ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК ЖУМҲУРИЯТИНИНГ
ҚОНУНИ
ЎЗБЕКИСТОН ССРДА ИЖРОИЯ ВА БОШҚАРУВ ҲОКИМИЯТИНИНГ ТУЗИЛИШИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН ССР КОНСТИТУЦИЯСИ (АСОСИЙ ҚОНУНИ)ГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Давлат бошқарувининг уйғун системасини яратиш, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини бир-биридан қатъий фарқлаб қўйиш, давлат органлари фаолиятида параллелчилик ва бир-бирининг ишини такрорлашга, бир органларни бошқа органлар вазифасини бажаришига барҳам бериш мақсадида ҳамда бозор муносабатларига ўтиш шароитида ижроия ҳокимиятини бутун чоралар билан мустаҳкамлаш, давлат, хўжалик ва социал-маданий қурилишнинг ҳамма жабҳаларида интизом ва тартиб ўрнатиш айниқса муҳим эканлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Совети қарор қилади:
I. 1. Президентлик ҳокимияти билан Министрлар Советининг ижроия-бошқарув ҳокимияти қўшиб юборилсин. Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига айлантирилсин, Ўзбекистон ССР Президенти айни бир вақтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси бўлади. Ўзбекистон ССР Президентининг ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг аппарати Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги битта аппаратга бирлаштирилсин.
2. Ўзбекистон ССР Вице-Президенти лавозими таъсис этилсин. Вице-Президентни Ўзбекистон ССР Президенти тайинлаб, сўнгра Ўзбекистон ССР Олий Совети тасдиқлайди. Ўзбекистон ССР Вице-Президенти Ўзбекистон ССР Президентининг топшириғига кўра Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилади ва унинг ишини ташкил этади.
3. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг Президиуми, Министрлар Советининг Раиси, Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари лавозими тугатилсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси Раисинг давлат-хўжалик ва социал-маданий қўрилишнинг асосий белгиловчи йуналишлари бўйича биринчи ўринбосарлари, ўринбосарлари лавозимлари таъсис этилиб, улар зиммасига ўзлари раҳбарлик қилаётган тармоқлар бўйича фаолиятни уйғунлаштириш ва пиравард натижаларини таъминлаш вазифаси юклатилсин. Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарларини, вазирларни ва қўмиталарнинг раисларини Президент тайинлайди, сўнгра улар республика Олий Совети томонидан тасдиқланади.
5. Республика ҳукумати таркибига Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари, вазирлари, давлат комитетларининг раислари, йирик концернларнинг ва бирлашмаларнинг раҳбарлари киради. Ҳукумат аъзоларини тайинлаш ва озод қилиш Ўзбекистон ССР Конституциясида белгилаб қўйилган тартибда амалга оширилади.
Ушбу Қонун қабул қилиниши муносабати билан амалдаги қонунларга зарур ўзгартишлар киритилсин.
II. Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Конституцияси (Асосий Қонуни)га қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:
1. 89-модданинг сўнгги қисмидаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Совети» деган сўзлар «Ўзбекистон ССР Вазирлар Маҳкамаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2. 102-модданинг 8 ва 9-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8) Ўзбекистон ССР Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон ССР Вице-Президентининг, Ўзбекистон ССР Вазирлар Маҳкамаси Раиси биринчи ўринбосарлари, ўринбосарларининг тайинланишини, Ўзбекистон ССР Вазирлар Маҳкамаси таркибини ҳамда унга киритиладиган ўзгартишларни тасдиқлайди; Ўзбекистон ССР Президентининг Ўзбекистон ССР Министрликлари ва давлат комитетларини тузиш ҳамда тугатиш ҳақидаги қарорларини тасдиқлайди; Ўзбекистон ССР Президентининг ССР Бош прокурори билан келишилган тақдимига мувофиқ Ўзбекистон ССР прокурорини ва унинг ўринбосарларини тайинлайди;
9) Ўзбекистон ССР Халқ назорати комитетининг раисини, Ўзбекистон ССР Олий судини, шунингдек вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини сайлайди, Ўзбекистон ССР Бош давлат ҳакамини, Ўзбекистон ССР Табиатни муҳофаза қилиш давлат комитетининг раисини тайинлайди»;
шу модданинг 21-банди чиқариб ташлансин;
3. 107-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон ССР Олий Советида қонун лойиҳаларини таклиф этиш ҳуқуқига Ўзбекистон ССР халқ депутатлари, Ўзбекистон ССР Олий Советининг Раиси, Ўзбекистон ССР Олий Советининг комитетлари ва комиссиялари, Ўзбекистон ССР Президенти, Ўзбекистон ССР Конституциявий назорат комитети, Қорақалпоғистон АССР номидан унинг давлат ҳокимиятининг олий органи, Ўзбекистон ССР Халқ назорати комитети, Ўзбекистон ССР Олий суди, Ўзбекистон ССР прокурори. Ўзбекистон ССРнинг Бош давлат ҳаками, Ўзбекистон ССР Табиатни муҳофаза қилиш давлат комитетининг раиси эга»;
4. 109-модда қуйидаги мазмунда бўлган тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми Ўзбекистон ССР Олий суди, Қорақалпоғистон АССР Олий суди, областлар, Тошкент шаҳар судлари судьяларига малака класслари беради. Бу масалалар юзасидан Ўзбекистон ССР Олий Советининг Президиуми қарорлар қабул қилади».
Ушбу модданинг амалдаги тўртинчи қисми бешинчи қисми деб ҳисоблансин.
5. 112-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мансабдор шахсларни тайинлаш, сайлаш ва тасдиқлаш, ҳукумат томонидан тайёрланган республикани иқтисодий ва социал ривожлантириш планларини, энг муҳим республика программаларини, Ўзбекистон ССРнинг давлат бюджетини, шунингдек тасдиқланган план, бюджет, комплекс программаларни ўзгартишлар тўғрисида таклифлар Ўзбекистон ССР Олий Совети тегишли комитетларининг хулосалари мавжуд бўлганда тасдиқланади»;
6. 113-моддадаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Советига» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
7. 116-моддада:
биринчи қисмнинг 4-бандидаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Совети» деган сўзлар «Ўзбекистон ССР ҳукумати» деган сўзлар билан алмаштирилсин:
биринчи қисмнинг 5-бандидаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Совети» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
тўртинчи қисмдаги «ёки Ўзбекистон ССР Министрлар Советига» деган сўзлар «ёки Ўзбекистон ССР ҳукуматига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8. 12-1 ва 13-боблар 13-бобга бирлаштирилиб, у «Ўзбекистон ССР Президенти ва ҳукумати» деб аталсин.
9. 118-1-модда қуйидаги мазмунда бўлган иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон ССР Президенти Ўзбекистон ССРда олий ижроия ва бошқарув ҳокимиятини амалга оширади. айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси бўлади».
10. 118-4-модданинг 4, 6, 7, 8-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4) Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг баҳамжиҳат ишларини таъминлайди; Ўзбекистон ССР министрликларини ҳамда Ўзбекистон ССР давлат комитетларини тузади ва тугатади, сўнгра Ўзбекистон ССР Олий Советининг тасдиғига киритади»;
«6) Ўзбекистон ССР Вице-Президентини, Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосарларини, ўринбосарларини тайинлаб, сўнгра Ўзбекистон ССР Олий Советининг тасдиғига тақдим этади.
