ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИЛАН НИДЕРЛАНДИЯ ҚИРОЛЛИГИ ЎРТАСИДА
Баённома
Ўзбекистон Республикаси билан Нидерландия Қироллиги ўртасидаги 2001 йил 18 октябрда имзоланган даромадларнинг икки ёқлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ва даромад ҳамда капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни олдини олиш тўғрисида Конвенция ҳамда унинг Баённомасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
2017 йил 6 февраль, Гаага
 LexUZ шарҳи
Мазкур Баённома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 апрелдаги ПҚ-2902-сонли «Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан тасдиқланган.
(Ўзбекистон Республикаси учун 2017 йил 31 декабрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Нидерландия Қироллиги Ҳукумати,
Ўзбекистон Республикаси билан Нидерландия Қироллиги ўртасидаги 2001 йил 18 октябрда имзоланган даромадларнинг икки ёқлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ва даромад ҳамда капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни олдини олиш тўғрисида Конвенция ҳамда унинг Баённомасига (бундан кейинги ўринларда «Конвенция» ва «Баённома» деб юритилади) ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома тузиш истагини билдириб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Конвенциянинг Номланиши ва Муқаддимаси чиқариб ташлансин ва қуйидаги Номланиш ва Муқаддима билан алмаштирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси билан Нидерландия Қироллиги ўртасидаги даромад ва фойда солиқларига нисбатан икки ёқлама солиққа тортишни бартараф қилиш, солиқларни тўлашдан қочиш ва бош тортишни олдини олиш тўғрисида КОНВЕНЦИЯ»
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Нидерландия Қироллиги Ҳукумати,
иқтисодий алоқаларини янада ривожлантириш ва солиқ масалаларида ҳамкорликни кенгайтириш истагида,
солиқларни тўлашдан қочиш ва бош тортиш йўли билан солиққа тортилмаслик ҳамда солиқ солинишини камайтириш имкониятини (жумладан, учинчи мамлакатлар резидентларининг билвосита манфаатлари учун мазкур Конвенция томонидан тақдим этиладиган имтиёзлар берилишига йўл очадиган имкониятларни) яратмаслик учун Ўзбекистон Республикаси билан Нидерландия Қироллиги ўртасидаги даромад ва фойда солиқларига нисбатан икки ёқлама солиқ солишни бартараф қилиш, солиқларни тўлашдан қочиш ва бош тортишни олдини олиш тўғрисида Конвенция тузиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:».
2-модда
Конвенциянинг 2-моддаси 3-банди а) ва b) кичик бандлари чиқариб ташлансин ва қуйидаги кичик бандлар билан алмаштирилсин:
«а) Ўзбекистонда:
i. юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
ii. жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
iii. мол-мулк солиғи
(бундан кейинги ўринларда «Ўзбекистон солиқлари» деб номланади);
b) Нидерландияда:
i. даромад солиғи;
ii. иш ҳақидан олинадиган солиқ;
iii. табиий ресурсларни эксплуатация қилиш асосида олинган соф фойдадаги ҳукумат улушини ўз ичига олувчи фойдали қазилмалар қазиб олиш тўғрисидаги Қонунга (de Mijnbouwwet) мувофиқ ундириладиган корпоратив солиқ (de vennootschapsbelasting);
iv. дивиденд солиғи
(бундан кейинги ўринларда «Нидерландия солиқлари» деб номланади);».
3-модда
Конвенциянинг 4-моддаси чиқариб ташлансин ва қуйидаги моддага алмаштирилсин:
«4-модда
Резидент
1. «Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти» атамаси ушбу Конвенциянинг мақсадлари учун мазкур Давлатнинг қонунчилиги бўйича унда ўзининг яшаш жойи, резиденцияси, бошқаруви жойлашган жойига кўра ёки шунга ўхшаш хусусият касб этувчи ҳар қандай бошқа мезони асосида солиққа тортилиши керак бўлган ҳар қандай шахсни англатади, шу жумладан мазкур Давлат ва унинг ҳар қандай сиёсий ёки маъмурий-ҳудудий бўлинмасини ёхуд маҳаллий ҳокимият органини қамраб олади.
2. Жисмоний шахсдан бошқа шахс солиққа тортилиши мумкин:
a) Нидерландияда, агар шахс корпоратив солиғи мақсадлари учун Нидерландия резиденти бўлса;
b) Ўзбекистонда, агар шахс юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи мақсадлари учун Ўзбекистон резиденти бўлса,
ушбу шахс томонидан олинган фойда мазкур Давлат солиқ қонунчилигига кўра шахснинг фойдаси сифатида эътироф этилса ва бундай фойда унинг мулкдорлари, аъзолари ва иштирокчиларининг фойдаси ҳисобланмаса.
