Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
УСТАВ ФОНДЛАРИДА ДАВЛАТ МУЛКИ УЛУШИ БЎЛГАН БАНКРОТ КОРХОНАЛАРНИ ТУГАТИШ БЎЙИЧА ТУГАТИШ КОМИССИЯЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 январдаги 31-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Устав фондларида давлат мулки улуши бўлган банкрот корхоналарни тугатиш бўйича тугатиш комиссияларини тузиш жараёнларини ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Устав фондларида давлат мулки улуши бўлган банкрот корхоналарни тугатиш бўйича тугатиш комиссиялари тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 31 декабрь,
548-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил
31 декабрдаги 548-сон
қарорига
ИЛОВА
Устав фондларида давлат мулки улуши бўлган банкрот корхоналарни тугатиш бўйича тугатиш комиссиялари тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 23 июлдаги ПФ-2342-сон Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 июлдаги 362-сон қарорига мувофиқ, устав фондларида давлат мулки улуши бўлган банкрот корхоналарни тугатиш бўйича тугатиш комиссиялари (бундан кейин тугатиш комиссияси деб аталади) фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.
2. Банкрот деб эътироф этилган корхоналарни ихтиёрий равишда ёки хўжалик суди қарорига биноан тугатиш ишларини амалга ошириш тугатиш комиссиясининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Тугатиш комиссиясини тузиш
3. Тугатиш комиссияси:
ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда — банкрот корхона мулкдорлари томонидан тузилади. Бунда тугатиш комиссияси раислигига номзод Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси (бундан кейин Қўмита деб аталади) билан келишилади. Тугатиш комиссиясини тузиш Қўмита буйруғи билан расмийлаштирилади;
банкрот корхона хўжалик суди қарорига биноан тугатилганда — Қўмита томонидан тузилади. Тугатиш комиссияси аъзолари қўмита буйруғи билан тайинланади. Тугатиш комиссиясига ишончли вакил бошчилик қилади, кейинчалик унинг номзоди хўжалик суди томонидан тасдиқланади.
4. Тугатиш комиссияси таркибига:
қарздорнинг;
мулкдорнинг;
солиқ органининг;
молия органининг;
банкнинг вакиллари киритилади.
Тугатиш комиссияси таркибига кредиторлар вакили киритилиши мумкин, у кредиторлар мажлисида сайланади.
5. Ихтиёрий равишда тугатишда тугатиш комиссияси раиси тайинланган ва мажбурий равишда тугатишда ишончли шахс тасдиқланган вақтдан бошлаб қарздорнинг ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар, шу жумладан қарздорнинг мулкини тасарруф этиш бўйича ваколатлар уларга ўтади.
Тугатиш комиссиясининг иш тартиби
6. Тугатиш комиссиясига тугатиш комиссиясининг раиси (ишончли вакил) бошчилик қилади, у ишларга раҳбарлик қилади, комиссия мажлисларини олиб боради, мажлислар протоколларини, тугатиш режасини ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди. Тугатиш режаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда тасдиқланади. Тугатиш давомида тугатиш режасига у ёки бу ҳолатларга боғлиқ ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
7. Тугатиш комиссияси мажлислари заруриятга кўра, бироқ ҳар ойда камида бир марта ўтказилади.
8. Тугатиш комиссияси мажлиси унда тугатиш комиссияси жами аъзоларининг учдан икки қисми қатнашганда ҳуқуқий кучга эга бўлади. Қарорлар тугатиш комиссиясининг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Тугатиш комиссиясининг қарори протокол билан расмийлаштирилади.
9. Тугатиш комиссияси аъзолари унинг мажлисларида қатнашишга мажбурдирлар. Тугатиш комиссияси мажлисларида банкрот корхона меҳнат жамоаси вакили овоз бериш ҳуқуқисиз қатнашиши мумкин.
Тугатиш комиссиясининг ваколатлари
10. Тугатиш комиссияси қўйилган вазифаларга мувофиқ:
банкрот корхонанинг мулкини ва мажбуриятларини хатловдан ўтказади, оралиқ тугатиш балансини тузади, тугатилаётган ашёлар миқдорини шакллантиради ва унинг қийматини аниқлайди;
банкрот корхона мулкини сотади;
кредиторлар талабларини узади;
белгиланган тартибда тугатиш балансини тайёрлайди ва давлат реестридан чиқаради.