Ўзбекистон ССР Олий Советига Ўзбекистон ССР Халқ назорати комитетининг раиси, Ўзбекистон ССР Олий судининг раиси, Ўзбекистон ССР Бош давлат ҳаками, Ўзбекистон ССР Прокурори, прокурор ўринбосарлари, Ўзбекистон ССР Табиатни муҳофаза қилиш давлат комитетининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади;
мазкур мансабдор шахсларни вазифасидан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон ССР Олий Советига тақдимномалар билан киради. Ўзбекистон ССР Олий судининг раиси бундан мустаснодир;
халқ депутатлари область Советлари, Тошкент шаҳар Совети ижроия комитети раиси лавозимига тайинлаш учун Советларнинг раислари билан келишилган ҳолда номзодлар тавсия этади»;
«7) Ўзбекистон ССР Ҳукумати аъзоларини лавозимидан озод қилади ва тайинлайди, сўнгра Ўзбекистон ССР Олий Советининг тасдиғига тақдим этади;
8) Ўзбекистон ССР қонунларини имзолайди; қонунга оид эътирозларини кўпи билан икки ҳафта муддат ичида билдириб, такрорий муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон ССР Олий Советига қайтаришга ҳақлидир. Агар Ўзбекистон ССР Олий Совети овозларнинг учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги билан илгари ўзи қабул қилган қарорни тасдиқласа, Ўзбекистон ССР Президенти қонунни имзолайди; Ўзбекистон ССР Конституциясига, Ўзбекистон ССР қонунларига, Ўзбекистон ССР Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига мувофиқ келмаган тақдирда Ўзбекистон ССР министрликлари, давлат комитетлари ва идоралари, халқ депутатлари маҳаллий Советлари ижроия комитетлари ҳужжатларининг амал қилишини тўхтатади ва уларни бекор қилади».
Ушбу модданинг 9-банди чиқариб ташланиб, унинг ўрнига қуйидаги мазмунда бўлган янги 9-банд киритилсин:
«9) Гражданларнинг хавфсизлигини таъминлаш манфаатларини кўзлаб, Ўзбекистон ССРнинг бутун территориясида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиб, қабул қилган қарорини зудлик билан Ўзбекистон ССР Олий Советининг тасдиғига киритади».
11. 118-5, 118-6-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«118-5-модда. Ўзбекистон ССР Президенти ҳузурида Ўзбекистон ССР Президентлик Кенгаши фаолият кўрсатади. Президентлик Кенгашининг вазифалари Президентлик Кенгаши тўғрисидаги Низом билан белгиланади.
Ўзбекистон ССР Президентлик Кенгашининг аъзолари Ўзбекистон ССР Президенти томонидан тайинланади. Ўзбекистон ССР Вице-Президенти лавозимига кўра Ўзбекистон ССР Президентлик Кенгаши таркибига киради.
Ўзбекистон ССР Олий Советининг Раиси ва Қорақалпоғистон АССР Олий Советининг Раиси Ўзбекистон ССР Президентлик Кенгашининг мажлисларида қатнашишга ҳақлидирлар.
118-6-модда. Ўзбекистон ССР Президенти Ўзбекистон ССР Конституцияси ва Ўзбекистон ССР қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун территориясида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради».
12. 118-8-модда чиқариб ташлансин.
13. 118-9-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«118-9-модда. Агар Ўзбекистон ССР Президенти у ёки бу сабабларга кўра ўз вазифаларини бажаришни давом эттира олмаса, Ўзбекистон ССР янги Президенти сайлови уч ойлик муддат ичида ўтказилиши керак. Бу даврда Президентнинг вазифалари Вице-Президент зиммасига, бунинг имкони бўлмаган тақдирда Ўзбекистон ССР Олий Советининг Раиси зиммасига юкланади».
14. 119-модда чиқариб ташлансин.
15. 120-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«120-модда. Ўзбекистон ССР ҳукумати Ўзбекистон ССР Президенти, Вице-Президенти, Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари, Ўзбекистон ССР вазирлари, Ўзбекистон ССР давлат комитетларининг раислари, йирик концернларнинг ва бирлашмаларнинг раҳбарларидан иборат бўлади.
Қорақалпоғистон АССР Министрлар Советининг раиси лавозимига кўра Ўзбекистон ССР ҳукумати таркибига киради.
Ўзбекистон ССР Президентининг топшириғига биноан Ўзбекистон ССР Вице-Президенти Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилади ва унинг ишини уюштиради.
Ўзбекистон ССР ҳукуматининг ваколати ва вазифалари Ўзбекистон ССР ҳукумати тўғрисидаги низом билан белгиланади».
16. 121—127-моддалар чиқариб ташлансин.
