин, агар:
1) қарши талаб дастлабки талабни ҳисобга олишга қаратилган бўлса;
2) қарши даъвони қаноатлантириш дастлабки даъвони тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни истисно қилса;
3) қарши даъво билан дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлиб, уларни биргаликда кўриб чиқиш низони ўз вақтида ва тўғри ҳал этишга олиб келса.
161-модда. Қарши даъвони тақдим этиш ва иш юритишга қабул қилиш
Қарши даъвони тақдим этиш ва иш юритишга қабул қилиш ушбу Кодексда даъво аризаларини тақдим этиш ва иш юритишга қабул қилиш учун белгиланган қоидалар бўйича амалга оширилади.
19-боб. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш
162-модда. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим
Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда ўзи ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар, ушбу ҳаракатлар амалга оширилиши керак бўлган муддатлар, суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.
Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда баён этилиши мумкин.
163-модда. Судьянинг ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлари
Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида қуйидаги ҳаракатларни даъво аризаси келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай амалга оширади:
1) ишда иштирок этиш учун бошқа жавобгарни ёки учинчи шахсни жалб этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;
2) манфаатдор шахсларни ишни юритиш тўғрисида хабардор қилади;
3) ишда иштирок этувчи шахсларни уларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга бўлган ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилади;
4) ишда иштирок этувчи шахсларга, бошқа ташкилотларга, уларнинг мансабдор шахсларига муайян ҳаракатларни амалга оширишни таклиф этади, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятли ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этишни таклиф этади;
5) гувоҳларни чақиртиради;
6) экспертиза тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;
7) тарафларга зарур далилларни олишга кўмаклашади, тарафларнинг илтимосномаси бўйича уларни талаб қилиб олади;
8) тарафларни келиштириш чораларини кўради;
9) даъвони ва далилларни таъминлаш тўғрисидаги масалаларни тарафларнинг илтимосномаси бўйича ҳал этади;
10) бошқа шахсларнинг ишга киришиши, ишларни битта иш юритишга бирлаштириш ёки даъво талабларини алоҳида иш юритишга ажратиш, суднинг сайёр мажлисини ўтказиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади.
Судья ишнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишни таъминлашга қаратилган бошқа ҳаракатларни ҳам амалга оширади.
20-боб. Суд муҳокамаси
164-модда. Суд муҳокамасининг муддати
Суд муҳокамаси ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда тугалланиши керак.
Алоҳида ҳолларда, суд муҳокамасининг муддати суд раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
165-модда. Суд мажлиси
Иш муҳокамаси суд мажлисида амалга оширилади. Суднинг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
Суд ташаббусига кўра ёки иқтисодий суд ишлари иштирокчиларининг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.
Мажлисда раислик қилувчи судья:
1) суд мажлисини очади ва қандай иш кўрилишини эълон қилади;
2) иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчилари мажлисга келган-келмаганлигини, уларнинг ваколатларини, мажлисга келмаган шахслар тегишли равишда хабардор қилинган-қилинмаганлигини ҳамда уларнинг келмаганлиги сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини текширади;
3) суд таркибини эълон қилади, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби, таржимон сифатида кимлар иштирок этаётганлигини маълум қилади ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг рад қилиш ҳуқуқини тушунтиради;
4) келган гувоҳларни мажлис залидан сўроқ қилиш бошлангунига қадар чиқариб юборади;
5) суд процесси иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;
6) таржимонни била туриб нотўғри таржима қилганлик учун, экспертни била туриб нотўғри хулоса берганлик учун, гувоҳни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради;
7) далилларни текшириш тартибини белгилайди;
8) иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланишини таъминлаб, мажлисга раҳбарлик қилади;
9) мажлисда тегишли тартибни таъминлаш чораларини кўради.
Мажлис залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдномалар қилиш, стенограмма олиб бориш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисининг фототасвирига, видеоёзувига, шунингдек радио ва телевидение орқали трансляция қилинишига ишни кўраётган суднинг рухсати билан йўл қўйилади.
166-модда. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш
Ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.
Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида шахсларнинг иштирок этиш ҳуқуқи ҳақида ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиб, ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларга ҳамда уларнинг бундай мажлисда иштирок этишига кўмаклашадиган тегишли судга юборилади.
Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек суд мажлисида тақдим этилган далиллар ишни кўраётган судга юборилишини таъминлайди.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари судларининг суд мажлисида амалга оширилиши мумкин.
167-модда. Суд мажлисидаги тартиб
Судьялар мажлис залига кириб келганида ва ундан чиқиб кетаётганида залда ҳозир бўлганларнинг барчаси ўринларидан туради.
Суд жараёни иштирокчилари судга «Ҳурматли суд!» деган сўзлар билан мурожаат қилади. Улар судга ўз тушунтиришлари ва кўрсатувларини, саволларга жавобларини тик туриб беради. Бу қоидадан четга чиқишга фақат раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилиши мумкин.
Суд мажлиси суднинг нормал ишлашини ва суд жараёни иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлайдиган шароитларда ўтказилади. Суд мажлиси залида ҳозир бўлган ҳамда суднинг рухсати билан суд мажлисининг фототасвирини, видеоёзувини, радио ва телевидение орқали трансляциясини амалга ошираётган шахсларнинг ҳаракатлари суд мажлисидаги тартибга халақит бермаслиги керак. Бу ҳаракатлар суд томонидан вақт бўйича чекланиши мумкин.
Мажлис вақтида тартиб бузилган тақдирда, раислик қилувчи тартибни бузган шахсни суд номидан огоҳлантиради. Тартиб такроран бузилган тақдирда, мазкур шахс раислик қилувчининг фармойиши билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин.
Суднинг ҳал қилув қарорини мажлис залида ҳозир бўлганларнинг барчаси тик туриб эшитади.
168-модда. Далилларни текшириш
Суд муҳокамаси давомида суд иш бўйича далилларни текширади: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини, мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитади, ёзма далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради, шунингдек ёзма шаклда тақдим этилган тушунтиришлар, кўрсатувлар ва хулосаларни ўқиб эшиттиради.
Аудио- ва видеоёзувларни намойиш қилиш суд мажлиси залида ёки ушбу мақсад учун махсус жиҳозланган бошқа хонада амалга оширилади. Аудио- ва видеоёзувлар намойиш қилинганлиги факти суд мажлиси баённомасида акс эттирилади.
169-модда. Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини ҳал қилиши
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг янги далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ҳамда иш муҳокамаси билан боғлиқ бошқа барча масалалар бўйича аризалари ва илтимосномалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари суд томонидан эшитиб бўлинганидан кейин ҳал қилинади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини қаноатлантириш тўғрисидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хулосалари ишни кўриш натижалари бўйича чиқарилган суд ҳужжатида баён қилиниши мумкин.
170-модда. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр, қўшимча далиллар тақдим этилмаганда, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар келмаганида низони ҳал қилиш
Ишда иштирок этувчи шахсларга суд даъво аризаси юзасидан тақдим этишни таклиф қилган ёзма фикр ёки қўшимча далиллар тақдим этилмаганлиги ишни мавжуд материаллар бўйича кўришга тўсқинлик қилмайди.
Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган даъвогар суд мажлисига келмаса, даъвогарнинг ишни унинг йўқлигида кўриш тўғрисидаги аризаси бўлган тақдирда, низо унинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин.
Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар, учинчи шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин.
171-модда. Суд муҳокамасини кейинга қолдириш
Суд:
тарафнинг илтимосномаси бўйича, у низони келишув йўли билан ҳал қилиш мақсадида суддан кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган тақдирда;
агар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс суд мажлисига кела олмаслиги сабабларини асослаган ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган бўлса ва башарти ушбу шахснинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаса;
ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича;
суд процесси иштирокчиларидан бирортаси, агар суд ишни унинг иштирокисиз кўриш мумкин эмас деб ҳисобласа, келмаган тақдирда;
тарафнинг қўшимча далиллар тақдим этиш зарурати билан боғлиқ ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси бўйича;
суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганда видеоконференцалоқа ўрнатиш имкони бўлмаган тақдирда, суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.
Суд суднинг мажлисида ишни кўриш мумкин бўлмаган бошқа ҳолларда ҳам суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.
Суд муҳокамаси уни кейинга қолдиришга асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга, ушбу Кодексда суд муҳокамаси учун белгиланган муддат доирасида қолдирилиши мумкин.
Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Агар суд мажлисида тарафлар ҳозир бўлса, суд келган гувоҳларни суд муҳокамаси кейинга қолдирилгунига қадар сўроқ қилишга ҳақли. Бу гувоҳларнинг кўрсатувлари янги суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Ушбу гувоҳларни янги суд мажлисига такроран чақириш фақат зарур ҳолларда амалга оширилади.
Ишда иштирок этувчи, аммо суд мажлисига келмаган шахслар ушбу Кодекснинг 127-моддасида белгиланган тартибда янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахслар иш материалларига қўшиб қўйиладиган тилхат орқали хабардор қилинади.
Суд муҳокамаси кейинга қолдирилганидан сўнг давом эттирилади.
Зарурат бўлганда ишнинг муҳокамаси у қолдирилганидан кейин бошидан бошланади.
172-модда. Суд мажлисида танаффус
Суд ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига ёки ўз ташаббусига кўра суд мажлисида танаффус эълон қилиши мумкин.
Суд мажлисида танаффус уч кундан ошмаган муддатга эълон қилиниши мумкин. Танаффус ҳақида суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.
Танаффус тугаганидан кейин суд мажлиси давом эттирилади, бу ҳақда раислик қилувчи суд мажлисида эълон қилади. Танаффусдан олдин текширилган далилларни такроран кўриб чиқиш амалга оширилмайди, шу жумладан ишда иштирок этувчи шахсларнинг вакиллари алмаштирилганда ҳам амалга оширилмайди.
Ишда иштирок этувчи шахслар танаффус эълон қилингунига қадар суд мажлисида ҳозир бўлганлигидан ёки бўлмаганлигидан қатъи назар, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ҳисобланади ҳамда уларнинг танаффус тугаганидан кейин суд мажлисига келмаганлиги суд мажлисини давом эттиришга тўсқинлик қилмайди.
173-модда. Суд музокаралари
Барча далилларни текшириш тугаганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслардан уларда иш бўйича қўшимча материаллар бор-йўқлигини аниқлайди. Суд бундай материаллар мавжуд бўлмаган тақдирда, суд музокараларига ўтади.
Суд музокаралари ишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки чиқишларидан иборат бўлади. Музокараларда улар иш бўйича ўз нуқтаи назарини асослайди.
Суд музокараларида биринчи бўлиб даъвогар, кейин низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс ва жавобгар сўзга чиқади. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишда қайси даъвогарнинг ёки жавобгарнинг тарафида иштирок этаётган бўлса, шу даъвогардан ёки жавобгардан кейин сўзга чиқади.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг вакиллари суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади.
Суд музокаралари иштирокчилари суд томонидан аниқланмаган ҳолатларга ва суд мажлисида текширилмаган ёки суд томонидан йўл қўйиб бўлмайдиган деб тан олинган далилларга таянишга ҳақли эмас.
Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларида низонинг мазмунига доир фикрини охирги бўлиб баён этади, бундан ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
174-модда. Далилларни текширишни тиклаш
Агар суд музокаралари вақтида ёки улардан кейин суд қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текшириш зарур деб тан олса, у далилларни текширишни тиклайди, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.
Далилларни қўшимча текшириш тугаганидан кейин суд музокаралари ушбу Кодексда белгиланган тартибда ўтказилади.
175-модда. Суд ҳужжатини қабул қилиш учун суднинг алоҳида хонага (маслаҳатхонага) кириши
Суд иш бўйича далилларни текшириш ва суд музокаралари тугаганидан кейин суд ҳужжатини қабул қилиш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киради.
21-боб. Суднинг ҳал қилув қарори
1-§. Ҳал қилув қарорини қабул қилишнинг умумий қоидалари
176-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш
Суд ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади.
Суд ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.
Ҳал қилув қарори судьялар маслаҳати сирини сақлаш таъминланадиган шароитларда, суд мажлисида иштирок этаётган судьялар томонидан қабул қилинади.
Суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётган хонада фақат ишни кўриб чиқаётган суд таркибига кирадиган судьялар бўлиши мумкин. Ушбу хонага бошқа шахсларнинг кириши, шунингдек суд таркибига кирмайдиган шахслар билан мулоқотда бўлишнинг бошқа усуллари тақиқланади.
Судьялар ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғидаги муҳокама мазмуни тўғрисидаги, суд таркибига кирган айрим судьяларнинг нуқтаи назари ҳақидаги маълумотларни бирор-бир шахсга хабар қилишга, судьялар маслаҳати сирини бошқа усулда ошкор қилишга ҳақли эмас.
Суднинг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак. У суд мажлисида текширилган далилларгагина асосланган бўлиши мумкин.
177-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида ҳал этиладиган масалалар
Ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида суд:
1) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз талаблари ва эътирозларини асослантириш учун келтирган далиллари ва важларига баҳо беради;
2) иш учун аҳамиятли қайси ҳолатлар аниқланганлигини ва қайсилари аниқланмаганлигини белгилайди;
3) ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қайси қонун ҳужжатларини ушбу иш бўйича қўллаш мумкин эмаслигини ҳал қилади;
4) ушбу иш бўйича қайси қонун ҳужжатларини қўллаш зарурлигини аниқлайди;
5) ишда иштирок этувчи шахсларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини белгилайди;
6) даъвони қаноатлантириш лозимлигини ёки лозим эмаслигини ҳал қилади.
Зарурат бўлган ҳолларда, суд ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш, ҳал қилув қарорини ижро этишнинг тартиби ва муддатини белгилаш, ашёвий далилларнинг кейинги тақдирини белгилаш, суд харажатларини тақсимлаш билан боғлиқ бўлган масалаларни ва бошқа масалаларни ҳал қилади.
Суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда далилларни қўшимча текшириш ёки иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш зарур деб тан олиб, суд муҳокамасини янгидан бошлайди, бу ҳақда ажрим чиқаради. Бундай ҳолда суд муҳокамаси фақат қўшимча текшириш эҳтиёжи бўлган ҳолатлар доирасида олиб борилади.
178-модда. Ҳал қилув қарорини тузиш
Ҳал қилув қарори судья томонидан ёзма шаклда тузилади ва у томонидан имзоланади.
Ҳал қилув қарори бир нусхада тузилади ва ишга қўшиб қўйилади.
179-модда. Ҳал қилув қарорининг мазмуни
Суднинг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.
Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи; суд таркиби, суд мажлиси котиби; иш рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана ва жой; низо предмети; ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек уларнинг вакиллари ва суд процессининг бошқа иштирокчилари кўрсатилади.
Ҳал қилув қарорининг баён қисмида ишда иштирок этувчи шахсларнинг билдирилган талаблари ва эътирозлари, тушунтиришлари, аризалари ва илтимосномаларининг қисқача баёни бўлиши керак.
Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида:
ишнинг суд томонидан аниқланган ҳақиқий ҳолатлари;
суднинг иш ҳолатлари тўғрисидаги хулосалари асосланган далиллар;
суднинг у ёки бу далилларни рад қилганлигининг, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важларини қабул қилганлигининг ёки рад этганлигининг асослари;
ҳал қилув қарорини қабул қилишда суд амал қилган қонун ҳужжатлари ҳамда суд ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонун ҳужжатларини қўлламаганлигининг асослари кўрсатилиши керак.
Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларига ҳаволалар кўрсатилиши мумкин.
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида билдирилган талаблардан ҳар бирини тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ҳақидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши керак.
Агар ҳал қилув қарорини ижро этиш тартибини суд белгилаган ёки унинг ижросини таъминлаш чораларини кўрган бўлса, бу ҳақда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилади.
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд харажатларини ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида тақсимлаш, ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) муддати ва тартиби кўрсатилади.
2-§. Даъво ишини юритиш тартибида ҳал этиладиган алоҳида тоифадаги низолар бўйича ҳал қилув қарорлари мазмунининг хусусиятлари
180-модда. Пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Суд пул маблағларини ундириш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш чоғида ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ундирилиши лозим бўлган пул суммаларининг умумий миқдорини асосий қарзнинг, зарарларнинг, неустойканинг (жарима ва пенянинг) ҳамда фоизларнинг миқдорини алоҳида-алоҳида аниқлаган ҳолда кўрсатади.
181-модда. Мол-мулкни ундириб бериш тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Суд мол-мулкни ундириб берганида ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида даъвогарга топширилиши лозим бўлган мол-мулкнинг номини, қийматини ва турган жойини кўрсатади.
182-модда. Ижро ҳужжатини ижро этиш мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Ижро ҳужжатини ёки ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда, шу жумладан нотариуснинг ижро ёзуви асосида амалга ошириладиган бошқа ҳужжатни ижро этиш мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганида суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ижро этиш мумкин бўлмаган ҳужжатнинг номи, тартиб рақами ва санасини ҳамда ҳисобдан ўчирилмайдиган суммани кўрсатади.
183-модда. Шартнома тузиш ёки уни ўзгартириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Шартнома тузиш ёки уни ўзгартириш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганда суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида шартноманинг ҳар бир низоли шарти бўйича хулосасини, шартнома тузишга мажбурлаш тўғрисидаги талаб бўйича эса тарафлар қандай шартларда шартнома тузиши мажбурлигини кўрсатади.
184-модда. Муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Пул маблағларини ундириш ёки мол-мулкни топшириш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганда суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатларни, шу ҳаракатларни амалга ошириши шарт бўлган шахсни, шунингдек уларнинг амалга оширилиш жойи ва муддатини кўрсатади.
185-модда. Бир неча даъвогар фойдасига ёки бир неча жавобгарга қарши қабул қилинган ҳал қилув қарори
Бир неча даъвогарнинг талаблари қаноатлантирилганда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд уларнинг ҳар бирига нисбатан унинг қайси қисми тегишлилигини кўрсатади.
Бир неча жавобгарга нисбатан талаблар қаноатлантирилганда суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида жавобгарлар зиммасига улушли ёки солидар жавобгарлик юклатилганлигини кўрсатади.
Дастлабки ва қарши даъволар тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд даъволарни ўзаро ҳисобга олиш натижасида ундирилиши лозим бўлган суммани кўрсатади.
3-§. Суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейинги ҳаракатлари
186-модда. Ҳал қилув қарорини эълон қилиш
Суд муҳокамаси тугалланган суд мажлисида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг фақат хулоса қисми эълон қилинади, бу қисм судья томонидан имзоланиши ва ишга қўшиб қўйилиши керак.
Ҳал қилув қарори беш кун ичида тўлиқ ҳажмда тузилади ва имзоланади.
Раислик қилувчи ҳал қилув қарорининг хулоса қисми эълон қилинганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларга ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда тузиш ва уларга юбориш муддатини, шунингдек ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартибини тушунтириб беради.
187-модда. Ҳал қилув қарорининг ўзгармаслиги
Иш бўйича ҳал қилув қарори эълон қилинганидан сўнг ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг ўзи уни бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли эмас, бундан қонуний кучга кирган суд ҳужжатининг янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилиши мустасно.
188-модда. Ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаларини юбориш
Ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаларини суд топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали ишда иштирок этувчи шахсларга ҳал қилув қарори эълон қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмасдан юборади ёки тилхат олиб топширади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса ҳал қилув қарори электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаларини бошқа шахсларга ҳам юборади.
189-модда. Қўшимча ҳал қилув қарори
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилади, агар:
1) ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган бирор-бир талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;
2) суд ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, ундириладиган сумма миқдорини, топширилиши лозим бўлган мол-мулкни ёки жавобгар амалга ошириши шарт бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;
3) суд харажатлари тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса.
Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар қўйилиши мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарори ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига ёки суднинг ташаббусига кўра қабул қилиниши мумкин.
Суд томонидан қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала мазкур бобда белгиланган қоидалар бўйича суд мажлисида ҳал қилинади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масалани кўришга тўсқинлик қилмайди.
Қўшимча ҳал қилув қарори асосий ҳал қилув қарори билан бирга қонуний кучга киради.
Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш рад этилган тақдирда, ажрим чиқарилади.
190-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш
Ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, ушбу ҳал қилув қарорини қабул қилган суд ишда иштирок этувчи шахснинг, давлат ижрочисининг, зиммасига суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш юклатилган бошқа органларнинг аризасига кўра, ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақлидир.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахсларни, давлат ижрочисини, суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш зиммасига юклатилган бошқа органларни ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилган ҳолда суд томонидан кўрилади. Мазкур шахсларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш ҳақида ёки тушунтиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
191-модда. Ёзувдаги хатоларни, ҳарфий хатоларни ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд йўл қўйилган хатоларни, ҳарфий хатоларни ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни ёзувнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда, ишда иштирок этувчи шахснинг, давлат ижрочисининг, суднинг ҳал қилув қарорининг ижроси зиммасига юклатилган бошқа органларнинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси бўйича тузатишга ҳақлидир.
Ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни, ҳарфий хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахсларни, давлат ижрочисини ёки суднинг ҳал қилув қарорининг ижроси зиммасига юклатилган бошқа органларни ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилган ҳолда суд томонидан кўрилади. Мазкур шахсларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.
Ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни, ҳарфий хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Ёзувдаги хатоларни, ҳарфий хатоларни, ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисида ёки тузатишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.
Ёзувдаги хатоларни, ҳарфий хатоларни, ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисидаги ёки тузатишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
4-§. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши ва уни ижрога қаратиш тартиби
192-модда. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши
Ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
193-модда. Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш
Ҳал қилув қарорини ижро этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади деб ҳисоблаш учун асоси бўлган шахслар ушбу ҳал қилув қарорини қабул қилган судга унинг ижросини таъминлаш тўғрисида ариза бериши мумкин.
Аризада ижроси таъминланиши зарур бўлган ҳал қилув қарори ва уни таъминлаш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилишга аризачини ундаган сабаблар кўрсатилиши керак.
Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш тўғрисидаги масала ушбу Кодекснинг 96-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.
194-модда. Ҳал қилув қарорини ижрога қаратиш
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ушбу Кодекснинг V бўлимида назарда тутилган тартибда ижрога қаратилади.
22-боб. Суд ажрими ва қарори
195-модда. Ажрим чиқариш
Суд ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ажрим чиқаради.
Ушбу Кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда, суднинг ажрими алоҳида суд ҳужжати тарзида чиқарилади.
Унча мураккаб бўлмаган масалаларни ҳал қилишда суд жойида ажрим чиқариши мумкин. Бундай ажрим суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўйилади ва унда у қайси масала юзасидан чиқарилгани, суд ўз хулосаларини чиқаришига олиб келган сабаблар ҳамда кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса кўрсатилади.
196-модда. Ажримнинг мазмуни
Алоҳида суд ҳужжати тарзида чиқариладиган ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) суднинг номи, ишнинг рақами, ажрим чиқарилган сана, суд таркиби, суд мажлиси котиби, низо предмети;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
3) ажрим чиқарилаётган масала;
4) суд ўз хулосаларини чиқаришига олиб келган сабаблар, бунда таянилган қонун ҳужжатлари;
5) кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса;
6) агар қонунда назарда тутилган бўлса, ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартиби ва муддати.
Суд мажлисида чиқарилган ажрим чиқарилганидан кейин раислик қилувчи томонидан шу суд мажлисининг ўзида дарҳол ўқиб эшиттирилади.
197-модда. Ажримнинг кўчирма нусхаларини юбориш
Суд алоҳида суд ҳужжати тарзида ажрим чиқарган тақдирда, ажрим чиқарилганидан кейин беш кунлик муддатда унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажрим дахлдор бўлган бошқа шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса ажрим электрон тарзида юборилиши мумкин.
198-модда. Ажримни ижро этиш
Агар қонунда ёки суд томонидан бошқа муддат белгиланмаган бўлса, суднинг ажрими дарҳол ижро этилади.
199-модда. Ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартиби ва муддатлари
Суднинг ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ажрим ишнинг келгусидаги ҳаракатига тўсқинлик қилган тақдирда, суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида тарзда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Бошқа ажримлар устидан апелляция шикояти (протести) берилмайди, лекин бу ажримларга қарши эътирозлар суднинг ҳал қилув қарори устидан қилинган апелляция шикоятига (протестига) қўшиб қўйилиши мумкин.
Агар ушбу Кодексда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда унинг устидан шикоят (протест) берилиши мумкин.
200-модда. Хусусий ажрим ва қарор
Ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин.
Хусусий ажрим тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, юридик шахсларга, мансабдор шахсларга, фуқароларга юборилади, улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт.
Хусусий ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Агар суд низони кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилади.
Ишни кўришда мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг хатти-ҳаракатларида, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланса, агар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш қонунда суднинг ваколатига берилган бўлса, суд уларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқади.
Маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида суд қарор қабул қилади.
Қарор устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
23-боб. Суд баённомаси
201-модда. Баённома
Суд мажлисида, шунингдек суд мажлиси залидан ташқарида айрим процессуал ҳаракатлар бажарилганда баённома юритилади.
Суд мажлисининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:
1) суд мажлиси ўтказилган йил, ой, сана ва жой;
2) ишни кўраётган суднинг номи, суд таркиби ва суд мажлисининг котиби;
3) ишнинг номи ва рақами;
4) ишда иштирок этувчи шахслар ва суд процессининг бошқа иштирокчилари келганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
5) суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
6) суд томонидан алоҳида хонага (маслаҳатхонага) кирмасдан жойида чиқарилган ажримлар;
7) ишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки арзлари ва илтимосномалари;
8) ишни кўришда судга тақдим этилган барча ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг ёзма хулосалари ҳақидаги маълумотлар;
9) ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосаларини оғзаки тушунтиришлари, мутахассисларнинг фикрлари, ашёвий ва ёзма далилларнинг кўздан кечирилганлиги, олиб қўйилганлиги, схемалар тузилганлиги, видео- ва фототасвирга олинганлиги ҳақидаги маълумотлар;
10) алоҳида процессуал ҳаракатлар бажарилганда олинган маълумотлар;
11) суд музокараларининг мазмуни ва прокурорнинг фикри;
12) суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори ўқиб эшиттирилганлиги ҳақидаги маълумотлар.
Суд мажлиси баённомасида бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Суд мажлиси аудио- ёки видеоёзувга олинган тақдирда, суд мажлиси баённомасида фақат мазкур модда иккинчи қисмининг 1 — 4, 6 — 8, 11-бандларида назарда тутилган масалалар юзасидан ёзув киритилади, ишда иштирок этувчи шахслар берган тушунтиришларнинг бошланган ва тугаган вақти, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосалари юзасидан берган оғзаки тушунтиришлари, музокаралар ва прокурорнинг фикрлари акс эттирилади, шунингдек суд мажлисида ёзиб олиш техник воситаларидан фойдаланганлиги тўғрисида белги қўйилади. Электрон ёхуд бошқа аудио- ёки видеоёзувлар жамланган воситалар суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.
Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, суд мажлиси баённомасида ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилганидан ташқари қуйидаги маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак:
суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги тўғрисидаги;
суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашган суднинг номи ҳақидаги;
ишда иштирок этувчи шахслар ҳамда суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашган, ишни кўраётган судга келган суд процессининг бошқа иштирокчилари тўғрисидаги;
суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашган суднинг ҳамда ишни кўраётган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари ходимлари ҳақидаги.
202-модда. Баённома юритиш
Баённома суд мажлиси котиби томонидан суд мажлисининг ўзида ёки алоҳида процессуал ҳаракат бажарилганида суд мажлиси залидан ташқарида юритилади.
Баённома суд мажлиси тугаганидан ёки алоҳида процессуал ҳаракат бажарилганидан сўнг уч кундан кечиктирмасдан раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби томонидан имзоланиши керак.
203-модда. Баённома юзасидан фикр-мулоҳазалар
Иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчилари суд мажлиси баённомаси билан танишиб чиқишга ва у имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида баённома юзасидан баённомада йўл қўйилган хатоликларни ёки ундаги маълумотларнинг тўлиқ эмаслигини кўрсатган ҳолда ёзма фикр-мулоҳазалар беришга ҳақли.
Баённома юзасидан берилган фикр-мулоҳазаларни раислик қилувчи кўриб чиқади ва ушбу фикр-мулоҳазаларга қўшилса, уларнинг тўғрилигини тасдиқлайди ҳамда суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўяди.
Раислик қилувчи берилган фикр-мулоҳазаларга қўшилмаса, улар суд мажлисида кўриб чиқилади. Берилган фикр-мулоҳазалар барча ҳолларда ишга қўшиб қўйилиши керак.
Баённома юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар улар берилган кундан кейин етти кун ичида ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда кўриб чиқилиши керак. Бироқ уларнинг келмаганлиги баённома юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Суд мажлисининг баённомаси юзасидан судга беш кунлик муддатни ўтказиб тақдим этилган ёзма фикр-мулоҳазалар суд томонидан кўриб чиқилмайди ва ишга қўшиб қўйилади, бу ҳақда ёзма фикр-мулоҳазалар берган шахсга маълум қилинади.
Иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчилари суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувлари билан танишиш ҳуқуқига эга.
Суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувларининг кўчирма нусхалари иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиларига ишни кўриб чиққан суднинг рухсати билан берилади.
24-боб. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш
204-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар ушбу Кодексда белгиланган даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, мазкур бобда назарда тутилган хусусиятлар эътиборга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш ушбу Кодекснинг 206-моддасида кўрсатилган манфаатдор шахсларнинг аризалари асосида қўзғатилади.
205-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар
Суд юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқларининг юзага келиши, ўзгартирилиши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлайди.
Суд:
юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг кўчмас мулкка ўз хусусий мулки сифатида эгалик қилиши ва ундан фойдаланиши фактини;
юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг маълум вақтда ва маълум жойда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги фактини;
агар юридик шахснинг ҳужжатда кўрсатилган номи, якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми юридик шахснинг таъсис ҳужжатида кўрсатилган номига, якка тартибдаги тадбиркорнинг паспортида ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган фамилиясига, исмига, отасининг исмига тўғри келмаса, иқтисодиёт соҳасида амалда бўлган ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатнинг юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга тегишлилиги фактини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.
Суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам, агар қонун ҳужжатларида уларни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, аниқлаши мумкин.
206-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи
Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга, фақат ўзида ушбу фактларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни олиш ёки тиклаш имкони бўлмаган тақдирда ва, агар қонун ҳужжатларида тегишли фактларни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, ҳақлидир.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза аризачининг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича судга берилади, бундан кўчмас мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга оид юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалар ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактлар мустасно бўлиб, улар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга берилади.
207-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризада қуйидагилар ҳам кўрсатилган бўлиши керак:
1) аниқланиши талаб қилинаётган факт;
2) мазкур факт иқтисодиёт соҳасида юридик оқибатлар келтириб чиқариши назарда тутилган қонун ҳужжати нормалари;
3) ушбу фактни аниқлаш зарурлигининг асоси;
4) аризачи томонидан тегишли ҳужжатларни олиш ёки йўқотилган ҳужжатларни тиклаш имкони йўқлигини тасдиқловчи далиллар.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризага ушбу Кодекснинг 151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.
208-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамасининг хусусиятлари
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар аризачи ва бошқа манфаатдор шахслар иштирокида кўрилади.
Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда судья юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ўз ҳуқуқларига дахлдор бўлиши мумкин бўлган манфаатдор шахслар доирасини аниқлайди, иш юритиш тўғрисида ушбу шахсларни хабардор қилади, уларни ишда иштирок этиш учун жалб қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабар қилади.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ишни кўришда суд қонун ҳужжатларида ушбу фактни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган-тутилмаганлигини, аризачида зарур ҳужжатларни олиш ёки тиклаш учун бошқа имконият бўлган-бўлмаганлигини текширади, аризачи иқтисодиёт соҳасида фаолиятни амалга ошириши муносабати билан ушбу факт унинг учун юридик аҳамиятга эга бўлган оқибатларни келтириб чиқаришини ёки чиқармаслигини белгилайди, талаб этилаётган фактнинг аниқланиши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига таъсир этиши ёки этмаслигини, ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққан-чиқмаганлигини аниқлайди.
Агар юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича суд муҳокамасида ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги аризани кўрмасдан қолдиради ва бу ҳақда ажрим чиқаради.
Ажримда аризачига ва иш бўйича бошқа манфаатдор шахсларга уларнинг судга даъво тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.
209-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 21-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.
Суд томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида аниқланган факт баён этилади.
Суднинг юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишли органлар томонидан шундай фактни қайд этиш учун ёки аниқланган факт муносабати билан юзага келадиган ҳуқуқларни расмийлаштириш учун асос бўлади ва ушбу органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнига ўтмайди.
25-боб. Банкротлик тўғрисидаги ишларни юритиш
210-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартиби
Юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича, қонун ҳужжатларида белгиланган хусусиятларни эътиборга олган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
211-модда. Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқи
Банкротлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунга мувофиқ қарздор, кредиторлар ва бошқа манфаатдор шахслар қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.
Аризага банкротлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.
26-боб. Корпоратив низолар бўйича иш юритиш
212-модда. Корпоратив низолар бўйича ишларни кўриб чиқиш
Корпоратив низолар бўйича ишлар ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, мазкур бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
213-модда. Корпоратив низо бўйича даъво аризасига доир талаблар
Корпоратив низо бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Корпоратив низо бўйича даъво аризасига ушбу Кодекснинг 151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар, шунингдек юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ва унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат илова қилинади.
214-модда. Корпоратив низолар бўйича даъвони таъминлаш чоралари
Корпоратив низолар бўйича даъвони таъминлаш чоралари ушбу Кодекснинг 8-бобида назарда тутилган тартибда суд томонидан кўрилади.
27-боб. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни юритиш
215-модда. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида мурожаат қилиш ҳуқуқи
Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризалар билан судларга назорат қилувчи органлар мурожаат этишга ҳақли.
216-модда. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриш
Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича, мазкур бобда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда кўрилади.
217-модда. Ҳуқуқий таъсир чоралари
Ҳуқуқий таъсир чоралари қуйидагилардан иборат:
фаолиятни тугатиш;
атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш;
фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;
банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
молиявий санкцияларни қўллаш, бундан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пенялар ҳисоблаш, шунингдек юридик шахснинг ёки фуқаронинг содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олганлиги ва молиявий санкциялар суммаларини ихтиёрий равишда тўлаганлиги ҳоллари мустасно;
тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар (рухсатномалар) мустасно.
Суд қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини ҳам қўллаши мумкин.
218-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда берилади ва аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) ишда иштирок этаётган шахсларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ҳамда уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ва яшаш жойи;
3) ҳуқуқбузарлик фактини аниқлаган назорат қилувчи органнинг номи;
4) билдирилган талабга асос бўлган ҳолатлар;
5) билдирилган талабнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;
6) юридик шахснинг ёки фуқаронинг судга мурожаат қилишга асос бўлган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
7) аризачининг талаби;
8) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда назарда тутилган бўлса;
9) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризада аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризада бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Ушбу моддада, шунингдек ушбу Кодекснинг 219-моддасида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича аризачига қайтарилади.
219-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризага ушбу Кодекс 151-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар илова қилинади:
1) фаолиятни тугатиш, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш тўғрисидаги аризага — таъсис ҳужжатларининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; юридик шахс ёки фуқаро томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлигини тасдиқловчи, фаолиятни тугатиш, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш учун асос бўладиган далиллар;
2) фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш тўғрисидаги аризага — таъсис ҳужжатларининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; юридик шахс ёки фуқаро томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлигини тасдиқловчи, фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш учун асос бўладиган далиллар;
3) банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги аризага — солиқ текширувини ўтказишга солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинганлигини ёки солиқ тўловчи даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ ҳудудларни, биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш учун давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини киритиш рад этилганлигини, солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаганлигини, шунингдек солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот солиқ тўловчи томонидан тақдим этилмаганлигини тасдиқловчи далил;
4) молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги аризага — текшириш ўтказилишига асос бўлган ҳужжатлар (назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг қарори, бундан шундай қарорни олиш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳоллар мустасно; агар текшириш жиноят иши доирасида ўтказилса, тергов органининг (суриштирув органининг) қарори; текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ; текшириш ўтказиш режаси ва ҳоказо); текшириш натижалари бўйича тузилган далолатнома ёки бошқа ҳужжат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар; текшириш материалларини кўриб чиқиш баённомаси ва қарор, агар уларни тузиш ёки қабул қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса; қарорнинг кўчирма нусхаси жавобгарга топширилганлиги ёки юборилганлиги далили;
5) тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш тўғрисидаги аризага — лицензиянинг (рухсатноманинг) ва лицензия шартномасининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ва лицензия шартномаси шартлари лицензиянинг (рухсатноманинг) амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва (ёки) лицензияни (рухсатномани) бекор қилиш учун асос бўладиган тарзда юридик шахс ёки фуқаро томонидан бузилганлигини тасдиқловчи далил.
220-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича хабарлар ва чақирувлар
Суд ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодексда белгиланган тартибда хабардор қилади. Бунда суд аризачининг зиммасига жавобгарни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги, агар суд уларнинг келишини мажбурий деб топмаган бўлса, ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суд процессининг бошқа иштирокчилари ушбу Кодексда белгиланган тартибда хабардор қилинади ва судга чақирилади.
221-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича суд муҳокамаси
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак, бундан ариза судга келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўриладиган молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги ишлар мустасно.
Суд ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда суд мажлисида: ҳуқуқбузарлик ҳодисаси бўлган-бўлмаганлигини ва унинг содир этилганлиги фактини; текшириш учун ва текшириш натижалари бўйича далолатнома ёки бошқа ҳужжат тузиш учун асослар ва назорат қилувчи органнинг ваколатлари бор-йўқлигини; мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган-тутилмаганлигини ва ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асослар бор-йўқлигини аниқлайди.
Молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда суд молиявий санкциялар суммасининг ҳисоб-китоби қанчалик тўғрилигини ҳам текширади.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича келишув битими тузилишига йўл қўйилмайди.
222-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 21-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.
Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисида ёки билдирилган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисида билдирилган талаб қаноатлантирилган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилган шахснинг номи;
2) ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
3) қўлланилган ҳуқуқий таъсир чорасининг тури, молиявий жазо чораси қўлланилган тақдирда эса — унинг миқдори; зиммасига молиявий жазо чораси суммасини ундириш юклатилган назорат қилувчи органнинг номи;
4) фаолият чекланадиган, тўхтатиб туриладиган ва тақиқланадиган муддат; лицензиянинг (рухсатноманинг) амал қилиши тўхтатиб туриладиган муддат; амал қилиши тўхтатиб турилган ёки тугатилган лицензиянинг (рухсатноманинг), шунингдек бекор қилинган лицензиянинг (рухсатноманинг) номи, рақами, берилган санаси ва бошқа реквизитлари ҳақидаги ҳамда лицензияни (рухсатномани) берган орган тўғрисидаги маълумотлар; фаолият қандай шартлар бажарилгунига қадар чекланаётганлиги, тўхтатиб турилаётганлиги ва тақиқланаётганлиги; банклардаги ҳисобварақлар бўйича операциялар қандай шартлар бажарилгунига қадар тўхтатиб қўйилганлиги.
Суднинг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда суднинг ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин уч иш куни ичида суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса ҳал қилув қарори электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
28-боб. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни юритиш
223-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш
Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг иқтисодий судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ушбу қарорни олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида иқтисодий судга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида ариза бериш йўли билан низолашиши мумкин.
Ҳакамлик судининг иқтисодий судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини қабул қилган, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар ҳам низолашиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берилганлиги низо бўйича иш юритиш иқтисодий суд томонидан тугаллангунига қадар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижроси бўйича иш юритишни тўхтатиб туради.
224-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда берилади ва ҳал қилув қарори юзасидан низолашаётган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;
2) низолашилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби, жойлашган ери;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;
5) мазкур ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этган тараф ҳакамлик судининг низолашилаётган ҳал қилув қарорини олган сана;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талаб ва мазкур қарор қандай асослар бўйича низолашилаётганлиги.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада телефонлар, факслар рақамлари, электрон манзил ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
1) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тасдиқланган кўчирма нусхаси. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ушбу ҳакамлик судининг раиси томонидан тасдиқланади, муваққат ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасидаги ҳакамлик судьясининг имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак;
2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси;
3) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талабни асослаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;
4) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, аризага вакилнинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
Ушбу Кодекс 223-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган тақдирда, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ушбу Кодекснинг 154-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича рад этилиши керак.
Ушбу Кодекс 37-моддасининг учинчи қисмида, мазкур модданинг биринчи, иккинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган тақдирда, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича аризачига қайтарилади.
225-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда иқтисодий судда низолашилаётган ҳал қилув қарорига оид иш материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидалар бўйича талаб қилиб олиши мумкин.
Иқтисодий суд ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Иқтисодий суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун ушбу Кодекснинг 226-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини билдирилган талаблар ва эътирозларни асослаш учун судга тақдим этилган далилларни текшириш йўли билан аниқлайди.
