Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда
фаол иштирок этаётган иш берувчиларни ижтимоий рағбатлантириш
чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 5-бандининг ижросини таъминлаш, шунингдек, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларни ижтимоий рағбатлантиришнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:
2018 йилдан бошлаб янги иш ўринларини фаол ташкил этаётган, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаётган иш берувчиларга нисбатан рағбатлантириш чора-тадбирларини қўллашни назарда тутувчи «Ижтимоий масъулият ва самарадорлик» рейтинг тизимини жорий этиш;
жорий этилаётган «Ижтимоий масъулият ва самарадорлик» рейтинг тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Савдо-саноат палатасининг маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни ташкил этиш;
иш берувчилар ўртасида «Ижтимоий масъулият ва самарадорлик» республика ва ҳудудий танловларини (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ҳар йили ўтказиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларнинг рейтингини аниқлаш, шунингдек, уларга ижтимоий рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда:
а) иш берувчиларнинг иш ўринлари ташкил этиш ва уларни сақлаш, аҳолини ишга жойлаштириш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича фаолиятини баҳолаш натижалари асосида уларнинг рейтингини тузиш методикасини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
б) ҳар йили 15 декабргача «ТОП-100» энг яхши юзта ташкилот рейтинги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини ва ушбу ташкилотларга (иш берувчиларга) тегишли сертификатлар берилишини таъминласин;
в) «Ижтимоий масъулият ва самарадорлик» республика танлови ва ҳудудий танловлар тўғрисидаги низомларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин ҳамда унда:
танловда иштирок этиш учун ахборот тақдим этиш шакллари;
танлов ғолибларини танлаш мезонлари;
танловни ўтказиш ва унинг ғолибларини мукофотлаш тартиби;
танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш тартиботларини белгилаш назарда тутилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) республика танлови қуйидаги номинацияларда ўтказилади:
«Иш ўринларини ташкил этгани ва аҳолини ишга жойлаштиришни ривожлантиргани учун»;
«Меҳнатни самарали муҳофаза қилгани ва ишлаб чиқаришда хавфсиз меҳнат шароитларини яратгани учун»;
«Ижтимоий шерикликни ривожлантиргани учун»;
«Ташкилотда ёшларга оид фаол сиёсатни амалга оширгани учун»;
б) ҳудудий танловлар номинациялари тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан белгиланади;
в) танловларни ўтказиш тадбирлари танлов ташкилотчилари томонидан молиялаштирилади.
Танлов ташкилотчилари Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда 2018 йил 1 февралгача ҳар бир номинация бўйича танлов ғолибларига мукофотлар эскизларини тайёрласин ва тасдиқласинлар.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳудудий танловларнинг юқори ташкилий савияда ўтказилишини ва ғолибларнинг республика танлови номинациясига тақдим этилишини таъминласинлар.
6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига танловларнинг кенг ёритилишини ташкил этиш, уларнинг иштирокчилари ва ғолиблари тўғрисидаги ахборот материалларини республика ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.А. Хаитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 29 декабрь,
1036-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 декабрдаги 1036-сон қарорига
ИЛОВА
Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларнинг рейтингини аниқлаш, шунингдек, уларга ижтимоий рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчилар рейтингини (кейинги ўринларда рейтинг деб аталади) аниқлаш, шунингдек, уларга ижтимоий рағбатлантириш чораларини қўллаш тартибини белгилайди.