17. 131-моддадаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Совети» деган сўзлар «Ўзбекистон ССР ҳукумати» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
18. 143-модда қуйидаги мазмунда бўлган учинчи қисм билан тўлдирилсин:
Совет ва унинг ижроия комитети ишини ташкил этишни таъминлаш учун ягона аппарат тузилади. Аппаратнинг тузилиши ва штатлари Совет томонидан белгиланади».
19. 144-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«144-модда. Халқ депутатлари маҳаллий Советлари томонидан сайланадиган ижроия комитетлари маҳаллий Советларининг ижроия ва бошқарув органлари бўлади. Улар тегишли территорияда қонунларни, Президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, тегишли Советлар, шунингдек юқори турувчи Советлар ҳамда уларнинг ижроия ва бошқарув органларининг қарорларини рўёбга чиқарадилар.
Халқ депутатлари Совети ижроия комитетларининг раислари лавозимига кўра халқ депутатлари тегишли область, Тошкент шаҳар ва район Совети раисининг биринчи ўринбосарлари бўладилар.
Халқ депутатлари область Советлари, Тошкент шаҳар Совети ижроия комитетининг раиси Ўзбекистон ССР Президентининг Совет раиси билан келишилган тавсиясига кўра тегишли Советнинг сессиясида тайинланади.
Халқ депутатлари шаҳар (район ва областга бўйсунувчи шаҳар), посёлка, қишлоқ ва овул Советларининг тегишли халқ депутатлари Советлари томонидан сайланадиган раислар ушбу территорияда ҳам ижроия, ҳам бошқарув ҳокимиятини бир ўзлари амалга оширадилар.
Халқ депутатлари Совети ижроия комитетининг раиси лавозимига тайинлаш чоғида муқобил номзодлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Маҳаллий Советларнинг ижроия комитетлари ҳам ўзларини сайлаган Советга, ҳам юқори ижроия ва бошқарув органига, шунингдек Ўзбекистон ССР Президентига бевосита ҳисоб берадилар»;
20. 152-моддадаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Совети» деган сўзлар «Ўзбекистон ССР ҳукумати» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
21. 153-моддадаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг» деган сўзлар «Ўзбекистон ССР ҳукуматининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
22. 154-моддадаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Совети» деган сўзлар «Ўзбекистон ССР ҳукумати» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
23. 159-моддадаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Совети» деган сўзлар «Ўзбекистон ССР ҳукумати» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
24. 160-моддадаги «Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг деган сўзлар «Ўзбекистон ССР ҳукуматининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
25. 21-боб қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21-боб
ПРОКУРАТУРА
ПРОКУРАТУРА
175-модда. Ўзбекистон ССР территориясида барча министрликлар, давлат комитетлари ва идоралари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, халқ депутатлари маҳаллий Советларининг ижроия ва бошқарув органлари, колхозлар, кооператив ва бошқа жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар, шунингдек гражданлар томонидан қонунларнинг аниқ, бир хилда бажарилишини олий даражада назорат қилиш Ўзбекистон ССР прокурори ҳамда унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.
176-модда. Ўзбекистон ССР прокурори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон ССР Президентининг СССР бош прокурори билан келишилган тақдимига кўра Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан тайинланадилар, улар Олий Совет олдида масъулдир ва унга ҳисоб берадилар.
Қорақалпоғистон АССР Прокурори республика Прокурорининг Ўзбекистон ССР Президенти билан келишилган тақдимига кўра Қорақалпоғистон АССР Олий Совети томонидан тайинланади.
Область, район ва шаҳар прокурорлари Ўзбекистон ССР прокурори томонидан тайинланадилар.
Ўзбекистон ССР прокурори, Қорақалпоғистон АССР прокурори, область, район ва шаҳар прокурорларининг ваколат муддати — 5 йил.
177-модда. Ўзбекистон ССР Прокуратурасининг органлари ўз ваколатларини амалга оширишда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, мансабдор шахслардан эркин бўлиб, фақат Ўзбекистон ССР Прокурорига бўйсунадилар.
Ўзбекистон Совет Социалистик Жумҳуриятининг Президенти И.КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1990 йил 1 ноябрь,
156-XII-сон
(Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Советининг Ведомостлари, 1990 й., 31—33-сон, 375-модда)