3. 1 ва 2-бандларнинг қоидаларига қарамасдан «Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти» атамаси ушбу Давлатдаги манбалардан олинган фойдаси ёки у ердаги мол-мулки учун солиққа тортилиши мумкин бўлган ҳар қандай шахсни қамраб олмайди.
4. 1-банд қоидаларига мувофиқ шахс иккала Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган ҳолларда унинг мақоми қуйидаги тарзда аниқланади:
a) мазкур шахс фақатгина доимий уйи мавжуд бўлган Давлатнинг резиденти ҳисобланади; агар у ҳар иккала Давлатда доимий уйга эга бўлса, у фақатгина шахсий ва иқтисодий алоқалари чуқурроқ бўлган (ҳаётий манфаатлар маркази) Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
b) агар шахснинг ҳаётий манфаатлар маркази жойлашган Давлатни аниқлаб бўлмаса ёки Давлатлардан ҳеч бирида доимий уйи бўлмаса, у одатда яшайдиган Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
c) агар шахс одатда ҳар икки Давлатда ҳам яшаса ёки уларнинг ҳеч бирида одатда яшамаса, у фақатгина фуқароси ҳисобланган Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
d) агар шахс ҳар иккала Давлатнинг фуқароси бўлса ёки ҳеч бирининг фуқароси бўлмаса, унда Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари бу масалани ўзаро келишув йўли билан ҳал қиладилар.
5. 1-банднинг қоидаларига мувофиқ жисмоний шахс бўлмаган шахс ҳар иккала Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган ҳолларда, у фақатгина ўзининг самарали бошқарув органи жойлашган Давлатнинг резиденти ҳисобланади».
4-модда
Конвенция 24-моддасидан кейин қуйидаги мазмундаги модда билан тўлдирилсин:
«24А-модда
Имтиёзлар берилиши
1. Ушбу Конвенциянинг бошқа қоидаларига қарамасдан, агар барча тегишли фактлар ва шартларни ҳисобга олган ҳолда, ҳар қандай келишув ёки битимнинг асосий мақсадларидан бири мазкур Конвенция доирасида имтиёз олиш бўлиб ва бевосита ёки билвосита бундай имтиёзни олинишига олиб келган деб хулоса қилишга асос бўлса, бундай даромад ва фойда предметига нисбатан ушбу имтиёзлар тақдим қилинмайди, башарти бундай шартларда ушбу имтиёзларнинг берилиши мазкур Конвенция тегишли қоидаларининг объекти ва мақсадига мувофиқ деб топилмаса.
2. Шахсга ушбу Конвенция доирасида имтиёз бериш 1-бандга кўра рад этилган ҳолларда, Аҳдлашувчи Давлат ваколатли органи бундай имтиёз аксинча тақдим этилиши лозим деб ҳисобласа, у бундай шахсга даромад ёки фойданинг махсус қисмларига нисбатан имтиёз ёки турлича имтиёзларга эга каби муносабатда бўлади, башарти бундай ваколатли орган ушбу шахснинг сўровномасига кўра ва барча тегишли фактлар ва шартларни ўрганиб чиққанидан сўнг 1-бандда кўрсатиб ўтилган келишув ёки битим мавжуд бўлмаган тақдирда бундай имтиёзлар тақдим этиларди деб топса.
3. Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органи 1 ёки 2-бандга мувофиқ имтиёз беришни рад этишдан олдин иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органи билан маслаҳатлашади.».
5-модда
Конвенциянинг 28-моддаси чиқариб ташлансин ва қуйидаги моддага алмаштирилсин:
«28-модда
Ахборот алмашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари мазкур Конвенция қоидаларини амалга ошириш ёки Аҳдлашувчи Давлатлар ёки уларнинг сиёсий ва маъмурий ҳудудий бўлинмалари ёки маҳаллий ҳокимият органлари фойдасига солиқ солиниши билан боғлиқ мазкур Конвенцияга зид бўлмаган тарзда ундириладиган ҳар қандай тур ва тавсифдаги солиқларга оид миллий қонунчиликни татбиқ этиш ёки уни қўллашга алоқадор ахборотни алмашадилар. Ахборот алмашинуви 1 ва 2-моддалар билан чекланмайди.