Иқтисодий суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
226-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш асослари
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори, агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берган ҳакамлик муҳокамаси тарафи қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этса, иқтисодий суд томонидан бекор қилиниши керак:
1) ҳакамлик битими қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини;
2) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларини бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосаларидан ажратиб олиш мумкин бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалари бўлган қисми бекор қилиниши мумкин;
3) ҳакамлик суди таркиби ёки ҳакамлик муҳокамаси «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини.
Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса ёки низо ҳакамлик суди томонидан «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддаси талабларини бузган ҳолда кўриб чиқилган бўлса ёхуд ҳакамлик суди ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги ҳал қилув қарорини қабул қилган бўлса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори иқтисодий суд томонидан бекор қилиниши керак.
227-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги иш бўйича ажрим
Иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодексда ҳал қилув қарори қабул қилиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан ажрим чиқаради.
Иқтисодий суднинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни рад этиш ҳақидаги ажримида қуйидагилар ҳам бўлиши керак:
1) ҳакамлик судининг низолашилаётган ҳал қилув қарори ва мазкур қарор қабул қилинган жой тўғрисидаги маълумотлар;
2) низолашилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби тўғрисидаги маълумотлар;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ёхуд аризачининг талабини тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни рад этиш учун кўрсатма.
Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан иқтисодий судга мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик битими ҳақиқий эмаслиги оқибатида ёки ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёхуд унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги ёки унда ҳакамлик битимида қамраб олинмаган масалалар бўйича хулосалар мавжудлиги оқибатида иқтисодий суд томонидан тўлиқ ёхуд қисман бекор қилинган бўлса, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бундай низони ҳал қилиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан иқтисодий судга мурожаат этиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги иш бўйича иқтисодий суднинг ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
29-боб. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш
228-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришнинг умумий қоидалари
Ушбу бобда белгиланган қоидалар ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалари иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилаётганда қўлланилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги масала ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тарафнинг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
229-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда берилади ва ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига қабул қилинган бўлса, ўша тараф ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;
2) ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби, жойлашган ери;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;
5) ариза билан мурожаат этган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олган сана;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги талаб.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризада телефонлар, факслар рақамлари, электрон манзил ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
1) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тасдиқланган кўчирма нусхаси. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори кўчирма нусхаси мазкур ҳакамлик судининг раиси томонидан тасдиқланади, муваққат ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасидаги ҳакамлик судьясининг имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак;
2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси;
3) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи, агар аризачи уни тўлашдан озод қилинган бўлмаса, ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига топширилганлиги ҳақидаги хабарнома ёки унинг юборилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, аризага вакилнинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин. Мазкур муддат иқтисодий суд томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.
Ушбу Кодекс 228-моддасининг иккинчи қисми талабларига риоя этилмаганда, шунингдек ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган тақдирда, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ушбу Кодекснинг 154-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича рад этилади.
Ушбу Кодекс 37-моддасининг тўртинчи қисмида, ушбу модданинг биринчи, иккинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаганда, шунингдек ариза олти ойлик муддат ўтгач берилган тақдирда ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаган тақдирда, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича аризачига қайтарилади.
230-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда ижро варақаси сўралаётган иш материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидалар бўйича талаб қилиб олиши мумкин.
Иқтисодий суд ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Иқтисодий суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш учун ушбу Кодекснинг 231-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини билдирилган талаблар ва эътирозларни асослаш учун иқтисодий судга тақдим этилган далилларни текшириш йўли билан аниқлайди.
Иқтисодий суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекс 37-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган иқтисодий суднинг иш юритувида бўлса, мазкур ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилаётган иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни қарздорнинг илтимосномасига биноан кейинга қолдириши мумкин.
231-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш асослари
Иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этган ҳоллардагина рад этади:
1) ҳакамлик битими қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини;
2) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларни бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалардан ажратиб олиш мумкин бўлса, иқтисодий суд ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосалар бўлган қисми учун ижро варақаси беради;
3) ҳакамлик суди таркиби ёки ҳакамлик муҳокамаси «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафлари учун ҳали мажбурий бўлмаганлигини ёки бекор қилинганлигини ёхуд унинг ижроси иқтисодий суд ёки фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан тўхтатиб турилганлигини.
Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса ёки низо ҳакамлик суди томонидан «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддаси талабларини бузган ҳолда кўриб чиқилган бўлса ёхуд ҳакамлик суди ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилган бўлса, иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этади.
232-модда. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги иш бўйича ажрим
Иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодексда ҳал қилув қарори қабул қилиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан ажрим чиқаради.
Иқтисодий суднинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш ҳақидаги ажримида қуйидагилар ҳам бўлиши керак:
1) ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби;
2) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
3) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори тўғрисидаги, аризачи мажбурий ижро этилишини илтимос қилаётган ижро варақаси ҳақидаги маълумотлар;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ёки ижро варақаси беришни рад этиш учун кўрсатма.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш рад этилганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан иқтисодий судга мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳакамлик битимининг ҳақиқий эмаслиги оқибатида ёки ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги ёхуд унда ҳакамлик битимида қамраб олинмаган масалалар бўйича тўхтамлар мавжудлиги ёки низо ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлиши мумкин эмаслиги оқибатида иқтисодий суд томонидан тўлиқ ёки қисман рад этилган бўлса, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бундай низони ҳал қилиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича иқтисодий судга мурожаат этиши мумкин.
Иқтисодий суднинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилиши керак.
Иқтисодий суднинг ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ чиқарилган ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
30-боб. Йўқолган суд ишини ва ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишларни юритиш
233-модда. Йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш тартиби
Иқтисодий иш бўйича йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритиш ишда иштирок этувчи шахсларнинг, прокурорнинг, давлат ижрочисининг аризасига, шунингдек суднинг ташаббусига кўра суд томонидан тикланиши мумкин.
Йўқолган суд иши ёки ижро ишини юритиш тўлиқ тикланади ёхуд унинг суд фикрига кўра тикланиши зарур бўлган қисми тикланади. Суднинг ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими, агар улар иш юзасидан чиқарилган бўлса, албатта тикланиши шарт.
Аризачи йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишни кўришда суд томонидан сарф қилинган суд харажатларини тўлашдан озод қилинади. Била туриб ёлғон ариза берилган бўлса, суд харажатлари аризачидан ундириб олинади.
234-модда. Йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисида ариза бериш
Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза ишни кўрган судга, йўқолган ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза эса ижро этиш жойидаги судга берилади ва тегишли суд томонидан кўриб чиқилади.
Аризада иш тўғрисидаги батафсил маълумотлар кўрсатилиши керак. Аризачида сақланиб қолган ва ишга дахлдор бўлган ҳужжатлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, гарчи улар белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса ҳам, аризага илова қилинади.
235-модда. Йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш
Иқтисодий суд йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишни кўришда ишнинг сақланиб қолган қисмидан, иш йўқолгунига қадар ундан юридик шахслар ва фуқароларга олиб берилган ҳужжатлардан, бу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларидан, шунингдек ишга дахлдор бўлган бошқа ҳужжатлардан фойдаланади.
Суд процессуал ҳаракатларни бажариш чоғида ҳозир бўлган шахсларни, суд қарорини ижро этган шахсларни, зарур ҳолларда эса, йўқолган суд ишини ёки ижро ишини кўрган суд таркибига кирган шахсларни ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.
236-модда. Йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза бўйича ҳал қилув қарори
Суднинг йўқолган суд ишини тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорида тикланаётган ҳужжатларнинг мазмуни судга тақдим этилган ва йўқолган иш бўйича суд процессининг барча иштирокчилари иштирокида суд мажлисида текширилган қандай аниқ маълумотлар асосида аниқланган деб ҳисоблаши кўрсатилади.
Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида йўқолган суд иши бўйича суд томонидан қандай далиллар текширилганлиги ва қандай процессуал ҳаракатлар бажарилганлигини исбот қилувчи суд хулосалари ҳам кўрсатилади.
Йўқолган ижро иши, агар суд ҳужжатининг ижроси амалга оширилган бўлса, тикланади.
Ижро ҳужжатининг ижро этилиши тўғрисидаги ҳужжат давлат ижрочиси томонидан ижро этиш чоғида амалга оширилган ва ҳужжатда акс эттирилган ҳаракатларнинг мазмуни кўрсатилган ҳолда суднинг ҳал қилув қарори билан тикланади.
Ижро варақасининг дубликати берилиши мумкин бўлган ижро иши у ижро этилгунига қадар йўқолган тақдирда, суд йўқолган ижро ишини тиклаш тўғрисида иш қўзғатишни асослантирилган ажрим билан рад этади.
237-модда. Йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги иш юритишни тугатиш
Тўпланган материаллар йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш учун етарли бўлмаса, суд иш юритишни ажрим билан тугатади. Бу ҳолда аризачи умумий тартибда даъво тақдим этишга ҳақли.
Йўқолган суд иши бўйича суд ҳужжатини тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш уни сақлаш муддати билан чегараланмайди. Бироқ, йўқолган суд ишини ижро этиш мақсадида уни тиклаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилинган тақдирда, ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати ўтган бўлса ва у суд томонидан тикланмаса ҳам суд ишни юритишни тугатади.
238-модда. Йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш билан боғлиқ суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш)
Йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
III БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛЛИК ШАХСЛАР ИШТИРОКИДАГИ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ
31-боб. Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўриб чиқишнинг умумий қоидалари
239-модда. Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар бўйича ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари иқтисодиёт соҳасида чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда чет эллик шахслар деб юритилади) иштирокида юзага келадиган низолар бўйича ишларни қуйидаги ҳолларда кўриб чиқади, агар:
1) жавобгар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган ёки яшаётган бўлса ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жавобгарнинг мол-мулки бўлса;
2) чет эллик шахснинг филиали ёки ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса;
3) низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бажарилиши лозим бўлган ёки бажарилган шартномадан келиб чиққан бўлса;
4) талаб чет эллик шахс томонидан ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир бўлган бошқа ҳолат билан мол-мулкка зарар етказилиши туфайли юзага келган ёхуд зарар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юзага келган бўлса;
5) низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида асоссиз бойлик орттиришдан юзага келган бўлса;
6) ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги иш бўйича даъвогар Ўзбекистон Республикасида турган бўлса;
7) низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган қимматли қоғозларнинг муомаласи билан боғлиқ муносабатлардан юзага келган бўлса;
8) юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича аризачи ушбу фактнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжудлигини кўрсатаётган бўлса;
9) низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида номлар ва бошқа объектларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муносабатлардан юзага келган бўлса;
10) бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси ёки фуқароси билан чет эллик шахс ўртасида ушбу Кодекснинг 241-моддасида белгиланган қоидалар бўйича тузилган битим мавжуд бўлса.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари иқтисодиёт соҳасида чет эллик шахслар иштирокида юзага келган низолар бўйича ишларни ва низоли ҳуқуқий муносабатнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан алоқаси мавжуд бўлган бошқа ҳоллардаги ишларни кўради.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари, шунингдек иқтисодиёт соҳасида чет эллик шахслар иштирокида юзага келадиган ва ушбу Кодекснинг 240-моддасига мувофиқ уларнинг мутлақ ваколатига киритилган бошқа ишларни ҳам кўради.
Ушбу моддада назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда кўриб чиқиш учун иқтисодий суд томонидан қабул қилинган иш, гарчи иш юритиш давомида ишда иштирок этувчи шахсларнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи ўзгариши ёхуд бошқа ҳолатлар муносабати билан иш чет давлат судининг ваколатига тааллуқли бўлса-да, мазмунан кўрилиши керак.
240-модда. Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар бўйича мутлақ ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг мутлақ ваколатларига чет эллик шахслар иштирокидаги қуйидаги низолар бўйича ишлар киради:
1) Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки бўлган мол-мулкка нисбатан низолар бўйича, шу жумладан мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва давлат мулкини хусусийлаштириш ҳамда давлат эҳтиёжлари учун мулкни мажбурий тартибда олиб қўйиш билан боғлиқ низолар бўйича ишлар;
2) предмети кўчмас мол-мулк бўлган низолар бўйича, агар бундай мол-мулк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса, ёки бундай мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги низолар бўйича ишлар.
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида чет эллик шахслар иштирокидаги бошқа ишлар ҳам иқтисодий судларнинг мутлақ ваколатларига киритилиши мумкин.
241-модда. Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар бўйича ваколатларини белгилаш тўғрисидаги битим
Агар тарафлардан ҳеч бўлмаганда бири чет эллик шахс бўлган тақдирда ва улар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди уларнинг иқтисодиёт соҳасида амалга оширган фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган низони кўриш бўйича ваколатга эга деб белгиланган битимни тузса ва, башарти, бундай битим чет давлат судининг мутлақ ваколатларини ўзгартирмаса, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди ушбу низони кўриш бўйича мутлақ ваколатларга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг ваколатларини белгилаш тўғрисидаги битим ёзма шаклда тузилган бўлиши керак.
242-модда. Суднинг иммунитети
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судида чет давлатга нисбатан даъво тақдим этишга, уни учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилишга, чет давлатга қарашли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган мол-мулкни хатлаш ҳамда унга нисбатан даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни қўллашга, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш тартибида ундирувни шу мол-мулкка қаратишга, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, фақат тегишли давлатнинг ваколатли органлари розилиги билан йўл қўйилади.
Халқаро ташкилотларнинг суд иммунитети Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.
Суд иммунитетидан воз кечиш чет давлатнинг қонунида ёки халқаро ташкилотнинг қоидаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши керак. Бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди ишни ушбу Кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқади.
243-модда. Чет давлат суди томонидан айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ишларни кўришнинг процессуал оқибатлари
Агар чет давлат судининг иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш кўриб чиқилаётган бўлса, мазкур ишни кўриш Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судининг мутлақ ваколатига кирмаса, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди даъво аризасини ушбу Кодекснинг 10-боби қоидалари бўйича кўрмасдан қолдиради.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди, агар чет давлат судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, ушбу ишни кўриш Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судининг мутлақ ваколатига кирмаса ёки кўрсатилган ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 248-моддасига мувофиқ тан олинса ва ижро этилса, ушбу Кодекс 11-бобининг қоидалари бўйича иш юритишни тугатади.
