Тизимнинг ушбу имкониятидан фойдаланиш учун Сиз авторизация қилинишингиз керак!
Рўйхатдан ўтишни хоҳлайсизми? Ёки тизимга ўз логинингиз билан кирасизми?

Авторизация қилиш Рўйхатдан ўтиш

 LexUZ шарҳи

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларини либераллаштириш ҳамда ривожлантириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган, демократик талаб ва стандартларга тўла жавоб берадиган 10 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган.

Ҳозирги кунда юртимизда 1500 дан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, уларнинг сафига яқинда қўшилган, кечаю кундуз узлуксиз фаолият олиб бораётган «O‘zbekiston-24» телеканали ҳам миллий ахборот маконида ўз муносиб ўрни ва ўз томошабинларини топиб бораётгани, Интернет — глобал тармоқда Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 400 дан ошиб кетганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлган учрашувда адабиёт, санъат, маданият соҳасини янада ривожлантириш, бу борада иш самарадорлигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканига алоҳида эътибор қаратиб, шу йўналишда қатор Фармон ва қарорлар лойиҳаси тайёрланаётгани ҳақида тўхталиб ўтган эди. Ана шундай муҳим ҳужжатлардан бири — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига имзо чекилгани мазкур йиғилишда айтилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ишлар қатъий изчиллик асосида олиб борилаётганини кўрсатади.

Маълумки, ҳар қандай давлатда демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият барпо этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа фаолиятининг даражасига боғлиқ. Бу борада мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, сўз ва ахборот эркинлигининг таъминлангани, ижодкорларнинг эркин фикр юритиш имкониятига эга бўлгани соҳада ислоҳотларни амалга оширишга шароит яратди. Ўтган йиллар давомида соҳанинг моддий-техника асоси мустаҳкамланди, юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор берилди.

Шу билан бирга, кейинги пайтда бу борада қатор камчилик ва муаммолар мавжудлиги ҳам сезила бошлади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари мамлакатимиз фуқаролари маънавий оламини юксалтириш, уларда теварак-атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тўғри таҳлил қила олиш ва холисона хулоса чиқариш кўникмаларини шакллантиришда ҳамма вақт ҳам фаоллик кўрсата олмаяпти. Айниқса, хусусий оммавий ахборот воситалари, нашриётларнинг фаолияти ночор аҳволда, улар халқимизнинг юксак маънавий-эстетик эҳтиёжлари даражасида иш юрита олмаяпти.

Хусусий мулк шаклидаги газеталар, радиостанциялар орқали эълон қилинаётган мазмунан саёз, ижтимоий аҳамияти паст, «оммавий маданият» руҳидаги материаллар, афсуски, вақтида малакали баҳосини олмаяпти ва уларга нисбатан тегишли қонуний чоралар қўлланилмаяпти. Ушбу ўта масъулиятли ишни бажаришга масъул бўлган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ўзига юклатилган вазифаларни адо этишда сусткашликка йўл қўймоқда.

Президент Фармонига мувофиқ, Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.

Фармонда оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунчилик ижросини таъминлаш, сўз ва ахборот эркинлигини кафолатлаш, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, сўз ва матбуот эркинлиги кафолатларига риоя этилиши борасида мониторинг ва назоратни амалга ошириш муҳим вазифа сифатида белгилаб қўйилди.

Айни пайтда оммавий ахборот воситалари, матбуот соҳаси ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот соҳасидаги хуруж ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда фаол иштирок этиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумки, бугунги кунда юртимизда китоб маҳсулотларини нашр қилиш ва тарқатиш тизими самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш каби долзарб вазифаларни амалга ошириш учун мамлакатимизда 118 нашриёт, 1 минг 760 матбаа корхонаси, минглаб ижодий ва техник ходимлар фаолият олиб бораётганини, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳар йили 7 тилда 60 миллион нусхадан ортиқ китоб чоп этилаётганини қайд этиш лозим.

Ушбу Фармонда китоб тарғиботи орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш, китобхонлик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нашрларнинг чоп этилиши бўйича мақсадли дастурларни тайёрлаш ва ижросини ташкиллаштириш, шунингдек, хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга китоб маҳсулотларининг халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида кўмаклашиш мазкур соҳада бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар экани кўрсатиб ўтилди.

Алоҳида эътиборга лойиқ масалалардан бири шундан иборатки, Фармонда мулкчилик шаклидан қатъи назар, оммавий ахборот воситалари учун медиа бозорида тенг шароитлар яратиш бўйича муайян тадбирлар ишлаб чиқиш, ноширлик ва матбаачилик йўналишидаги техник-технологик базани ривожлантириш, уларни замонавий жиҳатдан янгилаш, стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, соҳада миллий ва халқаро танловлар, кўргазма-ярмарка ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратилди.

Президент Фармонига биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги таркибига ўтказилди. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги муассислигидаги «Тонг юлдузи» ва «Класс!» газеталари ҳамда «Гулхан» ва «Ғунча» журналлари Халқ таълими вазирлиги тасарруфига тўлиқ ўтказилди.

Мухтасар айтганда, ушбу Фармон, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда матбуот ва ахборот соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш, миллий медиа майдонида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, оммавий ахборот воситаларига услубий ёрдам кўрсатишда беқиёс роль ўйнайди, фуқароларимиз ўртасида мустаҳкам маънавий муҳитни вужудга келтиради, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилади.


Ҳужжатда хато топганингизда, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Адолат" ҳуқуқий ахборот маркази