2. Аҳдлашувчи Давлатлар бири томонидан мазкур модданинг 1-бандига мувофиқ олинган ҳар қандай ахборот ушбу Давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ олинган ахборот сингари махфий ҳисобланади ҳамда фақат мазкур модданинг 1-бандида қайд этилган солиқларни баҳолаш ёки ундириш, мажбурий ундириш ёки суд таъқиби ёки ушбу солиқларга нисбатан даъволар бўйича қарорлар қабул қилиш ёхуд юқоридагиларни назорат қилиш билан шуғулланувчи шахслар ёки органларгагина (жумладан, судлар ва маъмурий органларга) ошкор этилиши мумкин. Бундай шахслар ёки органлар ахборотлардан фақат кўрсатилган мақсадлардагина фойдаланадилар. Улар бундай ахборотни очиқ суд мажлисида ёки суд қарорларида ошкор этишлари мумкин. Юқоридагилардан қатъий назар, Аҳдлашувчи Давлат томонидан олинган ахборот бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин, башарти бундай ахборот ҳар иккала Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ бошқа мақсадларда фойдаланишга рухсат этилган бўлса ҳамда ахборотни тақдим этувчи Давлат ваколатли органининг бундай фойдаланишга розилиги мавжуд бўлса.
3. Аҳдлашувчи Давлатлар 27-модданинг 5-банди қоидаларига мувофиқ таъсис этилган ҳакамлик (арбитраж) органига арбитраж жараёнларини бажариш учун зарур бўлган шундай ахборотни ошкор қилишлари мумкин. Арбитраж органининг аъзолари уларга тақдим қилинган ҳар қандай ахборотга нисбатан ушбу модданинг 2-бандида тавсифланган ошкор этишга оид чекловларга риоя қилишлари лозим.
4. Ҳеч қандай ҳолатда юқоридаги бандлар қоидалари Аҳдлашувчи Давлатларга қуйидаги мажбуриятларни юклайдиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим:
a) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ва маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий чоралар қўллаш;
b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим қилиш;
c) ҳар қандай савдо, тадбиркорлик, саноат, тижорат ёки касб сирини ёхуд савдо жараёнини ошкор қилувчи ёхуд ошкор этилиши жамоат тартибига (ordre public) хилоф бўлган ахборотни тақдим қилиш.
5. Агар ахборот Аҳдлашувчи Давлат томонидан ушбу модда қоидаларига мувофиқ сўралган бўлса, бошқа Аҳдлашувчи Давлат ўз солиқ мақсадлари учун бундай ахборотга эҳтиёж мавжуд бўлмаса ҳам сўралаётган ахборотни йиғиш бўйича ўзининг имкониятларидан фойдаланиши лозим. Аввалги жумлада назарда тутилган мажбурият 4-банд қоидаларига мувофиқ чекланиши мумкин, бироқ ҳеч қандай ҳолатда, бундай чекловлар фақатгина ички манфаатлар мавжуд эмаслиги сабабли ахборот тақдим этишни рад қилиш учун Аҳдлашувчи Давлатга ижозат берадиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим.
6. 4-банд қоидалари ҳеч қандай ҳолатда бундай ахборот фақатгина банк, бошқа молия ташкилоти, номинал сақловчи ёхуд агент ёки ишончли бошқарувчи сифатида иштирок этаётган шахснинг ихтиёрида эканлиги ёки бундай ахборот бирор бир шахснинг мулкий ҳуқуқларига тааллуқли эканлиги сабабли Аҳдлашувчи Давлатга ахборот тақдим қилишни рад этишга рухсат сифатида талқин қилиниши мумкин эмас.».
6-модда
Конвенциянинг 29-моддаси чиқариб ташлансин ва қуйидаги мазмундаги модда билан алмаштирилсин:
«29-модда
Солиқларни ундиришда кўмаклашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатлар ўзларига тегишли солиқ даъволарини ундиришда бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар. Бундай ёрдам Конвенциянинг 1 ва 2-моддалари билан чекланмайди. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари мазкур моддани қўллаш тартибини ўзаро келишув йўли билан белгилайдилар.