11. Тугатиш ишлари давомида тугатиш комиссияси қарздор корхонанинг битта банкдаги фақат ягона сўмдаги ва ягона валютадаги ҳисоб рақамидан фойдаланиши шарт.
Қарздор корхонанинг тугатиш ишлари бошланган вақтда банкда маълум бўлган, шунингдек тугатиш жараёнида аниқланган бошқа ҳисоб рақамлари уларнинг аниқланишига кўра тугатиш комиссияси раиси (ишончли шахс) томонидан ёпилиши керак.
Тугатиш ишлари давомида келиб тушадиган пул маблағлари ҳам қарздор корхонанинг ягона ҳисоб рақамига ўтказилади.
12. Тугатиш комиссияси ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида қарздор корхонанинг банкрот бўлишигача олиб келиниши муносабати билан қонунчиликка мувофиқ корхона мажбуриятлари бўйича субсидиар жавоб берувчи учинчи шахсларга нисбатан талаблар қўйишга ҳақлидир.
13. Тугатиш комиссияси тугатиш ишлари тартиботини ўтказиш натижалари бўйича якуний ҳисобот тайёрлайди ва уни қарздор корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган органга тасдиқлаш учун уч кун муддатда тақдим этади.
Тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган ўн кун муддатда якунловчи ҳисоботни тасдиқлаши шарт.
Якуний ҳисобот кўрсатиб ўтилган муддатда тасдиқланмаган тақдирда у, қайтариш сабаблари кўрсатиб ўтилган ҳолда, пухталаштириш учун қайтарилади. Тугатиш комиссияси ўн кун муддатда аниқланган камчиликларни бартараф этади ва якунловчи ҳисоботни тасдиқлаш учун такроран тақдим этади.
14. Якуний ҳисобот тасдиқланган тақдирда у банкрот корхонани давлат реестридан чиқариш учун рўйхатдан ўтказувчи органга:
ихтиёрий равишда тугатилган ҳолларда — тугатиш комиссияси раиси томонидан;
мажбурий равишда тугатилган ҳолларда — хўжалик суди томонидан жўнатилади.
15. Рўйхатдан ўтказувчи орган икки кун муддатда банкрот корхонани белгиланган тартибда давлат реестридан чиқаради.
Тугатишни амалга ошириш муддати
16. Тугатиш комиссияси банкрот корхонани тугатишни бир йилгача бўлган муддатда амалга оширади.
17. Тугатиш бир йил давомида тугалланмаган тақдирда тугатиш комиссияси тугатиш муддатини олти ойга узайтириш тўғрисидаги ариза билан Қўмитага мурожаат қилади.
18. Қўмита материалларни тайёрлайди ва банкрот корхонани тугатиш муддатини узайтириш ёхуд муддатни узайтиришни рад этиш тўғрисидаги таклифни Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда — Комиссия деб аталади) тасдиқлаш учун киритади.
19. Комиссия мажлисининг банкрот корхонани тугатиш муддатини узайтиришни тасдиқлаш тўғрисидаги протоколи нусхаси Қўмита томонидан уч кун муддатда тугатиш комиссияси раиси (ишончли вакил)га берилади.
20. Банкрот корхонанинг барча мулки белгиланган муддатда сотилмаган тақдирда тугатиш комиссияси раиси (ишончли вакил) тугатиш ишларини тугаллаш мақсадида мулкнинг сотилмаган қисмини давлат мулкига ўтказиш тўғрисида Қўмитага мурожаат қилади.
Қўмита банкрот корхона мулкининг сотилмаган қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси тасарруфига ўтказиш тўғрисида Комиссия мажлисига таклиф киритади.
Мулкнинг сотилмаган қисмини ўтказиш Комиссиянинг кўриб чиқиш натижаларига кўра, қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Мулк ўтказилгандан кейин якуний ҳисобот тузилади.
Якуний қоидалар
21. Мазкур Низомда назарда тутилган талаблар бузилган ҳолларда тугатиш комиссияси ҳаракатлари юзасидан манфаатдор шахслар томонидан хўжалик судига шикоят қилиниши мумкин.
22. Тугатиш комиссияси ваколати банкрот корхона юридик шахсларнинг ягона давлат реестридан чиқарилган вақтдан бошлаб тўхтатилади.

(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 12-сон, 71-модда)