2. Рейтинг янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашни ривожлантиришда ташкилотлар (кейинги ўринларда иш берувчилар деб аталади) раҳбарларининг манфаатдорлигини рағбатлантириш мақсадида ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича аниқланади.
3. Рейтинг ҳар йили аниқланади. Календарь йил рейтингни аниқлаш учун ҳисобот даври ҳисобланади.
4. Рейтинг қуйидаги тамойиллар асосида аниқланади:
қонунийлик;
очиқлик;
холислик;
иштирокчиларнинг тенг ҳуқуқлилиги.
5. Рейтингда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва алоқа, уй-жой коммунал хўжалиги ва аҳолига хизматлар кўрсатиш соҳасида, шунингдек, бошқа соҳаларда фаолият юритаётган иш берувчилар иштирок этадилар.
6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) рейтингни аниқлашни ташкилий ва техник жиҳатдан таъминлайди.
2-боб. Рейтингда иштирок этиш тартиби
7. Вазирлик рейтингни аниқлаш тўғрисидаги ахборотни ҳар йили 15 майгача оммавий ахборот воситаларида ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.
8. Иш берувчилар рейтингда иштирок этиш учун Вазирликка ҳар йили 15 августгача қуйидаги ҳужжатларни (қоғоз ва электрон шаклда) тақдим этади:
рейтингда иштирок этиш учун ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича буюртманома;
ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобот давридаги ва олдинги йилнинг шу давридаги ўз фаолияти кўрсаткичлари тўғрисида ахборот;
иш берувчининг ижтимоий масъулияти амалиётини тасдиқловчи мавжуд ижтимоий дастурлар тўғрисида маълумотнома ёки бошқа ахборот (жамоавий шартномалар, ахборот буклетлари, фотосуратлар ва бошқа материаллар);
иш берувчининг ўз фаолияти кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга ва ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ кўрсаткичларнинг белгиланган рўйхати бўйича иш берувчини ўрганишга расмий розилиги.
9. Ушбу Низомнинг 8-бандига мувофиқ рейтингда иштирок этиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ташкилот раҳбари ёки унинг ваколатли вакили имзоси ва ташкилот муҳри билан тасдиқланади.
10. Вазирлик ҳар йили 25 августгача тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғри расмийлаштирилганини текширади.
3-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш
11. Вазирлик томонидан ҳар йили 1 августгача камида етти кишидан иборат таркибда рейтинг якунларини сарҳисоб қилиш бўйича эксперт комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) тузилади.
Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан тасдиқланади ва Комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзоларидан иборат бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари лавозими бўйича Комиссия раиси ҳисобланади.
Комиссиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда иш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан белгиланади.
12. Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари, шунингдек, бошқа вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари вакиллари киритилади.
13. Комиссия, агар унинг мажлисида Комиссия аъзоларининг камида ярми иштирок этса, қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Комиссия қарорлари мажлисда иштирок этган Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овозлар тенг бўлган тақдирда, Комиссия раиси, у бўлмаганда эса — Комиссия раисининг ўринбосари овоз берган қарор қабул қилинади.
14. Комиссия қарори Комиссия котиби юритадиган баённома билан расмийлаштирилади ва Комиссия раиси, у бўлмаганда –Комиссия раисининг ўринбосари томонидан имзоланади.
15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандлик ва меҳнат муҳофаза қилиш Республика илмий маркази (кейинги ўринларда Ишчи орган деб аталади) Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.
