Тошкент шаҳар ҳокимининг
Қарори
Тошкент шаҳри туманларида кўчма савдо объектларининг ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган кўчма савдо объектлари жойлашиши схемаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 9-сон, 320-модда) 25-моддасига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 июлдаги «Кўчма савдога рухсат бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 28-сон, 339-модда) 233-сонли қарори ижросини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, уларни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида, қарор қиламан:
1. Тошкент шаҳри туманларида кўчма савдо объектларининг ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган кўчма савдо объектлари жойлашиши схемалари Бектемир тумани бўйича 1-иловага*, Миробод тумани бўйича 2-иловага*, Мирзо Улуғбек тумани бўйича 3-иловага*, Олмазор тумани бўйича 4-иловага*, Сергели тумани бўйича 5-иловага*, Учтепа тумани бўйича 6-иловага*, Чилонзор тумани бўйича 7-иловага*, Шайхонтоҳур тумани бўйича 8-иловага*, Юнусобод тумани бўйича 9-иловага*, Яккасарой тумани бўйича 10-иловага*, Яшнобод тумани бўйича 11-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 11 иловалар берилмайди.
2. Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари (Н. Хусанов), Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази ДУК (М. Асамов), туман ҳокимликлари:
уч кун муддатда мазкур қарор билан тасдиқланган Тошкент шаҳри туманларида кўчма савдо объектларининг ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган кўчма савдо объектлари жойлашиши схемалари туманларда расмий веб-сайтларга жойлаштирилишини таъминласин.
3. Туман ҳокимлари, Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси (М. Пардаев), Давлат санитария эпидемиология назорати маркази (Б. Адилов), Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси (Б. Холматов), Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси (М. Тохиров):
кўчма савдо объектининг тасдиқланган жойлашиш схемаси илова қилинган рухсатнома аризада кўрсатилган муддатга, бироқ олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш марказлари орқали берилиши;
кўчма савдони амалга ошириш рухсатномасини олган тадбиркорлик субъектларини қонун ҳужжатларига, шу жумладан чакана савдо қоидаларига, санитария қоидаларига, нормаларга ва гигиеник нормативларга мажбурий риоя қилиш;
харидорлар билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилишда фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш;
банк пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминали мавжудлиги;
кўчма савдо жойини ва атроф ҳудудни зарур тарздаги санитария ҳолатида сақлаш;
сотувчиларда кўчма савдо объекти рухсатномасининг ва унинг жойлашишининг тасдиқланган схемасининг ва сотиладиган товарларнинг келиб чиқиши, сифати ва хавфсизлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг асл нусхалари бўлиши, шунингдек улар назорат органларининг мансабдор шахслари талабларига кўра кўрсатилиши;
иш куни тамом бўлгандан кейин кўчма савдо объектларини қисмларга ажратиш ёки кўчириш ва кўчма савдо жойини зарур тарздаги санитария ҳолатига келтириш;
товарларни рухсатномага мувофиқ объектлар орқали ва кўчма савдо жойи бўйича сотилиши бўйича назорат ўрнатилсин.
4. Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари (Н. Хусанов):
туманлар ҳудудида жойлаштирилган кўчма савдо объектларида фаолият олиб бориш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилаётганлиги доимий муҳокама қилиб борилсин.
5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
6. «Тошкент оқшоми» ва «Вечерний Ташкент» газеталари таҳририяти (А. Акромов), «Компьютерлаштириш маркази» ДУК (М. Асамов):
мазкур қарорни расмий эълон қилиниши ва www.toshkent.uz веб-сайтига жойлаштирилиши таъминлансин.
7. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 26 октябрдаги «Тошкент шаҳри туманларида кўчма савдо объектларининг ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган кўчма савдо объектлари жойлашиши схемаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 965-сонли ҳамда 2016 йил 25 ноябрдаги «Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йил 26 октябрдаги «Тошкент шаҳри туманларида кўчма савдо объектларининг ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган кўчма савдо объектлари жойлашиши схемаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 965-сонли қарорига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги 1051-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Н. Хусанов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Р. УСМОНОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 29 декабрь,
1737-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2018 й., 11/18/1737/0560-сон)