Тизимнинг ушбу имкониятидан фойдаланиш учун Сиз авторизация қилинишингиз керак!
Рўйхатдан ўтишни хоҳлайсизми? Ёки тизимга ўз логинингиз билан кирасизми?

Авторизация қилиш Рўйхатдан ўтиш

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, хорижга чиқиш тартибини янада такомиллаштириш, аҳолига қулай шароитлар яратиш, хорижга чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда бюрократик тўсиқлар ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш, ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтириш, фуқароларнинг давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида паспорт назоратидан ўтиш тартиб-таомилларини тубдан соддалаштириш мақсадида:
 LexUZ шарҳи

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 16 августда «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатда 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини бекор қилиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини жорий этиш кўзда тутилган.

Мазкур меъёрий ҳужжатни қабул қилишдан мақсад аҳоли учун қулай шароит яратиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини соддалаштириш, ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтириш, уни тайёрлаш муддатини қисқартириш, фуқароларнинг давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида паспорт назоратидан ўтишини имкон қадар соддалаштириш, шунингдек, чет элга чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда бюрократик тўсиқлар ва коррупция ҳолатлари учун қўшимча шароитлар яратаётган омилларни бартараф этишдан иборат.

Фармон лойиҳасини тайёрлаш давомида мутахассисларимиз хорижга чиқиш учун паспортлардан фойдаланиш бўйича халқаро тажрибани ўрганди. Ўрганиш натижалари шундан далолат берадики, жаҳоннинг деярли барча давлатларида ички ва ташқи фойдаланиш учун мўлжалланган икки турдаги ҳужжатдан фойдаланилмоқда. Чет элга чиқишда китоб буклети кўринишидаги паспорт унга рухсат берадиган ҳеч қандай қўшимча ёзувлар киритилмасдан, мажбурий тартибда қўлланилмоқда.

Фармонда дастлабки босқичда, яъни 2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси билан виза режими ўрнатилган давлатларга чиқишни режалаштираётган мамлакатимиз фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт берилади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2021 йилнинг 1 январигача визасиз режим ўрнатилган мамлакатларга (Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси, Украина ва Грузия) 2011 йилги намунадаги амалдаги биометрик паспорт билан чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижда бўлиб турган фуқаролари 2011 йилги намунадаги биометрик паспортдан унинг амал қилиш муддати тугагунига қадар фойдаланиши мумкин. Яна шуни таъкидлаш керакки, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт амалиётга киритилгунича фуқаролар виза режими ўрнатилган давлатларга 2011 йилги намунадаги биометрик паспортда амалдаги рухсат ёзуви стикери мавжуд бўлганда шу паспорт билан чиқиши мумкин.

Ушбу фармонга мувофиқ:

Фуқароларни қабул қилиш ва хорижга чиқиш учун паспорт олиш ҳужжатларини расмийлаштириш ишларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, мамлакатимиздан ташқарида эса Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги муассасалари амалга оширади;

ҳужжатларни персоналлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, бланкаларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси зиммасига юкланмоқда;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2018 йилнинг 1 декабригача замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш орқали ва аҳолига максимал интерфаол хизматлар кўрсатган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этишга қаратилган ташкилий-техник ишларни амалга ошириш вазифаси топширилди.

Паспорт бериш ва хорижга чиқишни тартибга соладиган зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2017 йилнинг 1 декабригача Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг янги дизайндаги 48 саҳифали хорижга чиқиш учун биометрик паспортининг Давлат стандартини тасдиқлаш вазифаси топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушбу фармон талаблари ижросини таъминлаш учун Давлат персоналлаштириш маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида янги таҳрирдаги низом лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун ўрнатилган тартибда тақдим этади.

Низомда қуйидагилар кўзда тутилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти унинг эгаси шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади ва ундан республика ҳудудида умумфуқаролик ҳужжати сифатида фойдаланилади;

замонавий ахборот технологиялари жорий этилиши инобатга олиниб, хорижга чиқиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш ва бериш муддати 15 иш кунидан 10 иш кунигача қисқартирилади;

халқаро тажрибага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортининг амал қилиш муддати вояга етмаган шахслар учун 5 йилгача, 16 ёшдан катта шахслар учун 10 йилни ташкил қилади;

аҳолига электрон ариза тақдим этиш, электрон навбат, давлат божини электрон тўлов тизими орқали тўлаш каби интерфаол хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, шунингдек, ҳужжатнинг тайёрлигини текшириш бўйича махсус хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳужжатни бериш тартиби белгиланади;

Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш шаҳар ва туман бўлинмаларининг вазифалари кенгайтирилади ва шу муносабат билан фуқаролар хорижга чиқиш учун паспорт олиш бўйича аризани Ички ишлар вазирлигининг доимий яшаш жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш шаҳар/туман бўлинмаларига тақдим этиши мумкин. Айни пайтда ушбу вазифалар Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш вилоят бошқармалари зиммасига юклатилган;

ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида «Электрон ҳукумат» тизими имкониятлари орқали керакли барча маълумотномаларни олишни ўзида мужассам этган «ягона ойна» тизимидан фойдаланилади;

жорий этилаётган паспортнинг таннархи ва биометрик паспорт тизимига техник хизмат кўрсатиш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда, аҳолига ушбу ҳужжатларни бериш бўйича давлат божининг тегишли миқдори белгиланади.

Қабул қилинган ушбу фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиши учун муомалага киритилаётган биометрик паспорти ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспортининг амал қилиш муддати ҳақида Халқаро фуқаро авиацияси, Халқаро стандартлаштириш ташкилоти ва хорижий давлат ҳукуматларини ўрнатилган тартибда хабардор қилиш топширилди.


Ҳужжатда хато топганингизда, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази