Тизимнинг ушбу имкониятидан фойдаланиш учун Сиз авторизация қилинишингиз керак!
Рўйхатдан ўтишни хоҳлайсизми? Ёки тизимга ўз логинингиз билан кирасизми?

Авторизация қилиш Рўйхатдан ўтиш

Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишда судлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида», «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида», «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида», «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида» ва «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, шунингдек суғурта соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиши керак.
2. ФКнинг 914-моддасига мувофиқ суғурта фуқаро ёки юридик шахснинг (суғурта қилдирувчи) суғурта ташкилоти (суғурталовчи) билан тузадиган мулкий ёки шахсий суғурта шартномалари асосида амалга оширилади.
ФКнинг 927-моддаси суғурта шартномасининг шаклига нисбатан талабни ўз ичига олган бўлиб, унга асосан бундай шартнома ёзма шаклда тузилиши шарт.
3. Суғурта пули миқдори ФК 929-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган суғурта шартномасининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Суғурта пули тарафларнинг суғурта шартномасидаги келишувига асосан аниқланади ва ФК 934-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини суғурталашда ушбу миқдор, агар суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, унинг асл нархидан (суғурта нархидан) ошиб кетмаслиги лозим.
Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ФК 938-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш шартномасида кўрсатилган суғурта пули суғурта қийматидан ортиқ бўлса, шартнома суғурта қийматидан ортиқ бўлган суғурта пули қисмида ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади. Бундай ҳолатда суғурта мукофотининг ортиқча тўланган қисми қайтариб берилмайди.
4. ФК 931-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта қилдирувчи бундай шартномани тузиш вақтида ўзига маълум бўлган суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимолини ва унинг юз бериши туфайли кутилажак зарар миқдори (суғурта хавфи)ни аниқлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни суғурталовчига хабар қилиши шарт.
5. ФКнинг 932-моддасига асосан мол-мулкни суғурталаш шартномаси тузилаётганида суғурталовчи суғурта қилинаётган мол-мулкни кўздан кечиришга, зарурат бўлганда эса унинг ҳақиқий қийматини белгилаш мақсадида баҳолашдан ўтказишни ташкил этишга, шахсий суғурта шартномаси тузилаётганида эса суғурта қилинаётган шахс соғлиғининг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун уни текширтиришга ҳақли.
ФК 935-моддасининг иккинчи қисмига кўра, мол-мулкнинг шартномада кўрсатилган суғурта қиймати миқдори ҳақида тарафлар ўртасида келишувга эришилган бўлса, унинг устида кейинчалик низолашиш мумкин эмас.
7. ФКнинг 947-моддасига кўра, суғурта шартномаси, агар унда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта мукофоти ёки биринчи бадал тўланган пайтдан кучга киради ва унинг шартлари, агар шартномада суғурта амал қилиши бошланишининг бошқача муддати назарда тутилмаган бўлса, суғурта шартномаси кучга кирганидан кейин юз берган суғурта ҳодисаларига нисбатан татбиқ этилади.
8. ФК 942-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, агар суғурта шартномасида суғурта мукофотини бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, шартномада навбатдаги суғурта бадалларини белгиланган муддатларда тўламаслик оқибатлари кўрсатиб қўйилиши мумкин.
9. ФКнинг 917-моддасига кўра, мол-мулк унинг асралишидан қонун ҳужжатларига ёки шартномага асосланган манфаатга эга бўлган шахс (суғурта қилдирувчи ёки наф олувчи) фойдасига суғурта шартномаси бўйича суғурталаниши мумкин.
Агар ФК 917-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, суғурталовчи томонидан суғурталанган мол-мулкнинг асралишидан суғурта қилдирувчида (наф олувчида) манфаат бўлмаганлиги сабабли мол-мулкни суғурта қилиш шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида арз қилинганда, фойдасига суғурта шартномаси тузилган шахс манфаатдор бўлмаганлигини исботлаш мажбурияти суғурталовчи зиммасига юклатилади.
10. Гаровга қўйилган мол-мулкни суғурта қилиш шартномасини тузишда, гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда гаровга қўйилган мулкнинг қийматидан ўз манфаатлари қаноатлантирилиши муносабати билан гаровга олувчи ФКнинг 917-моддасига мувофиқ ўзи учун мол-мулкни сақланишидан ва уни сақланишини таъминланишида манфаатдор бўлиши лозим. Бундай ҳолатда гаровга олувчи суғурта шартномаси бўйича наф олувчи ҳисобланади.
12. ФКнинг 951-моддасида суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақида мулкий суғурта шартномасида белгиланган муддат ва усулда суғурталовчини хабардор қилиш мажбурияти белгиланган.
15. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ФКнинг 955-моддасида белгиланган асосларга кўра суғурталовчи мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчига (наф олувчига) суғурта товонини ёки шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пулини тўлашни рад этиши мумкин.
15.1. ФК 955-моддасининг учинчи қисмида суғурталовчи суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни рад этганлиги юзасидан суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг унга (суғурталовчига) нисбатан судга даъво бериш орқали низолашиш ҳуқуқи белгиланган.
16. Судлар шуни инобатга олиши лозимки, ФК 943-моддасининг биринчи қисмида суғурта шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган ҳолатлар қайд этиб ўтилган ва ушбу рўйхат тугал ҳисобланмайди, чунки суғурта шартномаси (ёки унинг қисми) ФК ва бошқа қонунларда кўрсатилган бошқа ҳолларда ҳам ҳақиқий бўлмаслиги мумкин.
Хусусан, ФКнинг 916, 917, 920 ва 957-моддалари, шунингдек бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ҳам суғурта шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Хусусан, ФК 921-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ суғурталанган деб ҳисобланмайдиган шахс фойдасига, шу жумладан суғурталанган шахс ҳисобланмайдиган суғурта қилдирувчи фойдасига шахсий суғурта шартномаси фақат суғурталанган шахснинг ёзма розилиги билангина тузилиши мумкин. Бундай розилик бўлмаган тақдирда, шартнома суғурталанган шахснинг даъвоси бўйича, бу шахс вафот этган тақдирда эса унинг меросхўрлари даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
ФК 931-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, агар суғурта шартномаси тузилганидан кейин, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар тўғрисида суғурта қилдирувчи суғурталовчига била туриб ёлғон маълумот берганлиги аниқланса, суғурталовчи шартномани ҳақиқий эмас деб топишни ва ушбу Кодекс 123-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган оқибатлар қўлланилишини талаб қилишга ҳақли, суғурта қилдирувчи айтиб қўймаган ҳолатлар ўтиб кетган ҳоллар бундан мустасно.
ФК 938-моддасининг тўртинчи қисмига асосан, агар суғурта шартномасидаги суғурта пулини ошириб юбориш суғурта қилдирувчи томонидан алдашнинг оқибати бўлса, суғурталовчи шартномани ҳақиқий эмас деб топишни ва ўзига етказилган зарар унинг суғурта қилдирувчидан олган суғурта пули суммасидан ортиқ миқдорда қопланишини талаб қилишга ҳақли.
18. ФКнинг 957-моддасига мувофиқ, агар мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи тўланган сумма доирасида суғурта товонини тўлаган суғурталовчига ўтади. Бироқ, шартноманинг била туриб зарар етказган шахсга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқи суғурталовчига ўтишини истисно қиладиган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Мазкур Тартибнинг 3-бандига мувофиқ тижорат таваккалчиликлари (экспорт шартномаларининг суғуртаси доирасида) - хорижий ҳамкорнинг молиявий-иқтисодий аҳволи билан бевосита боғлиқ бўлган ҳамда унинг исбот қилинган тўловга қодир эмаслиги ёки банкротлиги билан ва контракт бўйича унинг томонидан қабул қилинган молиявий мажбуриятлар бажарилиши мумкин эмаслиги билан ифодаланади.
21. ФКнинг 959-моддасига асосан суғурта шартномаси бўйича суғурталовчи ўз зиммасига олган суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлаш хавфи унинг томонидан тўлиқ ёки қисман бошқа суғурталовчида (суғурталовчиларда) у билан тузилган қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталаниши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
22.2. Агар мажбуриятни бажарилишини таъминлаш учун кафиллик, гаров ва суғурта шартномалари тузилган бўлиб, бажарилиши таъминланган мажбурият бажарилмаганда, кредитор томонидан бир вақтнинг ўзида қарздор, кафил, гаровга қўювчи ва суғурталовчига нисбатан даъво тақдим этилган бўлса, низони ҳал қилишда судлар суғурта шартномасининг шартларидан келиб чиқиши керак. Агар суғурта шартномасининг шартларида кредитор талабларининг қаноатлантириш учун қарздор ва кафилнинг тўловга қобилиятсизлиги ва гаровга қўйилган мол-мулкнинг етарли эмаслиги суғурта ҳодисаси деб белгиланганда, даъво талабининг суғурталовчига нисбатан қисмини қаноатлантириш рад этилади. Бунда, агар кредиторнинг талабини қаноатлантиришга қарздор ва кафилнинг тўловга қобилиятсизлиги ва гаровга қўйилган мулкнинг етарли эмаслиги аниқланганда, кредиторнинг суғурта товонини суд тартибида ундириш ҳуқуқи сақланиб қолади. Бундай ҳолда, суғурта қилдирувчи (наф олувчи) судга қайта мурожаат қилингунига қадар, қарздор ва кафил кредиторнинг талабларини қондиришга қодир эмаслиги ва гаровга қўйилган мулкларнинг етарли эмаслигини исботловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда суғурталовчини хабардор қилиши шарт.

Ҳужжатда хато топганингизда, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Адолат" ҳуқуқий ахборот маркази