32-боб. Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўриш хусусиятлари
244-модда. Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўриш тартиби
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди томонидан чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодекс қоидалари бўйича, мазкур бобда назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда кўрилади.
Чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар, агар бу шахслар ёки уларнинг филиаллари, ваколатхоналари ёхуд уларнинг иш юритишга ваколатли бўлган вакиллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган ёки яшаётган бўлса, ушбу Кодексда белгиланган муддатларда кўрилади.
Ишда иштирок этувчи чет эллик шахслар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида белгиланган тартибда хабардор қилинган ҳолларда, ишни кўриш муддати суд топшириқларини юбориш учун Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида белгиланган муддатга, бундай муддат шартномада мавжуд бўлмаганда ёки кўрсатилган шартнома мавжуд бўлмаганда эса олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
245-модда. Чет эллик шахсларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Чет эллик шахслар иқтисодиёт соҳасида ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун ушбу Кодексда белгиланган судга тааллуқлилик ва судловга тегишлилик қоидалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Чет эллик шахслар Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва фуқаролари билан тенг процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади ва процессуал мажбуриятларни ўз зиммасига олади.
Ишда иштирок этувчи чет эллик шахслар ўзининг юридик мақомини ва иқтисодиёт соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судига тақдим этиши керак.
Судларида Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг ва фуқароларининг процессуал ҳуқуқларига нисбатан махсус чекловларга йўл қўйилаётган давлатларнинг юридик ва жисмоний шахсларига нисбатан жавоб тариқасида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида чекловлар белгиланиши мумкин.
246-модда. Чет элга мансуб ҳужжатларга қўйиладиган талаблар
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида чет давлатлар муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси муассасалари, ташкилотлари ва фуқароларига ёки чет эллик шахсларга нисбатан чет эл ҳуқуқи нормалари бўйича белгиланган шакл бўйича берилган, тузилган ёки тасдиқланган ҳужжатлар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳамда бу ҳужжатлар келиб чиққан муассасалар ва ташкилотларнинг давлати иштирокчи бўлган халқаро шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан фақат консуллик легаллаштируви мавжуд бўлганда ёхуд уларга апостиль қўйилган бўлса, қабул қилинади.
Чет тилида тузилган ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судига тақдим этишда, ушбу ҳужжатларга уларнинг давлат тилидаги ёки иқтисодий суд ишлари юритилаётган тилдаги тегишли тарзда тасдиқланган таржимаси қўшиб топширилиши керак.
247-модда. Айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги суд топшириқлари
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ёки қонунида белгиланган тартибда чет давлатлар судлари томонидан ўзига берилган топшириқларни (чақирув қоғозларини ва бошқа ҳужжатларни топшириш, ёзма далиллар олиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш ва ҳоказо) бажаради.
Чет давлат судининг топшириғи қуйидаги ҳолларда ижро этилмайди, агар:
1) суд топшириғини ижро этиш Ўзбекистон Республикаси суверенитетига зид бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига таҳдид солса;
2) суд топшириғини ижро этиш Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судининг ваколатига кирмаса;
3) айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги суд топшириғини ўз ичига олган ҳужжатнинг ҳақиқийлиги аниқланмаса.
Айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги суд топшириқларини Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди томонидан ижро этиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари чет давлатлар судларига ёки чет давлатларнинг ваколатли органларига айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги суд топшириқлари билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ёки қонунида белгиланган тартибда мурожаат қилиши мумкин.
33-боб. Чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни юритиш
248-модда. Чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш
Чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, агар бундай қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, улар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан тан олинади ва ижрога қаратилади.
Чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш масалалари иқтисодий суд томонидан низо бўйича ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафнинг аризаси бўйича ҳал этилади.
Ушбу Кодекс мақсадлари учун чет давлат суди деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этувчи ваколатли органи тушунилади, чет эл арбитражи деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этиш учун доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган нодавлат ташкилоти тушунилади.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида, тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкин.
249-модда. Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза аризачи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судига қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича ёхуд, агар қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи номаълум бўлса, қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича берилади.
250-модда. Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда берилади ва у аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши керак.
Аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;
2) чет давлат судининг ёки арбитражининг номи ва жойлашган ери ҳамда унинг таркиби;
3) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
4) аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори тўғрисидаги маълумотлар;
5) аризачининг чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномаси;
6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Аризада аризачи ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
251-модда. Чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
1) аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ҳал қилув қарори ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;
2) агар ҳал қилув қарори матнининг ўзида кўрсатилмаган бўлса, ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кирганлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат;
3) ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар у тегишли чет давлат ҳудудида илгари ижро этилган бўлса;
4) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва суд процессида иштирок этмаган тараф ишни кўриш вақти ҳамда жойи тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тартибда хабардор қилинганлигини англатувчи ҳужжат;
5) вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат;
6) чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
7) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
8) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модданинг 1 — 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси.
252-модда. Чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
1) чет эл арбитражининг ҳал қилув қарори ёки унинг чет давлат ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;
2) арбитраж муҳокамаси тўғрисидаги битимнинг асли ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;
3) ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар у илгари тегишли чет давлат ҳудудида ижро этилган бўлса;
4) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва процессда иштирок этмаган тараф ишни кўриш вақти ҳамда жойи тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тартибда хабардор қилинганлигини англатувчи ҳужжат;
5) вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат;
6) чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
7) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
8) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модданинг 1 — 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси.
253-модда. Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани қайтариш
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақидаги масалани ҳал этишда, у ушбу Кодекс 249 — 252-моддаларининг талаблари бузилган ҳолда тақдим этилганлигини аниқласа, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўз ажрими билан қайтаради.
Ажрим, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар аризачига ёки унинг вакилига ажрим чиқарилган кундан эътиборан беш кун ичида юборилади.
Аризани қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс умумий тартибда ариза билан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий судига янгидан мурожаат этишга ҳақли.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани қайтариш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза иқтисодий судга дастлабки мурожаат этилган кунда берилган деб ҳисобланади.
254-модда. Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза, агар Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мазкур бобда белгиланган хусусиятларни эътиборга олган ҳолда ушбу Кодекснинг қоидалари бўйича у иқтисодий судга келиб тушган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддатда суд мажлисида кўрилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ажрими билан ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ишни кўришда ушбу Кодекснинг 255-256-моддаларида назарда тутилган ҳолатларни Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий судига тақдим этилган, билдирилган талаблар ва эътирозларни асословчи далилларни текшириш йўли билан аниқлайди.
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
255-модда. Чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад этиш асослари
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман тан олишни ва ижрога қаратишни қуйидаги ҳолларда рад қилади, агар:
1) ҳудудида ҳал қилув қарори қабул қилинган давлатнинг қонуни бўйича у қонуний кучга кирмаган бўлса, бундан ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмасдан ижро этилиши лозим бўлган ҳоллар мустасно;
2) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган тараф ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинмаган ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини судга тақдим эта олмаган бўлса;
3) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ишни кўриш Ўзбекистон Республикаси судининг мутлақ ваколатига тааллуқли бўлса;
4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса;
5) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан чет давлат судида иш юритиш қўзғатилгунга қадар қўзғатилган иш Ўзбекистон Республикасининг судида кўрилаётган бўлса;
6) чет давлат судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш муддати ўтган ва ушбу муддат суд томонидан тикланмаган бўлса;
7) тараф томонидан низо ваколатсиз чет давлат суди томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далил тақдим қилинган бўлса;
8) ҳал қилув қарори чет давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинган бўлса;
9) ҳал қилув қарори чет давлат судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг иштирокчиси бўлмаган чет давлат суди томонидан чиқарилган бўлса;
10) чет давлат суди ҳал қилув қарорининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, хавфсизлигига зарар етказса ёки қонун ҳужжатларининг асосий принципларига зид бўлса.
Чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкин.
256-модда. Чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад қилиш асослари
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ҳал қилув қарори ўзига қарши қаратилган тарафнинг аризасига кўра, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад қилади, агар тараф:
1) арбитраж битимининг тарафлари ўзларига нисбатан қўлланиладиган қонун бўйича қайсидир даражада муомалага лаёқатсиз бўлганлигини ёки арбитраж битимини унинг тарафлари қайси қонунга бўйсундирган бўлсалар, ўша қонун бўйича, бундай кўрсатма мавжуд бўлмаганда эса — ҳал қилув қарори чиқарилган мамлакатнинг қонуни бўйича ҳақиқий эмаслигини;
2) ҳал қилув қарори ўзига қарши қаратилган тараф арбитр тайинланганлиги тўғрисида ёки арбитраж муҳокамаси тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини;
3) арбитраж битими ёки арбитраж ҳақидаги шартнома шартида назарда тутилмаган ёки уларнинг шартига тегишли бўлмаган низо бўйича ҳал қилув қарори чиқарилганлигини ёхуд арбитраж битими ёки арбитраж ҳақидаги шартнома шартидан ташқари чиқадиган масалалар бўйича қарор мавжудлигини, бундан арбитраж битими ёки арбитраж ҳақидаги шартнома шарти доирасидаги масалалар бўйича қарорлар қамраб олинмаган масалалар бўйича қарорлардан ажратиб олиниши мумкин бўлган ҳоллар мустасно;
4) арбитраж органининг таркиби ёки арбитраж процесси тарафларнинг келишувига мувофиқ келмаганлигини ёки бундай шарт бўлмаса, арбитраж бўлиб ўтган мамлакат қонунига мос келмаганлигини;
5) ҳал қилув қарори тарафлар учун якуний бўлмаганлигини ёки у қабул қилинган ва қонуни қўлланилаётган давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинганлигини ёхуд ижроси тўхтатилганлигини;
6) низо ваколатли бўлмаган чет давлат арбитражи томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этса.
Шунингдек чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш қуйидаги ҳолларда рад қилиниши мумкин, агар:
1) низо объекти Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бўйича арбитраж муҳокамасининг предмети бўла олмаса;
2) ушбу ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг оммавий тартибига зид бўлса ёки унга таҳдид солса;
3) чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш муддати ўтган бўлса.
257-модда. Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги иш бўйича ажрим
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ушбу Кодекснинг 22-бобида белгиланган қоидаларга кўра ажрим чиқаради.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги иш бўйича ажримда:
1) чет давлат судининг ёки арбитражининг номи ва жойлашган ери;
2) аризачи ва қарздорнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми);
3) аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни илтимос қилаётган чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори тўғрисидаги маълумотлар;
4) чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ёхуд уни тан олишни ва ижрога қаратишни рад қилиш тўғрисида кўрсатма бўлиши керак.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги иш бўйича ажрим устидан ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
258-модда. Чет давлат судларининг ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини ижрога қаратиш
Чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини ижрога қаратиш чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида ажрим чиқарган суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
IV БЎЛИМ. ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРНИНГ СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИШ БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ
34-боб. Апелляция инстанциясида иш юритиш
259-модда. Апелляция шикояти бериш (протест келтириш) ҳуқуқи
Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти, прокурор эса апелляция протести беришга ҳақлидир.
Ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки қисман шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
260-модда. Ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини ва асослилигини апелляция тартибида текширувчи судлар
Апелляция шикоятлари (протестлари):
тегишли туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.
261-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш тартиби
Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.
262-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати
Агар қонун ҳужжатларида бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.
Суднинг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.
Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.
Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддатини тиклашни рад этиш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.
263-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни
Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) апелляция шикояти (протести) йўлланаётган суднинг номи;
2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган иқтисодий суднинг номи, ишнинг рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, низонинг предмети;
4) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ҳамда шикоят (протест) бераётган шахс иш ҳолатлари ва далилларга, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола қилган ҳолда ҳал қилув қарорини нотўғри деб ҳисоблаш учун келтирган асослар;
5) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.
Апелляция шикоятида шикоят бераётган шахснинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
264-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини юбориш
Апелляция шикоятини (протестини) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган, бу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларни юбориши ёки тилхат билан шахсан топшириши керак.
265-модда. Апелляция шикоятига (протестига) илова қилинадиган ҳужжатлар
Апелляция шикоятига қуйидагилар илова қилинади:
1) давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция шикояти ва унга илова қилинган, уларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
3) апелляция шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, унинг имзолашга доир ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.
Апелляция протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция протестининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Даъво аризасини қайтариш ёки даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган апелляция шикоятига (протестига) қайтарилган даъво аризаси ва судга тақдим этишда унга илова қилинган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.
266-модда. Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш тартиби ва муддати
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масала шикоят (протест) иш билан бирга судга келиб тушган кунидан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда ҳал қилинади.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 197-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
267-модда. Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш
Ушбу Кодексда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) кўриш бўйича суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.
268-модда. Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш
Судья апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:
1) апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;
2) апелляция шикояти (протести) қонун ҳужжатларига мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;
3) апелляция шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;
4) апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатининг тикланиши рад этилган бўлса;
5) апелляция шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (уни чақириб олганлиги) сабабли апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим мавжуд бўлса.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, апелляция шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.
Апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоят (протест) ва илова қилинган ҳужжатлар билан бирга шикоятни (протестни) берган шахсга ушбу Кодекснинг 197-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.
Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, апелляция шикояти (протести) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.
269-модда. Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш
Апелляция шикояти (протести) судья томонидан қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:
1) апелляция шикояти (протести) имзоланмаган бўлса ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёинки мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
2) апелляция шикоятига (протестига) унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигига доир далиллар илова қилинмаган бўлса;
3) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар апелляция шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса, бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
4) апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарорини қабул қилган иқтисодий судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса;
5) апелляция шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;
6) апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар шикоятни (протестни) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида ариза тушган бўлса.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) қайтариш асослари кўрсатилади, апелляция шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва илова қилинган ҳужжатлар билан бирга ушбу Кодекснинг 197-моддасида белгиланган тартибда юборилади.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги суд ажрими бекор қилинган тақдирда, апелляция шикояти (протести) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, шикоят (протест) берган шахс апелляция шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.