2. Мазкур моддада қўлланилган «солиқ даъвоси» атамаси Аҳдлашувчи Давлатлар ёки уларнинг сиёсий ёки маъмурий ҳудудий бўлинмалари ёки маҳаллий ҳокимият органлари фойдасига ундириладиган мазкур Конвенцияга ёки Аҳдлашувчи Давлатлар иштирокчиси бўлган исталган бошқа ҳужжатга зид бўлмаган тарзда ҳар қандай тур ва тавсифдаги солиқлар сифатида тўланиши лозим бўлган маблағни, шунингдек, бундай солиқларга тегишли фоизлар, маъмурий жарималар ҳамда ушбу маблағни ундириш ёки ундирилишини таъминлаш бўйича харажатларни англатади.
3. Башарти Аҳдлашувчи Давлатлардан бирига тааллуқли солиқ даъвоси ушбу Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ ундирилиши мумкин бўлса ва ушбу Давлатнинг қонунчилигига кўра айни шу пайтда ундирилишига тўсқинлик қила олмайдиган шахс томонидан тўланиши лозим бўлса, бу ҳолда ушбу Давлатнинг ваколатли органлари сўровномасига биноан бундай даъво мажбурияти иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органлари томонидан ундирув учун қабул қилинади. Бундай солиқ даъвоси иккинчи Давлат томонидан, айни мазкур Давлатга тааллуқли солиқ даъвоси каби, унинг ўз солиқларини ундириши учун қўлланадиган ўзининг қонунчилиги қоидаларига мувофиқ ундириб олинади.
4. Агар Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирига тааллуқли солиқ даъвоси уни ундириш учун ушбу Давлат қонунчилигига мувофиқ ундиришни таъминлаш чораларини кўришни тақозо қиладиган мажбурият ҳисобланса, бундай солиқ даъвоси ушбу Давлат ваколатли органларининг сўровномаси билан иккинчи Аҳдлашувчи Давлат ваколатли органлари томонидан таъминот чораларини кўриш мақсадида қабул қилиниши лозим. Мазкур иккинчи Давлат бундай солиқ даъволарига нисбатан, ҳаттоки ушбу солиқ даъвоси, бундай чораларни қўллаш пайтида биринчи кўрсатилган Давлатда солиқ талабини ижро этишнинг имкони бўлмаса ёки уни ижросига тўсқинлик қилишга ҳақли шахс тарафидан тўланилиши лозим бўлган ҳолатда иккинчи Давлатга тааллуқли бўлганидек, ўз қонунчилиги қоидаларига мувофиқ даъвони таъминлаш чораларини кўриши лозим.
5. 3 ва 4-бандларнинг қоидаларидан қатъий назар, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг қонунчилигига мувофиқ, солиқ даъволарига нисбатан шундай даъвонинг хусусиятига кўра қўлланиши мумкин бўлган вақт чекловлари тақдим этилган ва устуворлик ушбу Давлат томонидан 3 ва 4-бандларда назарда тутилган мақсадлар учун қабул қилинаётган солиқ даъвосига нисбатан қўлланилмайди. Шунингдек, Аҳдлашувчи Давлатларнинг бири томонидан 3 ва 4-бандларда назарда тутилган мақсадлар учун қабул қилинаётган солиқ даъвосига нисбатан ушбу Давлатда бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ устуворликка эга эмас.
6. Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирига тааллуқли солиқ даъвосининг мавжудлиги, ҳақиқийлиги ёки миқдорини аниқлаш бўйича тартиботлар иккинчи Аҳдлашувчи Давлатнинг суд ёхуд маъмурий органлари муҳокамасига олиб чиқилмайди.
7. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири 3 ва 4-бандларга мувофиқ сўровнома юборганидан сўнг иккинчи Аҳдлашувчи Давлат тегишли солиқ даъвоси суммасини ундириб биринчи Аҳдлашувчи Давлатга ўтказгунига қадар бўлган ҳолларда, солиқ даъвоси:
a) сўровнома 3-бандга мувофиқ юборилганда — биринчи айтилган Давлатга тааллуқли, ушбу Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ ундирилиши ҳамда шу пайтда ушбу Давлатнинг қонунчилигига кўра уни ундирилишига тўсқинлик қила олмайдиган шахс томонидан тўлаб берилиши лозим солиқ даъвоси ҳисобланмай қолса, ёки;
b) сўровнома 4-бандга мувофиқ юборилганда — кўрсатилган биринчи Давлатга тааллуқли, уни ундириш учун ушбу Давлат ўз қонунчилигига мувофиқ таъминот чораларини кўриши мумкин солиқ даъвоси ҳисобланмай қолса, бу ҳолда биринчи Давлатнинг ваколатли органи бу ҳақда дарҳол иккинчи Давлатнинг ваколатли органини хабардор қилади ва биринчи Давлат иккинчи Давлатнинг ихтиёри бўйича ўз сўровномасини тўхтатади ёки чақиртириб олади.