4-боб. Рейтингни аниқлаш тартиби
16. Комиссия ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ва иш берувчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш натижалари бўйича Вазирлик ахбороти асосида ҳар йили 1 сентябргача иш берувчиларни рейтингда иштирок этишга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Қуйидагилар:
ушбу Низомга 3-иловада қайд этилган ахборотнинг мос келмаслиги ёки унинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаслиги;
ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган муддатга риоя этилмаслиги иш берувчининг рейтингда иштирок этишини рад этиш учун асос ҳисобланади.
17. Иш берувчининг рейтингда иштирок этишига рухсат этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг Ишчи орган иш берувчининг фаолият кўрсаткичлари тўғрисидаги статистика маълумотларини ошкор қилишга расмий розилиги асосида давлат статистика органларидан рейтингда иштирок этиш бўйича буюртманомаларни экспертизадан ўтказиш учун зарур ахборотни сўраб олади.
18. Ишчи орган рейтингда қатнашиш учун тақдим этилган ҳужжатларни уларнинг давлат статистика органларидан олинган ахборотга, шунингдек, ISO 26000 — «Ижтимоий масъулият бўйича қўлланма» халқаро стандартига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказади.
Экспертиза давомида рейтингда қатнашиш учун тақдим этилган ҳужжатларда номувофиқликлар аниқланган тақдирда, Ишчи орган бошқа давлат органлари ва ташкилотларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ҳамда ахборотни ўзаро ахборот ҳамкорлиги орқали, шу жумладан электрон шаклда мустақил олади.
Экспертиза ўтказиш учун қўшимча равишда олинган ҳужжатлар ва маълумотлар иш берувчи томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатлар билан биргаликда баҳоланади.
19. Экспертиза натижалари тўғрисидаги ахборот ва унга илова Ишчи орган томонидан рейтинг натижаларини чиқариш учун Комиссияга 15 сентябргача юборилади.
5-боб. Рейтинг якунларини сарҳисоб қилиш ва иш берувчиларни ижтимоий рағбатлантириш чораларини қўллаш
20. Ҳар бир иш берувчи бўйича рейтинг якунлари Комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Иш берувчининг рейтингини тузиш методикасига мувофиқ фаолиятнинг ҳар бир кўрсаткичи бўйича тўпланган баллар сонини жамлаш йўли билан ҳар йили 1 октябргача сарҳисоб қилинади.
21. Иш берувчининг рейтингини тузиш методикасига мувофиқ иш берувчиларнинг ҳар бир гуруҳи бўйича 1 — 6-ўринларни эгаллаган ғолиблар (кейинги ўринларда рейтинг ғолиблари деб аталади) аниқланади.
22. Рейтинг якунлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг қўшма қарори билан тасдиқланади. Қўшма қарор лойиҳаси Комиссия баённомаси асосида тайёрланади.
23. Ҳар йилги рейтинг ғолиблари жорий йилнинг 15 ноябридан кечиктирмай фахрий сертификатлар билан тақдирланади.
Рейтингда қатнашган барча иш берувчилар Вазирликнинг миннатдорлик хатлари билан тақдирланади.
Республика танлови ва ҳудудий танловлар ғолиблари ҳар йили йил якунлари бўйича тантанали вазиятда тақдирланади.
24. Фахрий сертификатлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан рейтингда ғолиб чиққан ташкилотлар раҳбарларига ёки уларнинг ваколатли шахсларига топширилади.
25. Юқори рейтинг баҳосини олган 100 нафар иш берувчи кўрсатилган рейтинг якунлари ҳар йили 20 ноябрдан кечиктирмай республика ва маҳаллий босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларнинг рейтингини аниқлаш, шунингдек, уларга ижтимоий рағбатлантириш чораларини
қўллаш тартиби тўғрисидаги
низомга
1-ИЛОВА
Иш берувчилар рейтингини аниқлаш ва уларга ижтимоий рағбатлантириш чораларини қўллаш тартибининг
СХЕМАСИ
Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларнинг рейтингини аниқлаш, шунингдек, уларга ижтимоий рағбатлантириш чораларини
қўллаш тартиби тўғрисидаги
низомга
2-ИЛОВА