270-модда. Апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикр билдириш
Ишда иштирок этувчи шахс апелляция шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини олганидан кейин унинг юзасидан ёзма фикрини ҳамда ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ёзма фикрнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далилларни апелляция шикояти (протести) кўриб чиқиладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақлидир.
Апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ишни юритишга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
Апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикрга аввал тақдим этилмаган ҳужжатлар илова қилиниши мумкин. Бу ҳолда ёзма фикрга ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга уларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинади.
271-модда. Апелляция инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш
Апелляция шикояти (протести) уни бериш муддати ўтказиб юборилган ҳолда берилганда ва ушбу муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилганда, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра тўхтатиб туришга ҳақли.
Ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ёки унинг ижросини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.
Ҳал қилув қарорининг ижроси апелляция инстанцияси суди томонидан апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ҳужжати қабул қилингунга қадар бўлган муддатга тўхтатиб турилади.
272-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш
Агар апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг унинг имзоланмаганлиги ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдиради.
Апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 197-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан назорат тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин шикоят (протест) ушбу Кодексда белгиланган тартибда судга янгидан берилиши мумкин.
273-модда. Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:
1) апелляция шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилинмайдиган ажрим устидан берилган ва у апелляция инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;
2) апелляция шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва у апелляция инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;
3) апелляция шикояти суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;
4) апелляция шикояти иш юритишга қабул қилинганидан сўнг шикоят берган шахс томонидан шикоятдан воз кечиш тўғрисида ариза келиб тушган ва воз кечиш апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинган бўлса;
5) апелляция протести иш юритишга қабул қилинганидан сўнг протест келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор томонидан протестни чақириб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса;
6) апелляция шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишда тараф бўлган юридик шахс тугатилган бўлса;
7) апелляция шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишда тараф бўлган фуқаро вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.
Агар апелляция шикоятида (протестида) шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарорини қабул қилган биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар билдирилган бўлса, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятининг (протестининг) бу талабларга тааллуқли қисми бўйича иш юритишни тугатади.
Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 197-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан назорат тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича апелляция шикояти (протести) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.
274-модда. Апелляция инстанцияси суди томонидан ишни кўриш тартиби
Апелляция инстанцияси суди ишни суд мажлисида ушбу бобда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда биринчи инстанция судида кўриш қоидалари бўйича кўради.
Апелляция инстанцияси судида: ишларни бирлаштириш тўғрисидаги; даъвонинг предметини ёки асосини, даъво талабларининг миқдорини ўзгартириш ҳақидаги; қарши даъво тақдим этиш; ишда иштирок этиш учун учинчи шахсларни жалб этиш тўғрисидаги қоидалари, шунингдек ушбу Кодексда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди.
Апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди, бундан жамият ёки давлат манфаатларини кўзлаб қўзғатилган ишлар бўйича прокурорнинг келмаганлиги мустасно.
275-модда. Апелляция шикоятидан воз кечиш. Апелляция протестини чақириб олиш
Апелляция шикояти берган шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар ундан воз кечишга ҳақли.
Суд шикоятдан воз кечишни ушбу Кодекс 157-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича рад этишга ва ишни апелляция тартибида кўришга ҳақли.
Апелляция протести келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар протестни чақириб олишга ҳақли.
276-модда. Апелляция инстанцияси судида ишни кўриш чегаралари
Суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.
Апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт.
Биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинмайди ва кўрилмайди.
277-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўриш муддати
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади.
Суднинг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) у судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.
Алоҳида ҳолларда апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати суд раиси томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.
278-модда. Апелляция инстанцияси судининг ваколатлари
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича:
1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга;
2) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;
3) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;
4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;
5) ушбу Кодекс 279-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.
279-модда. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;
2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;
3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;
4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.
Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидагилардан иборат:
1) қўлланилиши лозим бўлган қонун ҳужжатининг қўлланилмаганлиги;
2) қўлланилиши мумкин бўлмаган қонун ҳужжатининг қўлланилганлиги;
3) қонун ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги муносабати билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) суд томонидан ишнинг қонунга хилоф таркибда кўрилганлиги;
2) ишнинг ишда иштирок этувчи, суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир шахс йўқлигида кўрилганлиги;
3) суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоидалар ишни кўриш чоғида бузилганлиги;
4) ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги;
5) ҳал қилув қарорининг судья ёки, агар иш судьялар ҳайъати таркибида кўрилган бўлса, судьяларнинг бири томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги;
6) ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги, унинг имзоланмаганлиги ёки ушбу Кодекс 202-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланганлиги ёхуд, агар суд мажлисида аудио- ёки видеоёзув амалга оширилган бўлса, аудио- ва видеоёзувларнинг электрон ёки бошқа ташувчилари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаганлиги;
7) билдирилган талаб бўйича суд ҳал қилув қарори қабул қилмаганлиги;
8) судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоиданинг бузилганлиги.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, агар тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ва у апелляция инстанцияси суди томонидан тасдиқланган бўлса, бекор қилади.
280-модда. Апелляция инстанцияси судининг қарори
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади, қарор ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.
Апелляция инстанцияси судининг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:
1) апелляция инстанцияси судининг номи, қарорни қабул қилган суд таркиби, суд мажлиси котиби;
2) ишнинг рақами, қарор қабул қилинган сана ва жой;
3) апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг процессуал ҳолати;
4) ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек улар вакилларининг ва суд процесси бошқа иштирокчиларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
5) низо предмети;
6) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, уни қабул қилган судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;
7) иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни;
8) апелляция шикоятида (протестида) келтирилган ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текшириш тўғрисида талаб билдирилишига доир асослар;
9) апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикрда баён қилинган важлар;
10) ишда иштирок этувчи ва суд мажлисида ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;
11) апелляция инстанцияси суди томонидан аниқланган иш ҳолатлари; суднинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосалари учун асос бўлган далиллар; суд қарорни қабул қилишда амал қилган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар; суднинг у ёки бу далилларни рад этишига ва ишда иштирок этувчи шахслар ҳавола қилган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўлламаганлигига доир сабаблар;
12) агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори тўлиқ ёки қисман ўзгартирилган бўлса, апелляция инстанцияси суди унинг хулосаларига қўшилмаганлигининг сабаблари;
13) агар иш янгидан кўриш учун юборилаётган бўлса, биринчи инстанция суди томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар;
14) апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар.
Апелляция инстанцияси судининг қарорида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг тақсимланиши кўрсатилади.
Суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган тақдирда, суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ишни янгидан кўраётган суд томонидан ҳал этилади.
Апелляция инстанцияси суди қарорининг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у қабул қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ушбу Кодексининг 188-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
281-модда. Биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан апелляция шикояти (протести)
Биринчи инстанция судининг ажримлари устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган апелляция шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилади.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:
1) қарорни, ажримни ўзгаришсиз қолдиришга;
2) қарорни, ажримни ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга;
3) даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун юборишга ҳақли.
35-боб. Кассация инстанцияси судида иш юритиш
282-модда. Кассация шикояти бериш (протести келтириш) ҳуқуқи
Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса кассация протести беришга ҳақлидир.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки қисман шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
283-модда. Ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини ва асослилигини кассация тартибида текширувчи судлар
Кассация шикоятлари (протестлари):
тегишли туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.
284-модда. Кассация шикоятини (протестини) бериш тартиби
Кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судининг номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.
285-модда. Кассация шикоятини (протестини) бериш муддати
Кассация шикояти (протести) суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида берилиши мумкин.
Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақида кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.
Кассация шикоятини (протестини) бериш муддатини тиклашни рад этиш ҳақида кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.
286-модда. Кассация шикоятининг (протестининг) мазмуни
Кассация шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) кассация шикояти (протести) йўлланаётган суднинг номи;
2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи;
4) ишнинг рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, низо предмети;
5) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ва шахс қонунларга ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, иш ҳолатларига ҳамда далилларга ҳавола қилинган ҳолда суд ҳужжатини нотўғри деб ҳисоблаш учун келтирган асослар;
6) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.
Кассация шикоятида уни бераётган шахснинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
287-модда. Кассация шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини юбориш
Кассация шикоятини (протестини) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация шикоятининг (протестининг) ва унга илова қилинган, бу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхасини юбориши ёки тилхат олиб шахсан топшириши керак.
288-модда. Кассация шикоятига (протестига) илова қилинадиган ҳужжатлар
Кассация шикоятига қуйидагилар илова қилинади:
1) давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация шикоятининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
3) кассация шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, унинг имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.
Кассация протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация протести ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Даъво аризасини қайтариш, даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, апелляция шикоятини (протестини) қайтариш ва апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган кассация шикоятига (протестига) қайтарилган даъво аризаси, апелляция шикояти (протести) ва судга тақдим этишда унга илова қилинган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.
289-модда. Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш тартиби ва муддати
Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масала судья томонидан якка тартибда шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.
Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 197-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
290-модда. Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш
Ушбу Кодексда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади.
Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) кўриш бўйича суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.
291-модда. Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш
Кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:
1) кассация шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;
2) кассация шикояти (протести) қонун ҳужжатларига мувофиқ кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;
3) кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;
4) кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатининг тикланиши рад этилган бўлса;
5) кассация шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (уни чақириб олганлиги) сабабли кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим мавжуд бўлса;
6) кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган бўлса.
Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.
Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан ушбу Кодекснинг 36-бобида белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, кассация шикояти (протести) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.
292-модда. Кассация шикоятини (протестини) қайтариш
Кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси суди томонидан қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:
1) кассация шикояти (протести) имзоланмаган бўлса ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
2) шикоят (протест) ҳал қилув қарорини қабул қилган судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса;
3) кассация шикоятига (протестига) унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигига доир далиллар илова қилинмаган бўлса;
Олдинги таҳрирга қаранг.
4) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар кассация шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса, бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
(292-модданинг биринчи қисми 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2018 й., 03/18/496/2043-сон)
5) кассация шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;
6) кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида суд ажрими чиқарилгунига қадар шикоятни (протестни) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида ариза тушган бўлса.
Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.
Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга юборилади.
Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан ушбу Кодекснинг 36-бобида белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, кассация шикояти (протести) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, шикоятни (протестни) берган шахс кассация шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.
293-модда. Кассация шикояти (протести) юзасидан ёзма фикр билдириш
Ишда иштирок этувчи шахс кассация шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини олганидан кейин унинг юзасидан ёзма фикрини ҳамда ушбу ёзма фикрнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни кассация шикояти (протести) кўриб чиқиладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақлидир.
Кассация шикояти (протести) юзасидан ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ишни юритишга ваколати борлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
294-модда. Кассация инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.
Кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида ёки унинг ижросини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатади.
295-модда. Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш
Агар кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг унинг имзоланмаганлиги ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдиради.
Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги суд ажрими устидан ушбу Кодекснинг 36-бобида белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин шикоят (протест) ушбу Кодексда белгиланган тартибда судга янгидан берилиши мумкин.
296-модда. Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш
Кассация инстанцияси суди кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:
1) кассация шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ кассация тартибида шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва у кассация инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;
2) кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва у кассация инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;
3) кассация шикояти (протести) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;
4) кассация шикояти иш юритишга қабул қилинганидан кейин шикоят берган шахс томонидан шикоятдан воз кечиш тўғрисида ариза келиб тушган ва воз кечиш кассация инстанцияси суди томонидан қабул қилинган бўлса;
5) кассация протести иш юритишга қабул қилинганидан кейин протест келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор томонидан протестни чақириб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса;
6) кассация шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишда тараф бўлган юридик шахс тугатилган бўлса;
7) кассация шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишда тараф бўлган фуқаро вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.
Агар кассация шикоятида (протестида) шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарорини қабул қилган биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар билдирилган бўлса, кассация инстанцияси суди кассация шикоятининг (протестининг) бу талабларга тааллуқли қисми бўйича иш юритишни тугатади.
Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унда суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал этилиши мумкин.
Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан ушбу Кодекснинг 36-бобида белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича кассация шикояти (протести) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.
297-модда. Кассация инстанцияси суди томонидан ишни кўриш тартиби
Кассация инстанцияси суди ишни суд мажлисида ушбу бобда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, биринчи инстанция судида кўриш қоидалари бўйича кўради.
Кассация инстанцияси судида: ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги, даъвонинг предметини ёки асосини, даъво талабларининг миқдорини ўзгартириш ҳақидаги; қарши даъво тақдим этиш тўғрисидаги; ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш ҳақидаги қоидалар, шунингдек ушбу Кодексда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди.
Кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди, бундан жамият ёки давлат манфаатларини кўзлаб қўзғатилган ишлар бўйича прокурорнинг келмаганлиги мустасно.
298-модда. Кассация шикоятидан воз кечиш. Кассация протестини чақириб олиш
Кассация шикояти берган шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар ундан воз кечишга ҳақли.
Суд шикоятдан воз кечишни ушбу Кодекс 157-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича рад этишга ва ишни кассация тартибида кўришга ҳақли.
Кассация протести келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар протестни чақириб олишга ҳақли.
299-модда. Кассация инстанцияси судида ишни кўриш чегаралари
Суд ишни кассация инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.
Кассация инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт.
Биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар кассация инстанцияси суди томонидан қабул қилинмайди ва кўрилмайди.
300-модда. Кассация шикоятини (протестини) кўриш муддати
Суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) у иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.
Алоҳида ҳолларда суднинг ҳал қилув қарори устидан кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати суд раиси томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.