8. Ушбу модданинг қоидалари ҳеч бир ҳолатда Аҳдлашувчи Давлат зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкланиши сифатида талқин қилиниши мумкин эмас:
a) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ва маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий чораларни кўриш;
b) жамоат тартибига (ordre public) зид бўлган чораларни кўриш;
c) ёрдам кўрсатиш, башарти бошқа Аҳдлашувчи Давлат мавжуд бўлган ҳолат бўйича ўз қонунчилиги ёки маъмурий амалиётида мавжуд бўлган ундириш ёки ундирувни таъминлашга доир барча оқилона чораларни кўрмаган бўлса;
d) кўмаклашаётган Давлат зиммасига тушаётган маъмурий сарф-харажатлар ундирув натижасида иккинчи Аҳдлашувчи Давлат олиши мумкин бўлган фойдага номутаносиб бўлган ҳолатларда кўмаклашиш.».
7-модда
Конвенциянинг 30-моддаси чиқариб ташлансин.
8-модда
1. Конвенциянинг 32-моддаси 1-бандининг биринчи жумласи чиқариб ташлансин ва қуйидаги жумла билан алмаштирилсин:
«Ушбу Конвенция тўлиқ ёки ҳар қандай зарурий ўзгартиришлари билан Нидерландия Қироллигининг Европада жойлашмаган исталган қисмида Конвенцияда қўлланиладиган ва уларга ўхшаш хусусиятга эга солиқларга нисбатан татбиқ қилинади».
2. Конвенция 32-моддасининг 2-бандидаги «ҳар қандай мамлакатда» сўзлари чиқариб ташлансин ва «Нидерландия Қироллигининг исталган қисмида» сўзлари билан алмаштирилсин.
9-модда
Баённоманинг биринчи жумласи чиқариб ташлансин ва қуйидаги жумла билан алмаштирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси билан Нидерландия Қироллиги ўртасида даромад ва фойда солиқларига нисбатан икки ёқлама солиққа тортишни бартараф қилиш ва солиқларни тўлашдан қочиш ва бош тортишни олдини олиш тўғрисида Конвенцияга мувофиқ қуйида имзо чекувчилар қуйидаги қоидаларни Конвенциянинг ажралмас қисми деб келишиб олдилар.».
10-модда
Баённоманинг 10-моддаси 2-банди чиқариб ташлансин.
11-модда
1. Баённома 13-моддадан кейин қуйидаги модда билан тўлдирилсин:
«XIV. 1 ва 24а-моддаларга доир қўшимча тушунтиришлар.
1. Ушбу Конвенциянинг имтиёзлари Голландиянинг инвестицияларни солиқдан озод қилиш институтига (Vrijgestelde beleggingsinstelling) нисбатан қўлланилмайди.
2. Мазкур модданинг 1-банди қоидаларига қарамасдан, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари Аҳдлашувчи Давлатларнинг махсус режим субъекти ҳисобланган резидентига нисбатан қайси даражада Конвенция имтиёзларини тақдим қилмасликни келишиш йўли билан ҳал қиладилар.».
2. Баённоманинг мавжуд XIV-моддаси XV-модда сифатида рақамлансин.
12-модда
Баённома янги XV-моддадан кейин қуйидаги модда билан тўлдирилсин:
«XVI. 28 ва 29-моддаларга доир қўшимча тушунтиришлар.
28 ва 29-моддаларнинг қоидаларини қўллаш учун даромадлар билан боғлиқ Нидерландия тартиблари бўйича ундириладиган улушлар ва тақдим этиладиган имтиёзлар солиқлар сифатида кўрилади.».
13-модда
Ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги ушбу Баённома, Аҳдлашувчи Давлатлар зарур конституциявий процедуралар якунлангани тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома олинган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунида кучга киради ва унинг қоидалари ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Баённома кучга кирган йилдан кейинги келадиган тақвимий йилнинг биринчи январидан ёки ундан кейин бошланадиган солиқ йиллари ва даврларига нисбатан ҳамда ундан кейин юзага келадиган солиқ ҳодисаларига нисбатан амал қилади.
Тегишли тартибда ўз ҳукуматлари томонидан ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар, ушбу ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Баённомани имзоладилар.
___________ дан _____ йил ___________ да икки нусхада ҳар бири ўзбек, нидерланд ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ўзбек ва нидерланд тили матнларидаги қоидаларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)