Иш берувчилар рейтингида иштирок этиш учун

БУЮРТМАНОМА

1. Иш берувчи _____________________________________________________________________________________

(тўлиқ номи)

2. Жойлашган жойи (почта манзили) ____________________________________________________________________
3. СТИР ___________________________________________________________________________________________
4. Фаолият тури ____________________________________________________________________________________
5. Ташкилий-ҳуқуқий шакли ___________________________________________________________________________
6. Юридик шахс тури (кичик, йирик) ____________________________________________________________________
7. Иш берувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми ____________________________________________________
8. Касаба уюшмаси раисининг фамилияси, исми ва отасининг исми __________________________________________
_____________________________________________________________________________________
9. Боғланиш учун телефонлар, электрон почта ____________________________________________________________
_______________________________
Тўлдирилган сана 20_____ й.»___»____________
Раҳбарнинг имзоси

________________________

_____________________________

(М.Ў.)

(Ф.И.О.)

Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларнинг рейтингини аниқлаш, шунингдек, уларга ижтимоий рағбатлантириш чораларини
қўллаш тартиби тўғрисидаги
низомга
3-ИЛОВА
Рейтингда иштирок этувчи иш берувчининг фаолият кўрсаткичлари тўғрисида
МАЪЛУМОТ



Иш берувчининг номи:

_______________________________________________________________________________________________________________________________________________________

Фаолият тури: __________________________________________________________________________________________________________________________________________

Ташкилий-ҳуқуқий шакли: ________________________________________________________________________________________________________________________________



Т/р.

Кўрсаткич номи

Ўлчов бирлиги

Ҳисобот даври

(201____ йил)

Олдинги йил

(201____ йил)

1.

Ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони

киши

1.2.

шу жумладан, имконияти чекланган шахслар сони

-«-

2.

Йил давомида ишга қабул қилинди

киши

шу жумладан:

2.1.

таълим муассасалари битирувчилари

-«-

2.2.

имконияти чекланган шахслар

2.3.

собиқ ҳарбий хизматчилар

-«-

2.4.

хотин-қизлар

-«-

2.5.

жазони ижро этиш жойларидан озод қилинган шахслар

-«-

3.

Йил давомида ишдан бўшатилганлар

киши

шу жумладан:

3.1.

таълим муассасалари битирувчилари

-«-

3.2.

имкониятлари чекланган шахслар

3.3.

собиқ ҳарбий хизматчилар

-«-

3.4.

хотин-қизлар

-«-

3.5.

жазони ижро этиш жойларидан озод қилинган шахслар

-«-

4.

Ишлаб чиқаришда жароҳат олиш ҳоллари

киши

5.

Бир ойда ўртача иш ҳақи

минг сўм

6.

Ишлаб чиқариш (хизматлар) ҳажми

млн сўм

7.

Ижтимоий мақсадларга харажатлар, жами

млн.сўм

шу жумладан:

7.1.

ходимларни ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишга

-«-

7.2.

меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларига

-«-

7.3.

ижтимоий нафақалар, шу жумладан бола парвариши учун нафақа тўлашга

-«-

7.4.

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга

-«-

7.5.

хайрия тадбирларига

-«-

7.6.

бошқа ижтимоий харажатларга(айнан қандай харажатлар эканлиги тушунтирилади)

-«-

8.

Жамоавий шартномаси мавжудлиги

мавжуд

мавжуд эмас

9.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг мавжудлиги

мавжуд

мавжуд эмас

10.

Бошқа кўрсаткичлар*
____________________________________________________________________

11.

Бошқа кўрсаткичлар*
____________________________________________________________________

12.

Бошқа кўрсаткичлар*
____________________________________________________________________

13.

Бошқа кўрсаткичлар*

____________________________________________________________________

* Рейтинг иштирокчисининг хоҳишига кўра тўлдирилади
Тўлдирилган сана 201_____й.»___»____________
Раҳбарнингимзоси

________________________

_____________________

(М.Ў.)

(Ф.И.О.)

Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларнинг рейтингини аниқлаш, шунингдек, уларга ижтимоий рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА

Иш берувчининг ўз фаолияти кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга ва
кўрсаткичларнинг белгиланган рўйхати бўйича иш берувчини ўрганишга

РОЗИЛИГИ

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг иш берувчилар рейтинги якунларини сарҳисоб қилиш Комиссиясига:
________________________________________________ 20___ йил якунлари бўйича иш берувчиларнинг рейтинги

(иш берувчининг номи)

якунларини сарҳисоб қилиш Комиссия томонидан экспертиза ўтказилиши учун 20__ йилда корхона бўйича статистика ахборотини ошкор қилишга, шунингдек, кўрсаткичларнинг тасдиқланган рўйхати бўйича иш берувчини ўрганиш учун Комиссия вакилларини ташкилотга қўйишга розилик беради.
Корхона раҳбари

_____________________

__________________________

(М.Ў.)

(Ф.И.О.)


(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2018 й., 09/18/1036/0507-сон)