301-модда. Кассация инстанцияси судининг ваколатлари
Кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича:
1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга;
2) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;
3) ушбу Кодекс 302-моддаси тўртинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни ҳал қилув қарори бекор қилинган суд инстанциясига янгидан кўриш учун юборишга;
4) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;
5) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга ҳақли.
302-модда. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;
2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;
3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;
4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.
Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидагилардан иборат:
1) қўлланилиши лозим бўлган қонун ҳужжатининг қўлланилмаганлиги;
2) қўлланилиши мумкин бўлмаган қонун ҳужжатининг қўлланилганлиги;
3) қонун ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) суд томонидан ишнинг қонунга хилоф таркибда кўрилганлиги;
2) ишнинг суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир ишда иштирок этувчи шахс йўқлигида кўрилганлиги;
3) суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоидалар ишни кўриш чоғида бузилганлиги;
4) ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги;
5) ҳал қилув қарорининг судья ёки, агар иш судьялар ҳайъати таркибида кўрилган бўлса, судьяларнинг бири томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги;
6) ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги, унинг имзоланмаганлиги ёки ушбу Кодекс 202-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланганлиги ёхуд, агар суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилган бўлса, аудио- ва видеоёзувнинг электрон ёки бошқа ташувчилари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаганлиги;
7) билдирилган талаб бўйича суд ҳал қилув қарори қабул қилмаганлиги;
8) судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоиданинг бузилганлиги.
Кассация инстанцияси суди суднинг ҳал қилув қарорини, агар тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ва у кассация инстанцияси суди томонидан тасдиқланган бўлса, бекор қилади.
303-модда. Кассация инстанцияси судининг қарори
Кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади, қарор ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.
Кассация инстанцияси судининг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:
1) кассация инстанцияси судининг номи, қарорни қабул қилган суд таркиби, суд мажлисининг котиби;
2) ишнинг рақами, қарор қабул қилинган сана ва жой;
3) кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг процессуал ҳолати;
4) ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек улар вакилларининг ва суд процесси бошқа иштирокчиларининг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми);
5) низо предмети;
6) ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, уни қабул қилган судьяларнинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;
7) иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни;
8) кассация шикоятида (протестида) келтирилган ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослантирилганлигини текшириш тўғрисида талаб билдирилишига доир асослар;
9) кассация шикояти (протести) юзасидан ёзма фикрда баён қилинган важлар;
10) ишда иштирок этувчи ва суд мажлисида ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;
11) кассация инстанцияси суди томонидан аниқланган иш ҳолатлари; суднинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосалари учун асос бўлган далиллар; суд қарор қабул қилишда амал қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар; суднинг у ёки бу далилларни рад этишига ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар ҳавола қилган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўлламаганлигига доир сабаблар;
12) агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори тўлиқ ёки қисман бекор қилинган бўлса, унинг хулосаларига кассация инстанцияси суди қўшилмаганлигининг сабаблари;
13) кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар;
14) агар иш янгидан кўриш учун юборилаётган бўлса, суд томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар.
Кассация инстанцияси судининг қарорида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг тақсимланиши кўрсатилади.
Суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган тақдирда, суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ишни янгидан кўраётган суд томонидан ҳал этилади.
Кассация инстанцияси суди қарорининг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у қабул қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 188-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Кассация инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
304-модда. Кассация инстанцияси суди кўрсатмасининг мажбурийлиги
Кассация инстанцияси судининг қарорида баён қилинган кўрсатмалар ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.
Кассация инстанцияси суди у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги, бир далилнинг бошқаларидан устунлиги тўғрисидаги, иш янгидан кўрилганида қандай ҳал қилув қарори қабул қилиниши ҳақидаги масалаларни илгаридан ҳал қилиб қўйишга ҳақли эмас.
305-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими, қарори устидан берилган кассация шикояти (протести)
Суднинг ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Биринчи инстанция судининг ажрими, қарори устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган кассация шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарорлари устидан берилган кассация шикоятларини (протестларини) кўриш учун назарда тутилган тартибда кассация инстанцияси суди томонидан кўрилади.
Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ажрими, қарори устидан берилган шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:
1) ажримни, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;
2) ажримни, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга;
3) даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги, даъво аризасини қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримларни бекор қилишга ва даъво аризасини, ишни кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга.
306-модда. Кассация инстанцияси судининг ажрими устидан берилган шикоят (протест)
Кассация инстанцияси судининг кассация шикоятини (протестини) қайтариш ва қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрими ҳамда кассация инстанцияси судининг ушбу Кодексда устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) назарда тутилган бошқа ажримлари устидан шикоят (протест) назорат тартибида кўриб чиқилади.
36-боб. Суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича иш юритиш
307-модда. Назорат тартибида қайта кўриладиган суд ҳужжатлари
Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари, агар ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ушбу суд ҳужжатлари туфайли бузилган бўлса, ушбу шахсларнинг шикоятлари бўйича ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарларининг протести бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида қайта кўрилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига қуйидагилар устидан шикоят қилинади:
1) апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари;
2) апелляция ва кассация инстанцияси судларининг қарорлари.
Судларнинг қонуний кучга кирган ажримлари улар устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек улар ишнинг бундан буёнги ҳаракатига тўсқинлик қилган тақдирда ҳал қилув қароридан алоҳида назорат тартибида қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан қабул қилинган қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари томонидан, номуайян доирадаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ёки жамият ва давлат манфаатларини бузадиган суд ҳужжати устидан эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан протест келтирилиши мумкин.
308-модда. Ишларни назорат тартибида кўрадиган судлар
Назорат тартибидаги ишлар:
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан — ушбу Кодекс 307-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича чиқарган қарори, шунингдек номуайян доирадаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ёки жамият ва давлат манфаатларини бузадиган суд ҳужжати устидан берилган протестлар бўйича кўрилади.
309-модда. Ишни талаб қилиб олиш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ишни назорат тартибида қайта кўриб чиқишга асос бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.
310-модда. Назорат шикояти (протести) бериш тартиби ва муддати
Назорат шикояти (протести) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.
Назорат шикояти (протести) суднинг ҳал қилув қарори устидан у қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.
Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ўтгандан кейин берилган назорат шикояти кўриб чиқилмайди.
Агар суд ҳужжати номуайян доирадаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ёки жамият ва давлат манфаатларини бузса, ушбу модда иккинчи қисмининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг протести бўйича суд ҳужжатларини қайта кўриш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.
311-модда. Назорат шикоятининг (протестининг) мазмуни
Назорат шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) назорат шикояти (протести) берилаётган суднинг номи;
2) шикоятни (протестни) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг ишдаги процессуал ҳолати;
3) ишда иштирок этаётган бошқа шахсларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
4) ишни биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияларида кўрган судлар ва улар қабул қилган қарорларнинг мазмуни;
5) устидан шикоят берилаётган (протест келтираётган) суд ҳужжати;
6) суд ҳужжатини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар, важлар келтирилган ҳолда;
7) шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимоси.
Ишда иштирок этмаган шахснинг назорат шикоятида қонуний кучга кирган суд ҳужжати билан унинг қандай ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари бузилганлиги кўрсатилиши керак.
Назорат шикояти шикоят бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак. Вакил томонидан тақдим этилган шикоятга ишончнома ёки унинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилинади. Протест у келтирилган мансабдор шахс томонидан имзоланиши керак.
Назорат шикоятига иш бўйича қабул қилинган, суд ҳужжатларининг кўчирма нусхалари ва шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далил илова қилинади.
Назорат шикоятига белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.
312-модда. Назорат шикоятини ўрганиш
Ушбу Кодекснинг 307, 308, 310 ва 311-моддаларида белгиланган қоидаларга мувофиқ берилган назорат шикояти Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси томонидан ўрганилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси назорат шикоятини унга илова қилинган материаллар, зарур бўлган ҳолларда эса талаб қилиб олинган иш ҳужжатлари билан бирга ўрганади.
Назорат шикоятини ўрганиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:
1) назорат шикоятини ушбу Кодекс 313-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра қайтариш тўғрисида;
2) назорат шикоятини қабул қилишни ушбу Кодекс 314-моддасида назарда тутилган асосларга кўра рад этиш ҳақида;
3) агар суд ҳужжатларини назорат тартибида текшириш асослари мавжуд бўлмаса, назорат шикоятини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Бунда назорат шикояти, шунингдек шикоят қилинаётган суд ҳужжатларининг кўчирма нусхалари назорат инстанцияси судида қолади;
4) назорат шикоятини иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси назорат шикоятини қайтариш тўғрисида ва қабул қилишни рад этиш ҳақида беш кундан кечиктирмай ажрим чиқаради, назорат шикоятини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида ва назорат шикоятини иш юритишга қабул қилиш ҳамда уни кўриб чиқиш учун иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида эса шикоят Ўзбекистон Республикаси Олий судига келиб тушган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.
Ажримнинг кўчирма нусхаси назорат шикоятини берган шахсга ва ишда иштирок этувчи шахсларга ажрим чиқарилганидан кейинги кундан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 197-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
313-модда. Назорат шикоятини қайтариш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси назорат шикоятини қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:
1) назорат шикояти ушбу Кодекс 311-моддасининг биринчи — тўртинчи қисмларида назарда тутилган талабларга жавоб бермаса;
2) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар назорат шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
3) назорат шикоятини қайтариш тўғрисида ариза тушган бўлса.
Шикоят берган шахс ушбу модда биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, янгидан умумий тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
314-модда. Назорат шикоятини қабул қилишни рад этиш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси назорат шикоятини қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:
1) назорат шикояти назорат инстанцияси судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;
2) назорат шикояти белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса;
3) назорат шикояти қонунга мувофиқ назорат тартибида шикоят қилиниши мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;
4) назорат шикояти назорат тартибида кўриб чиқилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса.
315-модда. Назорат шикоятини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрим
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг назорат шикоятини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ажрим чиқарилган сана ва жой;
2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси, исми, отасининг исми;
3) назорат шикоятини берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
4) шикоят қилинаётган суд ҳужжатлари;
5) суд ҳужжатлари қабул қилинган иш мазмунининг қисқача баёни;
6) назорат шикоятини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш сабаблари.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки унинг ўринбосари назорат шикоятини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги судьянинг ажримига қўшилмасликка ҳамда назорат шикоятини берган шахснинг аризаси асосида уни бекор қилиш ва иш билан бирга кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида ажрим чиқаришга ҳақли.
Назорат шикоятини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш ҳақидаги ариза суд ҳужжати устидан назорат тартибида шикоят қилиш учун белгиланган муддат доирасида берилиши мумкин.
316-модда. Назорат шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисидаги ажрим
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг назорат шикоятини иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ажрим чиқарилган сана ва жой;
2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;
3) назорат шикоятини берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
4) устидан шикоят қилинаётган суд ҳужжатлари;
5) суд ҳужжатлари қабул қилинган иш мазмунининг қисқача баёни;
6) назорат шикоятини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш асосларининг асослантирилган баёни;
7) иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқиладиган жой ва сана.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси назорат шикоятини иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақидаги масала тўғрисида қарор қабул қилиш билан бир вақтда низолашилаётган суд ҳужжатининг ижросини шикоятни берган шахснинг илтимосномасига кўра назорат тартибида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб қўйишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёки унинг ўринбосарининг протести келиб тушганда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси протестни иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради, ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ажрим чиқарилган сана ва жой;
2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
3) протест келтирган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
4) устидан протест келтирилаётган суд ҳужжатлари;
5) суд ҳужжатлари қабул қилинган иш мазмунининг қисқача баёни;
6) иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқиладиган жой ва сана.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси назорат шикоятини (протестни) ва ишни ўзи чиқарган ажрим билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига топширади.
317-модда. Ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан назорат тартибида кўриб чиқиш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёки улар ўринбосарларининг протести бўйича иш ушбу Кодекснинг 319-моддасида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг котиби протестни иш билан бирга олганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилади.
318-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш
Назорат шикояти (протест) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриш вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни назорат тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида иш назорат тартибида кўриб чиқилаётганда ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришлар бериш учун чақиртирилиши мумкин. Бу ҳолда уларга ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда назорат инстанцияси суди мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабарнома юборилади. Бироқ уларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
319-модда. Ишни назорат тартибида кўриш муддатлари ва тартиби
Иш назорат шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилган ёки протест Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг котибиятига келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатдан кечиктирмай кўрилади.
Иш назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида, назорат шикоятини берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар ва (ёки) уларнинг вакиллари иштирок этиши мумкин бўлган суд мажлисида кўрилади.
Иш назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг маърузаси бўйича кўрилади, судья иш ҳолатлари, иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг мазмуни, назорат шикоятида (протестида) келтирилган важларни баён этади.
Суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахслар иш бўйича тушунтиришлар беришга ҳақли. Назорат шикоятини берган шахс биринчи бўлиб тушунтириш беради, агар иш прокурорнинг протести бўйича кўрилаётган бўлса, биринчи бўлиб прокурор сўзга чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан ишни назорат тартибида кўришда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари иштирок этиб, иш бўйича ўз фикрини баён этади.
Иш назорат тартибида кўрилаётганда барча масалалар ишни кўриб чиқишда иштирок этаётган судьяларнинг кўпчилик овози билан ҳал этилади.
Ишни назорат тартибида кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилинади.
Қарорнинг кўчирма нусхаси назорат шикоятини (протестини) берган шахсга ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 188-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
320-модда. Назорат шикоятини (протестини) тўлдириш, ўзгартириш, шикоятдан воз кечиш ва протестни чақириб олиш
Назорат шикоятини берган шахс суд мажлиси бошлангунига қадар уни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки ундан воз кечишга ҳақли.
Протест келтирган мансабдор шахс суд мажлиси бошлангунига қадар протестни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки протестни чақириб олишга ҳақли.
