14.09.2017 йилдаги ПҚ-3275-сон
Ҳужжат 15.09.2017 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Кейинги таҳрирга қаранг.
 LexUZ шарҳи

Астрономик тадқиқотлар илдизи Ўзбекистонда узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўзбекистон ҳудудида милоддан аввалги биринчи минг йилликда қишлоқ хўжалиги ишларининг муддатларини белгилашда Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракатланиш қонуниятларига доир чуқур билимлар асосида тузилган тақвимлардан фойдаланадиган деҳқончиликка ихтисослашган ривожланган тарихий-маданий марказлар фаолият кўрсатган. Астрономия фан сифатида ўрта асрларда жадал суръатларда ривожланди. Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райхон Беруний, айниқса, Мирзо Улуғбек каби ўрта асрлар буюк мутафаккирларининг математика ва астрономиянинг ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган.

Астрономия фанининг келгусида янада тараққий этиши иқтидорли ёшлар орасидан малакали кадрларни тайёрлаш самарадорлигини ошириш талаб этилишини инобатга олиб, ўсиб келаётган ёш авлодни халқимизнинг астрономияни ўрганишдаги буюк анъаналари руҳида тарбиялаш, иқтидорли ёшларнинг астрономия ва аэрокосмос фаолияти соҳасидаги миллий ва дунё илм-фанининг янги ютуқларини ўрганиш ва ўзлаштиришга бўлган иштиёқини ривожлантириш, ёшларнинг аэрокосмик фан ва техника асосларини эгаллаши учун шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва «Астрономия ва аэронавтика» боғини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади. Мактабда 200 нафар ўқувчи таҳсил олиши ҳамда ва 150 ўринли турар жой биноси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Қурилиш-таъмирлаш таълим муассасасини жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил Инвестиция дастури доирасида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи» инжиниринг компанияси белгиланган бўлиб, барча қурилиш-таъмирлаш ишларини 2018 йил 1 августига қадар якунлаш режалаштирилган.

Мактаб-интернат 2018-2019 ўқув йили бошлангунига қадар Халқ таълими вазирлиги томонидан барча зарур мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланади.

Қарорга мувофиқ 2018-2019 ўқув йилидан мактабга 7-синфдан бошлаб ҳар бир синфда 20 нафардан ўқувчи қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилган.

Астрономия институти мактабнинг ўқув жараёнида етакчи мутахассислар иштирокини таъминлайди, мавжуд асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда астрономия бўйича дарс ва амалий машғулотларни ташкил этади.

Ушбу қарор асосида Тошкент шаҳар, Астрономия кўчаси, 33-уй манзилида Астрономия институти ҳудудида «Астрономия ва аэронавтика» боғи ва Планетарий ташкил этилади. Шунингдек, Астрономия институтининг асосий ва тарихий биноларини ҳамда маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган телескоплар павильонларини капитал таъмирлаш кўзда тутилган.

Ушбу боғ ва Планетарийга Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмалари асосида Мудофаа вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Тошкент механика заводи» АЖ тасарруфидаги мавжуд самолёт намуна(макет)лари ажратилади ва ўрнатилади.

2017 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «4.4. Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш:» бўлимида умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, чет тиллар, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганиш муҳим мақсадлардан бири сифатида белгиланган.

Мазкур қарор ушбу мақсадни амалиётда жорий этиш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда изланувчан ёшларни илмий-тадқиқот йўналишида тайёрлашга хизмат қилади.