Назорат инстанцияси суди назорат шикоятидан воз кечиш қабул қилинганлиги тўғрисида ва протест чақириб олинганда, агар суд ҳужжати устидан бошқа шахслар томонидан шикоят қилинмаган бўлса, ажрим чиқариб, назорат ишини юритишни тугатади.
321-модда. Ишни назорат тартибида кўрадиган суднинг ваколатлари
Суд ишни назорат тартибида кўриб чиққанда қуйидагиларга ҳақли:
1) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, назорат шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;
2) ушбу Кодекс 302-моддаси тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга;
3) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ҳамда ишни янгидан кўриш учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга;
4) ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;
5) иш бўйича илгари қабул қилинган ҳал қилув қарорларидан ёки қарорлардан бирини ўз кучида қолдиришга.
322-модда. Суд ҳужжатини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари
Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Суднинг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, қарори фақат юзаки асослар бўйичагина бекор қилиниши мумкин эмас.
323-модда. Ишни назорат тартибида кўрадиган суднинг қарори
Ишни назорат тартибида кўрадиган суднинг қарорида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) қарорни қабул қилган суднинг номи ва таркиби;
2) қарор қабул қилинган сана ва жой;
3) қарор қабул қилинган иш;
4) назорат шикоятини (протестини) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
5) шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) суд ҳужжатларининг мазмуни;
6) назорат шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича суд хулосалари;
7) назорат тартибида ишни кўрган суд қайси сабабларга кўра ўз хулосаларига келган бўлса, ўша сабаблар ҳамда ўзи амал қилган қонунларга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарори ишни назорат тартибида кўрган бутун суд таркиби томонидан имзоланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори Раёсат мажлисида раислик қилувчи томонидан имзоланади.
Ишни назорат тартибида кўрган суднинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).
324-модда. Ишни назорат тартибида кўрган суд кўрсатмаларининг мажбурийлиги
Ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилиш тўғрисида ишни назорат тартибида кўрган суднинг қарорида баён этилган кўрсатмалар мазкур ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.
Ишни назорат тартибида кўраётган суд ҳал қилув қарорида, қарорда аниқланмаган ёхуд рад этилган ҳолатларни аниқлашга ёки исботланган деб ҳисоблашга, у ёки бу далилнинг ишончли ёки ишончсизлиги, бир далилнинг бошқаларидан устунлиги, ишни янгидан кўришда қандай қарор қабул қилиниши кераклиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан ҳал этишга ҳақли эмас.
37-боб. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш юзасидан иш юритиш
325-модда. Суднинг қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳуқуқи
Суд ўзи қабул қилган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини ушбу бобда назарда тутилган асосларга кўра ва тартибда янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкин.
326-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрадиган судлар
Биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрим янги очилган ҳолатлар бўйича шу ҳал қилув қарорини, ажримни қабул қилган суд томонидан қайта кўрилади.
Янги очилган ҳолатлар бўйича апелляция, кассация ёки назорат инстанциясининг қайси қарорлари ва ажримлари билан суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса, ўша қарорлар ва ажримларни қайта кўриш суд ҳужжатини ўзгартирган ёхуд янги суд ҳужжати қабул қилган инстанция томонидан амалга оширилади.
327-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш асослари
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асослар қуйидагилардан иборат:
1) суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар;
2) экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб нотўғри таржима қилинганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган бўлса ва мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса;
3) ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд судьянинг мазкур ишни кўриш чоғида содир этилган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланган жиноий қилмишлари;
4) иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, жиноят ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг мазкур иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишга асос бўлган суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг шундай ҳужжати бекор қилинганлиги.
328-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани бериш тартиби ва муддати
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилади.
Аризанинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар аризага илова қилинади.
Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.
Суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгач берилган аризалар кўриб чиқилмайди.
329-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда берилади. Ариза уни берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
3) аризачи янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни талаб қилаётган суд ҳужжатини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами, суд ҳужжати қабул қилинган сана, низо предмети;
4) аризачининг ҳужжатларга ҳавола қилинган фикри бўйича суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган янги очилган ҳолат;
5) ариза бераётган шахснинг талаби;
6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Аризага қуйидагилар илова қилинган бўлиши керак:
1) янги очилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари;
2) аризачи қайта кўришни талаб қилаётган суд ҳужжатининг кўчирма нусхаси;
3) ариза ва ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
4) суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза вакил томонидан имзоланган тақдирда, уни имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.
330-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза, агар у ўзининг шакли ва мазмунига нисбатан ушбу Кодексда қўйиладиган талабларга риоя этилган ҳолда берилган бўлса, тегишли суднинг иш юритишига қабул қилинади.
Аризани суднинг иш юритишига қабул қилиш тўғрисидаги масала у судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда ҳал қилинади.
Аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
331-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қайтариш
Суд қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:
1) ариза ушбу Кодекснинг 328 ва 329-моддаларида белгиланган қоидалар бузилган ҳолда берилган бўлса;
2) ариза белгиланган муддат тугаганидан сўнг берилган бўлса ва уни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;
3) ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш сабаблари узрсиз деб ҳисобланиб, шунга кўра ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашга асос мавжуд бўлмаса.
Аризани қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Аризани қайтариш тўғрисидаги суд ажрими устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Ушбу модда биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, ариза берган шахс ариза билан судга янгидан мурожаат қилишга ҳақли.
332-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби ва муддати
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза у судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда, ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
333-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан чиқариладиган ажрим
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан суд аризани қаноатлантириш ва илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилиш ҳақида ёки аризани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Суд ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилган суднинг ўзи ишни ушбу Кодексда белгиланган умумий тартибда кўради.
V БЎЛИМ. ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРНИНГ СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ.
334-модда. Суд ҳужжатларини ижрога қаратиш
Суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач ижрога қаратилади, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда дарҳол ижрога қаратиш ҳоллари мустасно.
Даъвони таъминлаш бўйича чоралар кўриш, келишув битимини тасдиқлаш, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тартибда ижрога қаратиш учун ижро варақасини бериш, чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажрим дарҳол ижро этилиши лозим.
Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.
335-модда. Ижро варақаси
Суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақасидир.
336-модда. Ижро варақасини бериш
Суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади, бундан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Агар суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига амалга оширилиши керак бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақасини беради.
Пул суммаларини бир неча жавобгардан ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати асосида жавобгарларнинг сони бўйича бир нечта ижро варақаси берилади. Бунда, агар солидар жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва солидар жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши керак.
Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади.
Суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади.
Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида юборилади.
Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
337-модда. Ижро варақасининг мазмуни
Ижро варақасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ижро ҳужжатини берган суднинг номи;
2) ижро варақаси берилган иш ва унинг рақами;
3) ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати қабул қилинган сана;
4) ундирувчи ва қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
5) суд ҳужжатининг хулоса қисми;
6) ижро варақасини ижро этиш тартиби ва усули, агар бу ҳақда суд ҳужжатида кўрсатилган бўлса;
7) суд ҳужжати кучга кирган сана;
8) ижро ҳужжати берилган сана ва уни ижрога тақдим этиш муддати.
Ижро варақаси судья томонидан имзоланади ва суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади.
338-модда. Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати
Ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан ёки суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб ижро этилган тақдирда, муддат тугаган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога тақдим этилиши мумкин.
Агар суд ҳужжатининг ижроси тўхтатиб қўйилган бўлса, унинг ижроси тўхтатиб қўйилган вақт ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддатга қўшиб ҳисобланмайди.
339-модда. Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатининг узилиши
Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати:
ижро варақаси ижрога тақдим этилганда;
ижро варақаси қарздор томонидан қисман ижро этилганда узилади.
Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати узилганидан сўнг муддатнинг ўтиш даври янгидан бошланади. Муддат узилгунига қадар ўтган вақт янги муддатга қўшиб ҳисобланмайди.
Ижро варақаси уни тўлиқ ёки қисман ижро этиш имконияти йўқлиги сабабли ундирувчига қайтарилган тақдирда, ижро варақасини муддат узилганидан кейин ижрога тақдим этишнинг янги муддати ижро варақаси ундирувчига қайтарилган кундан эътиборан ҳисоблаб чиқарилади.
340-модда. Ижро варақасини ижрога тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш
Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатини ўтказиб юборган ундирувчи ижро варақасини берган судга ёки у ижро этиладиган жойдаги судга ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Муддатни ўтказиб юбориш сабаблари суд томонидан узрли деб топилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.
Ундирувчининг ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатини тиклаш тўғрисидаги аризаси у судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда суд мажлисида кўриб чиқилади.
Ундирувчи, қарздор суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай чиқарилган суд ажрими орқали, ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ундирувчи ва қарздорга юборилади.
Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
341-модда. Ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериш
Ижро варақаси (суд буйруғи) йўқотилган тақдирда, уни берган суд ундирувчининг аризасига кўра ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериши мумкин.
Ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериш тўғрисидаги ариза ижро варақасини (суд буйруғини) ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтгунига қадар берилиши мумкин, бундан ижро варақаси (суд буйруғи) давлат ижрочиси ёки ижрони амалга оширувчи бошқа шахс томонидан йўқотилган ва бу ҳақда ундирувчига ижро варақасини (суд буйруғини) ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан сўнг маълум бўлган ҳоллар мустасно. Ушбу ҳолларда ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериш тўғрисидаги ариза ижро варақаси (суд буйруғи) йўқотилганлиги ундирувчига маълум бўлган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.
Ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериш тўғрисидаги ариза судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда суд мажлисида кўриб чиқилади.
Ундирувчи, қарздор суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай чиқарилган суд ажрими орқали, ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги, аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ундирувчи ва қарздорга юборилади.
Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
342-модда. Суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш
Ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар мавжуд бўлганда суд давлат ижрочисининг, ундирувчининг ёки қарздорнинг аризасига кўра суд ҳужжатининг ижросини кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартиришга ҳақли.
Суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, агар ваколатли давлат органининг қарори ёки тарафларнинг келишуви билан бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бир йилдан ошмаган муддатга берилиши мумкин.
Суд қарздорга ҳужжатни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш имконини берганда суд ҳужжатининг ижро этилишини ушбу Кодекснинг 8-бобида назарда тутилган тартибда таъминлаш чораларини кўриши мумкин.
Суд ҳужжати ижросини кечиктириш ҳақидаги ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги ариза судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда суд томонидан суд мажлисида кўриб чиқилади.
Агар суд ҳужжатининг ижроси давлат ижрочисининг иш юритувида бўлса, ундирувчи, қарздор ва давлат ижрочиси суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай чиқарилган суд ажрими орқали, ушбу Кодекснинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек, агар суд ҳужжатининг ижроси давлат ижрочисининг иш юритувида бўлса, давлат ижрочисига юборилади.
Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
343-модда. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси
Агар ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилиб ёки бекор қилиниб, даъвони тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёхуд иш юритиш тугатилса ёки даъво кўрмасдан қолдирилса, бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича даъвогар фойдасига ундирилган ҳамма нарса жавобгарга қайтарилади.
Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилиниб ёки ўзгартирилиб, даъвони тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёхуд иш юритиш тугатилса ёки даъво кўрмасдан қолдирилса, суд бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича ундиришни тўлиқ ёхуд қисман бекор қилиш ҳақида суд ҳужжатини қабул қилади.
344-модда. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиш
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала илгари қабул қилинган суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида янги суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан ҳал этилади.
Агар суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги қарорда унинг қайтарма ижроси тўғрисида кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда, тарафлар чақиртирилмасдан ва суд муҳокамасисиз суд мажлисида кўриб чиқилади.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги аризага илгари қабул қилинган суд ҳужжати ижро этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, суд ундирилган пул маблағларини, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариш учун ижро варақаси беради.
345-модда. Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш
Суд берган ижро варақаси асосида давлат ижрочиси томонидан қўзғатилган ижро ишини юритишни суд қонунда назарда тутилган ҳолларда, ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризасига кўра тўхтатиб туриши ёки тугатиши мумкин.
Иқтисодий суд томонидан берилган ижро варақаси асосида қўзғатилган ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш ўша суд ёки давлат ижрочиси жойлашган ердаги суд томонидан амалга оширилади.
Ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги ариза у судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда, тарафлар чақиртирилмасдан ва суд муҳокамасисиз суд томонидан кўриб чиқилади.
Ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек давлат ижрочисига юборилади.
Ажрим устидан у чиқарилган кундан бошлаб ўн кунлик муддатда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
346-модда. Ижро ишини юритишни тиклаш
Ижро ишини юритишни тўхтатган суд ижро ишини юритишни уни тўхтатишга асос бўлган сабаблар ёки ҳолатлар бартараф этилганидан кейин ундирувчининг, давлат ижрочисининг аризаси бўйича тиклайди.
Ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза у келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда, тарафлар чақиртирилмасдан ва суд муҳокамасисиз суд томонидан кўриб чиқилади.
Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек давлат ижрочисига юборилади.
Ижро иши юритишни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
347-модда. Ижро варақасини чақириб олиш ва янги ижро варақасини бериш
Суд ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар, ҳисоб-китобдаги янглишишлар билан берилган, шунингдек ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақасини ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан тарафларни чақиртирмасдан ҳамда суд муҳокамасисиз чақириб олишга ва унинг ўрнига янги ижро варақасини беришга ҳақли.
Ижро варақасини чақириб олиш ва янги ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек, агар суд қарорининг ижроси давлат ижрочисининг иш юритувида бўлса, давлат ижрочисига юборилади.
Ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар, ҳисоб-китобдаги янглишишлар билан берилган ёки ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақаси ундирувчи ёки давлат ижрочиси томонидан уни берган судга ижро этилмасдан қайтарилади.
Ижро варақасини чақириб олиш ва янги ижро варақасини бериш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.01.2018 й., 02/18/ИПК/0623-сон, 27.07.2018 й., 03/18/488/1579-сон, 12.10.2018 й., 03/18/496/2043-сон)